Оврупанинг исломий келажаги
- Written by Administrator
Бугун Оврупанинг энг етакчи оммавий ахборот воситалари бу мавзуда тинимсиз баҳс юритмоқда. “Баҳорги зафар”лар оврупалик мутахассис, шарқшунос, сиёсатшунос ва таҳлилчиларни «муаммо»га бошқача кўз билан қарашга мажбур қилди.
Европанинг бўронли медиа тўлқинларида “исломий мавзу”ларнинг кўп ёритилиши яхши ҳаёт сабабидан эмас, дея тан олишмоқда номдор қалам соҳиблари. Исломни яқин-яқингача одамларни қўрқитиш учун бир восита сифатида кўриларди. Агар оврупалаштирилган Тунис яшил байроқ олдида тиз чўккан экан, Оврупа ҳам бу ҳақда бир фикрлаб кўриши керак. Темир парда билан иймон чегарасини тўсиб бўлмайди-ку, ахир. “Муаммо”га қуйидагича: “Исломнинг Европадаги келажаги” деб ном берса ҳам бўлади.
Матбуотда шундай далиллар ҳам учрамоқда. Агар Ислом қитъада бугунги суръатида тарқалар экан, аср охирига бориб Оврупа тўла Исломга “ўтади”. Бу ерда “ўтади” сўзини эркинроқ шарҳ қилса ҳам бўлади: Оврупа Исломни қабул этиб, уни ягона дин деб эълон қилади.
Оврупа қитъасининг шаҳар-қишлоқларида Ислом тарафдорлари, мусулмонлар қатлами ва ҳамжамиятлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Белгиядаги... Брюссел, Антверпенлар эндиликда “соф Оврупа” шаҳарлари сифатида кўрилаётгани йўқ. Масжид миноралари, муаззинлар азони... жума кунлари жомеъ масжидларда жамланган дўппию салла, соқолли минглаб намозхонлар... Байрамона кайфиятдаги оломон ичида арабча талаффузлар, арабча шевалар...
Холландия ва Бирлашган Қиролликда ҳам шу аҳвол... Бу ўлкаларда ҳам Исломни қабул қилаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ислом таълимотлари аҳолининг жуда кўп қисмини ўзига жалб қилиб, бошқа динлар орасида устунликка эга бўлиб бораётир. Энди Оврупада Исломни қабул қилиш оддий ҳолга айланди, яъни ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаяпти. Қувонарлиси, оврупаликлар ҳавас қиладиган даражада тез суръатларда Исломга юзланмоқдалар.
Оврупада масжидлар, ибодатхоналар, Ислом марказлари, Ислом маданияти ва тамаддуни марказлари қурилиши ҳам авжига чиққан! Насронийлик ижтимоий ва фундаментал соҳаларнинг барча жабҳаларида ўз мавқеини йўқотмоқда. Бошқа динларга қараганда дунё бўйлаб Исломнинг кенг ва тез тарқалаётганини Ватикан ҳам расман тан олди. Ўтган йили дунё бўйича Исломни қабул қилганлар насронийларга қараганда уч миллион кишидан ошиб кетган. Исломга кирувчилар асосан оврупаликлар ҳисобидан бўлаётгани черковга қатнайдиган диндор насронийларни ўтакасини ёрмоқда. Ватикан ҳисоб-китобига кўра, дунёда Исломга эътиқод қилувчилар бир миллиарддан ошган, аниқроғи – бир миллиард уч юз йигирма икки миллионга етди. Ҳозирнинг ўзида мусулмонлар сон жиҳатидан насроний таълимотига эргашувчилардан ўзиб кетди: дунё аҳолисининг 19 фоизи мусулмонлар бўлса; 17,5 фоизини насронийлар ташкил қилади. Ватиканнинг тан олишича, айниқса сўнгги йилларда насронийлар, яҳудийлар, бошқа дин ва таълимотларга эътиқод қилувчиларнинг асосий қисми зўр хайрихоҳлик билан “Исломни қабул қилишмоқда”.
«Бундай юксалиш дунёда Исломга қарши қилинаётган сон-саноқсиз қаршиликлар, туҳмат, бўҳтон ва душманлик тарғиботларига қарамай рўй бермоқда”, дея таъкидланади Ватикан декларациясида. Насронийликни тарғиб қилиш ва миссионерлар фаолиятини молиялаштириш учун сарфланаётган мисли кўрилмаган даражадаги катта моддий маблағлар ҳам ёрдам бера олмаяпти. Франция Ички ишлар вазирлиги тан олишича, ҳар йили тахминан қирқ мингга яқин француз Исломга кирмоқда. Айниқса, бу жараён “тутқун”ликда – ахлоқ тузатиш колонияларида жуда катта тезликда юз бермоқда. Ҳукумат ҳозир турмаларда “мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган” аралаш гуруҳларни бирга сақлашни ман қилувчи қонун тайёрламоқда. Аммо, ишонамизки, бу каби чоралар ҳам Исломнинг кенг ёйилишига тўсқинлик қила олмайди.
Оврупа матбуоти асосида
Абу Муслим



