Бахт нима?

Бахт нима?

Бахт нима, деган савол анчадан буён янграб келади. Сабаби, бу саволга турли-туман жавоб берилган. Бу жавобларнинг хулосаси шуки, ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди ва шунга қараб жавоб беради. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, турли-туманлилик масалани бус-буткул очиб бера олмайди. Чунки ҳамма ўзининг жавобини муқаддам қўяди ва меники тўғри деб жанжал кўтаради.

Мен эса бу даъводан мутлақо йироқман. Боиси, мен ҳам ўша даъвогарлар каби бир инсонман ва бемалол ўз фикримни билдираётганимда хато қилишим мумкин. Бу пайтда нима қилиш керак? Барибир бахт деган сўзга ҳақиқатан ҳам таъриф бериш керак-ку? Ҳамманинг билдирган фикри ўзига тўғри бўлаверса, бошқаларникини инобатга олмаса, бахтиёрлик масаласи парчаланиб кетиши турган гап-ку! Шу боис, бу муаммони ҳал қилишнинг биттагина тўғри йўли бор: у ҳам бўлса бизни яратган Зотнинг сўзларига қулоқ солсак. У Зот бизни йўқдан бор қилгач, ташқимизни-ю, ичимизни биздан кўра яхши билади. У бизни яратишидан олдин ҳам биларди. Демак, энг тўғри ечим Унинг сўзлари экан, Унинг таърифи экан.

Бу ҳақда мақоламизнинг охирида тўхталсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳозир эса ён-веримизга бир нигоҳ ташлаб, одамларнинг бахт туйғусини қаерлардан излаётганларини кузатайлик, томоша қилайлик.

Азизим, атрофингизга бир қаранг. У машҳур артист-ку, деб юбордингиз, сездик. Кўчага чиқса пойига дунё ошиқлари йиқиладиган, санъати йўлида мухлисларини "томдан ташлашга"ча олиб бора оладиган машҳур хонанда! Одобдан бўлмаса-да, унинг уйига мўралайдиган бўлсак, ташқарида бахтли кўринган хонанда уйига келиб, оддий ҳотиржамликни ҳам топа олмас экан. Аёлининг қўрслигини, фарзандларининг тарбиясизлигини кошки чўнтагини шишириб ташлаган пуллар ёпиб юборса?! Йўқ! Демак, бахту, саодат машҳурликда, деганлар буюк хатокорлардир.

Энди сал нарига бир боқинг, азизим! Сиз ҳам эшитгансиз, биз ҳам – юнон мамлакатининг энг бой оиласида тарбия топган қиз биргина ҳотиржамликни излаб, турли тузум ва турли йўл вакилларига бирма-бир турмушга чиқиб, биронтасидан ҳам ўзи истаган бахтни топа олмаётир. Дастлаб, бахт демократларда бўлса керак, деб ушбу тузумнинг чўққисига чиққан америкаликка турмушга чиқди. Уч ойдаёқ у билан ажрашди. Кейин ҳамма бир хил яшаш керак, деган даъвони илгари сурган собиқ иттифоқ томон йўл олди. Москванинг бетон уйларида ўзи қидирган ҳотиржамликни топа олмади. Сўнгра, Англиянинг "эскилик" тарғиботчиси ҳисобланадиган оилаларидан бирида қўним топди. Бироқ, бу ҳолат ҳам узоққа чўзилмади. Кейин... газета саҳифаларида бечора қизнинг Лондон гадойларига қўшилиб, бир ахлатхонада ўлиб ётган жасади топилганлиги хабари берилди. Бахтни пулда излаганлар учун бундан-да ибратли воқеа бўлмаса керак!

Энди Миср томонларга бир нигоҳ ташлайлик! Бахт деган муқаддас туйғуни дипломларда излаган хонимнинг бир умр оиласиз ўтгани ва қирққа кирганида: "Менга бола керак, менга оила керак!" деб ҳайқирган сурати европанинг минглаб нашрларида чоп этилганини кўпчилик билади. Ўн йилгина олдин бу аёл оилали аёлларни менсимас, уларни бармоғининг учи билан кўрсатишга ҳам ор қиларди. "Бахт – дипломда, мансабда!" дегувчиларнинг ачинарли хотималарига бундан ҳам аламли мисол топиш мушкул.

Юртимиз ёшларининг ҳаётига бир боқинг! "Бахт уйи" деб аталмиш бир масканда оила қуриб, айнан шу "Бахт уйи"га келиб ажрашиб кетаётган миллионлаб оилаларни таниймиз. Бу уйдан чиққан маҳал улар ўзларини чинакамига бахтли, саодатли оила вакилларимиз, деб ўйлаган бўлсалар, ажаб эмас! Демак, остонасига "Бахт уйи" деб ёзиб қўйган билан, бу уй одамларга бахт улаша олмас экан.

Шу ерда ҳақли савол туғилади: "Хўп, бўлмаса, бахтни қандай тушунишимиз керак? Биронта йўл қолдими ўзи?!"

Юқорида ваъда берганимиздек, бунга жавобни Буюк Мавлоимиз беради:

«Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза ҳаёт ато этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл, 97).

Мана шу ояти карима бугунги тезкор ҳаётимизни гўзал суратда изоҳлаб беради. Ўтмиш боболаримизнинг ҳаётини бир эсланг.

Абул-Ҳасан Зоҳид деган яхши олимнинг ҳаёти бунга ёрқин мисол. Уни Аҳмад ибн Тулун деган тарихий золим қийнамоқчи бўлиб, ҳамманинг қаршисида оч шерга ем қилмоқчи бўлади. Аммо...

Қўл оёғи боғланган Абул Ҳасанга қўйиб юборилган шер қаттиқ ўкириб, у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлайди. Абул Ҳасан эса қимир этмасдан, беэътибор ўтиради. Одамларнинг баъзилари йиғлар, баъзилари эса бу тақводор олимни шер еб қўйишидан қўрқаётганди: "Заиф бир одамнинг олдига оч қолган шерни қўйишди-я! Адолатли кураш эмас-ку бу!"

Натижа нима бўлди?!

Уёқдан бу ёққа юрган шер бошида бир ўкирди, кейин... жим бўлиб қолди, бошини осилтирган ҳолда Абул Ҳасанга яқинлашди, уни ҳидлади, кейин оҳиста зарар етказмай узоқлашди. Бу манзара йиғилганларни тамом карахт аҳволга солиб қўйганди.

Ибн Тулун Абул Ҳасаннинг олдига келиб сўради: "Тўғрисини айт: олдингга шер келганида нимани ўйладинг?"

Жавобга қаранг:

- Унинг сўлаги ҳақида ўйладим . Бирон бир жойда ўқимаган эканман, шер сўлаги теккан либосда намоз ўқиб бўладими, ёки йўқми?

... Бу воқедан кейин биз бошқа гап-сўзнинг кераги йўқ, деб ўйлаймиз. Мана шу бўлса керак ҳамма одамлар излаётган ҳотиржамлик ва БАХТ!

back to top