Ҳаёт чорраҳасида
- Written by Administrator
Ҳаёт чорраҳасида

Тунов куни Пойтахтимиздаги чорраҳалардан бирида уловда тирбандликда туриб қолдик. Ҳеч қанча масофа қолмаган бўлишига қарамай, чорраҳага нақ 30 дақиқада кириб бордик. Тўпалон, «папап, пип»лар қулоқни қоматга келтирарди. Биров машина ойнасидан бўйнини чўзиб нимадир деб бақирар, бошқаси қўлини арра қилиб кимнидир сўкинар эди.
Кимлардир машинадан тушиб олиб, ҳолатни томоша қилса, бироз ташаббускорлари ҳаракатни тартибга солиш учун чорраҳада елиб югирарди. Аммо кўпчилик фақат ўзининг шу оний лаҳзасини ўйлаган, ўзгани писанд қилгиси келмайди. Шунинг ўрнига сал бир бировларига йўл берсалар, озгина сабр қилсалар бўлмасмкин, ўзларига ҳам шу яхши-ку, йўл тезроқ очилади, машаққат бартараф бўлади. Йўқ, буни тушунтириш жудам ҳам қийин. Хуллас, чорраҳада ҳар ким ўзининг шахсиятини намоён этарди. Бир-иккита тартибсиз, ахлоқсиз ҳайдовчи сабаб бошланган бу тирбантлик ҳамманинг асабини тамом қилди. Бу ҳолат қаршисида бир паст турган одамга худди бутун дунё шундай шовқинли ва тирбантдек туюлиб кетади. Чорраҳадан амалтақал қилиб ўтиб олдик. Қарасак, кутилмаган ҳолат: йўллар холи, ҳаммаёқ сокин, ҳамма ўз йўлида кетяпти... Бир муддатдан кейин яна ўша чорраҳадан ўтишга тўғри келди, аммо бу гал вазият тамоман бошқача, ҳаракат тартибга тушиб, ҳамма йўлини топиб олган.
Аслида ҳаёт йўли ва унинг чорралаҳалари ҳам худди шундай: Баъзан ўзимиз ясаб олган тор йўлакда тиқилиб олиб бирбиримизга ўқраямиз, ўшани сал кенгроқ олсак эди, муаммо бўлмасди. Кенг йўлда тартибсизликни келтириб чиқариб, йўлни торайтириб олиб, кейин жабрини ўзимиз тортамиз. Кимлардир ҳаракатни издан чиқариб қўйиб, жуфтакни ростлайди, азобини бошқалар кўради. Ўзимиз тушиб турган вазиятдан жиғибийрон бўлиб, ҳаммани шу ҳолатда деб ҳис этамиз, ҳолбуки, сал нари юрилса, аҳвол тамоман бошқа. Бироз сабр қилинса, ҳар қандай машаққат ҳам ўтиб кетади, аммо шунга чидамай, бирбиримизга озор берамиз, ҳалақит қиламиз, асабийлашиб, бирбировимизни ҳақоратлаймиз, ҳатто қасдлашамиз ва бу билан ҳеч нима ҳал бўлмайди ҳам. Сал танглик туйсак, ҳаммаёқни остинустун қилиб юборгимиз келади, кимдандир алам олиш пайига тушиб қоламиз. Бироз қийинчилик сезилса, иймону ибодатдан безор бўладиганлар ҳам урчиб қолади. Мавжуд ҳолат вақтинча, дунёнинг бир имтиҳони эканини унутиб қўямиз.
Инсоният ҳаёти ўзи шундайдир балки. Ўтмишни қўйинг, яқин тарихимизни эслайлик. Хонликлар даврида уларни қоралаш ўлимга тик боқишдек гап эди. Рус босқинчилари даврида эса уларни фақат қоралаш керак бўлди. Бугун эса ҳар иккиси ҳам бор.
Собиқ иттифоқда етмиш йил капитализмнинг «зарарлар»и ва «фожеалар»ини оғиз тўлдириб гапириб, унга беармон лой чопланди. У ҳақда сал ижобий гап айтган киши ақлсиз, виждонсиз, халқ душмани деб танитилди. Кейин эса бир айланиб, Иттифоқдаги барча давлатлар капитализмга ўтиш билан ҳам чекланиб қолмай, уни осмонларга олиб чиқиб мақтаб, олдинги тизимни буткул қоралашга тушиб кетди. Энди комунизмни мақташ кулгили бўлиб қолди.
Аниқ эсимда. 1989 -1990 йилларда синф раҳбаримиз мустақилликнинг «хатарлар»и ва бизга ҳеч ҳам тўғри келмаслигини бир қатор «далиллар» билан таъкидлаб бир неча бор дарс ўтган. Бугун эса у гапларни айтиш давлат мустақиллигига таҳдид ҳисобланиши, миллий ғояга зид келиши ва жиноят деб топилиши мумкин.
1980 йилларда «босмачилар» ҳақида номзодлик ёқлаганлар 90 йилларга келиб худди ўша маълумотлар асосида докторлик ишини ҳимоя қилдилар. Аммо бу гал илмий ишнинг қаҳрамонлари олдингисидан фарқли равишда «Миллий озодлик курашчилари» деб аталди.
1998-1999 йилларда судланиб, жаримага тортилган «жиноятчи»га ҳуқуқ тартибот ходимларидан бири: «Сиз ҳали интернетга ҳам кириб турасизми? Бу жуда хавфлику! Бундан кейин унақа нарсаларга аралашманг, хўпми?» дея пўписа қилган экан. Бугун эса ўша ходим ва унинг ташкилоти ҳам ҳамма ишини интернет билан амалга оширяпти, балки шундай қилиш унга раҳбариятнинг топшириғи бўлса, ажаб эмас. Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.
Ҳа, бугун ваҳимали кўринаётган тушунчалар эртага оддий ҳаётий зарурат бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас. Бугун зарарли деб қаралган айрим ишлар эртага фойдали деб тарғиб қилиниши мумкин. Ҳозирда даҳшатли туюлаётган гаплар келажакда барча учун севимли шиор бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Биргина ҳақ сўз тоғдек ботилларни елдек самога учириши ҳам бор. Буларнинг барчаси имтиҳон дунёнинг рангинликларидир. Ушбу беаёв рангбаранглик ичра инсон ҳақда собит туриши билан баҳо олади.
Тарих тасдиқлайдики, баъзан биргина одамнинг гапига кириб, минглаб, миллионлаб инсонлар оқни қора, қорани оқ деб ҳам, ҳатто ўз ўтмишини булғаб ҳам юраверар экан. Кеча осмонга чиқариб мақтаган нарсаларини «замонга боқиш» шиори билан бугун ерга тиқиб ёмонлашлари ёки аксинча қилишлари ҳам мумкин. Кеча пештоқларда турган битиклар бугун оёқости бўлиши, бугун кўзга илинмай турган ғоялар эртага байроқларда намоён бўлиши ҳеч гап эмас.
Дунёнинг ишлари ана шундай товланиб тургани учун инсонга тўғри йўлни Аллоҳ Ўзи диний таълимотлари орқали кўрсатиб берган. Шунинг учун ҳам У Зот диннинг асосларини қатъий белгилаб, ўзгармас қилиб қўйган. Агар эътибор билан қаралса, замонлар, маконлар, жамиятлар, мафкуралар, ўлчовлар – барчабарчаси ўзгариб бормоқда, фақат Аллоҳнинг мукаммал дини Исломгина собит қолмоқда. Бинобарин, товламачи дунёни деб, вақтли тушунчаларга берилиб Аллоҳнинг динидан юз буриш, унга чанг солиш, унинг собит ҳукмларига тил текказиш, қадрятларини топташга интилиш тамоман нодуруст ва мантиқсизлик ҳисобланади. Зеро, имтиҳон асосан ана шу нуқтада бўлади ва бу дунёни Буюк Яратувчи ҳамиша Ўз измида тутади.
Ижтимоий тармоқлардаги ваҳимасуронлар, айрим мавзулардаги даҳанаки тортишув ва жанжаллар ҳам кўпинча ўта маҳдуд. Уларни кўриб, дунёнинг ишлари ўткинчи эканини унутиб қўймаяпмизмикин, деган ўйга ботиб қоласиз. Арзимаган гапларни деб бирбиримизга озор бериб, ўзимизча ҳукм ўқиб қоламиз. Ҳолбуки, кўп фикрларимиз аслида нисбий бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон киши ўткинчи дунёнинг фитналарига алданиб қолмаслиги, бунинг синовлигини унутиб қўймаслиги керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг кўриб, билиб турганини ҳис эта билиши, ҳамма нарса Унинг тасарруфида эканини ёдда тутиши, динига амал қилишга бор кучини сарфлаши дакрор. Шу билан бирга, ўткинчи дунёнинг ўткинчи ишларини деб ҳар нарсага куйиниб, ҳар ишдан таъсирланиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам машаққатга солиш, бировларга ситам ўтказиш, ўзаро жанжаллашиш каби тасарруфлар ҳаргиз ярамайди. Кўп ишлар бир муддат сабр билан ўз жойига тушиб кетади, аммо бечора инсон шошиб, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа ўзини уради, куч-қувватини, азиз умрини беҳуда совуради, баъзан гуноҳга ботади. Энг ачинарлиси – у шу чорраҳада имтиҳон ютуқларини қўлдан бой бериб қўйганини билмай қолади.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



