Тарих ва бугун
- Written by Administrator
Тарих ва бугун

• Ироқда уч ўсмир «Айнут Тамр» черковида Масиҳийликни тарқатиш мақсадида Инжил ўрганарди.
• Бирини Сийрин, иккинчисини Ясор ва учунчисини эса Насир деб чақиришарди...
• Аллоҳ таоло Ироқни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қўли ила фатҳ қилгач бу уч қаҳрамонимизни Холид ибн Валид черковдан олди ва ўзи билан Мадинага олиб кетди. Улар мусулмон бўлишди ва уч фарзанд кўришди.
• Сийрин ўғлининг номини Муҳаммад қўйди. У Ислом тарихида ўта қадрли алломалардан, тобеъийларнинг имомларидан, тафсир, ҳадис ва фиқҳ пешволаридан бири Муҳаммад ибн Сийрин бўлиб танилди...
• Ясор ўғлига Исҳоқ, деб исм қўйди. Исҳоқ ҳам ўғил кўрди ва уни Муҳаммад деб номлади.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор Ислом тарихидаги машҳур асарлардан бири «Мағозий»нинг муаллифи бўлди...
• Насир ўғлига Мусо деб исм қўйди.
Мусо ибн Насир мусулмон фотиҳларидан, машҳур қўмондонлардан бири бўлиб етишди...
• Инсон қадрининг нақадар буюк эканини саҳобалар теран англашган эди. Шунинг учун ҳам улар одам ўлдиришни эмас, балки уни тарбия қилишни зарурий масала деб билишган.
• Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу орзу қилганида:
- Қанийди, бир уй тўла Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Солим мавло Абу Ҳузофа ва Ҳузайфа ибн Ямон каби инсонлар бўлса эди, уларни Аллоҳ йўлида хизмат қилдирардим!- деган эди*.
Улар инсон қадрини жуда яхши билишган ҳатто ғайридинларни тарбиялаб, уларнинг авлодидан ўта қадрли инсонлар етишиб чиқишига имкон яратишган ва дунёни тирик бебаҳоларга тўлдиришган эди.
Аммо бугунги такфирчи-хаворижлар эса ўлим шиорини қурол қилишиб, Ислом номи билан ҳатто мусулмонларни қатлиом этишиб, ўликлар устига давлат қурмоқчи бўлишяпти... Ўликлар давлати!
• Ҳақиқий Ислом ва унинг қаҳрамонларини бугунги ақли заиф шошқалоқларга ўхшатманг!
• Тарихни ўқинг ва бугунга солиштиринг!
• Шунда Ислом ўликлар дини эмаслигини кўрасиз.
Аброр Мухтор Алий
* Имом Ҳоким «Мустадрок»да ривоят қилган.



