Интеграция ёки ассимиляция?
- Written by Administrator
Мусулмонларнинг вазифаси - жаҳон цивилизациясида (ҳазорасида) пешво бўлиш, Аллоҳнинг Пайғомини инсониятга етказишдир. Етказибгина қолмай, балки уни адо этиш ва ҳимоялашдир. «…Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз. Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир». (Нисо сурасининг 104-ояти) Мусулмон халқлар - пайғамбарлар меросининг ворисларидир. Уларнинг зиммасига Аллоҳнинг Пайғомини етказиш, адо этиш ва ҳимоя қилишдек инсоният олдида ғоят жиддий масъулият юкланган. Агар кофирлар Қиёмат куни суд қилинсалар, демак мусулмонлар Аллоҳга қасамёд қилганлар сифатида Трибуналга тортиладилар, десак муболаға бўлмаса керак. Куфр кучайган, қудрати ошган бугунги кунда ҳар бир мусулмон исломнинг бир вакили сифатида ғоялар ва қарашлар курашидаги жидду-жаҳди учун икки ёқлама жавобгардир.
Янги-эски мафкураларнинг глобаллашуви маданиятларни, қадриятларни ва эътиқодларни йўқотиб ташлаб, «умумий» инсонни барпо этмоқда. У барча хусусиятларни ўчириб ташлаб, инсоннинг биргина турини шакллантирмоқдаки, бунда албатта мусулмон шахс сиймоси бўлмайди. Бунинг устига, ушбу бўлажак шахс ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом анъаналарига эргашувчи, тавҳидга эргашувчи кишининг мутлақо зидди бўлади.
Хўш, Аллоҳнинг иродаси билан камчилик бўлиб қолган, глобаллашув уммонига ғарқ бўлаётган мусулмонлар нима қилишсин? Гоҳ интеграцияни ёқловчи, гоҳ ассимиляцияни қораловчи чақириқлар қулоққа чалинмоқда, баъзилар эса ҳижрат ҳақида гапира бошлашди.
Аммо муаммонинг моҳияти мусулмонлар кимлар ва уларнинг тарихий роли нимадан иборат деган масалададир. Мусулмонлар - Аллоҳнинг лашкаридир. Бу ифода кимгадир мавҳум, шубҳали ва таҳдидли, асоссиз ёки ноаниқ туюлиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, «ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди» - ҳар бир кишининг ўз стереотиплари ва тушунчалари бор.
«Ким Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва иймон келтирганларни валий қилиб олса, бас, албатта, Аллоҳнинг ҳизби – ана ўшалар ғолиблардир» (Моида сурасининг 56-ояти)
Глобаллашувнинг ижобий жиҳати шуки, унда исломга тананинг ранги, миллат, тил, моддий имконият ёки ижтимоий мавқе каби ёлғон тавофутларни ўчириш қийин бўлмайди. Бу жараён инсониятни муқаррарр равишда иймон келтирувчилар ва иймон келтирмайдиганларга ажратади. Ва ҳатто насронийлар ҳам ё исломни, ё бутпарастлик материализмини танлашга мажбур бўладилар, чунки насронийликнинг қайси кўриниши бўлмасин, кундан-кунга дунёнинг янги тартибига ён босиб, муроса қилиб бормоқда ва бунинг ўз қадриятлари ва мақсадларига эга бўлган материалистик дунёқараш эканлигини кўпинча англамаяпти ҳам.
Янги мафкура индивидуализмга ва материализмга, аҳлоқий релятивизмга асосланган бўлиб, бунда инсон асосий қадриятларини йўқотади, бунда толерантность (бағрикенглик) энг жирканч ва бузуқ нарсани ҳам лоқайдлик билан ҳазм қилаверади.
«Шайтон уларни эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унутдирган. Ана ўшалар, шайтон фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, шайтон фирқаси, ҳа, ўшалар, ютқазувчидирлар» (Мужодала сурасининг 19-ояти).
Кимдир бунга эътироз билдириши ва бугунги одам босиб ўтиши мумкин бўлган ўнлаб йўлларни эсга солиши мумкин, бироқ уларнинг ҳаммаси саробдир. Чунки бу йўлларнинг ҳаммаси илоҳийликдан шайтонийликка, олийдан қуйига, келажакдан ўтмишга олиб борувчи йўллардир.
«Ҳақдан сўнг нима бўладир? Магар залолат бўладир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?» (Юнус сурасининг 32-ояти)
Мусулмонлар эса буни қабул қила олмайдилар. Улар учун асос - ўтакетган индивидуализм ва тизгинсиз материализм эмас, балки илоҳий ваҳий ва Аллоҳнинг жамолига интилишдир. Бироқ мусулмонлар бугун фақат аутсайдер бўлибгина қолмай, балки глобаллашув қурбони бўлдилар. Мусулмонлар бугун фақат ўз жонларини сақлаб қолишнигина ўйламоқдалар, улар келажакни эсдан чиқармоқдалар. 300 йил аввал улар шариатдан бошқа ҳукмга «рози бўлган» бўлсалар, 100 йил аввал алкогол ичиш улар учун оддий ҳолга айланди, 50 йил аввал эса муслималар ғайридинларга турмушга чиқа бошлади, 10 йил аввал муслималар ичида «энг қадимий касб» соҳибалари чиққан бўлса, бугунги кунда мусулмонлар ичида бесоқолбозлар ҳам учрай бошлади.
Кўз ёши қилмай қўяқолинг, Аллоҳ бизни огоҳлантирган эди: шайтон Одам алайҳиссаломга абадий ҳаётни ваъда қилиб алдаган эди, бироқ абадий ҳаёт Аллоҳ билан бирга бўлганларгагина насиб этади, бу дунёга алданганлар эса жаҳаннам ўтида абадий ёнажаклар.
«Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Ҳукм Унинг Ўзигагинадир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз» (Қасас сурасининг 88-ояти).
Мусулмонларнинг вазифаси - жаҳон цивилизациясида (ҳазорасида) пешво бўлиш, Аллоҳнинг Пайғомини инсониятга етказишдир. Етказибгина қолмай, балки уни адо этиш ва ҳимоялашдир. Агар улар шароитга, вазиятга мослашиб кетсалар, яъни ассимиляция объектига айланиб қолсалар, бу шарафли вазифани қандай адо эта оладилар? Айни пайтда жамиятдан узилиб қолиш, унга адоватда бўлиш ҳам бу муқаддас миссияни адо этишга имкон бермайди. Демак, ассимиляциясиз интеграция, яъни мослашмай уйғунлашиш зарур. Бунинг учун эса жисмоний эмас, балки маънавий ажралиш лозим. Интеграциядан мақсад «фаровонлик» ва «тўқлик» эмас, балки Яратганнинг Даъватини етказиш бўлиши керак.
На ҳижрат, на адоват, на мослашув - буларнинг бирортаси тўғри ечим бўла олмайди, чунки улар ҳалокатга ёки юксак ишонч билан топширилган миссиянинг бажарилмаслигига олиб келади. Шунинг учун биз ўз исломий аслиятини йўқотмаган ҳолда жисмоний интеграцияланиш ҳақида сўзлаяпмиз. Акс ҳолда бу уммат ўзининг илоҳий ҳикмат билан белгиланган мақсадини ва ўрнини йўқотиб қўяди, унинг ўзи йўқолиб кетиб, ўрнига бошқа, муносиб уммат келади.
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтиради...» (Моида сурасининг 54-ояти).
Бу барча мусулмонларга, биринчи навбатда уларнинг пешволарига, йўл қидириб кўпинча Қуръонга эмас, балки социализм, национализм ёки либералимга мурожаат қилган зиёлиларига мурожаатдир. Мусулмон ўлкаларида бу тажриба нақадар аянчли оқибатларга олиб келганини уларнинг бугунги ҳолати яққол кўрсатиб турибди.
Мусулмон халқлари бориши керак бўлган йўл - Ислом йўлидир. Ва бунга шаклланиб қолган стереотиплари ва қотиб қолган қарашлари туфайли ўзига хос воқеликларга тўла бугунги дунёда Исломни миллатларни ўз ортидан эргаштира олишга қодир эмас, деб ҳисоблайдиганлар шубҳа қилиб ўтирмасинлар. Ислом бағрикенглик динидир, бироқ у реал воқеликка мослашиб олмайди, балки унга мусулмонлар ўз эътиқодига гард юқтирмай сақлаб қолишлари учун мос қилиб ёндашади ва ўзгартиради.
Ҳақиқий мусулмонлар Исломни инсониятнинг бугунги таназзулига олий даражадаги муқобил ечим деб биладилар. Ислом ҳар қандай замонга мос келавермайди, балки Ислом ҳар қандай замонни ислоҳ қила олади. Модомики инсон коинотга учишни ўргана олган экан, Ислом уни ерда қандай юришга ўргатиши лозим. Зеро бу инсоният учун универсал, очиқ-ойдин, реал ва энг муҳими илоҳий ҳаёт тизимидир.
Бу Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг инсонларни зулматдан нурга олиб чиқиш учун уларга нозил қилган раҳматидир.
Қачонки камчиликни ташкил қилувчи мусулмонлар ва уларнинг пешволари буни англаб етсалар, фақат шундагина улар шахс сифатида ўзини, ўзига хослигини, ўзлигини сақлаб қолишга умид қилишлари мумкин. Шунда ҳам фақат бунинг ўзи учун эмас, балки «сиздан аввалгилар» каби тарих саҳифасидан беному нишон ўчиб кетмаслик учун.
Исломга қайтгач, мусулмонлар ўз ўтмишларини сақлаб қоладилар, ушбу дин билан янги келажак яратадилар ва Аллоҳ Таоло уларни қавмларнинг энг яхшилари сифатида мукофотлайди.
«Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф, наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сурасининг 104-ояти)
"АРРАИД" газетаси маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



