"Ибн Таймийянинг Моридийн фатвоси бу асрга салоҳиятли эмас"

Зеро бу фатвони эътиқод эркинлиги ва маданий ҳуқуқлар ҳурмат қилинадиган асримизда татбиқ этиш мумкин эмас. Ўзларини “исломий” деб атайдиган баъзи жамоалар ушбу фатвони далил қилиб қотиллик каби амалларини оқламоқдалар. Туркиянинг жануби-шарқидаги "Моридийн" деган жойда ўтказилган конференция сўнгида уламолар қуйидагиларни эълон қилдилар:
Еттинчи ва саккизинчи ҳижрий асрларда яшаб ўтган фақиҳ Ибн Таймийянинг фатвосини бугунги кунда татбиқ қилиб, зўравонликни оқлаш ҳамда мусулмонларни "Дорул ислом" ва "Дорул ҳарб" оламига ажратишга ўрин йўқ.

Ҳафта бошида ўтказилган ушбу конференцияда Ибн Таймийянинг машҳур "Моридийн фатвоси"га ишора қилиниб, кимда ким мусулмон ёки ғайримусулмонларни ўлдириш учун ушбу фатводан фойдаланса, мазкур фатвони тафсир қилиб, фаҳмлашда, шарҳлашда адашибди, деб айтилди.

Конференция ниҳоясида араб тилидаги ушбу баённома қабул қилинди:
Ҳеч бир мусулмон шахс ёки мусулмонлар жамоаси ўзича уруш эълон қилиши ёки жиҳодга киришиши жоиз эмас. Қайси бир жамоа Ибн Таймийянинг "Моридийн" фатвосини ҳужжат қилиб, ундан мусулмон ва ғайримуслимларни ўлдиришга ўзига рухсат топса, хато содир этибди.
“Ал-Қоида” етакчиси Усома Бин Ладен бир неча марта ана шу “Моридийн” фатвосидан иқтибос олиб, мусулмонларни Саудия ҳукумати ва Америка Қўшма Штатларига қарши жиҳодга чорлаган эди.

Тарихий мазмунни англаш

Маданий тузум давлатлари ташкил топиб, диний, ирқий ва миллий ҳуқуқлар ҳимоя қилина бошлагач, бутун дунё мамлакатлари тинчлик, эркинлик ва тинч-тотув яшаш тарафдори эканлигини эълон қилдилар. Баённомада фатвони шарҳлаш ва унинг тарихий мазмунини ёритишда кўпроқ уламолар куч-ҳаракат сарфлаши кераклиги айтилди. Ушбу эълон Ислом уламолари томонидан қадимий исломий манбаларга эътимод қилиб, ҳозирги пайтдаги исломий жамоаларнинг далилларига раддия беришнинг энг самарали воситасидир.
Тахминан бир ҳафта аввал Лондонда покистонлик машҳур фақиҳ террорга қарши 600 саҳифали фатво чиқарди. Ислом уламолари: “Мазкур фатво қаттиққўл кишиларни қаноатлантирмайди. Лекин қаттиққўл йўлни танлаганлар йўлига тушиб қолмаслик учун улардан узоқ туришда мусулмонларга самара беради”, деб айтишди.
Ушбу “Моридийн” конференциясида кўзга кўринган  диний уламолардан 15 таси иштирок этди. Улар орасида Саудия араб подшоҳлиги, Туркия, Ҳиндистон, Сенегал, Мавритания, Қувайт, Эрон, Марокаш ва Индонезия вакиллари бор эди. Конференцияда “Бутун дунё янгиланиш ва иршод маркази”нинг бош ижрочиси шайх Абдуллоҳ ибн Бийҳ, “Бутун дунё мусулмон уламолари кенгаши”нинг раис ноиби, Босния муфтиси, шайх Мустафо Сиретиш, Мавританиядаги олий дастур мажлиси раиси шайх Абдуллоҳ Валади Аъло Солим каби машҳур уламолар ҳам иштирок этди.
“Бутун дунё янгиланиш ва иршод маркази” ушбу конференцияни “Артикло” университети билан ҳамкорликда ташкил қилди. Конференцияда иштирок этган уламолар қадимги фиқҳий манбаларни ҳужжат қилиб олган қуролли исломий ҳаракатларга раддиялар берди.
Ибн Таймийянинг фатволари баъзи исломий жамоалар орасида машҳур бўлиб, бошқа мусулмонларни кофирга чиқариш ва уларга қарши уруш эълон қилишга ижозат берар эди. Фақиҳлар: “Ушбу фатвонинг тарихий мазмунини қайта кўриб чиқиш керак. Зеро бу фатво мусулмон ерларига мўғуллар бостириб кирганида чиқарилган”, деб айтишди.
Бутун мусулмон уламолари ўрта асрларда чиқарилган фатволарнинг мазмуни устида баҳс қилиб, уларни қайтадан кўриб чиқиш керак, деган фикрда конференцияга якун ясадилар.

back to top