“Жиноий фирқага бўлинишлик – ҳеч қачон ҳаёт қоидасига айланмайди!”
- Written by Administrator
- Секта деганимиз нима ва хозирги даврда фирқага бўлинишлик қандай тус олган?
- Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Секта – лотинча сўз бўлиб, “мактаб” деган маънони англатади. Аввалда ушбу атаманинг ҳеч қандай салбий маъноси бўлмаган. Бу сўз билан нафақат насроний мактаблари, шу билан бирга ўзга дин мактаблари ҳам номланиб келган. Аммо, Рим империясининг давлат черкови пайдо бўлиш вақтида норасмий оқимларнинг барчаси шаккоклик дея таърифланиб, қувғинга учратилди. Ўша вақтдан буён ушбу сўз салбий маънода қўлланила бошлади. Кейинчалик “фирқага бўлинишлик” тушунчаси бирмунча кенгайиб, натижада ҳукуматга қарши чиқиш хусусиятлари йўқолди. Лекин “секта” деган атама диний ҳаётларини гуруҳ-гуруҳ ҳолида ўтказувчилар учун ва шу каби гуруҳлардаги фаолиятларнинг салбий баҳоларини билдириш учун илмий соҳада ҳам жой эгаллади.
Диншунослик нуқтаи назаридан олганда “секта” деганимиз – Худога ўзларича эътиқод қилишиб, ўзларига хос равишда узлатга чекилган (халқдан бўлиниб чиққан) ва кўпчиликдан яширин иерархияга эга бўлган гуруҳдир. Улар қисман махфий ва сирли бўлади. Ҳар не бўлган тақдирда ҳам, ундай секталарнинг ботини (ич юзи) ҳақида бир нима дейиш қийин.
Унинг иккинчи аломати – узлатдир (яъни, кўпчиликдан ажралиб юриш). Бу нарса ҳам билдиради-ки, мазкур гуруҳ вакиллари бўлиниб чиққан динларидаги ўзларидан бошқа барча одамларни “ҳақиқатдан узоқ” деб ҳисоблайдилар ва наздиларида фақатгина ўзлари ҳақ йўлдалар. Сектанинг ичида аксар ҳолларда ўзига хос тоталитар тузилиш, қатъий тобеълик, шартсиз итоат, таассуб (фанатизм) ва ҳоказолар ўрин олади.
Секта аъзолари, аслини олганда, шундай шартларга тобеъ тутилади-ки, ҳатто баъзи вақтларда сектадан қайтиб чиқишнинг ҳам иложиси бўлмай қолади. Ушбу асосий аломатлардан ҳам сектанинг ўз вакилларидан ўзга барча кишиларни “ҳақдан адашган ва ботил йўлда” деб ҳукм чиқаришлигини кўришимиз мумкин. Секта аъзолари деганимиз шундай кимсалар-ки, улар жамоатчиликдан яширин, берк ҳолатда бўладилар ва фақат ўзларини ҳақ йўлда деб биладилар. Ўзларининг йўлбошчиларини, раҳбарларини эса – энг сўнги босқичдаги ҳақиқат (гуноҳсиз, маъсум) деб ҳисоблайдилар.
- Замонамиз Исломи нуқтаи назаридан секта деганимиз нима?
- Бугунги кунимиздаги замонавий диншунослик таърифидан келиб чиққан ҳолда, “секта” атамасининг Исломда ҳам, айниқса хозирги пайтда ўз ўрни борлигини кўришимиз мумкин. Зеъро, кўпчиликдан бўлиниб (узлат ҳолида) юрадиган гуруҳлар мусулмон жамоатчилиги орасида ҳам учраб турибди. Улар баъзида шу қадар хаддан ошадилар-ки, хатто ўзга мусулмонлар тўғрисида “улар тўлиқ мусулмон эмас” ёки “умуман мусулмон эмас” сингари гапларни ҳам айтадилар. Бу каби воқеларни биламиз.
Тарихда ҳам суннийлик ва шиийлик орасида шундай ажралиб чиқишликнинг бирмунча юмшоқроқ ҳолати содир бўлган. Бир пайтлар шиийлик ўзга мусулмонлар оламидан ажралиб, сиёсий узлатга чекилган. Вақт ўтиб, сиёсий ихтилофлар барҳам топди-ю, аммо мазҳаблар аро ихтилофлар шу алфозда қолди. Хозирги давримизга келиб динларнинг ички зиддиятларини тадқиқ этиб, бартараф этиш йўлларини ўрганиш бўйича ижтимоий ҳаракат ва шу билан бирга илмий-диний ташкилот қуриш зарур. Ва бунга эхтиёж айнан шиий бўлган Эронда пайдо бўлиб турибди.
Бўлинишлик ва гуруҳларга ажралишнинг тарихий сабоғи шундай. Адолат нуқтаи назаридан таъкидлаб айтайин-ки, хозирги янги секталардан фарқли ўлароқ шиийлар ҳеч қачон суннийларни кофир ёки иймонсиз деб атамаган. Асло бундай ҳаракатга бормаганлар. Худди мана шу жиҳат бугунги кунда улар билан диалог (суҳбат) олиб боришимизга имкон бермоқда.
Аммо ундай гуруҳлар янги даврда, аниқроқ айтадиган бўлсак: замонавий даврда пайдо бўлди. Хозирги пайтдаги фирқаларнинг энг кўзга кўринганларидан бири сифатида “салафийликни” мисол келтиришимиз мумкин. Нима учун улар бундай аталадилар ва нима учун бу ўринда мазкур атамани қўштирноқ ичига олиш тўғрироқ бўлади?
Гап шундаки, биз айтаётган кимсалар ўзларига ўзгаларнинг номини қўйиб олдилар ва амалда ҳам ўзларини “солиҳлар” деб даъво қилдилар. На бошқалар уларни бу ном билан атадилар, на ҳаётлари мобайнида буни исботладилар. Балки, ўз-ўзларини диний поклик ва эзгулик аҳллари дея эълон қилдилар.
Буни оқлаш мақсадида айтадилар-ки, биздан илгари Расулуллоҳ (с.а.в.), саҳобалар ва ундан кейин келган солиҳ бандалар, тобеъинлар яшаб ўтганлар. Булар араб тилида “салаф” деб аталади, яъни “олдинги”, “илгариги” деган маънони англатади. “Мана, биз ҳам худди шу аввалгиларнинг йўли билан юраётганимиз учун – салафмиз.”
Аслини олганда бу – соҳтакорлик, хато тушунча. Балки ёлғон тушунча дейиш ҳам мумкиндир. Сабаби, барчамиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатадиган ва ҳаётимиз давомида уларнинг ибратли йўллари билан юришни ҳоҳлайдиган аждодларимизнинг (илгаригиларнинг) ҳаёти ҳақида ишончли билимимиз жуда кам.
Биз хадислар тарихидан ҳам етарли маълумотга эга эмасмиз ва уларнинг тўлиқ ҳаёт йўллари ҳақида мукаммал хулосалар чиқаришимиз учун тўлиқ тасаввуримиз ҳам йўқ. Ўтган солиҳларимиздан қайси биридир бундай деган экан, ёки қилган экан… - аммо биз илк мусулмонлар орасида бунга зид иш қилган ёки сўз сўзлаган киши бор эди,- деб айта олмаймиз. Демак-ки, биз бу нарсаларни бўрттиришимиз ва етарли бўлмаган маълумотларга асосланишимиз тўғри эмас. Лекин ўзларини “салафийлар” деб номлаётганлар, мусулмонларга оид бўлган диний ривоятларнинг улкан қисмини қўлдан бой бермоқдалар, бепарволик қилмоқдалар. Ваҳоланки Исломда оғзаки нақлнинг (яъни, оғзаки ривоятнинг) ҳам ўзига яраша ўрни, обрў-эътибори бор.
Агар қайсидир салафий сизга келиб: “Оғзаки ривоят деган нарса Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида ҳам, хулафои рошидин даврида ҳам бўлмаган”, - деб айтса, бу ҳар қандай эс-ҳуши жойида бўлган мусулмон учун кулгули ҳолатдир.
Чунки, ўша пайтларда ҳам мусулмонларга илмни етказишнинг ягона йўли – айнан оғзаки ривоят усули бўлган. Бу билим оғиздан-оғизга, силсила бўлиб берилиб келинади. Масалан тариқат ҳам худди шу силсила (занжир) усулини сақлаб қолган. Ва шу билан бирга, солиҳ аждодларимиз ҳақидаги ишонарли маълумотлар бизга фақатгина силсила йўли орқали етиб келиши мумкин. Хадисларнинг ҳам айни мана шу усулда бизгача етиб келганлиги – барчамизга маълум. Бидъат эса “салафийлар” қилаётгандай ушбу оғзаки ривоятни манъ қилишликдир.
Хатто Қуръони Каримни хатосиз –тажвид билан ўқишни ўргатувчи қорилар ҳам қанчалик Қуръон илмларини яхши биладиган кучли адабиётчиларга, нотиқларга мурожаат қилиб таълим олишмасин, ҳамда қанчалик муваффақиятларга эришишмасин, агар уларга ўргатган қорилар ҳам ўз устозларидан силсила орқали рухсат олмаган бўлсалар, унда мусулмон жамоатчилиги хузурида Қуръон тиловат қилишлари жоиз эмас. Исломнинг ҳар қандай соҳасида шундай. Айниқса, кишининг ички дунёсига, нафс тарбиясига ҳамда сўзлари ва ишларида эҳсон ва ихлосга етишликка қаратилган илм соҳаларида бу жуда муҳимдир. Биз биламиз-ки, ихлоссиз хатто бирорта намозимиз ҳам, амалимиз ҳам Аллоҳ даргоҳида қабул қилинмайди. Шундай экан Ихлос тўғрисидаги таълим ҳам – Исломнинг энг муҳим қисмларидан биридир. Бу эса тасаввуф (суфизм) деб аталаётган тариқат илмидир.
Тариқат айнан амал ва ниятда ихлосли бўлиш йўл-йўриқларини ўргатади. Шунинг учун ҳам тарихий Ислом бор; бу шундай анъана-ки, устоздан шогирдга силсила орқали ўтиб келган ва кейинчалик яна энг муносиб шогирдга ўтказилган. Бу маънода тамоиллар ва Ислом анъанаси ҳақида ҳам сўз юритиш мумкин.
Салафийлар сектаси эса, ўзлари кўпчиликдан ажралиб чиқиб, буни устига ўзларига ном ҳам қўйиб олганлар. Уларнинг Албоний исмли “мўътабар зот”лари шундай мафкуралар ҳозирлаган-ки, эндиликда хатто мусулмон деб аталишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бундан буён айнан “салафий” деб номланиш лозим.
Улар ўз номлари билан ҳам Исломдаги суннийлардан бўлиниб чиққанлигини, ҳамда ўзига хос қонун-қоидаларга асосланган ҳолда секталарига тобеъ бўлмаган мусулмонларни кофир деб атайдиган махсус тузилмалари борлигини намоён этдилар. Тўғри, уларда ҳам турфа ҳил одамлар бор, барчаси такфир билан шуғулланавермайди. Аммо, бу тушунча уларнинг таълимотида бор.
Такфир деганимиз – кимнидир иймонсиз деб аташ. Амалда ҳам такфир худди шундай, насронийлардаги “черковда бўлмаслик” маъносини англатади. Бундай ҳолатда банда – на Худонинг қонунларида ва на инсоният қонунларида бўлади. Салафийлар баъзи бировларни осонликча кофирга чиқариб юбормоқдалар. Бу дегани – улар учун “кофирга айланган” кишининг қони ва моли ҳалолдир. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак: гўё улар шундай бир гуруҳ-ки, ўзига хос русумда жиноят содир этадилар ва кимда-ким улар билан келишиб ишлашни ҳоҳламайдиган бўлса, гарчи мусулмон бўлса ҳам, унга ҳукм чиқарверадилар.
Исломга кўра, бирон бир кимса ўзга бировни динидан, Аллоҳнинг марҳаматидан бенасиб қилишга ҳаққи йўқ. Бу фақатгина ўша одамнинг ҳукмига ҳавола. Бу мавзулар эса илоҳий манбаъларда, яъни шариат қонун-қоидаларида ёзиб қўйилган. Биз буларнинг барчасидан хабардормиз.
Агар кимдир Исломдан, Пайғамбар (с.а.в.)дан ёки Қуръони Каримдан бош тортса, ёҳуд жамоатчилик олдида Қуръони Каримга нисбатан қандайдир гуноҳ иш, ҳурматсизлик қилган бўлса ҳам, бундай ҳолатларда масалага ойдинлик киритиш керак бўлади. Балки ўша пайтда у жинни бўлгандир, балки эс-ҳушини йўқотгандир. Ваҳоланки бундай ҳолатларга дучор бўлган кимса “муртад” ёки “кофир” бўлиб саналмайди. Демак, бу нарсани фақатгина ўша киши амалга ошириши мумкин, бошқаларда эса шунчаки мўлжаллаш ва қайд этиш эҳтимоли мавжуд. Агар кимдир ўзини мусулмон дея эътироф этса, Исломнинг шартлари-ю, иймоннинг рукнларини тан олса, намоз ўқиса, унда қанақасига бошқа биров уни “Исломдан ташқарида” деб айта олади?! Бу мумкин эмас. Аммо мана бу салафийлар шундай иш тутяптилар.
Демак, мусулмонлар орасидаги бундай гуруҳларни ҳам “секта” деб аташимиз мумкин. Шунингдек, “ҳизбут таҳрир” ёки “таблиғ жамоати” каби секталар ҳақида ҳам сўз юритсак бўлади. Секта аъзолари хатто ташқи кўринишларидан ҳам кўпчиликдан ўзгача эканликларини билдиришга мойил бўлиб турадилар. Масалан, “таблиғ жамоати” Покистон кийими киядилар, соқолларини ҳам ўзгача қилиб ўстирадилар. Ушбу санаб ўтилаётганлар ҳам сектанинг зоҳирий кўринишларидан ҳисобланади. Уларнинг махсус ҳаёт кечириш тарзлари, тартиб-интизомлари мавжуд. Улар кўпчиликдан ажралган ҳолда, бўлакча бўладилар. Фақат ўзларигагина хос бўлган ташқи белгилари, умумий бирдай либос кийишлари – бошқаларнинг ташқи кўринишларини хато эканлигини, ҳамда мусулмонларга хос эмаслигини билдириш учундир.
“Салафий”ларнинг ўртамиёна- мутавозеълари ҳам бор, мутаассиб (радикаллари) ҳам бор. Хозирги пайтдаги “секталарни тасниф қилиш” (классификация) бўйича радикал салафийларни тоталитар секта деб номлаш ҳам мумкин.
- Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: такфир билан шуғулланиш ҳам – Исломдаги сектага бўлинишликнинг бир белгиси экан-да?!
- Ҳа, албатта. Исломда шаклланган қоидалар бўйича, яъни шариат нуқтаи назаридан: сектага бўлинишликка умуман рухсат йўқ.
Яна бир бор таъкидлаб айтайин-ки, агар Ислом таълимотига назар ташлайдиган бўлсак, кимнинг ҳақиқий мусулмон, кимнинг иймонли, кимнинг эса иймондан жудо бўлганлигини ягона Аллоҳ билади холос. Меҳрибон Аллоҳ ўз бандаларидан фақат ихлос ва амални талаб қилади. Шояд банда ўз амаллари орқали мусулмон эканлигини кўрсатса, шаҳодат калимасини ихлос билан айтса ва шариатда буюрилгандай ҳаёт кечиришга интилаётган бўлса, бас, унинг иймон-эътиқодига шак келтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қачонки банда очиқдан-очиқ, жамоатчилик олдида, эс-ҳуши жойида бўла туриб кўрсатсагина. Хатто жиноятчини ҳам, гарчи у жиноят содир этган бўлса-да, “мусулмон эмас” деб айта олмаймиз. Ҳа, унинг қилган иши – жиноий, Исломга ҳам зид иш. Аммо унинг иймон-эътиқодини тортиб олишга ҳаққимиз йўқ...
- Агар баъзи бир жамоатчилик мафкуралари одамларни мана шундай ҳаракатга келтириб, натижада халқнинг аксарияти омма халқдан, айниқса мўминлардан устун кела бошласа, бу – кенг тараган секта бўладими ёки янги бир динми?
- Одатда секта деганимиз озгинагина одамлардан иборат бўлади, деган хато тушунча шаклланган. Секта катта бўлиши, хатто жудаям катта бўлиши мумкин. У бутун бир диний гуруҳнинг таассуротини қолдириши ҳам мумкин. Аммо бу – шунчаки таассурот холос. Бу ўринда гап сонда эмас, балки диний анъананинг нақадар илдиз отганида, нақадар сингиб кетганидадир.
Бугунги кунда шундай динлар ҳам борки, пайдо бўлганидан буён минглаган йиллар ўтган. Ва, шунга қарамасдан вакиллари жуда оз. Мисол учун зардуштийлик дини. Бир пайтлар ушбу дин жуда кучли моҳиятга эга бўлиб, эрамизнинг III – IV асрларида хатто насронийлик билан рақобатлашган эди. Бу дин маълум худудда етакчи хокимиятга ҳам эга бўлган.
Хозирда эса ўша пайтлар зардуштийлар ҳокимияти остида бўлган Эроннинг ўзида ҳам бу диннинг вакиллари жуда озчиликни ташкил қилади. Шунингдек, хозирги кунда асосан Исломий қонун-қоидалар ҳоким бўлган Озарбайжон диёрида ҳам бирмунча зардуштийлар бор. Бундан ташқари зардуштий динининг вакилларини Ҳиндистонда ва яна бир қанча мамлакатларда ҳам топиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, бу – дин. Шундай дин-ки, бу ҳақда Эрон Конституциянинг ўзида алоҳида банд келтирилган. Ва ушбу диннинг вакилларига ҳам махсус хақ-хуқуқлар белгиланиб қўйилган. Бошқача айтадиган бўлсак, бу – секта эмас.
Энди “салафийликка” келадиган бўлсак, уларнинг сони ортиб бораётган бўлса-да, лекин секта деб аташимиз мумкин. Нима учун? Чунки, улар илдиз отмаган, ёҳуд сингиб кетмаган. Бу – бидъатдир. Бу сектанинг ўзи ҳам бидъат (“янгилик”) бўлиб саналади ва тамомила бидъатлардан иборат.
Уларнинг суяна оладиган энг кўҳна олимлари – тахминан XI – XII асрларда яшаб ўтган Ибн Таймийядир. Ростини айтганда ўз анъаналарининг бундай силжитишлари (кимгадир таяшлари) кейинроқ амалга оширилган ишдир. Зеъро улар ҳам бирор-бир устозсиз, бирор-бир қонун-қоидасиз кўринишни ҳоҳлашмайди.
Лекин Ибн Таймийя ҳеч қачон “салафий” бўлмаган. Ва ҳеч қачон ўзини бу ном билан номламаган. Бу олим ўзига хос феъл-атфор ва фикр-мулоҳаза соҳиби бўлган, аммо ваҳҳобий бўлмаган.
Бу секта эса бирқанча вақт кейин, сиёсий лойиҳа сифатида пайдо бўлган ва то бугунги кунга қадар шундай бўлиб келмоқда. Унда умуман диний анъана йўқ.
Мазкур секта бугунги кунда фақат Саудия Арабистонидагина яхши мавқеъга эга. У ерда “илғор ислоҳотлар”ни ҳимоя қилиш бўйича қўмита бор. Эътибор беринг-а, ахир “реформа” сўзи янги тартиб-интизомни, қандайдир янгиликни кўзлайди; ваҳонланки ваҳҳобийларнинг амалиётчи ва назариячилари бундай янгиликларга қарши курашар эдилар-ку. Бундан ташқари, мазкур сектанинг давлат билан бўладиган алоқалари ҳам ҳукумат томонидан сиёсий шартнома орқали таъминланган.
Лекин, ўзга давлатларда бундай одамлар учун асло ер йўқ. Ушбу секта ўзга давлатларга қуйидаги сифатлари билан танилган:
Бу шундай секта-ки, фақатгина Саудия Арабистонида жим ўтиришади (бу ерда ҳам сўнгги вақтларда кичик тўполонлар ва полиция вакиллари билан отишмалар содир бўлди), қачонки бу давлатдан ташқари чиқсалар (аксар ҳолларда уларни ғарблик махсус хизмат вакиллари жўнатадилар), у ерда ўзларининг қонли изларини қолдира бошлайдилар. Яънийки бу қонли изларини жирканч сиёсатчи шахсларни ёки гуруҳларни қўллаб-қувватлаш орқали, исён ва ғалаёнлар кўтариш, тўполонлар уюштириш ва ирқчилик-миллатчилик каби турфа ҳил бўлинишлар орқали қолдирадилар.
Одатда улардан Буюк Британия махсус ҳизмат вакиллари бошқариб ўтириладиган келишмовчиликлар тизимини яратишда фойдаланган. Мақсад: бугунги кунда АҚШ сиёсатига, ўтмишда эса Британия империясига қарши чиқмасликлари учун баъзи бир мамлакатларни бўйсиндириш, тизза буктириш бўлган.
Илдиз мавзусига яна тўхталар эканман, таъкидлаб айтишим жоиз-ки, бугунги кунда секталар нақадар кўп бўлмасин, уларнинг ҳеч бирининг илдизи, асоси, анъанаси йўқ.
Ислом эса ҳар ҳил тилда гаплашадиган, ҳар ҳил маданиятда бўлган ва жамият тараққиётининг ҳар ҳил босқичларидан жой эгаллаб турган кўплаб халқларда илдиз отган, қон-қонларига сингиб кетган. Мисол учун, турклар. Ислом ҳақиқатларини ўз она тилларида етказишни ўрганганларига ҳам анча йиллар бўлган. Деярли барча китобларни она тилларига таржима қилганлар. Энди уларда ўзига хос Исломий мерос бор.
Эрон ҳам, худди шундай. Кўпгина Исломий, диний асарлар форс тилига ўгирилган. Эндиликда баъзи давлатларда инглиз тилида ҳам ўзига хос Исломий зеҳният шаклланиб келмоқда.
Ислом дини, кўпчилик томонидан ҳам эътироф этиб келинаётгандай жамоатчиликка сингиб кетган, жой олган. Энди, юқорида айтилгандай баъзи секталарга келсак, улар ҳеч нарсага суянмаган, илдиз отмаган. Аксинча, улар ҳар доимгидай кўпчиликдан бўлиниб чиқиб, ўзга мусулмон жамоатларига қарши келишни, ҳамда уларни мунофиқлик ва қабиҳ сифатлар билан сифатлашни давом эттириб келадилар.
Бошқа таъбир билан айтганда, бу ерда гап умуман вакилларнинг сонида эмас. Уларнинг сони ҳар ҳил бўлиши мумкин. Сабаби сон – вазиятларга қараб, маълум жойлардаги сиёсатга қараб; ҳарбий машиналари ҳамда молиявий ва сиёсий куч-қудрати орқали айнан Исломий асосларни заифлатиш мақсадида бундай гуруҳлардан фойдаланадиган бошқа давлатларнинг ҳамкорликларига қараб ўзгариши ҳам мумкин.
Саволга жавоб тариқасида қуйидагича хулоса чиқаришни маъқул деб топдик:
секта – ҳеч қачон тўлақонли дин бўлмайди. Сектага бўлинишлик эса (айниқса қонли ва жиноий бўлса), ҳеч қачон диний ҳаёт қоидасига айланмайди!
Али Вячеслав Полосин билан суҳбат



