Бундайин адолатнинг ўхшаши борми?

Бундайин адолатнинг ўхшаши борми?

Ислом инсониятнинг ҳаёт тарзини белгилаб берадиган, уни ахлоқ қоидалари билан иҳоталайдиган, барча ёмонлик – гуноҳлардан муҳофаза қиладиган, фақат эзгулик, яхшилик, солиҳ амалларга даъват этадиган сўнгги Ҳақ диндир, динлар ичида энг адолатлисидир!
Кишилик тарихини кузатсангиз, ҳалигача бирорта тузум, дин ёки мафкура инсонлар ўртасида чинакам адолат ва тенглик ўрната олган эмас. Аксинча, ҳозирги ғарб мутафаккирлари «Дунёнинг энг катта ҳокими – адолатсизлик, уни ҳақсизлик бошқаради», деб иддао қилишади. Фақат Исломгина инсонларга чинакам илоҳий адолатни таклиф эта олди, жамиятда бу адолатни ўрната олди. Унинг Низомидаги бош ғоя ҳам Адолатдир.

Исломнинг буюк адолати шундаки, у бу дунё ортидан Охират дунёси борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида инсон дунё ҳаётидаги олтмиш-етмиш йиллик қисқагина умрини меҳнат-машаққатлар, уруш-жанжаллар, турли касаллик ва фалокатлар, хўрлик ва изтироблар ичида совуриб, эвазига ҳеч қандай мукофот олмай ўтиб кетган бўлур эди. Дунёда ҳақсизлик, зулм, қийноқ, адолатсизликларга дуч келганида «Бунинг эвазига охиратда ажр бор-ку!» деган улуғ таскин-тасаллини топа олмаган бўлур эди.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у ўлгандан кейин қайта тирилиш борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида, ўлим инсон учун энг катта фожиа, кулфат, адолатсизликка айланган, уни ўрганиб қолган ҳаётидан, яқинларидан, мол-мулкидан, мавқе-мартабасидан бир лаҳзада узиб қўядиган золимликка айланган бўлур эди. Инсон бир куни ўлимдан қўрқа-қўрқа жон берган ва ҳайвонлар каби ўлиб кетиб, тупроқда беному-нишон чириган бўлур эди.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у охиратда Ҳисоб-китоб борлигини эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида дунёни ҳақсизлик, фитна-фасод, зулм-истибдод, зўравонлик ва муттаҳамлик босиб кетган бўлур эди. Исломдан чекинган ёки узоқда бўлган жамиятларнинг ҳозир ҳам ана шу кулфатлар исканжасидан чиқа олмаётгани бунга ёрқин далилдир.
Исломнинг буюк адолати шундаки, у барча инсонларни ҳур, тенг ва насаб-мансабда баравар деб эълон қилди. Агар шундай бўлмаганида қулдорлик авжига чиққан бир даврда юборилган бу дин қул билан хожани бир мақомга қўймаган (Расули акрамнинг Аммор ибн Ёсир, Билол Ҳабаший, Салмон Форсий каби ўнлаб саҳобалари мусулмон бўлишгунича қул эди), қул озод қилишни ибодат ва гуноҳларга каффорат (эваз) даражасига кўтармаган, қулининг айби учун бир тарсаки туширган хожага бу гуноҳи эвазига қулини озод қилишга буюрмаган бўлур эди.
Агар шундай бўлмаганида оддий бир кампир Ислом давлатининг ҳукмдорини (масалан, Ҳазрати Умарни) кўчада тўхтатиб танбеҳ бера олмаган бўлур эди. Ёки Мафтуна  исмли қоратанли бир ночор аёл Миср ҳукмдоридан девори бузилиб кетгани, қўшнининг товуғи чиқиб озор бераётгани, шунинг учун деворини тузатиб беришни сўраб, унга мактуб йўллмаган бўлур эди.
Ёхуд Пайғамбарнинг куёви бир яҳудий билан тортишиб қолганида адолат истаб Ислом қозисининг олдига бормаган ва қози ҳам айб яҳудийда экани аниқ бўлгандагина: «Яхшиямки, Али ҳақ бўлиб чиқди, акс ҳолда яҳудий фойдасига ҳукм қилиб виждоним қийналган бўлур эди», деб изтироб чекмаган бўлур эди.
Ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир ўғрини авф қилишни сўрашганида «Агар қизим Фотимани тутиб келганларингда ҳам қўлини кесган (яъни жазолаган) бўлур эдим» деб ҳукм чиқартирмаган бўлур эди. 
Исломнинг буюк адолатидан иккитагина мисол: халифалик Умар ибн Абдулазизга ўтган пайтда Самарқанд аҳлидан бир жамоа элчи бўлиб келди. Улар диёрларидаги Ислом қўшини қўмондони Қутайба ибн Муслим шаҳарлари Самарқандга киргани ва адолатсиз равишда мусулмонларни у ерга жойлаштирганидан шикоят қилиб келган эди. Умар ибн Абдулазиз Самарқанд волийига (ҳокимига) мактуб ёзиб, уларнинг шикоятини кўриб чиқиш учун бир қози тайин этишни, агар қози мусулмонларни Самарқанддан чиқишга буюрса, буни бажаришни амр этди. Волий Жамиъ ибн Ҳозир ал-Божий уларнинг шикоятини кўриб чиқиш учун қози тайинлади. Қози эса мусулмон бўлгани ҳолда лашкарни у ердан чиқаришга ҳукм қилди. Чунки уруш Ислом қоидаларига биноан қилинмаган эди.
Самарқанд аҳли бу ҳолни кўриб, ҳайратда қолди. Ўз қўшини ва қўмондонининг зарарига бўлса ҳам адолат ила ҳукм юритаётган бу давлатнинг мисли йўқ эканини англади. “Бу миллатга қарши курашилмайди, чунки унинг ҳукми раҳмат ва неъматдир”, деб Ислом қўшинининг қолишига рози бўлишди ва ўз ораларида мусулмонларнинг яшашларини маъқул кўришди.
Музаффар Ислом лашкари Дамашқ, Ҳимс ва Суриянинг бошқа шаҳарларини фатҳ қилган пайтида ерли аҳолидан уларни ҳимоя ва мудофаа қилиш эвазига солиқ (жизя) олди. Ҳирақл улар билан ҳал қилувчи жангда тўқнашиш учун катта қўшин тўплаётганини эшитган қўмондонлар фатҳ этилган шаҳарларни ташлаб чиқиб, Румга қарши урушиш учун бир жойда тўпланиш керак, деган фикрга келишди. Холид ибн Валид Ҳимс аҳлини, Абу Убайда ибн Жарроҳ Дамашқ аҳлини, улардан бошқа қўмондонлар қолган шаҳарларнинг аҳолисини йиғиб: “Биз сизларни ҳимоя ва мудофаа қиламиз, деб молларингизни олган эдик. Ҳозирда эса вазият тақозосига кўра бунга қодир эмасмиз. Мана, сизларнинг моллларингиз, қайтариб олинглар”, дейишди. Ўша шаҳарларнинг аҳолиси: “Аллоҳ сизларга ғалаба ато этсин. Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳукм ва адолатингиз Румнинг жабр ва зулмидан яхшидир. Аллоҳга қасамки, улар сизнинг ўрнингизда бўлишганида олган нарсаларини қайтариб беришмасди. Балки ўзлари билан олиб кетган бўлишарди”, дейишди.
Тарих воқеалари Шом насроний аҳолисининг хавотирини тўла тасдиқлади. Мусулмонлар Андалусияни фатҳ этганларидан сўнг миллионлаб ерли аҳоли Исломга кирди. Мусулмон бўлмаганлар ҳам тинч, осойишта умргузаронлик қилишди. Кейинчалик тарих ғилдираги эврилиб, бу ўлкани яна салибчилар ишғол этишди. Босқиндан сўнг ўша миллионларча мусулмонлардан бирор киши тирик қолдирилмади. Ҳозир у ерларда ўша замонлардан бери эътиқодини тутиб келаётган бирор мусулмон қолмади.
Миср ва Шом фатҳ этилганида маҳаллий халқ орасида насронийлари ҳам бор эди. Улар ҳозирда ҳам мавжуд. Ҳанузгача масжидлар ёнида қўнғироқларини бонг урдириб черковлар ҳам ишлаб турибди. Насронийларни ҳеч ким қирмади ва зўрлаб Исломга киритмади.
Мусулмон подшоҳлар Ҳиндистонда асрлар мобайнида ҳукмронлик қилишди. Уларнинг ерли аҳолини зўрлаб Исломга киритиш имконлари бор эди. Лекин бирор марта ҳам динга зўрлаш ҳолати содир бўлмади. Шу боис ҳам Ҳиндистонда мусулмонлар озчиликни ташкил этади.
Биринчи салиб юриши даврида (1096-1099) масиҳийларнинг эллик минглик қўшини Қуддуси шарифга кирди. Жон сақлаш умидида Масжиди Ақсога беркинган қариялар, аёллар ва гўдакларни салибчилар аёвсиз қириб ташлашган эди. Ўшанда шаҳарнинг мусулмон ва яҳудийлардан иборат юз мингдан ортиқ аҳолиси қатл этилган. Бегуноҳларнинг қони дарё бўлиб оқди. Орадан саксон саккиз йил ўтиб, Салоҳиддин Айюбий Қуддуси шарифни қайта фатҳ этди. Аммо у ўч олмади, салибчиларга қирқ кун муҳлат ичида шаҳардан чиқиб кетишни амр қилди.
Исломнинг буюк адолатини намоён этувчи бу каби мисоллар тарих саҳифаларида тўлиб-тошиб ётибди. Фақат уларни холис нигоҳ, озгина инсоф билан кўра билиш лозим. Шунда ҳақиқат озор топмайди...

Абу АЙЮБ тайёрлади

back to top