Шайтон олим бўлганми?!

Шайтон олим бўлганми?!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсин!
Аммо баъд:

“Ислом диёрларидаги миллий истиқлол ҳаракатлари тарихига назар солган ҳар бир киши, бу ҳаракатлар бошида диний уламолар турганини дарҳол сезади. Албатта, бу Ислом дини хусусиятларидан келиб чиқувчи табиий бир ҳолатдир. Ислом ҳақиқатларини тўғри тушуниб етган фидокор уламолар доимо ўз халқи билан бирга бўлади, унинг дард-аламларини бирга тортади. Зотан, ҳақиқий уламолар фаолиятининг ўзи шуни тақозо қилади. Ислом таълимотлари билан қуролланган уламолар ўз халқи дардига малҳам бўлишга ҳаракат қиладилар. Ўз навбатида, оддий халқ ҳам бу  эътиборга муҳаббати, ҳурмат ва эзози билан жавоб беради. Уламолар нима деса, шуни қилишга тайёр туради. Воқеликка мурожаат қиладиган бўлсак, Мисрдаги миллий озодлик ҳаракатининг бошида ал-Азҳар дорулфунуни уламолари бўлганлар. Ливия халқининг италён босқинчиларига қарши миллий озодлик кураши раҳбарлигини сунусий тариқаси шайхларидан бири, “мужоҳидлар шайхи” лақабини олган Умар Мухтор ўз зиммасига олган. “Миллион шаҳид юрти” номини олган Жазоирнинг Франсия мустамлакачиларига қарши курашини Амир Абдул Қодир деган диний олим бошқарган. Бошқа юртларда ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин... Туркистондек Ислом юртининг ихлосли мусулмон халқи ичидан рус истилосига қарши биринчи бўлиб диний олим, Дукчи Эшон бошчилигида қаршилик кўрсатилиши ажабланаларли ҳол эмас эди...” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тарих омонатдир” китобидан)

ШАЙТОН ОЛИМ БЎЛГАНМИ?!

Ислом илм дини эканини, унинг асослари мустаҳкам илм устида барпо бўлганини ҳар бир виждон соҳиби яхши билади. Бунинг исботи ўлароқ Исломнинг асоси бўлмиш Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларга инсоф назари билан қарамоқ кифоядир. Мен бу ерда  Исломнинг илм дини эканини яна бир карра исботлашга уринмоқчи эмасман, зотан бу борада ақли расо кишилар шубҳага боришмайди!
Менинг қўл урмоқчи бўлган баҳсим одамлар орасида асоси у қадар текширилмай оғиздан оғизга кўчиб, гўё ҳақиқат сифатида талқин бўлиб кетган бир масаладир. Бу масаланинг ҳам илмга алоқаси бор, фақат бу ўринда илмнинг фазилатли сифат эканига урғу берилмай, аксинча илм Шайтоннинг сифати дея талқин қилинади!
Ҳа, менинг бир қанча тоифалар билан олиб борган суҳбатларимда кузатган нарсам шу бўлдики, Ислом динига душман бўлганлар, Исломни ўз ичидан емиришга бел боғлаганлар мусулмонлар орасида обрў ва эътибор соҳиблари бўлган уламоларни ёмон отлиқ қилишни олдиларига бирламчи мақсад қилиб қўйишган. Улар мусулмон уламоларни бадном қилиш билан Исломни кучсизлантиришни кўзлашганлари аниқ. Яъни бу ўйиннинг қандай натижа билан тугашини манқурт қўғирчоқлар билишмаса да, унинг сценарийсини ёзган “шляпалик”лар теорияга кўра Исломни унинг обрўли шахсларини бадном қилиш орқали чўктира оламиз, деб, шунга яраша ҳаракат қилмоқдалар!
1. Даҳрийлик ҳаракатлари; даҳрий тузумлар босиб олган ўлкаларида биринчи қилган ишлари Ислом уламоларни ёмон отлиқ қилиш, уларни ўлдириш, сургун қилиш кабилар бўлган. Чунки миллий-озодлик ҳаракатларининг қалби, уни ҳаракатга келтирувчи энг муҳим омили асосан забардаст Ислом уламолари бўлишган. 
2. Илмонийликни тарқатиш режалари; бу режани амалга оширишни бошлаганлар илоҳиёт ва шу каби турли ҳил дорулфунунлари очишиб, ўзларига маъқул келадиган [реформчилар, ҳадис инкорчилари, бузуқ ақидалар тарғиботчилари, шарқшунослар, “Исломшунос мутахассис”] сохта уламоларни ўқитишган ва ҳамон бу ишларни давом эттиришмоқда. Соф мусулмон олимларни эса қолоқликда, савиясизликда, динни монополия қилиб олиш каби айблар билан булғашга уринишган ва ҳамон бу уринишлари давом этмоқда...
3. Муташаддид мутаассиб (фанатик) радикалларни етиштириш; содда, ҳамосатли, ақлидан кўра ҳиссиётини устун қўядиган ёш мусулмонларни провокацияга ўйнатиб,  орқаларидан “пуфлаб” Исломни ёмон хулқлилар дини сифатида кўрсатишга уриниш ва бунинг учун ҳам айнан ўша содда, жоҳил ёшларни психологик тестлар орқали тайёрлаб бориш... Мабодо  Ислом уламолари бу каби провокацияларга ўйнаб берманглар, дейишса ўша ёшларни олимларга қарши қайраш, уларни ёмон кўрсатиш, хоин, сарой олими, динини сотган каби разилликлар билан айблашга йўналтириш...
Мен буларнинг орасида даҳрийларни чиқитга чиқариб ташлаб, муташаддид фанатик радикаллар ва илмонийлар ҳақида, уларнинг мусулмон уламоларга қарши ишлатишадиган провокациялари яъни фитналари борасида тўхталмоқчиман! Зотан даҳрийларнинг Ислом борасидаги савиялари ўта саёз бўлиб, улар Исломга қарши асосий танқидни илмонийларнинг манбаларидан “ўғирлашади”! Ўзларида эса ҳечвақо йўқ, улар  Шарли Ҳебдчилар каби фақат очиқчасига провокаторлар холос!
1. Муташаддид фанатик радикаллар; такфирчилар, ҳизблар, шиалар, ҳаддидан ошган мутаассиб сўфилар, ўзидан бошқани хатода, дейдиган тор тушунчали мазҳабпарастлар ва ҳоказо...
2.  Илмонийлар; дунёнинг барча ерида махсус ташкил қилинган Ислом ноидан иш юритадиган, аслида Исломга умуман алоқаси йўқ бўлган ботил тушунчали сотқин гуруҳлар, қуръонийлар, аҳмадийлар, 19чилар, Рашод Халифалар, Искандар Эвранасойлар, бир сўз билан айтганда Динни ҳаётдан узиб қўйиш учун бўладиган барча ҳаракатлар мансублари...
Ҳақиқий мусулмонлар бизлармиз, ҳақиқий Ислом мана бу, дейдиган сохтакорлар гуруҳлари сони хозирги кунда юздан ортиқдир ва шуни аниқ ишонч билан айтаманки, уларнинг барчасини орқасида “Исломофобия” вирусини тарқатишга уринаётган махсус ташкилотлар мавжуд! Яъни буларнинг барчаси айнан бир манбадан йўналтирилмоқда! Буни ўша гуруҳларнинг бир жоҳиллик нуқтасида ҳамфикр эканликларидан ҳам билиш мумкин! Бу дунёқараш Ислом уламоларини ёмонлаш, уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш руҳини мусулмонлар орасида ёйишдан иборат! Режанинг бошида Ислом пайғамбарини обрўсизлантириш, у зотнинг ҳадисларини бекор қилиш, унинг ортидан эса Пайғамбар алайҳис саломнинг меросхўрлари бўлмиш Ислом уламоларининг гапларини қадрсизлантириш, натижада Ислом динига мансуб бўлганларни ёппасига ахлоқсиз, жоҳил, маданиятсиз тўдага, оломон шаклига келтириш мақсади ётади...  
Ижтимоий тармоқларда бўлаётган баҳс ва мунозараларга қаралса бунинг ёрқин мисолларини кўриш мумкин! Ақли расо одам эса буни тасодиф эмаслигини, балки жоҳилларнинг ортидан йўналтираётган манба айнан бир мақсад асосида режалар тузаётган Ислом душманлари эканини яхши англайди. Зотан тасодифлар тасодифан бўлмайди!
Ушбу йўл билан уламоларни обрўсизлантирилса, уларнинг фатволарига, маслаҳатларига кирмайдиган жамоат пайдо қилинса, душман ўз  мақсадларининг бир қисмига эришган бўлади. Олимларига эргашмаган тўдани хоҳлаган вақтда ботқоқликка ботириб юбориш, жарликка қулатиб ташлаш мумкин!
 Зеро Исломни Қуръонсиз, ҳадисларсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, умматнинг тўғри йўл топишида уламоларнинг тутган ўрни беқиёс эканини эътироф этмаслик фақатгина аҳмоқликдир! Буни душман жуда яхши англаган ва шунинг учун ҳам уламоларни обрўсизлантириш учун бор имконини ишга солади!  Афсуски ўзларини ҳақиқий мусулмон деяётган содда фанатлар эса аслида душманнинг режасига жилпанглаб ўйнаб бераётганларини кўра олишмайди. Режалар шундай тузилганки, ақлидан кўра ҳисси юқори турадиганлар у режанинг аҳмоқ ўйинчиси эканларини ҳам англаша олишмайди, тўғри иш қиляпмиз, деган даъво билан дўстнинг юзига сапчиб, душманнинг ноғорасига ўйнашаверади...
Ахлоқсизлашиб бўлишгач, улар олим профилини ҳам ўзлари танлай бошлашади. Улар талаб қилган резюмега  кўра олим бўлиш учун:
  албатта ўзи яшаётган ҳукумат билан уришган бўлиши керак;
  албатта қамалган бўлиши керак;
  албатта қувғинга чиқиб кетган бўлиши керак;
  албатта кофирни ўлдиришга фатво айтиши керак;
  тинч аҳолини ўлдиришни қўллаб қувватлаши керак;
  Ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак ва ҳоказо...
Бир сўз билан айтганда уларга “ёқиши”керак. Мабодо олим ўша тарақлаган каллаларнинг нафсига ёқмайдиганроқ бирор гапни айтиб қўйса, ўзи ўн қироатдан ижозати бўлса ҳам, “Сиҳоҳ”лардан санадларга эга бўлса ҳам, фақиҳ бўлса ҳам уни олим дейишмайди. Олим дейишсада, сотқин, хоин, динини сотиб кун кўрувчи каби куракда турмайдиган сўзлар билан асоссиз равишда олимни ҳақорат қилишаверади. Бу кабиларнинг оталари Хувайсиралик бир киши эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғанимат тақсимлаётганларида, ўша пешонаси дўнг, соқоллари патак, кўзлари чуқур беюз Хувасиралик киши келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Хой, Муҳаммад, адолат қил!” деган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳолингга вой бўлсин! Агар мен адолат қимасам, бошқа ким ҳам адолат қила оларди!?” дедилар! Бу ҳақоратга қарши Умар розияллоҳу анҳу унинг бўйнига қилич урмоқчи бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарни бу ишдан қайтардилар! Кейин эса шунинг авлодларидан жоҳил, беюз, ахлоқсиз, муташаддид одамлар чиқишини, уларнинг ибодатлари олдида бошқалар ўз ибодатини кам санаб қолишини, улар Қуръон ўқишларини лекин ўқиган Қуръонлари томоғларидан нарига ўтмаслигини, диндан ўқдай чиқиб кетишларини, улар фақат жаҳаннамга чақиришларини, ким уларга эргашса жаҳаннамга тушишини айтдилар! Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Пайғамбар алайҳис саломдек зотга, адолат қилмайсанми, дейдиган беюзнинг авлодлари ҳудди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлаганларидек юзага чиқди. Бугун ҳам бирор масалада савол қилаётган ўша Хувасиранинг авлодлари олимни ҳақоратлаб, уни асоссиз равишда таҳқирлашга, Исломнинг шиори бўлмиш илм аҳлини беобрў қилишга уринишади ва ҳақиқий уламоларнинг илмларини инкор қила олмагач, уларнинг далиллари олдида муз каби эрий бошлашгач, безрайганча: “Шайтонда ҳам илм бўлган, у ҳатто  фаришталарга ҳам дарс берган?!” дейишга ўтишади. Булар Зул Хувасиранинг сифатига  айнан тўғри келишмаяптими?!
Агар эътибор берсангиз, шу гап ҳар доим бирор олимни ҳақорат қилиш учун сўзбоши ўлароқ жоҳиллар томонидан келтирилади ва унинг ортидан эса Ислом олимига қўлларидан келганича лой чаплашаверади. Жоҳил аслида олимга нисбатан ичидаги ҳасадини беркитишга уринаётган бўлади. Бунинг учун эса одамлар оғзида тарқалиб қолган шу жумлани ўзининг ғаламислигига далил ўлароқ келтираверади!
Аслидачи, бу гапларнинг суянса бўладиган далили борми?
Дарҳақиқат, Шайтон олим бўлганмиди?
Шайтон олим бўлгани учун Шайтон бўлганмиди?
Илм Шайтоннинг сифатими?
Қайси ояти каримада бунга далолат бор?
Қайси саҳиҳ ҳадисда бунга ишорат бор?
Агар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқсак, уларда бу маъно борлигини ҳеч учратмаймиз. Аксинча, ояти карималардаги Одам алайҳиссалом ва шайтон қиссасига назар солсак Шайтоннинг жоҳил бўлганини, унинг лаънати Шайтонга айланиши ҳам жоҳиллиги сабабли бўлганини кўришимиз мумкин!
Одам алайҳис саломнинг эса айнан илм шарофати билан каромат топганини, фаришталардан устун бўлишига ҳам яна айнан илм шарофати туртки бўлганини кўрамиз:
وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَائِكَةِ فَقَالَ أَنْبِئُونِي بِأَسْمَاءِ هَؤُلَاءِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ (31)
31. Ва У зот Одамга исмларнинг барчасини таълим берди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг», деди.
Мана бу ўринда Одам алайҳис саломнинг таълим олгани, илм соҳиби бўлгани очиқча айтилмоқда!
قَالُوا سُبْحَانَكَ لَا عِلْمَ لَنَا إِلَّا مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ (32)
32. Улар: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан», дедилар.
Бу эътирофни қилаётган фаришталар орасида Иблис алайҳи лаъна ҳам бор эди, буни қуйироқдаги ояти каримадан англаймиз! Яъни Шайтон Одамдан кўра жоҳил эди! Одам билган нарсани била олмади.
قَالَ يَا آدَمُ أَنْبِئْهُمْ بِأَسْمَائِهِمْ فَلَمَّا أَنْبَأَهُمْ بِأَسْمَائِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُلْ لَكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنْتُمْ تَكْتُمُونَ (33)
33. У зот: «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди.
وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلَائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ فَسَجَدُوا إِلَّا إِبْلِيسَ أَبَى وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ (34)
34. Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. (Бақара сураси)
Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. Ўша устунлик эса илм-маърифат экани очиқ айтилди. Инсон ер юзида жаҳолатга эргашиб, Шайтоннинг макрига алданиб фасод ишлар қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб эса, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.
Демак бу оятлардан маълум бўлдики, Одамнинг фазилати илм билан намоён бўлса, Шайтоннинг разолати жоҳиллиги, кибри билан юзага чиқди!
50. Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. (Каҳф сураси)
Бу ояти каримада ҳам Шайтоннинг ўз Робби амрига бўйсунмагани ифода қилинган. Роббининг амрига бўйсунмаслик эса фақат ва фақат жаҳолат юзасидандир! Кибр, ҳасад, фосиқликлар эса жаҳолатнинг асорати ҳисобланади. Зотан Аллоҳ таоло олим зотларни зикр қилганида шундай марҳамат қилган: “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”, деган. (Фотир 28)
Яъни Аллоҳдан олим зотлар қўрқарлар, шунинг учун ҳам олимлар Аллоҳнинг амирларига итоат қиладилар!
Шайтон олим бўлмаган, Роббининг амрига бўсунмаслик билан ўзининг жаҳолатини кўрсатган!
Шайтон алайҳи лаъна махлуқотлар ичида энг биринчи бўлиб ботил қиёсни қилган. Яъни жоҳиллиги сабабли, ичидаги ҳасадини қонунлаштириш юзасидан Одам алайҳи саломга сажда қилмаслигининг сабабига шундай баҳона келтирган:
12. У зот: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди. (Аъроф сураси)
Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан: «Сенга амр этганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деб сўраганида, у «тавба қилдим, хато қилибман» дейиш ўрнига: «Мен Одамдан яхшиман, мени ўт (олов)дан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди.
Демак мусулмон шахс ўзидан олим кишига эргашиши, далил келганида ўз фикрини олға сурмаслиги, менимча, ўйлашимча, балки... каби алжирашларга ўтмай далилга бўйсуниши лозим экан. Ким далилнинг муқобилига ўз фикрини қарши қўйса у Иблиснинг манҳажидаги киши бўлади. Чунки Аллоҳ таоло: “Одамга сажда қилинглар!” деганида, Шайтон далилга эргашмай, ўзининг фосид фикрини ўртага қўйди ва:  «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди! Хато қилди, жоҳиллик қилди, қиёсда янглишди, олов лойдан яхши, деб ўйлади. Иблиснинг бу қиёсини усулийлар истилоҳида “Фосид эътибор” дейилади! Яъни оятга қарши ўзининг фикрини олға суриш. Бугунги кунимизда, Ислом душманлари оятларни амалдан қолдиришнинг энг осон йўли ўлароқ уламоларимизни камситиш, обрўсизлантириш орқали улар келтирадиган далилларни қадрини тушуришни мақсад қилиб олишмоқда! Жоҳил тўдаларга эса, сурнайга ўхшашади, шайтоннинг сурнайи. Шайтон уларнинг орқасидан “пуф”лайди, жоҳиллар эса дамнинг кучи билан овоз чиқаришади. Оятга қарши ўзларининг овозларини қўйишади. Фосид эътибор!

Иблиснинг фосид қиёси!

Аслида илмий назарга кўра  лойнинг хусусияти оловникидан манфаатлироқдир.
1. Лойдан Одам алайҳи салом яратилган, оловдан Иблис алайҳи лаъна яралган; Одамнинг иблисдан афзаллиги маълум!
2. Лой ундиради, олов кул қилади; Ундирган куйдириб, кул қилгандан афзал бўлади!
3. Лойнинг табиати аслийдир, оловнинг табиати ўзига тегишли эмас, яъни фаръийдир. Асл доимо фаръдан афзал бўлади!
4. Лойда сокинлик бор, оловда ғалаён, фитна мавжуд;
5. Лойда босиқлик бор, оловда енгилтаклик мавжуд;
6. Лойда мулойимлик бор, оловда эса фосиқлик бор... ва ҳоказо...
Хулоса қилиб айтадига бўлсак, айрим ояти карималар орқали Шайтоннинг илмга алоқаси йўқлигини кўрдик, аксинча унинг жоҳил эканини, шу билан бирга ундаги ҳасад, куфр, саркашликнинг асли ҳам жаҳолати юзасидан бўлганини кўрдик! Буни янада дақиқ тафтиш қилсак мавзу узайиб кетади. Натижа эса яна айни шу хулоса билан якун топади!
Юқорида таъкидлаганимиздек, Шайтоннинг илмли бўлгани ҳақидаги хабарлар ояти карималарда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам мавжуд эмас! Бу хабарлар асосан тафсир китобларимизда, айрим саҳобалардан ёки тобеъинлардан ривоят қилинган. Бу каби хабарларни ўрганган уламоларимиз, уларнинг асли исроилиёт қиссаларидан эканини ёки аҳли китобларнинг асарларидан ривоят қилиниб, тафсир ва тарих китобларимизда у қадар аслини жиддий суриштирилмай ёзиб қолдирилган, дейишади! Саҳобалар ораларида аҳли китобларнинг маълумотларини яхши биладиган уламолар бўлишган. Улардан шунга ўхшаш қиссалар ривоят қилинган. Насронийларнинг муқаддас китобларида эса илм шайтоннинг сифати экани, кишининг илм ўқигани сари шайтонийлашиб бориши, Одам ва Ҳаввонинг жаннатда илм дарахтидан қайтарилгани, улар ўша илм дарахтидан танаввул қилиб қўйишгаи учун жаннатдан қувилишгани...каби маъноларга урғу берилади...
Биз мусулмонларнинг муқаддас Китобимиз Қуръони карим илк оятларидаёқ: “Ўқи!”    деб турсаю, биз нима учун Шайтон ҳам олим эди, деб асоси йўқ нарсани оятга қарши қўямиз?! Нима сабабдан фосид эътиборга тушамизу, шу ҳолимизда ўзимизни ҳақ деб биламиз?! Уламоларимизни ҳурмат қилиш, уларнинг кўрсатмаларига эргашиш ўрнига, нима сабабдан шайтонлик қиламиз, уламоларга қарши ботил тушунчаларимизни олға сурамиз?! Нега!? Бугунги кунимизда бўлаётган фитналарнинг деярли барчаси остида айнан шу муаммо бор эмасмикан?! Ахир, тарихдан бу кунимизгача уламоларимизга эргашиб фақат ва фақат саодат топдик ку! Уламоларимизга қарши чиқиб, уларнинг ҳурматини топташ билан фақат хорликка юз тутдик ку! Кўзимизни очадиган, дўстимиз киму, душманимиз ким эканини ажратадиган вақт келмадими?! Ахир Аллоҳ таоло уламоларнинг жамиятдаги муҳим зотлар эканини алоҳида таъкидлаб икки ўринда шундай демаганмиди:
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”. (Наҳл 43, Анбиё 7)   
Билмасангиз Шайтон каби қиёсга, шахсий фикрингизга суяниб нима қиласиз?! Олимдан сўрасангиз бўлмайдими? Ахир Аллоҳ таоло билмаганларга билганлардан сўрашни буюряпти ку!
Аллоҳим, барча ўтган уламоларимизни Ўз раҳматинг файзига ғарқ қилгин! Ҳаётларини Ўз муҳофазанг ила шарафлантиргин! Бизларни ҳам уламоларга эргашадиган, уларнинг хизматига сазовор бўладиган, дуоларини олиб, маслаҳатларида юрадиган содиқ мусулмонлардан қилгин! Расулимизга салавоту саломлар бўлсин!

Аброр Мухтор Алий

back to top