Хавотирга асос борми?
- Written by Administrator
Ер юзи аҳолиси кўпайиб бораётгани айрим олимларни бир неча асрдан бери хавотирга солиб келади. Ишлаб чиқариш манбалари озлиги, лекин аҳолининг ортиб бориши мутахассисларни ташвишлантирарди. Улар: "Агар нуфуснинг давомли кўпайиб боришига бир чегара қўйилмаса, ер юзи башариятга тор бўлиб қолади, кундалик эҳтиёжлар нима билан қопланади?" дейишарди.
Ҳозирги мутахассислар нуфус ортиши уй-жой, озиқ-овқат муаммосини туғдириш билан бир қаторда энергия танқислиги ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлишидан ҳадиксирашяпти. Шу боис тез-тез туғилишни чеклаш керакми-йўкми, деган масалани кўтаришмокда.
Туғилишни назорат қилиш илк бор ўн саккизинчи аср охирларида Оврупада бошланган. Инглиз иқтисодчиси Малтус шунга чақирган. Малтусдан кейин Францияда Франц Плэс туғилишга чегара қўйиш таклифи билан чиққан. 1833 йили америкалик табиб Чарлз Нортон ҳам бу таклифни қувватлаган.
Бу олимлар аҳоли кўпайишини геометриявий тартибда (2,4,8,16,32,...) ризқ воситалари ортишини арифметикавий тартибда (1,2,3,4,5,...) ҳисоблашган. Улар нуфус тўсиқларга учрамай ортиб борса, йигирма беш йилдан кейин икки марта, бир асрдан кейин икки юз эллик олти марта кўпаяди, нуфус билан озиқ-овқат манбалари орасидаги нисбат кескин бузилади, деб ўйлашган.
Тарихий ҳақиқат шуки, инсон наели ҳеч қачон Малтус ва Франц Плэс айтганидек геометриявий тартибда кўпаймаган. Милодий тақвим бошида 200 миллионли дунё аҳолиси 1300 йиллари 500 миллионга, 1800 йилларда бир миллиардга, 1950 йили тўрт ярим миллардга етди. 2005 йилга келиб, олти миллиарддан ошди. Нуфуснинг бундай ортишини кўп деб бўлмайди. Чунки инсоният туғилишга эътибор қаратгани билан ўлимни камайтиришнинг уддасидан чиқолмаяпти. Озиқ-овқат воситалари ҳам арифметикавий тартибда ошмайди.
Олдин кишиларнинг озиқ-овқати асосан сув, ўсимликлар ва ҳайвонлардан иборат эди. Ҳозир жуда кўп манбалар бор. Инсон насли кўпайгани сайин ҳаётини муҳофаза қилиш учун янги ризқ ман-баларини ахтаряпти, эҳтиёжларини қондириш учун турли усуллардан фойдаланяпти.
Шунингдек, нуфус ортиши билан бирга меҳнат қўллари кўпайишини ҳам назардан қочирмаслик керак.
Иқтисод илмига кўра, ишлаб чиқаришнинг уч асосий унсури бор: табиат, сармоя ва инсон. Инсон бу унсурларнинг энг улуғи ва аҳамиятга молигидир. Нуфус ортишидан хавотир қилаётганлар инсоннинг ишлаб чиқаришдаги ўрнини эътиборга олмай, унга фақат истеъмолчи сифатида қарашади. Ҳолбуки, инсоннинг ер юзидаги тараққиёт ва яшаш шароитини яхшилашга қўшган ҳиссасини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Нуфус ортиши аслида инсонларни яхшироқ ишлашга ташвиқ этадиган омиллардан биридир. Эҳтиёжлар инсонни тараққиёт учун янги-янги ихтиролар қилишга ундайди. Бугун инсон денгиз тублари ва фазолардан ризқ ахтармокда.
Умуман, дунё аҳолиси кўпайишига мувофиқ ҳолда ер юзида ризқ воситалари ҳам ортаётир.
Ер юзи ва коинотдаги мавжуд мувозанатни ҳеч ким инкор этолмайди. Курамизда яшайдиган барча махлуқот сонида чегара ва мувозанат мавжуд. Масалан, "Sismibrium Sophia" номли дарахт йилига етти юз эллик минг уруғ сочишига қарамай, бутун ер юзини босиб кетмайди. "Денгиз юлдузи" деган балиқ бир мартада икки юз миллионгача уруғ ташлайди. Лекин денгизларни шу балиқлар батамом эгаллаб олмаган, мувозанат бузилмаган. Башарият ҳам ушбу илоҳий низомдан четда эмас.
Толибжон НИЗОМ



