Бир урушнинг оғир оғриқлари

Бир урушнинг оғир оғриқлари

Суриядаги “Араб баҳори”нинг қиймати шу бўлдики, у беш йилда аҳолининг чорак қисмидан ажради, 255 миллиард доллар зарар кўрди ва мамлакат беш минг йиллик тарихидан мосуво бўлди.


Бугун дунё мусулмонлари Суриядан келаётган бир-биридан фожиали  хабарларни  бошларини чангаллаб, юраклари изтиробга тўлиб, асаблари “безиллаб” эшитадиган бўлиб қолишди. Сабаби, дунё зўравонларининг манфаати учун “гугурт” чақиб  бошлаб  берилган фуқаролар уруши гуллаб-яшнаган бир ўлкани  беш йил мобайнида  буткул вайронага айлантирди, минглаб бегуноҳ одамлар, аёллар ва болаларнинг ҳаёт ШОМини сўндирди. Ҳаммаси оддийгина бошланиб кетди:  Тунис ва Мисрдаги  инқилоблар  тўлқинида Сурияда ҳам ҳукуматга қарши митинг ва намойишлар кўчаларни тўлдирди. Агар четдан аралашув бўлмаганида ҳукумат мухолифатчи кучлар билан музокара бошлаган ва икки ўртада барча томонларни қондирадиган сулҳга келинган бўлинарди. Аммо Ғарб давлатлари, янги мустамлакачилар томонидан мухолифат қўллаб-қувватлангани мамлакатда фуқаролик ва диний урушнинг бошланиб кетишига сабаб бўлди.     

 Бу бемаъни уруш қозонига бутун дунёдан ўн минглаб радикал кайфиятдаги мусулмон ёшлар келтириб ташланди. Бугунга келиб, Ислом оламида ўз ўрни, эътибори ва кўрки бўлган Суриянинг тақдири нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Беш йиллик қонли уруш кечагина гуллаб-яшнаб турган мамлакатни хароб қилгани ҳамма жиҳатдан кўриниб турибди: ҳар эллигинчи суриялик ҳалок бўлди, икки одамдан бири қочоққа айланиб, мамлакат ташқарисида сарсон-саргардонликда юрибди. Уруш олиб келган кулфатлар рақамлар тили билан сўзланса, ҳар қандай соғлом одамнинг ҳам мазаси қочиб, юрагини чангаллаб қолади: БМТ маълумотларига кўра, 2011 йили Сурияда деярли 21 миллион аҳоли истиқомат қилган. Беш йиллик уруш мобайнида шулардан 250 минги ҳалок бўлди. Бу ҳам БМТнинг маълумотлари. Бошқа халқаро ташкилотлар бундан ҳам каттароқ рақамни келтиришяпти. Масалан, Сурия сиёсатни ўрганиш маркази (SCPR) 470 минг одам ҳалок бўлганини келтиради. Агар бунга 1,9 миллион ярадорларни қўшсак, мамлакат беш йиллик фуқролар урушида 11,5 фоиз аҳолсини йўқотгани маълум бўлади. Иккинчи жаҳон урушидан бери Сурия тўқнашуви энг қонли муҳораба бўлди. Сурияликларнинг 45 фоизи яшаш жойини алмаштиришга мажбур бўлди. 6,3 миллион киши ички қочоққа айланди, 4 миллиондан ортиғи мамлакатни тарк қилиб, ҳозир Туркия, Иордания, Ливан, Ироқ, Миср ва Европа Иттифоқида жон асраяпти. Агар ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва чет элларга чиқиб кетганларни қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, беш йил ичида Сурия ўз аҳолисининг чорак қисмидан ажради. Омон қолганларнинг ўртача умри 70 йилдан 55 йилга тушиб қолди.
 

Уруш натижасида иқтисод оғир бўҳронга учради. Аҳолининг 85 фоизи фақирга айланди. Фуқаролик уруши мамлакат иқтисодига 255 миллиард долларли зарар етказди. Ўнлаб шаҳарлардан, 2000 дан ортиқ бинодан, инфратузилмалардан фақат пойдеворларигина қолди.

Нефть ва газ қазиб олиш қувватларининг “Ислом давлати” қўлига ўтиб қолган каттагина улуши ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир мамлакатга 7,73 миллиард долларли ёрдам сув ва ҳаводай зарур бўлиб турибди. Мутахассислар келгусида Сурияни тиклаш учун йилига 100 миллиард доллардан маблағ керак бўлишини айтишмоқда. Мамлакат тўққиз йилдан кейингина 2010 йил даражасига чиқа олади. Мамлакат бош вазирининг собиқ ўринбосари, БМТнинг Ғарбий Осиё учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи директори муовини Абдуллоҳ Дардорийнинг айтишича, урушдан олдин Суриянинг ялпи ички маҳсулоти (ВВП) 62 миллиардни ташкил қилган, фуқаролик уруши натижасида 27 миллиардга тушиб қолди. Ишлаб чиқариш биноларининг 90 фоизи, турар жойларнинг тенг ярми вайрон бўлган.

Яқин Шарқ ва Ғарб давлатларининг Сурия раҳбари Башар Асадни ағдариб ташлаш борасидаги истаклари ана шундай қонли ва зарарли урушга сабаб бўлди. Ислом дунёсининг бир қисми Суриядаги фуқаролик уруши тимсолида тўғри йўлдаги камситилган суннийлар билан шиалар ва алавийлар ўртасидаги тўқнашувни кўрмоқда. Бошқаларини қўятурайлик, Дамашқ учун бу уруш АҚШ бошлаган ва Европа мамлакатлари қўллаган “Араб баҳори”нинг бор фожиасини кўрсатиб турибди. АҚШ узоқдалиги ва уммон билан тўсилгани учун четда қолиб, Европа Иттифоқи Яқин Шарқда “демократия” ўрнатишга интилишнинг “мева”сини яхшигина тотиб турибди.  Биргина ўтган йилнинг ўзида Европага 900 минг, шу йилнинг икки ойи ичида эса 100 минг мигрант келди. Бу “босқин” Европада энг йирик мигрантлик бўҳрони келтириб чиқарди ва Европа Иттифоқининг яшаб қолишини ҳам таҳликада қолдирди. Европани мигрантлар “босқини” ва шу туфайли келиб чиқадиган иқтисодий харажатларгина хавотирга солаётгани йўқ. Катта миқдордаги мусулмонларнинг кўчиб келиши билан қитъада “исломлашув” жараёнинг кучайиб кетишидан, бошқа диндагиларнинг ўз таъсирларини ва урф-қадриятларини европаликларга ҳам сингдиришдан қаттиқ хавфда туришибди.     

Суриядаги фуқаролик уруши нафақат мамлакат иқтисодига, балки унинг беш минг йиллик тарихига ҳам катта зарар етказишга улгурди. Американинг нодавлат The Antiquities Coalition ташкилоти маълумотларига кўра, беш йиллик уруш мобайнида юзлаб тарихий ёдгорликлар, ёши минг йилларга борадиган масжидлар, осори-атиқалар йўқ қилиб юборилди ёки тузалмас зарар етказилди. Булардан олтитаси ЮНЕСКО ҳимоясида эди. Ҳалаб ва Дераадаги масжидлар ҳам вайрон қилинди, кейингиси еттинчи асрда қурилган ва дунёдаги энг кўҳна масжидлардан ҳисобланарди.

Ҳар куни телеэкранлар орқали намойиш этилаётган бомба портлашидан вайрон биноларни, улар тагидан кавлаб олинаётган мурғак ва пажмурда таналарни, кўча ва майдонлардаги ҳалқоб қонларни кўравериш инсоннинг дийдасини қотириб юбораркан. Ҳар куни ҳақсизлик, иложсизлик, ночорликка дуч келавериш одамни бағритошга айлантираркан. Юраклар санчавериб қаттиқ чарчади, кўзлар ёшини яширавериб, қип-қизариб кетди, муштлар тугилавериб, суякларга оғриқ кирди. Мияда фақат бир савол тинчлик бермайди: “Суриядаги ва бошқа юртлардаги мусулмоннинг мусулмонга қурол ўқталишига қачон чек қўйилади? Тилларда бир савол тинимсиз айланади: “Мусулмонлар бошига келаётган синовларнинг охири борми?” Дилларни бир савол тинмай ўртайди: “Ислом дунёси қачон душманлар фитнасига алданмайдиган бўлади?”.

  Жаъфар АБДУЛМЎМИН

back to top