Туркиянинг тариқат харитаси
- Written by Administrator
Бундай жамоатларнинг кўпчилиги ўз илдизининг жуда қадимий тарихга бориб тақалишини даъво қиладилар. Улар тез-тез ўзаро бўлиниб турадилар, ораларида эса турли баҳс-мунозаралар кузатилади. Аксар ҳолатларда улар бир-бирларининг масжидларига боришмайди, бир-бирларини тан олишмайди. Тариқатларнинг аксарияти ўз вақфларидан тушган жамғарма воситасида ҳаракат қилади, бироқ холдинг шаклида фаолият кўрсатувчи баъзи тариқатлар ҳам учрайди.
Одатда тариқатлардаги раҳбарлик, яъни шайхлик мақоми отадан ўғилга, баъзида эса ака-укаларга ўтади. Жамоатларнинг баъзилари сиёсатга бевосита аралашса, баъзиларини сиёсат мутлақо қизиқтирмайди. Тариқатлар бир ҳудуднинг кунлик ҳаётига ҳамда одамларнинг ўзаро муносабатларига маълум даражада таъсир кўрсатади.
Биз бугунги кунда Туркия ҳудудида фаолият кўрсатаётган тариқатларни, уларнинг асосчиларини ҳамда бу жамоатларнинг таъсири остидаги ҳудудларни ўрганиб, мазкур харитани тузиб чиқдик.
ИСТАНБУЛ - ҚАЙСАРИ - ДУЗЖА - АНҚАРА
ҚОДИРИЙ МУҲАММАДИЯ (ТАРИҚАТИ)
Қодирий тариқатига бориб тақалувчи Муҳаммадия тармоғи Истанбул, Анқара, Қайсари ва Дузжада катта таъсирга эга. Бу тармоқнинг йўлбошчиси Шайх Саййид лақабини олган Муҳаммад Устаўғлидир. 1987 йилда имомликдан нафақага чиққан Устаўғли Истанбулда яшайди. Ўзидан кейин ўрнига ўтириши мутлақо лозим бўлган ўғли Муҳиддин Устаўғли ҳам Диёнат ишларида фаолият юритади, Дузжада имомлик қилади. Жамоатнинг Қайсари ҳудудидаги вакили Муаммар Э., Олмониядаги вакили эса Шукру Оралдир. Бу жамоат ўз тариқат шажарасини Қодирий тариқатининг асосчиси Абдулқодир Ғийлонийга боғлаш билан бирга ўзини Нақшбандий ва Мавлавий тариқатининг бир бўлаги ҳисоблайди. Тариқатнинг зикр мажлисларида баъзан мингга яқин киши иштирок этади.
КУТАҲЯ
ХАЛВАТИЯ тариқатининг Шабония шохобчаси
Шайхлик мақомида Меҳмет Думлу ўтиради. Халватия тариқати Туркиянинг энг фаол тариқатларидан бири ҳисобланади. Тариқат ўзининг мунтазам чақириб туриладиган зикр мажлисларида эркаклар билан бирга аёллар ҳам иштирок этиши билан танилган. Кутаҳя марказида ташкил топган ушбу жамоатнинг зикр мажлисларига Истанбулдан ташқари Бурса, Ушоқ, Эскишаҳар, Анқара ва Афёндан ҳам кўпчилик қатнашади.
АНҚАРА - ВАН - ШОНЛИУРФА - ИСТАНБУЛ
ҲИЗБУТ ТАҲРИР
Бу гуруҳ ўзига «Ғояси Ислом бўлган Партия» деб таъриф беради. Ҳизбут таҳрирчилар ўз номларини Туркия вакили Элмас Челикнинг Истанбул Фотиҳ Масжидидаги матбуотга берган интервьюси орқали эълон қилишди. Бу гуруҳ Анқара ва Истанбул, Ван ҳамда Шонлиурфада ҳам анча кенг тарқалган. Ушбу уюшма Анқара марказида «Асосли Ўзгариш» номли ойнома (журнал) нашр қилиб келади.
АНҚАРА - АНТАЛИЯ
ҒОЛИБИЙЛАР
Ғолибийлар ўзининг Қодирий-Руфоий тариқатига тегишли жамоат эканлигини эълон қилган ягона шохобчадир. Жамоат шайхи - зикрда тортишлари билан танилган Ҳожи Ғолиб Қушчиўғлидир. Ғолибийларнинг ҳар пайшанба шомда Анқаранинг Ҳусайнғозий кентидаги Тавҳид масжидида ўтказиладиган зикр мажлисига салкам уч мингга яқин киши қатнашади. Муридларнинг кўпчилиги шу яқин-атрофдаги шаҳарчада яшайди. Шайх Қушчиўғли ўзига шундай таъриф беради: «Мазҳаби Ҳанафий, машрафи Алавий, йўли эса Қодирий-Руфоий бўлган ғолибийлармиз». Фаолиятларини шайхларининг номига қўйилган таълим вақфи канали ёрдамида юритишади. Жамоат Анталияда ҳам фаолият олиб боради.
ЭРЗУРУМ
НУРЧИ ҚИРҚИНЧИ ХЎЖА ГУРУҲИ
Нурчилар Саид Нурсийнинг вафотидан кейин ўтган давр ичида ўндан ортиқ гуруҳга бўлиниб кетдилар. Уларнинг ичида энг кучлиси Фатҳуллоҳ Гулан жамоасидир. Бироқ, нурчилар орасида Саид Нурсийнинг ўлимидан то бугунги кунгача «талабалар» ичида ҳурматга лойиқлик мақомини ҳамон сақлаб келаётган бир инсон бор. Бу - нурчилар орасида Қирқинчи Хўжа номи билан танилган Меҳмет Қирқинчидир. Саид Нурсийнинг «Уйларингизни мадраса қилинг!» чақириғига биноан Эрзурум Қоронғу Қубба Мадрасасини қурган Қирқинчи шу киши бўлиб, шу ерда истиқомат қилади. Қирқинчи Хўжа 12 сентябр қўпорувидан сўнг икки йил кейин MGK президенти Genelkurmay президенти Канон Эвранга «Динни кучайтириш, миллатни кучайтиришдир!» деб мактуб ёзган. Шама йўли билан бўлса-да, Туркия конституцияси референдумида жамоатнинг қўллаб-қувватлашига қарши жамоатни ҳам қўллаб қувватлаш орзусини айтиб ўтганди. Бу хатти-ҳаракати билан гарчи нурчилар орасида танқид қилинса ҳам, муридлари ҳамда Гуланни нурчи қилиб етиштирган устози бўлгани учун Гулан жамоати тарафдорлари орасида алоҳида обрў-эътиборга эгадир.
ТРАБЗОН
ИЖМОЛЧИЛАР (ICMALCILAR)
Қодирий тариқатининг Ижмол шохобчасининг йўлбошчиси Ҳайдар Бош кейинги пайтда фаолиятини Мустақил Туркия Партияси номи билан олиб бормоқда. Партия 2002 йил 3 ноябрдаги сайловларда улкан мағлубиятга учради. Халқаро телеканал ҳамда кундалик газетага эга бўлган Ҳайдар Бош Туркиянинг энг бой жамоат арбобларидан бири эканлиги иддао қилинади. Трабзон ҳамда унинг атрофида таъсири кучли.
ИСТАНБУЛ - БУРСА
ЖАРРОҲИЙЛАР
Жарроҳийлар тариқати Халватия тариқатига тақалади. Даргоҳлари Истанбулда, Фотиҳ-Қоракўприкдаги Кадхудо Жонфидо аёллар масжиди яқинидадир. Зикрларида мусиқа ва ибодатдан ташқари ҳеч нарса сўзланмайди. Муридлари орасида кўплаб таниқли қўшиқчилар бор. Тариқатнинг Тўпхонадаги Қодирийлар тепалигида жойлашган Қодирхонасида ўтказиладиган зикр мажлислари сайёҳлашган ҳолатда. Қодирхонанинг шайхи Аҳмад Мисҳаб Эркманқул. Халватия тариқатига боғлиқ Исмоил Ҳаққи Бурсавий тарафидан Ҳаққия тармоғининг муридлари эса асосан Бурсада яшайди. Асосчиларининг номи билан аталувчи битта вақфлари ҳам бор.
ИСТАНБУЛ - АНҚАРА - ЧОРУМ - БОЛУ
УШШОҚИЙЛАР
Ушшоқия - Халватия тариқатининг бир тармоғидир. Маркази Истанбул, Қосимпошо. Тариқат асосчиси пир Ҳисомуддиннинг турбаси ҳам шу кентдаги шу номли жомеъ масжиддадир. Тариқатни жамоатчиликка таништирган исм - Иброҳим Ипак бўлиб, узоқ йиллар ўзини ошкор қилмай келган ушбу тариқат унинг номи билан шуҳрат қозонди. «Ипак Йўли» номли янги бир жамоат вужудга келди. Ипак 2000 йилда вафот этгандан кейин унинг ўрнига 44 ёшли эски миллий курашчи Фотиҳ Нуруллоҳ ўтирди. Нуруллоҳ тариқат нуфузини ошириш учун барчага очиқ табриклар юборди, тоғли-ўрмонли ҳудудларга сайрлар уюштирди, зикр мажлисларига тариқат аъзоси бўлмаганларнинг ҳам қатнашишига изн берди. Тариқатнинг Қосимпошодаги маркази ҳар йили Болу ва Чорумда ташкил қилинган «Даврон» номли зикр мажлислари билан танилган. Болуда бўлиб ўтган сўнгги «Даврон»да икки минг киши қатнашган.
ОТИЁМОН - АНҚАРА - АФЁН - САҚАРЁ - ИСТАНБУЛ
МАНЗИЛЧИЛАР
Нақшбандий тариқатининг Манзил тармоғи ўз номини Отиёмондаги Манзил қишлоғидан олган. Жамоатнинг энг машҳур кишиси - заҳарли нина санчилиши туфайли бир оз вақт ўтиб, ҳаётдан кўз юмган Рашид Эролдир. Шайхлик мақомида ҳозир унинг укаси Абдулбоқий Эрол ўтирибди. Шайх вакилларидан бири Файзиддин Эрол эса ҳозирги кунда жамоатнинг Анқара ва Афён уюшмасини бошқаради. Манзилчиларнинг Анқара яқинидагилари «Самарқанд Гуруҳи» деб ҳам аталади. Файзиддин Эрол ҳар йили йилнинг маълум бир қисмини Афёндаги марказда ўтказади. Жамоат иқтисодий манбани асосан ўзларини дарвеш деб атовчи муридлар қурган ширкатлар раҳбарлигида ўтказиладиган кимошди савдолари ҳисобига орттиради. Рашид Эролнинг «Иймонни қутқариш ва кучайтириш кифоя қиладиган бир даврда яшаяпмиз» тушунчаси билан ҳаракат қиладиган бу жамоат Отиёмон, Манзил ва Анқара марказлари асосан ичкиликбозликдан қутулишни истовчилар учун айни муддаодир.
СИИРТ - АНҚАРА - ИСТАНБУЛ - ЭЛОЗИЎ
ТИЛЛОЧИЛАР (TILLOCULAR)
Жамоатнинг маънавий маркази – унга асос солган Султон Мамдуҳ ҳазратларининг мақбараси жойлашган Сииртнинг Тилло шаҳридир. Сурёнийча «Юксак Руҳ» маъносини берувчи Тилло тармоғи Қодирий тариқатининг энг кучли тармоқларидан биридир. Сиёсатдан йироқ туришлари сабабли Ижмолчилардан, Қодирий-Руфоий йўналишида фаолият олиб бориши билан эса ғолибийлардан фарқ қилади.
ХАТОЙ - ҒОЗИАНТЕП - ШОНЛИУРФА - КИЛИС - МАРДИН - БОТМОН
ҒАЗНАВИЙЛАР
Туркия курдлари ичида энг кучли Нақшбандий жамоаларидан бири. Маркази Сурияда. Хатой, Ғозиантеп, Шонлиурфа, Мардин ва Ботмонда уюшмалари бор. Жамоатнинг шайхи Муҳаммад Ғазнавий бир йилда камида бир бор Туркияга келиб, зикр мажлисларини ўтказарди. Ўтган йили вафот этганида жаноза маросимида қатнашиш учун минглаб турк муридларининг Сурияга бориш истагини билдиранлиги шов-шувларга сабаб бўлган эди. Шайхликни Муҳаммад Ғазнавийнинг ўғли Муҳаммад Мута Ғазнавий қабул қилган.
САҚАРЁ - ДУЗЖА - БУРСА
ҲАҚИҚАТЧИЛАР
Барча жамоатларга қарши юритган баҳс-мужодалалари билан танилган ҳақиқатчиларнинг шайхи Умар Унгутдир. Адабозорида яшовчи Унгут ўзининг Жамолиддин Қоплон, Фатҳуллоҳ Гулан, Нажмиддин Эрбақан, Сулаймончилар, Исмоилоға Жамоати ва Диёнатга қаратилган оғир танқидий руҳдаги китоблари билан танилган. Муридларнинг кўпини аввало Сақарёликлар, ундан кейин Дузжа, Бурса, ва Анқараликлар ташкил қилади. Ушбу тариқат шайхга мутлақо итоат қилиш тамойилига асосан яшайди.
ҚАЙСАРИ
НАҚШБАНДИЙ ЯҲЁЛИ ЖАМОАТИ
Ушбу жамоа Қайсарида Гулан жамоаси билан бирга энг кучли диний гуруҳ бўлиб, Нақшбандий тариқатининг Онадўлидаги энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Тариқатнинг номи Яҳёлик Ҳожи Ҳасан Афандининг исмидан олинган. Ҳозирги кунда Рамазон Тинч тариқатнинг шайхи мақомидадир. Жамоат Қайсарида саноат ривожланишига ҳамоҳанг ўлароқ жуда тез кенгайди. Муридлари орасида Қайсарининг энг таниқли, илғор ишбилармонлари ҳам бор.
ИСТАНБУЛ
ИШИҚЧИЛАР
Саид Абдулҳалим Арвосийга боғлиқ Ҳусайн Ҳилмий Ишиқ тарафидан ташкил қилинган ушбу жамоат бугунги кунда «Ихлос Холдинг» соябони остида кенгайди. Жамоатнинг лидери Анвар Ураннинг безовталиги ҳамда «Ихлос Финанс»га қўл урилиши жамоатнинг кучсизлашувига сабаб бўлди.
ТУРКИЯДА ЭНГ КЎП ТАРҚАЛГАН ИККИ ЖАМОАТ
ГУЛАН ЖАМОАТИ ВА НУРЧИЛАР
Туркиянинг тариқат ва жамоат харитасида Нурчилар салмоқли ўрин эгаллайди. Тариқатнинг энг машҳур кишиси Фатҳуллоҳ Гуланнинг таъсир майдони орқали Туркиянинг барча вилоятларини қамраб, тариқат мактаблари канали воситасида Африкадан то Узоқ Шарққа қадар ёйилган. 1941 йилда туғилган Гулан 1970 йиллардан эътиборан Нур ҳаракати ичида кўзёшларга чўмилган ваъзлари билан ўз йўлини белгилаб олди. «Оқёзувлилар» ва «Туркия ўқитувчилар вақфи» сингари ташкилотлар билан бошланган уюшмаси бугун улкан иқтисодий ҳамда сиёсий қувватга эгадир. Жамоатнинг таълим, молия ва соғлиқни сақлаш тармоқларига йўналтирилган кўплаб сармоялари мавжуддир. Гулан кўп йиллардан буён АҚШда яшайди. Умри поёнига етиб, вафот этганида бу улкан иқтисодий кучнинг қай йўсинда тақсимланиши маълум эмас. Нур жамоатининг ичида номи тез-тез учраб турадиган гуруҳлар қуйидагилардир: Меҳмет Қуртулар томонидан тузилган Янги Осиёчилар (Истанбул), лидерлари Иззат Елдирим, Ҳизбуллоҳ тарафидан қочирилиб, ўлдирилган Мад-Заҳро Вақфи атрофи (Шарқ - Жанубий Шарқ, Онадўли), Муслим Гундуз лидерлигидаги Ожизмандилар (Элоғиз-Истанбул), Янги Наслчилар, Ёзувчилар.
СУЛАЙМОНЧИЛАР
Жамоатнинг асосчиси Сулаймон Ҳилмий Тунахон ўз сулоласини Нақшбандий шайхи Салоҳиддин ибн Сирожиддинга боғлайди. У фурсати билан мустақил бир йўл ахтарди. У очган Қуръон курсларида етишган талабалар устозларининг маҳдий эканига иймон келтириб, Сулаймончилар жамоасини ташкил қилди. Эгей ҳамда Оқденгиз атрофидаги шаҳарларда таъсири кучайган Сулаймончилар вақт ўтиши билан бутун юртга ёйилди. Жамоат ўз фаолиятини «Курс ва мактаб талабаларига ёрдам журналлари» номи остида олиб боради. Ҳақиқатчиларнинг шайхи Умар Унгут Сулаймончиларни «Динлари Сулаймончилик, иймонлари пул, хулқлари талончилик, касблари эса тиланчилик бўлган бир жамоат» дея таърифлайди. Туркиянинг ҳар бир шаҳрида энг камида битта Қуръон курси очган ушбу жамоага тегишли курс ва талабалар билим юртларининг жами сони 1500тани ташкил қилиши кўрсатилган. Тунахоннинг ўлимидан кейин жамоатни бошқаришни Камол Қочар ўз қўлига олди. Унинг вафотидан сўнг эса, ҳарқанча инкор қилинмасин, жамоат ака-ука - Аҳмад Денизўлгун билан Боязит Денизўлгунлар орасида бўлинди.
ИСТАНБУЛ - АНҚАРА
ИСКАНДАРПОШО ЖАМОАТИ
Тарихи 1800 йилларга - Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийга боғланади. Кумушхонавий хонақоси узоқ вақт давомида жамоатга ўз номини бериб келди. Меҳмет Зоҳид Қўтқу шайхлик мақомига ўтиргач, ушбу тариқат у фаолият олиб бораётган Искандарпошо Жомеъ масжидининг номи билан атала бошлади. Қўтқу ҳазратларининг вафотидан сўнг жамоатга унинг куёви - профессор Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари бошлиқ этиб сайланди. У киши 2001 йилнинг февралида Австралияда автоҳалокатга учраб, вафот этди. Шайхлик мақоми унинг ўғли Нуриддин Жўшонга қолди. Асъад Жўшон ўзи қурган жамғармалар ёрдамида тариқатни кенгайтирди. Улардан энг кучлиси Ҳақйўл жамғармасидир. Жўшон Илм-фан, маданият ва санъат жамғармаси ҳамда Саломатлик жамғармасини ҳам қуриб, уюшмани янада кенгайтирди. «Хоним журналлари» воситасида аёллар уюшмасига хизмат кўрсатишни ҳам ташкил қилди. Ҳозирги кунда отасининг ишларини давом эттираётган Нуриддин Жўшон диний таҳсил олиш билан бир вақтда Нью-Йоркда иқтисодиёт илмини ҳам эгаллади. Отасининг истагига кўра, 1996 йилда Оила Ширкати «Сервер Холдинг»нинг бошқарувчилик вазифасини ўз зиммасига олди.
Туркиянинг собиқ президенти Тургут Ўзал, бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўған, Қорқут Ўзал, молия вазири Камол Унакитан, Нажмиддин Эрбоқан каби сиёсат оламининг бир қанча машҳур кишилари жамоат билан яқин муносабатда бўлганлар. Шунингдек, Искандарпошо тариқатининг сиёсий партияси ҳам бор бўлиб, «Соғлом Фикр» деб номланади. Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 2002 йил 3 ноябрдаги сайловлар якунидан кейин илк жума намозини Анқаранинг Дикмак кентида, Меҳмет Зоҳид Қўтқу жомеъида ўқиши ушбу кўнгил риштасининг рамзий ишораси деб баҳоланмоқда.
ИЗМИР - МАНИСА - ОЙДИН
МАЛОМИЙЛАР
Маломий тариқатининг жамоатчиликка яхши таниш бўлган энг машҳур кишиси Аҳмад Арслондир. Нафақадаги зобит Аҳмад Арслон 1996 йилда шайх Ҳасан Ўзлам вафот этгандан кейин унинг ўрнига ўтирди. 66 ёшли Аҳмад Арслон Манисада, Солиҳли туманида яшайди. Жамоат Ойдин, Адана, Ушоқ ва Измирда мурид гуруҳларига бўлинади. Тариқатнинг яна бир таниқли кишиси Довуд Елмас 73 ёшда бўлиб, Измирда истиқомат қилади ва кичик бир жамоатни назорат қилади. Истанбулда ҳам таъқибчилари бор. «Ибодат махфий, риёсиз бўлиши керак» деган фикрни илгари сурган Маломийлар асосан уйларда йиғилишади.
ИСТАНБУЛ - КЎНЁ - АНҚАРА
ЭРАНКЎЙ ЖАМОАСИ
Бу жамоатнинг негизи Каломий даргоҳига ҳамда унинг шайхи Эрбиллик Меҳмет Асъадга боғланади. Меҳмет Асъад хонақолар ёпилгач, Эрбилдаги майдонларини сотиб, Истанбулга жойлашди. Эранкўйда бир кўшк олиб, жамоатининг тамал тошини қўйди. Аммо сиёсий фаолиятларда қатнашгани тахмин қилиниб, тазйиқ остига олингач, хасталаниб, вафот этди. Эранкўй жамоаси, Меҳмет Асъаднинг халифаси Маҳмуд Сомий Рамазонўғли тарафидан қурилди. Нақшбандия анъанаси ичида ҳунарманд ҳамда ишбилармонларнинг шохобчаси сифатида танилган.
Рамазонўғлидан кейин жамоатнинг диний жавобгарлигини Мусо Тўпбош ўз зиммасига олди. Унинг вафотидан сўнг эса уч номзод ўртага чиқди: Янги Шафақнинг эски бош ёзувчиси Аҳмад Тошкетирган, Эйман Топбош ҳамда Кўнёда истиқомат қиладиган Тоҳир Буюккўрикчи. Шайхлик мақомини Буюккўрикчи эгаллагани хабар қилинади. Кўнёда Эраккўй маҳалласида яшовчи Буюккўрикчи қисқа муддат Миллий Саломатлик Партияси миллатвакиллиги вазифасида ҳам ишлаган. Эранкўй Жамоатининг Анқарадаги уюшмасини эса Муродия Жамғармаси юритади.
ИСТАНБУЛ
ИСМОИЛОЖА ЖАМОАСИ
Жамоатнинг асосчиси Абуисҳоқ Исмоил Афанди 1723 йилда Фотиҳда ўзининг номи билан аталган жомеъ масжид қурдирди. Унинг вафотидан сўнг мазкур жамоат тариқат йўлига кирди. Унга шайх Ботумли Али Ҳайдар Афанди йўлбошчилик қилди. Шайх 1960 йилда вафот этгач, ушбу вазифани Исмоилоға Жомеъи имоми Маҳмуд Устаусмонўғли ўз зиммасига олди. Жамоат Истанбулнинг маркази Фотиҳда, Туркиянинг энг диққатга сазовор Исломий геттосини ташкил қилди. Жамоат аъзолари салла, шалвар ҳамда жуббага ўхшаш кийимлари билан бошқа Нақшбандий гуруҳларидан фарқ қилади. Исмоилоға жамоаси Устаусмонўғлининг келиб чиқиши сабабидан Исломий гуруҳлар орасида «Oflular» деб ҳам танилган. Жамоатнинг баъзи машҳур аъзолари Солиҳ Мирзабекўғли бошчилигидаги IBDA-C билан ҳамкорлик қилганлиги туфайли, фирқанинг ваҳҳобийлашишга мойил эканлиги ҳақида муносабатлар билдирилади.



