Мурожат (Юсуф Қаразовий)
- Written by Administrator
Катта уламоларимиздан фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Чеченистон уламолари кенгаши раиси, фазилатли шайх Аҳмад хожа Қодиров, ва Форс кўрфазидаги Чеченистон мусулмонлар диний идораси вакили, Турку Довудовлар менинг зиёратимга келиб, Чеченистон халқига насиҳат сўзларни айтиб, кўрсатма беришимни сўрашди.
Чунки, барчага маълумки, Чеченистонда баъзи бир кишилар ғаразли мақсадларига эришиш учун жангарилик ва одамларни қатл қилиш, қон тўкиш йўлини танлашган. Улар фиқҳдаги «Мувозанат», «Устворлик» йўналишларидан, ҳамда амал қилишдан олдин эътиборни кўпроқ қаратиш лозим бўлган нарсалардан бехабардирлар. Исломда бир иш ундан ҳам каттароқ мункар ишга олиб бориши билинса, ўша мункар ишни ўзгартириш ҳаром қилинган.
Ислом ҳеч қачон бирор зарарни унга ўхшаш зарар билан кетказишни, айниқса, ундан каттароқ зарар билан кетказишни буюрмаган. Ана ўша катта зарарлардан бири - мусулмон ва мусулмон бўлмаган тинч аҳолининг қурбон бўлишидир.
Аҳли илм, мутафаккирлар ҳамда ҳикмат эгалари, Аллоҳ буюрганидек, мана шундай шафқатсиз жамоатлар билан яхши муомала билан мужодала қилмоқлари даркор. Уммат олими Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу хаворижлар билан мантиқий, етук ҳужжат билан баҳс қилиб, уларни қониқтирганларида минглаб хаворижлар ўз фикридан қайтган. Шундан келиб чиқиб, бизлар бугунги кунда икки муаммони муноқаша қилмоғимиз шарт.
Биринчи муаммо
Бир-бирини кофирга чиқариш муаммоси
Такфир - бир-бирини кофирга чиқариш муаммоси хаворижлар давридан бери исломий фикрлар тарихида хатарли илдиз отгандир. Уни мусулмонлар фикрини илк бор машғул қилган муаммо десак ҳам тўғри бўлади. Бундан мусулмонлар ақлияти ва амалиётида (ҳарбий ва сиёсий ҳолатида) ҳам бир неча авлодларга татигулик асорат қолган. Исломий фикр ушбу муаммони тугатгач, кейинчалик аҳли сунна вал жамоат гуруҳи қарор топган.
Сабабларини ўрганишга муҳтож бўлинган кўриниш
Биз такфир гуруҳидаги ғулув-ҳаддан ошишнинг сабаб ва омилларини ўрганишга муҳтожмиз. Шундагина ушбу муаммони муолажа қилишга қодир бўламиз. Ушбу муаммони муттасил ўрганган киши бу гуруҳнинг энг катта сабабини билади. Ўша катта сабаб ғайрати ичига сиғмай қолган йигитларнинг ислом фиқҳи ва усулидан маълумотлари оз эканлигида, исломий ва араб тилига оид илмларни чуқур эгалламасдан, саёз бўлиб қолганидадир. Улар Қуръон ва ҳадисдаги баъзи матн ва далилларни олиб, баъзисини олмайдилар ёки муташобиҳларни олиб, муҳкамни унутишади ёки жузъий қоидаларни олиб, куллий қоидалардан ғофил қолишади. Шунингдек, улар баъзи жузъий далилларни тез, юзаки тушуниб олиб, умумий мақсадларни тушунишмайди. Ушбу хатарли ишда чиқарилган фатволар етук илмли кишилар томонидан чиқарилмаган. Бунда ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Агар ушбу фатво Аллоҳнинг шариати ва аҳкомларида чуқур фиқҳга суянмас экан, фатво берувчи бундан аввал хаворижлар мубтало бўлган нарсага йўлиқади.
Имом Аҳмад айтганларидек, хаворижлар ёмонланган ҳадислар ўн кўринишда саҳиҳ даражасига етган, ваҳоланки улар ақийда ва тақвода кучли бўлган бўлишса ҳам.
Такфирнинг хатарлари
Барҳам беришимиз лозим бўлган нарса шуки, бир кишини кофир деб ҳукм қилиш ғоятда хатарли ҳукмдир. Унинг ортидан хатарли асоратлар қолади.
Масалан, ўша кофир деб ҳукм қилинган кишининг хотини талоқ бўлади, болалари унинг қарамоғидан чиқарилади. Унга нисбатан мусулмонларнинг ёрдами ва валийлиги тўхтайди. Ўлса ювилмайди, кафанланмайди ва унга жаноза намози ўқилмайди. Унга мусулмонлар ҳукми жорий қилинмайди ҳамда мусулмонлар қабристонига дафн қилинмайди.
Албатта, инсон Исломга «Лаа илааҳа иллаллоҳ» шаҳодатини айтиш билан киради. Ким Исломга ишонч билан кирса, чиқиши ҳам ишонч билан ёки қозининг ҳукми билан бўлади. Бизлар зоҳирий йўл билан ҳукм қилишга ва сирларни Аллоҳга ҳавола қилишга буюрилганмиз. Албатта, гуноҳларнинг катталашуви иймонни ноқис қилади, лекин уни мутлақо йўқотиб юбормайди. Кечирилмайдиган гуноҳ эса, Аллоҳга ширк келтиришдир. Бундан бошқа гуноҳлар кичик ёки катта бўлсин, Аллоҳнинг хоҳишига ҳаволадир, агар хоҳласа - кечиради, хоҳласа - азоблайди.
Қуръон ва суннат тилидаги куфр - катта куфрдир. Бундай куфр инсонни дунё ҳукмларига нисбатан миллатдан чиқаради. Охират ҳукмларига нисбатан эса, дўзахда абадий қолишига сабаб бўлади.
Кичик куфр эгаси эса, дўзахда абадий қолмаслик ҳукмига киради. Ислом миллатидан чиқмайди. Балки унга фосиқлик ёки исёнкорлик тамғаси босилади. Худди шу тақсимот ширк, нифоқ, фисқ ва зулмда ҳам жорий бўлади. Аллоҳнинг амрларига бўйин эгишда одамларнинг мартабалари ҳар хил бўлади. Шунинг учун, Аллоҳга яқинликларида иймон даражалари ҳам фарқли бўлади.
Осийлар маъсият қилиб, нафсларига зулм қилиш билан уммат доирасидан чиқиб кетишмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилган:
«Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир» (Фотир сураси, 32-оят).
Мана шу нарсалар ҳар бир кўзи очиқ киши учун такфирнинг қанчалар катта хато ва улкан хатар эканини намоён этади. Ана ўша кимсалар шахс ва жамиятларни ёппасига кофирга чиқарадилар. Шариат далиллари уларнинг фикрларига хилоф чиқса, барчасидан юз ўгиришади. Таъвилга ўзбошимчалик билан, далили йўқ нарсани далил қилишади. Ўзларининг фикрларига мувофиқ бўлмагани учун қадимги ва ҳозирги уммат уламоларини ҳам хатокорга чиқаришади.
Улар ўзларича «Имомлик» ва «Мутлақ ижтиҳод» даражасига етиб, уммат аввал ҳам, кейин ҳам ижмоъ қилган нарсага хилоф чиқишади.
Аллоҳ асрасин, улар кеккайиш, ғурур ва ғулув балоларига мубтало бўлишган. Бу Аллоҳни танимаслик, одамларни ҳам, ўз нафсини ҳам билмасликдан келиб чиқади.
Бизлар улар мубтало бўлган нарсага йўлиқишни асло хоҳламаймиз. Биз улар одамларни кофирга чиқаришгани каби бировни кофирга чиқармаймиз.
Мен аниқ биламанки, ана шундай ғулувга кетган радикал жамоалар ичида ихлосли йигитлар ҳам бор. Улар фақат Аллоҳнинг розилигини, охират диёрини ва Ислом ғалабасини хоҳлашади, холос. Лекин уларнинг асл Исломий маданият ва чуқур Исломий фиқҳдан хабарлари йўқ. Бундай фиқҳлар холий қалбларга ўрнашиб олган.
Мен яна шундай ёш йигитларни биламанки, улар ҳақ йўл аниқ бўлгач, фикрларидан қайтишади. Масалан «Жиҳод» жамоаси, Мисрдаги «Жамоат ал-Исломийя», Либиядаги «Жангари исломий жамоати»даги кўплаб кишилар ҳақ аён бўлгач, тўғри йўлга қайтишди, ўзларининг қаттиққўл дастурларидан воз кечиб, уммат учун умумий бўлган йўлга тушишди.
Биз уларнинг бундай шижоатларини мақтаймиз, чунки ҳаққа қайтиш ботилда туриб олишдан афзалдир.
Бизлар Чечен ўғлонларидан чиққан биродарларимизни ҳам хато йўлдан қайтишга, қуролни ташлашга ҳамда Ватанни қайтадан қуришга ҳисса қўшиб, миллатни юксалтиришда иштирок этишга чақирамиз.
Ўтиб кетганларга Аллоҳдан мағфират бўлишини, қолганлар салоҳиятда бўлишларини дуо қилиб қоламиз.
Иккинчи муаммо
Зўравонлик
Зўравон гуруҳлар амалга ошираётган зўравонлик далилларда ҳам, куллий мақсадларда ҳам шаръий маҳкамага мувофиқ бўлмайди. Улар амалга ошираётган ишларни шаръий, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, бу ҳаракат бирор фасод ишни ўзгартирдими? Ёки адолатли ҳукмни барпо қилдими? Ёки уммат учун улкан мақсадларни рўёбга чиқардими?
«Ал-Жиҳод», Мисрдаги «Жамоати исломийя», Либиядаги «Жамоати исломийя ал-муқотила» ёки уларнинг ҳукми остидаги «Жамоати такфир», «Жамоати исломийя вас салафийя ал-жиҳодийя» охири бориб, «Танзим ал-Қоида» каби гуруҳларга ўхшаб жорий ҳукуматга уруш эълон қилиб, қуролли тўқнашув йўлини танлашди. Улар университет, касаба уюшма ва масжидларда баённома, даъват, тарбия, кўрсатма, тинчлик йўли билан халқни курашга чорлаш, сайлов орқали сиёсий кураш олиб бориш, Исломга қарши қонунларга курашиш учун ёки халқнинг мустақиллиги ва манфаатларини ҳимоялашда парламентдан жой эгаллаш каби услубларни қўллашмади.
Демак, ушбу зўравон жамоалар ҳукумат аскарлари билан курашишга тенг куч топа олмагач, ўз имкониятидан келиб чиқиб, ўзига хос тўқнашув йўлини танлашди.
Бу усуллардан бири суиқасд уюштириш бўлса, яна бири ҳукуматга қарашли муассасаларни харобага айлантиришдир.
Одатда, бу икки услубдан норасида бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар жабр тортади. Кўпинча мақсад қилинган одам омон қолиб, мақсад этилмаган бегуноҳлар ўлиб кетади.
Барчамизга маълумки, кофирлар билан мусулмонлар орасида бўлаётган урушда уришмаётган кишини ўлдириш жоиз эмас. Энди мусулмонни ўлдириш қандай жоиз бўлсин?
Ҳадисда: «Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши мусулмон кишининг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир», деб айтилган.
Шунингдек, ҳукуматга қарашли муассасаларни барбод қилиш ҳам аслида халқ мулкини барбод қилиш, деганидир.
Зўравон жамоаларнинг услубларидан яна бири - ажнабий саёҳатчиларни портлашишдир. Ислом фиқҳи луғати билан айтадиган бўлсак, бундай кишилар «кафолатланган» бўлади. Давлат уларга кириш рухсати (виза) бериш билан уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган. Демак, уларга берилган омонликни ҳурмат қилиш, уларнинг молию жонига тажовуз қилмаслик шарт, ҳатто агар ўша омонликни мусулмонлардан бири берган бўлса ҳам.
Ҳадисда: «Мусулмонлар ўзларидан бўлган энг паст даражадаги кишининг аҳдига ҳам амалда бўлишади» ёки «Мусулмонларнинг аҳди бирдир. Ким мусулмонга берган аҳдини бузса, унинг учун Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин», деб айтилган. Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо мушриклардан бирини омонликка олганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Ҳонеъ! Сен омонлик берганга биз ҳам омонлик бердик», деганлар.
Омонлик бериш хусусида «Фиқҳул жиҳод» номли китобимизда батафсил сўз юритганмиз.
Қуролли жангарилар ва зўравонлик йўлини танлаганларни тадқиқ қилган мутахассисларнинг айтишларича, уларнинг фаолиятлари сабабли ҳукумат ағдарилмаяпти ҳам, ҳукумат ўз кучини йўқотмаяпти ҳам.
Нодир ҳолатларда ўша зўравон жамоа давлат бошлиғи ёки вазирлар бошлиғи ёки вазир ёки хавфсизлик мудирини қатл қилишса ҳам, бу билан муаммо ечилаётгани йўқ. Балки унинг ўрнига унданда ёмонроғи, мусулмонларга қаттиққўлроқ бўлгани келмоқда.
Аллоҳ Ўзи тавфиқ берсин. Тўғри йўлга Ўзи ҳидоят қилур.
Бутун дунё уламолар бирлиги раиси:
Устоз, доктор Юсуф Қаразовий



