Ислом ва анъаналар

Ислом ва анъаналар

Сўнги вақтларда исрофга тўлган урф-одатлар, хўжакўрсин, риё учун қилинган дабдабали маросимлар билан курашишда  нафақат олим-у, уламолар балки ҳукумат тарафидан ҳам махсус кўрсатмалар берилиб, иллатларга аста-секинлик билан бўлсада барҳам берилмоқда. Таҳминан юз йил олдин жадид боболаримиз миллат учун зарарли бўлган урф-одатлардаги иллатлар билан курашни бошлагани билан маълум сабабларга кўра, уни охирига етказа олишмаган эди (Россиядаги қизиллар инқилоби туфайли).
Шундан бери мана юз йиллардан ошиқ вақт ўтди, қанча-қанча сувлар оқиб кетди. Улар билан бирга эса миллат бойлиги ҳам миллий анъана, урф-одат деган ном билан кўкка совурилиб келинмоқда. Баъзи иллатлар ҳаётимизга шу даражада ёпишиб олганки, улардан халос бўлиш осон бўлаётгани йўқ. Баъзи иллату бидъатларга барҳам берилса ҳам, у бошқа шакл, бошқа ном билан ҳаётимизга қайта бурнини суқмоқда. Зарарли бўлган урф-одатлар, удумлар бўйича жамиятдаги баҳс мунозаралар баъзан кескин, баъзан эса юмшоқ оҳонгдаги гап сўзлар атрофга тарқалиб турибди. Шуларнинг биттасини ҳукмларингизга ҳавола қиламиз. Албатта, қуйидаги мақола билан баҳс қилинаётган мавзу кенг қамраб олинди, энг тўғри фикрлар ҳам шудир, дейилган даъводан йироқмиз...  Марҳамат ўқиб танишинг, мавзу бўйича дил изҳорингиз бўлса уларни мавзу сўнгида баён қилишингиз мумкин.

 Ислом ва анъаналар

Кунларнинг бирида, қизиқарли бир суҳбат гувоҳи бўлган эдим. Бир зиёфат дастурхонида ёшлар ва улардан катта бўлганлар ўтирар эди. Йиғилишга сабаб эса, бир қариндошлари вафот этгани муносабати билан берилаётган йил оши эди.
Тўсатдан, бунга ўхшаш, марҳумни хотирлаш зиёфатларини ўтказиш жоиз ёки жоиз эмаслиги ҳақидаги гап-сўзлардан ихтилоф чиқиб кетди. Исломга амал қилиб келаётган ёшлар бундай зиёфатлар Исломда йўқлигини айта бошлашди. Катталар эса “провокация” ҳидини сезиб хужумга ўтишди.
Ҳеч ким бир-бирига қулоқ солмас, бир-бирини эшитмас эди. “Товуққа тухум ақл ўргатмайди”, дейилган ҳужжат келтирилгач ҳавода носоғлом баҳс тутуни муаллақ қотиб қолди. Афсуски, бу тадбирда ҳар қанча сўз айтилмасин, ҳамма ўз фикрида мустаҳкам қолди.
Бунинг орасида ўзимга ўзим савол бердим: “Нега катталар янги, тўғри ва ҳужжат билан келтирилган фикрларни қабул қилишмайди?” Бунга бир икки сабаб ҳам топгандек бўлдим.
Биринчи навбатда бу тенденциядир. Бугун мамлакатимизда чуқур илдиз отган – анъанавийлик тенденциясидир, бу ҳатто динда ҳам кўзга ташланмоқда. Шу сабаб гап-сўзлар ҳам кўпаймоқда, баҳс ва мунозаралар ҳам пайдо бўляпти. Юқорида зикр қилинган маросим ҳақидаги бахс давом этар экан, мусулмонлар кунига адо қиладиган беш вақт намозларида Қуръони каримни тиловат қилишлари, турли хил дуолар орасида ўтганлар ҳаққи ҳам унутилмаётгани, шунинг учун ҳам ўтганларни хотирлаш учун махсус бир кунни (марҳум ўлгандан кейин 7, 20, 40 кунлиги) белгилаб қўйиш дуруст эмаслиги айтилди.
Мусулмон одам хоҳлаган куни қариндошларини чақириб, уларни меҳмон қилиши, Қуръони карим ўқиши мумкин. Бунинг учун, маълум бир баҳона бўлиши шарт эмас. “Бундай амаллар Исломда йўқ экан, демак у қаердандир келган”, дея ёшлар тушунтиришга уриниб кўришди. Бироқ, энди уларни ҳеч ким эшитиб ўтиргани йўқ эди: “Қандай қилиб анъаналарни беҳурмат қилиш мумкин?”, “Биз доим шундай қилиб келганмиз, ота-боболаримиз ҳам шундай қилишган, энди эса сизлар чиқиб, ақл ўргатяпсизларми” деган маънодаги гап-сўзлар...
Анъаналар динга қаттиқ ёпишиб олганидан ҳамма нарса аралаш-қуралаш, остин-устун бўлиб кетди, ҳатто бир-бирига тўғри келмайдиган ҳолатлар ҳам учараб туради. Баъзан нима қаердан келганини умуман билиб бўлмайди. Масалан, исломий савдо растасида тумор ёки қалапмир мунчоққа ўхшайдиган нарсани сўраш ҳеч кимни ажаблантирмайдиган бўлиб қолди.
Одамларга эса, бундай нарсалар Исломда йўқ, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан, бошқа нарсалар ёмонликни қайтара олмайди, деган сўзлар ўтмайдиган бўлди. Баъзан аксинчаси ҳам учраб туради, одамлар “йўқ, бизники тўғри, биз ҳақмиз, деб нохақ бўлсада ўзиникида қаттиқ туриб олади. Уларга тушунтирмоқчи бўлсангиз, сизни фалонийларга ҳам чиқариб юборадиган бўлишди.
Бу ҳодисаларнинг энг афсуслиси шуки, ҳақиқатдан ҳам бу нарсаларга одамлар ишонишади. Бўйнига, машинага тумор тақиш, дуо ёки арабча ёзилган лавҳларни  деворга илиб қўйиш билан қандайдир ёмонликни қайтаряпмиз деб астойдил ишонишади. Кўпчилик масжидга (аслида унинг ёнидаги савдо растларига) намоз ўқиш учун эмас балки шунга ўхшаш “ҳимоя” воситаларини харид қилиш учунгина келишади.
Бу ҳақиқатдан ҳам глобал тенденцияга айланди. Аллоҳ таолонинг розилигига етиш учун унинг буюрганларини бажариш кераклигини тушунтириш жуда қийин бўлиб кетди. Мусулмон одам Қуръони каримда буюрилган нарсаларга амал қилиши керак, чунки бу уйда шунчаки турадиган китоб эмас, балки у ҳаёт учун дастуруламалдир. Мусулмон учун энг яхши ўрнак бу пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  эканини кўпинча унутиб юборамиз.
Айнан, Қуръон ва Суннат асосида Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллар ҳақида тушунчага эга бўлишимиз мумкинлигига парво қилмаймиз. Нега? Эҳтимол бу жуда осон йўлдир? Бир йилда бир икки марта одамларни йиғиб “Эҳсон оши”ни бериш, масжидга бориб хайр қилиш, оятул курсий ёзилган тумор сотиб олиш ёки бошқа дам урилган нарсаларни дарвоза тепасига илиб қўйиш. Маҳрумнинг кийимларини ёқиб юборишдан олдин яхшилаб ювилиши (баъзи жойлардаги урф-одатга кўра), никоҳ ўқитишдан олдин домла урушиб бермаслиги учун унинг олдига рўмол ўраб кириши, кейин эса одатдаги мини-юбкага қайтиши ҳам урфга айланиб бўлди. Бунга ўхшаш урф-одатлар одатда ҳавас қиладиган даражадаги ихлос билан бажарилади. Шу йўл билан гўёки Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган ибодатни адо қилиш туғма ҳис-туйғулари қониқтирилгандек бўлади.
Шундай қилиб қайси нарсани Тўғри деб айта оламиз, дейилган савол ланг очиқ қолади. Бу саволга кам аҳамиятга эга бўлмаган яна бир икки нуқталар қўшилади: қайсидир урф-одат, удум табиати ва моҳиятини қандай била оласак бўлади, - у динийми ёки анъанавийми, бу иккисининг орасида фарқ нималардан иборат.
“Қайси Ислом, анъанавийми ёки радикал?” деган саволига кўпчилик замонавий ОАВлари орқали ўзига керакли жавобларни топиб бўлишган.  Мўътадил, “нормал” Исломдан ташқари бўлган барча нарсага радикал тамғаси урилади. Энди, “нормаллик даражасини” ким ва нимага асосланиб белгилаганини аниқлашимиз қолди.
Масалани ўрганишдан олдин, келинглар “анъана” сўзининг маъноси моҳиятига назар ташлайлик. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида анъана сўзи –наслдан наслга ўтувчи қоида, ҳаётда қарор топган (топаётган) удум, урф-одат ва бошқа амаллар, деб таърифланади. Яъни, анъананинг тўғри ёки нотўғри экани ҳақида ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз бирон бир удум, урф-одат ва бошқа нарсаларнинг наслдан наслга ўтувчи нарсадир. Бу ерда ортиқча саволлар беравермасдан аждодларимиз нима қилган бўлса шуни қилиш керак деган асос ишламоқда.
Диний ибодатларга келсак, бу ерда текширилмаган, ҳужжат-далилсиз амалларга ўрин йўқ. Мусулмонлар нима мумкин ёки нима мумкин эмаслиги хақидаги билимларни Қуръон ва Суннатдан олишади. Қуръон мусулмонларнинг муқаддас китоби ва энг сўнги ваҳийдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло ҳукмларини инкор қилиб ўз аждодларига кўр-кўрона эргагишиш гуноҳ, мумкин эмаслиги ҳақида кўп далил-ҳужжатлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига ҳам назар ташлаган одам, арабларнинг Исломни қабул қилишида энг катта тўсиқ бўлган нарса айнан аждодлар динини тарк қилишни истамаганлиги эканини жуда яхши  билади.
Агар ўша ҳолат биздаги воқеликка кўчириладиган бўлса Ислом анъана сифатида ҳақиқий Исломга зид экани тушунарли бўлади, чунки амал учун турли хил мезон танланмоқда. Ислом устидан кенг миқиёсда назорат ўрнатмоқчи бўлганлар учун тушунчаларнинг бундай тарзда ўзгарилиши ўта фойдалидир.
Зарарли бўлган анъанага эмас, суннатга эргашгани учун боболар ва момолар танбеҳ бериб уришишлари самарали таъсирга эгадир. Чунки ҳақиқий Ислом касал анъаналарга зиддир, улар ҳатто қўшни бўлиб ҳам яшай олмайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт йўллари энг яхши ўрнакдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  исломий бўлмаган куфр ва жоҳилиятдан келиб чиққан ҳар қандай қараш ва ғоялар билан муроса қилиб ўтирмадилар. Шунинг учун ҳам биз мусулмонлар Аллоҳ таоло буюрган нарсаларга амал қилиб, Унинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғимиз керак.  Шу билан бирга, Исломга зид бўлган, одамлар учун зарарли ғоя, урф-одат, ва удумларнинг зарарлигини ҳикмат билан тушунтириб бораверишимиз керак.
Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дерлар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а!?" (Бақара 170)
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу оятни қуйидагича тафсир қилган:
“Шайтоннинг изидан эргашганлар Аллоҳ нозил қилган Қуръонга ва Ислом ҳукмларига эргашишдан бўйин тоблаб, ота-боболаридан қолган нарсаларга эргашишни афзал билишади. Бу ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Аллоҳнинг амри турганда ундан бошқа нарсага ҳам эргашиладими? Қолаверса, ота-боболари ким ўзи? Эҳтимол ақлсизликлари оқибатида хато йўлларда юрган одамлардир улар? Балки ҳидоят топмай, залолатда қолган одамлар бўлгандирлар?”

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top