Электрон фатволар ва онлайн-муфтийлар

Электрон фатволар ва онлайн-муфтийлар

Интернетнинг гуркираб ривожланиши ва онлайн маслаҳатлар бериш хизматларининг кенг оммалашиб кетиши билан Интернетнинг исломий сегментида онлайн фатволар бериш хизмати пайдо бўлди. Бу хизматнинг мусулмонларнинг ғоятда қулайлигига шак-шубҳа йўқ бўлса-да, ушбу ҳолат мутахассисларнинг бир қатор саволларига сабаб бўлмоқда. Чунки, бу нарса ахборот майдонининг шубҳали муфтийлар томонидан берилган шубҳали фатволар билан тўлиб кетишига олиб келади.

Интернет орқали фатво бериш (яъни электрон фатволар бериш) амалиёти диний илмларнинг, айниқса ақида ва Ислом ҳуқуқлари (фиқҳ) борасидаги илмларнинг обрўсизланиш муаммосини келтириб чиқарди. Гап шундаки, дуч келган одамлар ҳар хил форумлар, чатлар, блоглар ва сайтларда фиқҳга оид илмларини синаб кўриш бўйича машқ қилиб кўра бошладилар.

Баъзи олимлар фатволарни Интернет орқали бериш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган савол ва мулоҳазаларнинг ғоятда кўпайиб кетишидан ташвишланмоқдалар. Дарҳақиқат, бу нарса диний илмларнинг обрўсига маълум даражада футур етказиши мумкин. Бироқ, ҳарқалай бу ерда гап сонда эмас, сифатда.

Гап шундаки, Интернетда дуч келган киши ўзини олим деб таништириши мумкин. Бу эса Интернетнинг малакасиз, асоссиз, ҳужжат-далилсиз ва мусулмонлар учун зарарли эканлиги очиқ-ойдин бўлган «фатво»лар билан тўлиб кетишига олиб келади. Бироқ, кўпчилик мутахассисларнинг таъкидлашича, чаламулла ва сохта олимларнинг Ислом илмлари ва муфтийлик унвонига тажовуз қилиши янгилик эмас. Бу нарса Интернет орқали электрон фатволар беришдан анчагина аввал пайдо бўлган.

Интернет эса турфа хил диний нуқтаи назарлар билан танишиш имкониятларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтириб юборди. Ҳозирги кунда истаган киши Интернет орқали истаган уламонинг фикри билан танишиши, ҳар қандай дин ёки маданият вакилларининг қарашларини ўрганиши мумкин. Бу ерда Интернетдаги маълумотларнинг мазмуни эътиборда тутилмаяпти, чунки турли хил сохта олимларнинг фикрини интернетга чиқармай қўйишнинг имкони йўқ.

Нима учун мусулмон киши у ёки бу саволга жавоб топиш учун Интернет сайтларга мурожаат қилмоқда? Гап ана шунда. Керакли маълумотни топишнинг бошқа имконияти йўқлиги учунми? Балки бу киши ўзини ва ўзини қизиқтираётган саволни бошқаларга ошкор қилишни истамаётгандир? Ёки у одатий саволларга бошқача нуқтаи назар ва қарашларни излаётгандир? Кўриниб турибдики, бу ҳолатларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиб, алоҳида ёндашувни тақозо этади.

Интернет орқали берилаётган электрон фатволар тирик имом ва тирик муфтийларнинг ўрнини боса олиши мумкинми, деган ўринли савол туғилиши ҳам мумкин. Бу савол айниқса малакали Ислом арбоблари кам бўлган, бироқ Интернет хизматларига уланиш имконияти ғоятда кенг бўлган ғарб мамлакатлари учун жуда долзарбдир. Албатта, электрон фатволар баъзи имомларнинг ўрни, мавқеи, масъулият, мажбурият ва имкониятларига жиддий таъсир кўрсатади, бироқ бу имомларнинг ўз қавмлари ўртасида, «реал» дунёда тутган ўринлари ҳамон салмоқлилигича қолиб келмоқда.

Бу нарса гап қайси қавм ва айнан қайси имом ҳақида кетаётганлигига ҳам боғлиқдир. Бугунги кунда замонавий технологияларга оид масалаларда етарли даражада саводли ва билимли имомлар, олимлар ва Ислом арбоблари жуда кўп. Уларнинг кўпчилиги ўз сайтларига ҳам эга бўлиб, уларнинг баъзилари бу сайтларни ўзлари ишлаб чиқиб, саҳифалардаги материалларни ҳам ўзлари жойлаштирмоқдалар.

Баъзи ҳолларда Интернетнинг кенг оммалашиб кетиши илмли, ўз замонасининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдалана олувчи имомлар олдида муаммолар келтириб чиқаришдан кўра кўпроқ уларнинг фаолиятини кескин жонлантириб юборади. Онлайн фатво беришга кимнинг ҳаққи бор деган саволга келсак, бу саволга жавоб бериш унчалик қийин эмас.

Муфтий онлайн ёки реал ҳаётда бўлишидан қатъи назар, Китоб ва Суннатни батафсил билиши, шариат масалаларини чуқур тушуниши, усули фиқҳ ва фиқҳ илмларини мукаммал эгаллаган бўлиши, Ислом уламолари иттифоқ ёки ихтилоф қилган асосий масалалардан яхши хабардор бўлиши шарт. Бундан ташқари, муфтий ўз даврининг энг долзарб муаммоларини, фан-техника тараққиёти, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий аҳвол ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиши керак.

Шунингдек, муфтий дунёда юз бераётган барча асосий ўзгаришлар ва тенденциялардан хабардор бўлиши, уларни тўғри талқин қила олиши ҳам зарур. Бу талаб муфтийга бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, юзага келган ҳолатни ва замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда фатво беришга имкон беради. Интернет-муфтий тўғри фатво чиқариш учун савол берувчининг, яъни фатво сўраётган кишининг турмуш тарзи, билим даражаси, дунёқараши, у яшаётган мамлакатнинг қонун-қоидалари, урф-одат ва анъаналарини ва бошқа шу каби хусусиятларини ҳам билиши керак бўлади.

Шундай қилиб, Интернет орқали фатво берадиган муфтий қуйидаги илмларни мукаммал эгаллаши шарт:

        1. Китоб ва Суннат (Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлар)
        2. Фиқҳ илми
        3. Ҳадис илми (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари, сийратлари ва тақрирларини билиш)
        4. Шариатнинг мақсадлари ҳақидаги илмлар
        5. Қиёсий диншунослик
        6. Иқтисодиёт, сиёсатшунослик, социология, психология каби ижтимоий фанлар
        7. Араб тили
        8. Ижтимоий воқеъликни билиш ва уни чуқур тушуниш (илмул воқеъ)

Тегишли малакага эга бўлмай туриб фатво бераётганлар эса бу хатарли ишдан ўзларини тийишлари лозим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етарли билимга эга бўлмай туриб фатво бериб юборувчиларнинг жаҳаннам азобига гирифтор бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларини унутмайлик.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top