Улар нимадан ваҳимага тушишмоқда?

Улар нимадан ваҳимага тушишмоқда?

Осойишта, фаровон ва беками-кўст яшашни ҳаёт шиори қилиб олган Ғарб бугун нуфус (демография), диний ўзгаришлар ва атроф-муҳитнинг барбод этилиши муаммоларига дуч келиб турибди. Жаҳонда мусулмонлар нуфусининг ортиб бориши, ўзларининг таъбири билан айтганда мусулмонлар фойдасига «демографик портлаш»нинг содир бўлаётгани ҳамда бу курамизда кескин диний ўзгаришлар келтириб чиқаргани муаммолар ичида Ғарб учун энг ташвишли ва «хатарли»сидир.

Келинг, оддий рақам-далилларни бир ўрганиб чиқайлик. 1880 йилда дунё аҳолисининг бор-йўғи 13,7 фоизи мусулмон эди. Йигирманчи асрнинг 80-йилларига келиб, бу кўрсаткич 16,9 фоизга, минг йилликнинг охирига келиб эса, тахминан 21 фоизга етди («XXI асрда Ислом» китоби, 13-бет). Ҳозир дунёда олтмишга яқин мусулмон давлати бор, жаҳондаги мусулмонлар сони бир ярим милярд кишидан ошиб кетди ва бу курамиз аҳолисининг тўртдан бир қисмига тенг.
Буюк Британиялик тадқиқотчи Семюэл Хантингтон «Ҳазоралар тўқнашуви» номли машҳур рисоласида дунёда насронийларнинг сони камайиб бораётгани ва 2025 йилга бориб, улар дунё аҳолисининг тахминан 25 фоизини ташкил этиши ҳақидаги маълумотни келтирган эди. Ўша вақтга бориб, мусулмонларнинг сони дунё аҳолисининг 30 фоизини ташкил этар экан (Samuel Hantington, The Clash of Civilazations, London, 1997).
Тадқиқотчи Михаил Тулский интернет сайти орқали тарқатган «Ислам в неисламском мире» номли мақоласида қуйидаги рақамларни келтиради: «Диний статистика бўйича амриқолик йирик мутахассис Дэвид Барретнинг маълумотларига кўра, 1900 йилда АҚШда 10 минг, 1970 йилда 800 минг мусулмон яшаган бўлса, 2000 йилга келиб, бу рақам 4,1 милён кишига етди. Шимолий Америка Ислом жамияти (ШАИЖ)нинг маълумотларига кўра эса, бу ерда 2000 йили 7 милён мусулмон бўлган».
Оврўпа мусулмонлари диний раҳнамоси Ториқ Рамазоннинг «Хантингтопга жавобимиз» мақоласидан қуйидаги далиллар ўрин олган: «Ҳозирги пайтда Оврўпада турли манбаларга кўра 15 дан 24 милёнгача мусулмон истиқомат тутган. Бунга Волгабўйи ёки Кавказ, Болқон ярим оролида минг йиллардан буён Ислом динида бўлган этник мусулмонлар кирмайди. Гап мутлақо Ғарбий Оврўпа ҳақида кетяпти. Энг катта мусулмон жамоаси Франсияда яшайди. Бу ерда мамлакат аҳолисининг ўн фоизи – 5 милён киши мусулмондир. Айрим таҳлилчилар яқин келажакда Франсия Оврўпадаги биринчи мусулмон мамлакати бўлишини башорат қилишмоқда. Франсияда кўплаб машҳур черковлар ёнида катта-катта масжидлар қад кўтармоқда. Мамлакат мусулмонларининг каттгина қисмини Африқодан келган муҳожирлар ташкил этса-да, фаранг миллатига мансуб мусулмонлар сони ҳам тобора кўпайиб боряпти. Қуръони каримни милодий ўн олтинчи асрдаёқ фаранг тилига таржима қилингани, машҳур император Наполеон Бонапарт вафот этганида ёстиғи остидан Аллоҳнинг Китоби чиққани, Луис де Ламартин, Роже Гароди, Бенонист Али, Виктор Гюго, капитан Кусто, Морис Бокай каби машҳур кишиларнинг Исломни бошқа динлардан устун кўришгани ҳақ динимизнинг Франсиядаги мавқе-мақомига далолатдир.
Оврўпадаги яна бир етакчи мамлакат Буюк Британияда ҳам Ислом тарафдорлари тобора ортиб боряпти. Бу ерда кўплаб исломий ташкилотлар қатори Ислом тадқиқот маркази ишлаб турибди. Уни барпо этиш учун Британия ҳукумати ер майдони ва ярим милён фунт стерлинг маблағ ажратган. Бу эса мамлакатнинг уч милёнли мусулмон аҳолисига қувонч бағишлади. Олмония (4,1 милён), Италия (4 милён), Украина (2 милён), Холландия (1 милён) кабилар ҳам мусулмонлар нуфуси тобора кўпайиб бораётган мамлакатлар қаторига киради».
Сўнгги маълумотларга кўра, Русияда 20 милён мусулмон бор (бу рақамни давлат бошлиғи Путин расман эълон қилган). Масков ва Санкт-Петербург аҳолисининг ўн фоизини мусулмонлар ташкил этади. Бу рақамлар ортида азалдан мусулмон бўлиб келган этник халқларгина эмас, кейинги йилларда Исломга кираётган кўплаб ўрислар ҳам бор.
Ғарбда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Исломни янгидан қабул қилаётганларнинг асосий қисми ўз динлари эътиқодларига жавоб бермай қолгани, учлик ақидасига шубҳа билан қарагани, Ислом сўнгги ва энг адолатли дин эканини англаб етганлари, жаҳон матбуотида Ислом тинмай ёмонланаётгани сабабли Исломни танлаганларини ёзишади. Париждаги жомеъ масжиди имоми Мустафо Туғуйнинг айтишича, фаранглар орасида зиёли кишиларнинг Исломни қабул қилишига сабаб – бу динга нисбатан оммавий ахборот воситаларидаги салбий муносабат туфайли пайдо бўлган қизиқишдир.
Собиқ католик семинарияси (билим юрти) талабаси ўз ҳиссиётларини қуйидагича ифодалайди: «Мусулмон давлатлари ер билан яксон қилиниши керак… Мен ўз вазифамни мусулмонларни насроний динига ўтказиш деб билар эдим… Бироқ икки йил давомида мусулмонлар билан бўлган мунозаралар ва муқаддас китоблардаги мавзуларни тадқиқ қилгандан сўнг Исломни қабул қилишга қарор қилдим» (www. algonet. se).
Бу далиллардан кўриниб турибдики, охирги асрда жаҳон мусулмонлари сони кескин ортиб кетди. Нохолис тадқиқотчилар, олимлар улар ададини қанчалик камайтириб, яшириб кўрсатмасинлар, рақамлар ўжарлик қилиб, сирни фош этиб қўяверяпти. Черков ва бошқа ибодатхоналари ҳувиллаб қолган Ғарбда «чинакам Ислом уйғониши» кузатилмоқда. Масжидлар намозхонларни бағрига сиғдира олмаяпти. Боз устига, мутахассислар бу жараён янги аср бошида янада тезлашганини, Ғарб Исломнинг ғолибона юришини тўхтатишга қанчалик уринмасин, қандай фитна-найранглар ўйлаб топмасин, Исломга кирувчилар кун сайин кўпаяётганини «ташвишланиб» ёзишмоқда.
Мусулмонлар сонининг ортиб боришига исломий ўлкалардаги табиий ўсиш, туғилишнинг кўплиги ҳам асосий сабаблардандир. Бунга аксинча Америка ва Оврўпада туғилиш камлиги сабабли аҳоли жадал суръат билан кексайиб боряпти. Ливия аҳолисининг ярмидан кўпи бугунги кунда йигирма ёшга ҳам тўлмаган. 1965-1990 йилларда Марокаш аҳолиси 29,8 милёндан 59 милёнга, Миср аҳолиси 29,4 дан 52,4 милёнга кўпайди. Ўтган милодий асрнинг 70-йилларида Совет Иттифоқида ҳам демографик мувозанат кескин ўзгариб кетди: ўрисларнинг ўсиши 6,5 фоиз, мусулмонларники эса 24 фоиз бўлди.
Тимоти Ж. Уинтернинг ёзишича, «1999 йили Оврўпа Иттифоқига аъзо мамлакатларда дунёга келган чақалоқларнинг етти фоизи мусулмонлар эди. Брюсселда бу рақам 57 фоизни ташкил этди. 1992 йилда Римдаги энг машҳур исм Жованни ёки Луижи эмас, балки Муҳаммад бўлди. Ислом деярли барча Оврўпа мамлакатларида (насронийликдан сўнг) иккинчи ўриндаги динга айланди… Мабодо, мавжуд тамойиллар давом этадиган бўлса, 2020 йилга бориб, барча Оврўпа мамлакатлари аҳолисининг ўн фоизини мусулмонлар ташкил этадиган бўлади».
Ана шундай «ваҳимали» рақамлар Ислом ғанимларининг пайтавасига қурт тушириб қўйган. Улар нима қилиб ҳам бўлмасин, жаҳон афкор оммасига Исломни ёмонотлиқ, жангари, ёвуз дин қилиб кўрсатишга уринмоқда. Мусулмонларни қолоқ, урушқоқ, қонхўр, маданият ва тараққиёт душмани сифатида баҳолаш йўлида ҳамма воситаларни ишга солмоқда. Булар камлик қилса, мусулмонлар ўртасига фитна ва ғараз уруғларини сепиб бир-бирига гиж-гижлаяпти. Фуқаролик урушлари, диний ғалаёнлар, мазҳаб урушлари келтириб чиқаряпти. Булар ҳам иш бермаса, очиқдан-очиқ қатли омлар, оммавий қирғинлар, баҳонасиз урушлар уюштириб, минглаб-милёнлаб мусулмонларнинг ёстиғини қуритмоқда. Бунга сўнгги йиллардаги қонли воқеалар жонли мисол бўла олади.
Ҳозирги кунда нафақат Ғарбни, балки бутун дунёни ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бири табиатга ёвузларча муносабатда бўлиш, атроф муҳит муҳофазасига лоқайдлик билан ёндошишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат этади: «Яна у Зот сизлар учун ерда яратиб қўйган ранго-ранг нарсаларни (яъни, ҳайвонот ва наботот оламини, ер ости ва ер усти бойликларини ҳам сизларга бўйинсундирди)» (Наҳл сураси, 13-оят). Яна Аллоҳ айтади: «(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?» (Луқмон сураси, 20-оят).
Аммо инсонлар Аллоҳ томонидан ўзларига берилган бу улкан атони ваҳшийларча тасарруф қилишди. Атроф-муҳитга ёвузларча муносабатда бўлишди. Бўйсундириб қўйилган табиат неъматларини истаганча пайҳон, поймол қилишди. Инсоният ўзига омонатга берилган маскани – Ер курасининг 54 фоизини ўзлаштириб, фойдаланиб, яксон қилиб, харобага айлантириб, яроқсиз ҳолга келтириб бўлди. Фақат 46 фоиз ер ва сув ҳудудлари аввалда яратилганидай бокира ва инсон аралашувисиз ҳолда асралиб турибди. Инсон гўзал, бокира, тўйдирувчи заминни улкан ахлатхонага айлантириб бўлди («Немис тўлқини», (рус), 2005 йил, 12 март).
Сув захираларидан пала-партиш фойдаланилгани оқибатида ҳозир дунё тоза ичимлик суви муаммоси қаршисида турибди. Инсониятга сув тақчиллиги хавф солаётгани йўқ. Сифатли ичимлик суви камлигидан жаҳонда йилига ўн милён киши вафот этяпти. Ифлос сув келтириб чиқарган касалликлардан беш милён чақалоқ нобуд бўлмоқда. Тоза сув етишмаслигидан ярим милярд одам касалликка чалинмоқда. Ҳозир дунё аҳолисининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Яна йигирма йилдан сўнг сув етишмайдиган ўлкаларда яшовчилар сони уч милярд кишига етади.
Инсоният ўйлаб топган моддапарастлик, капитализм, саноатлаштириш, коммунизм каби ғоя-маслаклар она заминимизни жинояткорона тарзда зўрланишига, пайҳон қилинишига олиб келди. Инсон қадами етган жойларда ер юзи тилка-пора, яра-чақа қилиб ташланди. Милёнлаб тонна заҳарли ахлат ва чиқиндилар дунё уммонларида у ёқдан-бу ёққа сузиб ёки атмосферага кўтарилиб-тушиб юрибди. Корхоналардан чиқаётган зарарли саноат газлари ҳимоя воситаси бўлган озон қатламини тешиб улгурди. Кейинги йилларда об-ҳавонинг ялпи исиши кузатилмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, 2050 йилгача ер юзидаги ўртача ҳарорат Селсий шкаласи бўйича бир ярим даражага кўтарилади. Бу нақадар даҳшатли кўрсаткич эканини англаш учун сўнгги муз давридан бугунги кунимизгача кечган тўрт минг йил мобайнида ўртача ҳарорат бор-йўғи ярим даражага кўтарилганини эслаш кифоя. Оксфорд дорилфунуни профессори Норман Майернинг ҳисобича, 2050 йилга бориб, «денгиз сатҳининг кўтарилиши ва қишлоқ хўжалигида юз берадиган ўзгаришлар оқибатида 150 милён киши ўз яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлади».
Янги дунё табиатдан йироқлашаётгани учун қаттиқ саросимага тушган. Саноат булғаётган денгизлар, ҳаво ва дарёлар инсоннинг очкўзлиги ва табиатнинг оддий кўринган неъматларига нисбатан нафрати ифодасидир. Алтсҳеймер хасталиги, нафас қисиши, ОИТС (СПИД), эркаклар бепуштлиги кабилар турларнинг йўқолиб бораётгани ҳақидаги жиддий огоҳлантиришдир. Инсонлар Аллоҳ ато этган табиий неъматлардан, табиий муҳитларидан тобора узоқлашиб, ўзлари ўйлаб топган сунъий буюмлар ва сунъий муҳитга тобора қул бўлиб бормоқдалар. Табиатга бундай пала-партиш, бефаросатларча муносабат ҳеч қачон изсиз кетмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳамма нарсани дақиқ ўлчов, буюк ҳикмат билан яратган. Илоҳий мезонларни менсимаслик, уларнинг бузилиши одамзодга жуда қимматга тушиши мумкин. Мана далиллар: ҳар куни ўн иккита маълум (биологик) тур йўқолиб бормоқда. Дунёни улкан табиий офат ва фалокатлар тўфони саросимага соляпти. Кучли зилзилалар, тўфонлар, сел-жала ва қорбўронлар тобора одатий тус оляпти. Аввалда инсон қулоғи эшитмаган «қорамол қутуриши», «парранда шамоллаши» каби ажабтовур хасталиклар хавф сола бошлади. Буларнинг ҳаммаси улкан қимор ўйини бўлмиш тараққиётнинг, инсоннинг атроф-муҳит назомларига бўлар-бўлмас аралашувларининг аччиқ меваларидир. Энг даҳшатлиси ғарбликлар улкан экологик фожеанинг, инсониятни кутаётган глобал фалокатларнинг асл сабабларини англаб-тушуниб туришса-да, иқлим ўзгариши, экологиянинг бузилиши билан боғлиқ талофатлар миқёсини деярли ҳис этмаяптилар. Буни шу мақсадга йўналтирилган Киото шартномасини АҚШ каби етакчи саноат мамлакатлари имзолашни пайсалга солаётгани ҳам исботлаб турибди.
Бугунги Ғарб ваҳимага тушаётган муаммолар фақат бугина эмас. Иқтисодий ва илмий тараққиётда энг сўнгги чўққига чиқиб олган Ғарб бундан кейин бошқа зина йўқлигини ўйлаб қаттиқ даҳшатга тушмоқда. Ҳаётини фақат моддага, фаровонликка бўйсундириб олган Ғарб эртага бир зумда булардан бирданига ажраб қолишдан қаттиқ қўрқувда. Руҳий оламини моддий дунёга арзонгина сотиб юборган Ғарб бугун ёш авлодни бой берганидан, диний ахлоқидан мосуво бўлганидан, ўзи билмаган ҳолда инсоният тарихидаги энг бузуқ ва жирканч жамият яратиб қўйганидан қаттиқ таассуфда. Бир томонда минг йиллик насронийлик ақидаси ўзгартирилавериб, бузилавериб, нафс тарбияларига мослаштирилавериб, энди ҳатто дин арбобларини ҳам қониқтирмай қолгани, минглаб, милёнлаб насронийларнинг Ислом деворлари оша бўйлаб тез-тез назар ташлаётгани ҳам бугун ғарбликларни ваҳимага соляпти. Булар устига демография, экология муаммоларини қўшадиган бўлсак, бугунги Ғарб оғир ва мудҳиш кунларни бошдан кечирмоқда. Очиқ фикрли ғарбликлар бу иложсиз муаммоларнинг, тузалмас хасталикларнинг бирдан-бир муолажаси, малҳами – Ислом эканини тобора қаттиқроқ тушуниб боришмоқда. Бунга атоқли инглиз ёзувчиси, Нобел мукофоти соҳиби Бернард Шоунинг қуйидаги сўзлари далилдир: «Ўн тўққизинчи асрда Карлейл, Гёте, Гиббон каби буюк мутафаккирлар Ислом динининг беқиёс аҳамиятини сездилар ва улар орқали Оврўпанинг Исломга бўлган муносабатида яхшилик томонга бурилиш камол топа бошлади. Бу асрнинг Оврўпаси эса бундан ҳам илгарилаб кетди. Ҳозирда оврўпаликлар Исломга жўшқин муҳаббат қўя бошладилар… Шу тахлит Оврўпанинг исломлашиб бориши мумкинлигини айта оламан». Машҳур ўрис файласуфи Владимир Соловев эса шундай фикр юритади: «Мусулмонлар биздан шу жиҳатлари билан афзалдирларки, уларнинг ҳаётлари ақидаларига мос келади, улар ўз динлари қонунларига мувофиқ яшайдилар... Бизлар эса динда насронийлик қонунларини тан олган ҳолда ҳаётимизни насронийликкача бўлган даврдан мерос қолган бошқа қонунларга асосланиб қурамиз» (В. Соловев, «Сочинения», том 5, Москва, 1989).

Аҳмад Муҳаммад

back to top