"Қирғизистонда анъанавий Исломнинг жозибаси йўқ"
- Written by Administrator
Қирғизистонда исломий уламолар йўқ, анъанавий ислом деб аталавучи нарса эскириб қолган (архаик) шаклга эга бўлгани учун (бошқа ва яқинда чиққан ҳизб, оқим, фирқа ва тариқатларга нисбатан) рақобатбардош эмас ҳамда жозибаси йўқ. (Мусулмонларнинг пешволари шулар ҳақида бир ўйлаб кўришлари керак).
Бу ҳақда диний соҳанинг радикаллашувига қарши мавзусида диншунослик ва исломшунослик бўйича мутахасисиларнинг иштирокида ўтказилган биринчи учрашувида Қирғизистон тарихи ва этнология кафедрасининг раҳбари Назира Қурбанова билдириб ўтган.
Унинг сўзига кўра, Қирғизистоннинг 23 йил мустақил даврида диний соҳада бирон бир илмий лойиҳа бўлган эмас. “Биз республикамизда Исломни қотиб қолган эски нарса эмас (архаик), балки тараққий бўлишини истаймиз”
“Қирғизистон Республикасида диний уламолар йўқ. Илмий-тадқиқот институтидаги исломшуносликнинг илоҳиёт бўйича докторлари диний арбобларга ёрдам беришлари мумкин”, деб 24kg мутахассис сўзларидан иқтибос келтиради.
Мутахассиларнинг иш сафарида, мусулмонларнинг интеллектуал элитасининг йўқлиги ва Исломни ўрганиш бўйича илмий базанинг мавжуд эмаслиги сабаб анъанавий ислом Қирғизистонда ўз мавқесини йўқотиб бораётгани таъкидланди.
Қўшимча мавзу
2009 йили 3 декабар куни бир мақола тайёрлаган эканмиз, мақола долзарблигини ҳали ҳам йўқотмагани боис, уни яна ҳукмларингизга ҳавола қиламиз:
«Қирғизистонда анъанавий Ислом мағлубиятга учрамоқда»
Мадрид универститети сиёсатшунослик ва исломий тадқиқотлар доктори, Қирғизистон-Россия Славян университетининг стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш институти эксперти, Дин, ҳуқуқ ва сиёсат мустақил таҳлилий Марказининг директори Қодир Маликов ИА REGNUM Новости мухбири билан ўтказилган суҳбатда Қирғизистондаги диний вазиятга оид ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
ИА REGNUM Новости: Бугунги кунда Қирғизистоннинг исломлашув даражасини қандай баҳолайсиз, Ислом келгусида ҳам тарқалишда давом этадими, ёки у аста-секин ўз мавқеини қўлдан бой бериб, ўрнини насроний оқимларга бўшатиб берадими?
Бугун республикада таъсир доиралари учун аниқ бўлмаган кураш бормоқда. Умуман олганда, қайта исломлашув жараёни кузатилмоқда: инсон ўз илдизларига, ўзлигига қайтмоқда. Бу худди ҳозирги кунда Россияда юз бераётган жараёнга ўхшаш жараёндир: россияликлар ўзлигини, ўз миллий хусусиятларини, маданиятини қидирмоқдалар, ана шу маданият орқали ўз диний илдизларига қайтмоқдалар. Менимча, бу жараённи тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Қирғизистон бошқа мамлакатлардан фарқли равишда диннинг ривожланиши учун қулай муҳит бор. Қирғизлар Исломдан узилиб қолган эдилар ва масалан, ўзбекларга нисбатан камроқ даражада диндорликни намоён қилган эдилар. Бироқ бу, аксинча, бугунги кунда тескари натижа бермоқда – ёшлар Исломни нафақат анъана, балки айнан мафкура деб билмоқдалар ва унга онгли равишда кириб келмоқдалар. Таъсир доираларини тақсимлаб олишга келсак, бу ерда асосан неонасроний оқимлар ва ислом ниқоби остидаги янги йўналишлари орасида кураш кетмоқда. Улар асосан Чу водийси ва Бишкек шаҳрида кўпроқ учрайди.
ИА REGNUM Новости: Қандай исломий оқимлар ўзаро курашмоқда?
Исломни қўпол равишда тақсимлайдиган бўлсак, қуйидаги йўналишларни айтиш мумкин: расмий диний идора, анъанавий Ислом ва четдан кириб келган ғояларни ифодаловчи мустақил Ислом, яъни сиёсийлашган ҳизбут-таҳрир экстремистик партияси, салафийлик, яъни ваҳҳобийлик, даъватчилар (Покистондан келган тинчликпарвар ҳаракат). Диний идорага қарши чиқаётган бу оқимларнинг барчасининг илдизи Қирғизистондан ташқаридадир.
ИА REGNUM Новости: Расмий идора ҳозир қанчалик кучли?
Менга қолса, уни кучли деб бўлмайди. Ҳозирги кунда расмий идора икки йўл ўртасида турибди: ё у ўз атрофига тарқоқ мусулмон жамоаларни бирлаштирувчи ўзак бўлади, ёки у легитим (ҳуқуқий) орган сифатида тан олинмайди. Умуман олганда, Исломда черков (структураси) йўқ. Масалан, Исломда насроний динидаги каби иерархия ҳам йўқ. Шунинг учун ўзини ҳаммани бирлаштирувчи деб даъво қилаётган ҳар хил марказлар кўпайиб кетган.
Совет ҳокимиятининг узоқ йиллик босими туфайли анъанавий Ислом таълимоти мутлақо чеклаб қўйилган эди. Шунинг учун унинг интеллектуал савияси жуда паст, реал воқеъликдан ажралиб қолганлиги туфайли замонавий стандартларга жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам у ҳамма соҳаларда мағлубиятга учрамоқда, баъзи муллаларнинг диний билимлар юзаки бўлиб, улар замон талабига жавоб беришдан ожиз қоляптилар. Ана шунда бу талабга Яқин ва Ўрта Шарқдан келган бошқа оқимлар жавоб бермоқда.
ИА REGNUM Новости: Кўпинча расмий диний идорани коррупцияда айблашади. Бу қанчалик ўринли баҳо?
Қаерда иерархия бўлса, қаерда структура (тузилма) бўлса, у ерда коррупция бўлади. Гап фақат унинг қай даражада эканлигида қолади, холос. Ҳақиқатан ҳам, масалан, ҳаж билан боғлиқ жанжаллардан кўпчилик норози бўлмоқда. Коррупцияга қарши курашиш керак, бироқ мансабдор шахсни эмас, балки бутун тизимни ўзгартириш керак, бу тизим шаффоф бўлиши, назорат остида туриши керак, давр талабига жавоб бера олиши керак, тизимга янги одамлар келиши керак.
ИА REGNUM Новости: Сиёсатчилар ўз мақсадларига эришиш учун диндан қанчалик кучли фойдаланмоқдалар?
Исломнинг барча рукнлари, унинг ташкилий тузилиши яхшилаб ўрганилса, уни сиёсат ва иқтисодиётдан мутлақо ажратиб бўлмаслигини кўриш мумкин. Буни масалан, исломий молиялаштириш тизими ва ҳоказоларнинг мавжудлиги ҳам тасдиқлайди. Бу ерда «бу ресурс билан давлат қандай муомала қилиши керак», деган бошқа муаммо пайдо бўлади. Ислом ва дунёвий давлат ўртасидаги муносабатларни қандай уйғунлаштириш керак, мусулмонларни дунёвий давлат шароитларига қандай мослаштириш керак – бу жуда катта масаладир. Динни сиёсатлаштириш аста-секин амалга ошади, чунки ҳукумат раҳбарлари ўртадаги пардани биринчи бўлиб ўзлари очдилар.
Агар жараён шундай давом этаверса, давлат олдида расмий ва норасмий сиёсий доираларда Ислом ва балки, рус православ черкови иштирокидаги давлат-конфессионал муносабатларнинг янги моделини ишлаб чиқиш, тинч-тотув фаолият кўрсатаётган баъзи диний ташкилотларга давлатнинг сиёсий тизимига уйғунлашиб кетиш учун ҳуқуқий имкониятлар бериш зарурати вужудга келади. Таъкидлаб айтаман, сиёсатга эмас, балки давлатнинг сиёсий тизимига уйғунлашиш назарда тутилмоқда. Бу жуда муҳимдир, чунки бу ерда муаммо схема ва моделларда эмас, балки ижрочилардадир. Бугунги кунда Қирғизистонда Ислом сафида давлат билан муомала қила оладиган дин арбоблари, диний лидерлар йўқ. Энг катта муаммо ана шундадир.
ИА REGNUM Новости: Мамлакатда тақиқлаб қўйилган исломий ташкилотларнинг, масалан ҳизбут-таҳрирнинг ғоялари аҳолини нимаси билан ўзига жалб қилмоқда?
Ҳар қандай тақиқланган ташкилот маълум бир тузумга, масалан, давлатга ёки коррупцияга қарши бўлади. Афсуски, сўнгги пайтларда Қирғизистонда дунёвий ҳукумат институтининг обрўси кескин пасайиб бормоқда. Умуман олганда, жамият шу жамиятнинг ички ўзаро муносабатлари ва ҳар бир фуқаронинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларидан ташкил топади.
Бир томонда суд тизимида (айнан суд адолатнинг ва ҳуқуқий давлатнинг гарантидир) адолат ўрнатилмаётган бўлса, иккинчи томонда масалан, ҳизбут-таҳрир айрим маълумотлардан фойдаланиб, судларда адолатни тиклашга чақирмоқда. Бу ерда руҳий омил жуда катта роль ўйнамоқда, яъни масалан, ҳизбут-таҳрир инсон ўз қўли билан ёзган қонунларни тан олмайди, балки Аллоҳнинг илоҳий қонунларини биринчи ўринга қўяди. Инсон ва қонун ҳамда Худо ва қонун – бу нарсаларнинг нуфузи ўртасида катта фарқ бор. Аслини олганда, Қирғизистон ҳозир ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. Мамлакат ҳали миллий давлат сифатида шаклланиб улгурмади, шунинг учун ҳам биз бошқарувнинг турли моделларини синаб кўрмоқдамиз. Дастлаб демократия тушунчаси бор эди, эндиликда эса жамиятнинг ўзи ҳам, ҳукумат ҳам бевосита демократиядан, унинг ғарб моделидан воз кечмоқда. Хўш, унда нима бўлади? Қирғизистонда на ҳақиқий дунёвийлик, на демократия бор.
ИА REGNUM Новости: Балки, Қирғизистон диний давлатга айланар?
Йўқ. Бироқ, менимча, жамият албатта диндор бўлиши керак, бу табиий. Масалан, Россияни оладиган бўлсак, бутун Русь патриархи Кириллнинг охирги нутқига кўра, у ерда дин сиёсатга таъсир кўрсатяпти, у давлатни шакллантирувчи кучга айланяпти, дейиш мумкин. Бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқ, чунки барча давлатларда, ҳатто расман дунёвий давлат деб эълон қилинган, демократик жиҳатдан ривожланган давлатларда ҳам, масалан, Ғарбий Европада дин сиёсий ҳаётда анчагина салмоқли ўрин эгаллайди.
Дунёвийликнинг уч хил тузуми бор: биринчиси диндан батамом ажралишни кўзда тутади, иккинчи моделга кўра дин салкам давлат миқёсига чиқиши мумкин, масалан Англия қироличаси англикан черковининг раҳбари ҳисобланади, учинчиси – шартномага кўра фаолият кўрсатувчи герман тизими – Дания, Швеция ва шу каби давлатлар ана шу тизим бўйича яшайди.
Дунёвийликни йўқотиб қўйишдан қўрқиш керак эмас, республика президенти муҳим нуқталарни тўғри аниқлаши, диннинг давлатда қандай ўрин эгаллашини, унда диний қадриятларнинг қанчалик аҳамиятга эга эканлигини белгилаб бериши зарур, холос. Мен бу ерда умуман динни эмас, айнан диний ташкилотларни назарда тутяпман.
ИА REGNUM Новости: Радикал диний қарашларга мойил кишилар сони кўпайиб боряпти, деб ўйлайсизми?
Айтиш қийин. Масалан, ҳизбут-таҳрир аъзолари ҳеч қаерда рўйхатга олинмайди. Бирор-бир ташкилотга аъзо бўлиб кирмаса ҳам, баъзи ғояларга ҳайриҳоҳ кишилар бор. Радикализм, фундаментализм, терроризм – бу бошқа-бошқа тушунчалар. Сиёсат тарихида кўпинча шундай бўладики, мўътадил позицияда турган баъзи ташкилотлар давлатнинг босимига ёки киритган қандайдир ўзгаришларига жавобан радикаллашиб, терроризмгача бориб етади ёки аксинча, терроризмдан мўътадил позицияларга қайтади. Агар Қирғизистонда диндорлик, диний жамоалар кучая бошласа, жамиятнинг ўзининг доктринасини, конфессионализм, турли динлар муҳитидаги яхлитликни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.
ИА REGNUM Новости: Қирғизистонда ғайриклассик насроний оқимларнинг, масалан, баптистлар, адвентистлар ва бошқаларнинг оммалашиб бориши билан боғлиқ аҳвол қандай?
Албатта, бу ерда яширин зиддият бор: биринчидан, расмий диний идора ҳар доим маҳаллий халқнинг, ўз қавмининг бошқа динга ўтишини қоралаш позициясида туради, иккинчидан Қирғизистон мусулмонларининг расмий диний идораси православ черкови билан иттифоқдош позицияларга эгадир. Улар ўртасида маҳаллий аҳолини Ислом ёки православие томонга ўтишга таклиф қилмаслик ҳақида норасмий келишув бор. Бу келишув ўзаро ҳурматга асосланган бўлиб, айнан мана шу икки конфессия ўзаро ҳамжиҳатлик модели, бағрикенглик моделини ишлаб чиқишга муваффақ бўлган. Бу эса мамлакатга четдан кириб келиб, уни инжиллаштиришга уринаётган бошқа оқимлар учун ибрат бўлиши лозим. Ислом ёки насронийлик масалалари оддий диний эътиқод эркинлиги эмас, балки мафкуравий, стратегик масалалардир. Шунинг учун шундай йўл тутиш керакки, Қирғизистонда азалдан мавжуд бўлмаган бошқа конфессиялар мазкур қоидага риоя қила бошлашлари лозим.
ИА REGNUM Новости: Бироқ, ҳар қандай дин вакиллари ўз қарашларини бошқаларга сингдиришга ҳаракат қилади-ку! Миссионерларнинг фаолияти православ черкови ва Ислом вакиллари ўртасида ҳозирда мавжуд бўлган норасмий келишув талабларига қандай қилиб жавоб бериши мумкин?
Асосий муаммо ҳам ана шунда-да: улар миссионерлик фаолиятидан воз кеча олмайдилар. Бир томондан, Қирғизистон ҳар қандай даъватчининг фаолиятига рухсат берадиган халқаро шартномаларни имзолаган. Иккинчи томондан, баъзи Европа мамлакатлари иккиёқлама стандартга ўтиб олиб, муайян диний ташкилотларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар. Нима учун биз ҳам ана шундай иккиёқлама стандартни қўллашимиз мумкин эмас? Ҳа, Қирғизистонда эътиқод (виждон) эркинлиги бор, бироқ давлат диний масалаларда давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда аралашиш ҳуқуқига эга.
Аслини олганда, ҳозирча давлат муқобил диний оқимларнинг кучайишидан манфаатдор эмас.
ИА REGNUM Новости: Насронийликни қабул қилган маҳалий аҳоли вакиллари ҳамюртлари билан мулоқотда қанчалик қийинчилик сезяптилар?
Бу кўпроқ аввал анъанавий Исломда яшаб сўнг масалан, ғайриправослав насронийликка ўтиб кетган фуқароларга кўпроқ тааллуқли. Бу ерда биринчи навбатдаги муаммо бундай кишиларнинг ўз оиласи, ўз қариндош-уруғлари билан ўзаро муносабатлардаги зиддиятлар, шунингдек, уларнинг жамиятдаги ижтимоий ва сиёсий мақомларини ўзгариши билан боғлиқир. Сир эмаски, биз сиёсий Исломни назарда тутаяпмиз, бироқ насронийликнинг янги оқимлари ичида сиёсий гуруҳлар ҳам бор бўлиб, улар Қирғизистоннинг ички сиёсатига катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Улар ўз жамоаларини ташкил қилмоқдалар, ва айтиш керакки, бу жамоаларнинг пули ҳам, алоқалари ҳам керагидан ортиқ даражада. Уларнинг ўз манфаатлари, мақсадлари бор. Буни эса ҳисобга олиш керак.
ИА REGNUM Новости: Қирғизистоннинг диний ҳаётидаги қайси нуқталарни ташвишли деб ҳисоблайсиз?
Дунёвийлик тушунчасига бериладиган таърифни ҳамда ҳукумат ва диний жамоалар ёки диндорлар ўртасида қарама-қаршиликка олиб келиши мумкин бўлган қонунларнинг ижро этилишини. Биринчидан, дунёвийлик тушунчаси. Гап шундаки, бугунги кунда Қирғизистон амалдорларининг кўпчилиги ўз лавозимида собиқ совет давридан буён ўтириб келаётган кишилар бўлиб, уларнинг дунёқараши ўша пайтдаги ҳолича сақланиб қолган – динни жамиятдан расмий равишда мутлақо ажратиш керак. Иккинчидан, дунёвийликнинг бир неча моделлари бор, Қирғизистон улардан қай бирини танлайди? Бунинг ҳеч қандай салбий оқибатларга олиб келмаслигига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди, чунки Ислом тез ривожланмоқда, давлатнинг сиёсий қарорлар қабул қилиши эса ниҳоятда кечикиб кетмоқда. Афсуски, ҳозирча давлатнинг фақат натижа билан шуғулланишига тўғри келмоқда. Ваҳоланки, дин соҳасининг ривожланишини айнан бошқариш, йўналтириш лозим: ё ижтимоий йўналтирилган Исломга қараб, интеллектуал тараққиёт томон бориш керак, ёки давлат диндорларнинг ҳуқуқларига беэътибор бўлганда кескин позицияда тура олиш керак. Бу келажакда қандай оқибатларга олиб келишини таҳлил қилиш керак. Эҳтимол, 10-15 йилдан сўнг баъзи исломий гуруҳларнинг сиёсатда расмий иштирок этиши масаласи кўтарилиб қолар. Бу ерда вазиятни баҳолашга улгуриш, давлатнинг дунёвийлигини сақлаб қолиш тўғрисида шартнома тузиш муҳимдир. Умуман олганда, дунёвийлик – давлатнинг ҳар қандай бошқа нарсага нисбатан мафкуравий жиҳатдан нейтралитетидир. Давлат бу ерда маълум маънода судья вазифасини ўтайди. Муҳими, ҳукумат аввал айтилганидек, на Манаснинг васиятларига, на тангриликка йўналмаслиги керак. Давлат нейтрал позицияда бўлиши керак. Афсуски, давлатда ижрочилар йўқ, худди шунингдек, расмий диний идоранинг ўзида ҳам ижрочилар ва ҳамжиҳатлик йўқ. Ҳар бир диндор ўзини фуқаро деб ҳис қилиши лозим. Келгусида Ислом ва бошқа динлар давлатни шакллантирувчи омилга айланишлари, давлат уларга таяниши мумкин, деб умид қиламиз.
03.12.2009 й.
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



