“Озодлик”нинг бичилган кўр қуллари

“Озодлик”нинг бичилган кўр қуллари

Бугунги кунимизда энг катта залолат даҳрийлик эмас, яъни ҳозир ҳақиқий даҳрийлар қолмаган. Аксар одамлар агностицизм деган нарсага эргашади: улар Худога ишонишини айтишади, бироқ У ким ва У биздан нимани исташини билишмайди. Аллоҳнинг фарзларини бажариш ва қайтарган нарсаларидан сақланишни эркинликни чегаралаш дея тушунтиришга уринишмоқда. Илмий майдонда ДНК ва КАТТА ПОРТЛАШ назариялари юзага чиқгач ва бу назариялар инкор қилиб бўлмайдиган асосларни олға сургач атеистларнинг классик қарашлари саробга айланиб қолди. Энди ўша даҳрийлар тиизмни маъқуллашмоқда. Энг кучли ИРОДА соҳиби бору, лекин У бизнинг ишимизга аралашмаслиги керак, дейишмоқда. Аслида эса тартиб интизомли ҳаётдан бош тортиш учунгина шундай эътиқодни танлашмоқда. Улар ўз ҳаётларини ибодатлар билан "қийнамаслик", қайтариқлар билан эса “чегараламаслик” лозим дея шаллақилик қилишмоқда ва айнан шуни озодлик деб тушунишмоқда, бошқаларга ҳам тушунтиришга уринишмоқда.  Аслида бугунги кунимизнинг энг катта адашуви айнан шудир. Яъни, қалбнинг энг ичкари тубидан Аллоҳга ишониб, лекин Унинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилмаса ҳам бўлаверади, деб ишониш. Бу билан эса ўз қўллари билан “Озодлик” илоҳини барпо қилиб, унинг қулига айланиш юзага чиқмоқда. Мутлоқ озодлик эса мутлоқ аҳмоқликдир!

Сўнгги вақтларда турли хил форумлар, ижтимоий тармоқларда агностицизмни тарғиб қилувчи тоифлар пайдо бўла бошлади. Агноститсизм (юнонча а- - бўлишсизлик қўшимчаси ва гносис - "билим") теология, ўлимдан сўнгги ҳаёт, худо каби метафизик мавзуларга оид маълум иддаоларнинг ҳақиқий ечимини билиш иложсиз эканини таъкидловчи фалсафий дунёқарашдир. Бунга сабаб сифатида объектив реалликни ўрганиш доим субъектив билиш орқали кечиши кўрсатилади. Одатда агноститсизм худонинг мавжудлиги ёки эмаслиги масаласига оид дунёқарашга айтилади. Агноститсизм дунёқарашига эга шахс агностик дейилади. Аксар агностиклар атеистлар билан бир қаторга қўйилса-да, баъзи агностиклар теист бўлишлари ҳам мумкин.
Ўша бечоралар мусулмонларнинг иймони ва амалини мазах қилиш билан кунларини ўтказишмоқда. Уларни том маънода даҳрий деб бўлмайди, чунки улар ҳам Худога ишонишларини айтадилар, бироқ ўзларича, ўзлари тўқиб олган усул билан “иймон” келтирадилар. Бошқаларни ҳам шундай эътиқодда бўлишга мажбур деб ўйлашади. Яъни Худога ишонишнинг ўзи кифоя, Аллоҳ таоло тарафидан юборилган китоблари ва расулларига эса ишонишмайди. Балки инкор ҳам қиладилар. Баъзи бадбахт миссионерлар агностикларнинг либосларига ўраниб Исломни ёмонлашга енг шимириб ҳаракат қилишга ўтишади. Чунки, ўз динларига ўтказиш учун улар аввал одамларни Исломдан қайтариши керак, кейин эса қабиҳ ниятларини амалга ошираверадилар. Баъзи бадбахтлар эса очиқчасига иймондан бошқа барча фарзларни бекор қилиш керак, Қуръони Каримни бошқача қилиб тафсир (бошидан ёзиш деган маънода) қилиш кераклигини тарғиб этиб агностицизм уруғини сочишмоқда.

Аллоҳ бизни яратганидан сўнг баъзи нарсаларни талаб қилиши ва айрим қайтариқларни жорий этиши айнан мантиқ тақозоси ҳисобланади. Ҳақиқий озодлик эса илоҳий қонунга бўйсунишдадир. Дунёда ҳеч қандай буйруқ ва қайтариқ бўлмаслиги керак, дейиш учун инсон ўтакетган аҳмоқ бўлиши ёки дунё хавасларига муккасидан ғарқ бўлган, очкўз шаҳватпараст бўлиши лозим. Аллоҳнинг олдидаги мажбуриятларини тан олмаётган разилдан дунёдаги барча расволикларни кутиш мумкин. Холиқнинг махлуқдан айрим нарсаларни талаб қилиши, Холиқнинг манфаати учун эмас, балки айнан шу махлуқнинг фойдасидир. Ислом тушунчасида инсон бахти омили бирламчи ҳисобланади. Инсон шу дунёнинг ўзида бахтли бўлиши учун Ислом дини кўрган чора тадбирларни бошқа ҳеч бир тузум ўртага қўя олмаган ва бундан кейин ҳам қўя олмаслиги аниқ. Замонавий қонунларнинг барчаси инсоннинг беш жиҳатини муҳофазалашга қаратилади ва айнан шу беш жиҳат муҳофазалангандагина инсон бахтли ҳаёт кечира олишини эътироф этади. Улар бу масалани айнан Ислом таълимотидан олишганига шак шубҳа йўқ.
Ислом шариати буйруқлари ва қайтариқларидан асосан инсоннинг қуйидаги беш жиҳатига манфаатни жалб қилиш ва улардан зарарни дафъ қилиш кўзланади.

1.Дин.
2.Жон.
3.Ақл.
4.Насл.
5.Мол.

Имом Ғазолий ўзининг “Ал-Мустассфо” номли усул китобида шундай дейди:
“Шариатга амал қилишдан кўзлаган мақсадлар бешта бўлиб, шаръий қонунлар халойиқнинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини муҳофаза қилади. Ушбу беш жиҳатнинг муҳофазасини ўз ичига олган ҳар бир нарса манфаат деб таърифланади. Бу бешликка зарар етказадиган ҳар қандай нарса зарар дейилса, шу зарарни даф қилиш ҳам манфаатдир. Диннинг муҳофазаси жонникидан муқаддам туради. Жон эса ақл муҳофазасидан муқаддамдир. Ақлни сақлашлик наслдан олдин турса, насл муҳофазаси мол муҳофазасидан юқори туради. Агар дин билан жоннинг сақлашлик мажбурияти туғилса, жонни фидо қилиб динни сақлашлик вожиб бўлади. Шу сабабли душман ҳамласига қарши чиқиш фарз қилинган. Жон билан ақлнинг бирини сақлашлик керак бўлганда, ақлни фидо қилиб жонни сақлашлик вожиб бўлади. Шу сабабли инсонни ўлим таҳдиди билан ҳаром нарсанинг истеъмолига мажбур қилинса, ҳаётини сақлаб ҳаромни истеъмол қилишлиги вожиб бўлади. Насл билан молнинг бирини муҳофаза қилиш ихтиёри туғилса молни сарфлаб бўлса ҳам наслни сақланади”.

Ҳавоий нафсларига қул бўлган одамларга бу масала тушунарли эмас. Уларга кўра, нега баъзи нарсаларни қилиш мумкин-у, баъзи нарсаларни қилиш мумкин эмас? Нега маълум бир динга эргашиш ва уларнинг фарзларини бажариш керак у, бошқаларига эргашиш жоиз эмас?

Ҳамма динлар ҳам тўғри, уларнинг маслаклари хар хил холос, дейиш бугунги кунимизда энг кўп тарқалган хатоларнинг биридир. Бугун кўп одамлар шунга ўхшаш фикр соҳибига айланган, яъни ҳақ йўл кўп, инсон ўзи истаган нарсаларни қила олиши керак, асосийси у Худога ишонса бўлди! Бу фикр чалкаш тушунчаларнинг бўтқаси ҳисобланади. Инсонга тугал манфаатни қонуний шаклда жорий қила олган Исломдан бошқа яна қайси ғояни кўрсата оласиз, десангиз бу саволга мантиқий жавоб бера оладиган киши топилмайди. Шаллақилик эса саволнинг жавоби эмас, балки вазиятдан қутилишнинг аҳмақона усули холос!
Ҳатто, экуменизм деган ҳаракат ҳам пайдо бўлган. Бу барча динларни бирлаштириш маъносидаги ҳаракатдир. Унга кўра, барча динлар бир нарса ҳақида таълим беради, яъни яхши бўлишга, шунинг учун ҳам уларни битта бутун ҳолатга келтириш лозим. Динларнинг турли хил бўлиши зарар ва тўқнашув (конфликт)ларга олиб келармиш. Ташқаридан қарасангиз баъзи шахсларнинг ўзларича мусулмонлар номидан бу ҳаракат анжуманларида иштирок этаётганини кўрасиз. Аслида уларнинг Ислом таълимотларига алоқалари йўқ!
Бу одамлар бир нарсани тушунмаётир: Аллоҳ таоло биздан  У ҳақида, Унинг сифатлари ҳақида тўғри эътиқодда бўлишимиз кераклиги, Унга шерик исбот қилмаслигимиз, Унинг фарзандлари бор демаслигимиз, Уни нуқсонлардан пок этишимиз ва У Ўзи ҳақида бизга нималарни билдирган бўлса шундай эътиқодда бўлишимиз кералигини талаб қилади. У юборган пайғамбарларга, хусусан энг сўнги пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришимиз керак. Мана шу нарсалар Аллоҳ таолонинг амридир. Шу билан бирга бундан кўра мантиқийроқ таклифни бошқа ҳеч ким олға сура олмайди. Бошқа барча нарсалар эса, яъни ахлоқ, ҳалол ва ҳаромларнинг барчаси шу нарсадан чиққан шаҳобчалардир. Буларнинг барчасининг илдизи Иймон - тўғри эътиқоддир. Юқорида зикр қилинган ҳаракатларда иштирок этадиган одамлар аксинча, ахлоқни асос деб билишади. Иймон эса ҳамма ўзи тўқиб олган нарса, деб айтишади. Иймон билан илмнинг фарқи нима, деган саволга мусулмон уламолар шундай жавоб беришади: “Илм нарсаларни воқеаликда қандай бўлса, шундайлигича билишдир. Яъни илм бор нарсанинг борлиги ҳақидаги маълумотлар жамланмаси. Яна ҳам соддароқ қилиб айтсак, ақлда тўпланадиган маълумотлар мажмуъсига илм дейилади. У қуруқ маълумот бўлиб тураверади. Қачонки, шу илм қалбга кўчиб, кишини амалга ундайдиган кучга айланса иймон бўлади. Яъни иймон илмнинг ҳаётий кўринишидир. Энди боғча боласи ҳам тушунадиган тилда айтадиган бўлсак, илм столингиз устидаги пиёлани нималигини билиш бўлса, иймон шу пиёлани ясаган шахсни “кўриш”дир. Агностиклар тушунчасига кўра, пиёлани ўрганиш мумкин, бироқ уни ясаган шахсни илмий исботлаб бўлмайди. Бундан кўра, яна қандай ахмоқона қараш бўлиши мумкин? Пиёлани кўриб, уни ясаган шахсни “кўра олмаслик” ҳақиқий кўрлик эмасми, ахир!?”.
Албатта, сен ўликларга эшиттира олмассан, ортга қараб қочаётган карларга ҳам чақириқни эшиттира олмайссан. Сен кўрларни залолатдан ҳидоятга солгувчи эмассан. Сен фақат мусулмон бўлган ҳолларида оятларимизга иймон келтирадиганларгагина эшиттира олурсан” (Намл сураси, 80-81 оятларнинг маънолар таржимаси).
Агностиклар илм исботли нарса, ишонч эса исбот бўлмаган нарсаларга нисбатан айтилади, дейишади. Аслида уларнинг илмий исбот деган тушунчалари ўзларининг бузуқ фаразларидан бошқа нарса эмас. Ричард Докинз ўзи масиҳий бўлган, Оксфорд университети математиги профессор Доктор Жон Ленноксга  ҳудди шу гапни айтган эди: "Сизлар исбот тугаган жойда ишонч деб оласизлар! Шунга кўра ишонч исбот эмас!" Доктор Жон Леннокс Ричард Докинзга шундай деди: "Докинз, сен хотинингни фоҳиша эмаслигига ишонасан, шундайми?" Докинз: "Ҳа, албатта!". "Лекин бунга исботинг борми?" Докинз: "Мммм, аааа, хотинимни қўй, бу...,  ммм,???!!!"

Докинз кабиларнинг бузуқ тасаввури илмнинг асоси ҳисобланмайди, балки жуда кўп нарсалар борки, уларга фақат ишонилади, ким ўша нарсаларга илмий исбот талаб қилса ё ахлоқсиз жинни ва ёки калласида бузуқ фараз шаклланиб қолган нусха бўлади!... Дарҳақиқат шундай! Кишининг оталари силсиласидаги ўнинчи отасини илмий исботлаб бўлмайди, унинг борлигига фақат ишонилади! Бу ишончнинг асосий исботи эса айнан шу кишининг ўзидир!

Яна айрим бузуқ эътиқоддагиларга кўра, Худо одамларга ваҳий юбормайди, одамлар эса ўзларига қандайдир динларни тўқиб олишган. Шунинг учун ҳам уларнинг барчасини арифметик йўл билан қўшиб айриш, кўпайтириб бўлиш лозим ва шу йўл орқали ўртача бирон нарса чиқариш керак деб ҳисоблашади. Бироқ соғлом тушунчага кўра пайғамбарлар орқали билдирилган Аллоҳнинг амрларига таслим бўлиш тўғри бўлган ягона йўлдир. Исломдан бошқа динлар қабул бўлмайди.
Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзларининг "Ҳадис ва Ҳаёт" деб номланган китобининг 2-жузининг “Аллоҳ фақат Ислом динини қабул қилиши ҳақидаги фасли”да шундай ёзадилар:
"Аллоҳ таоло: «Ким Исломдан бошқани дин тутса, ундан зинҳор қабул қилинмас. У охиратда зиёнкорлардандир»-деган.
...Аллоҳ таоло Исломгача маълум муддатга, маълум миллатга дин юбориб келди. Шу йўл билан инсониятни аста-секин ёш болани тарбиялагандек, тарбия қилиб келди. Бу шариатлар ўз вазифасини ўтаб бўлгандан кейин, ортдан улардан мукаммалроғини юбориб турди. Охири келиб, инсоният вояга етди, камолотга эришди. Энди вақтинчалик, маҳдуд шариатлар талабга жавоб бера олмайдиган ҳолатга келди. Камолга етган инсониятга, баркамол дин керак эди. Бу дин инсониятнинг барча талабларига жавоб бериши, эҳтиёжларини доимий равишда қондириб бориши керак эди. Аллоҳ Исломни ана ўша талабларга жавоб берадиган, қиёматгача боқий қоладиган дин қилиб юборди. Бошқа динлар аллақачон амалдан қолган эди. Биргина Масиҳий дини Исломдан олдинги дин сифатида ҳукми жорий эди. Лекин, у ўзининг асл ҳолини Ийсо алайҳиссаломдан кейиноқ йўқотган эди. Ислом келиши билан у ҳам насх қилинди (амалдан қолдирилди). Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи қилди. Ушбу оят билан Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини эълон қилди. Чунки битта Аллоҳнинг битта ерида, инсон номли битта махлуқига, иккита ёки бир нечта диннинг бўлиши мумкин эмас. Охирги дин, мукаммал дин, боқий дин–Ислом қиёматгача барча бандалар эътиқод ва амал қилиши лозим бўлган дин бўлиб қолди. Бошқа динлар амалдан қолди. Уларга эргашганларнинг амали қабул қилинмайди. Бошқа динларнинг ҳозирги бузуқ ҳолида ҳам, уларнинг охирги дин эмаслиги айтилган. Кейин яна дин келиши собит. Улар ўша ўз китобларида келиши айтилган Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам эканликлари, ўша ваъда қилинган дин Ислом эканини тан олмаяптилар, холос", деб ёзган.

Исломдан бошқа ҳеч қайси дин қабул қилинмаслигининг маъноси, Исломдан бошқа ҳеч қайси дин Инсон учун дунё ва охиратда тугал бахтнинг кафолатини бера оладиган таълимот тақдим қила ололмаслиги маъносидадир. Исломни инкор қилувчиларнинг мисоли эса саодат турганда бадбахтликни маъқул кўрувчи аҳмоқларнинг мисолидир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат ўзи хоҳламаган кишигина кирмайди”, дедилар. Шунда саҳобалар: Ким жаннатга киришни хоҳламас экан? – дейишди. Расулуллоҳ: “Ким менга итоат этса жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, демак  жаннатга киришни хоҳламабди”, деб марҳамат қилдилар. Имом Бухорий ривояти.
    Ақл ва инсоф эгалари албатта саодатни танлайди. Аҳмоқлар эса сафсаталар қурбони бўлиб юраверади. Динга амал қилмаслик “Озодлик”, деяётганлар эса ўзларининг шу сафсаталарининг қулларидирлар. Яъни “Озодлик” сафсатасининг қуллари. Аслида ҳақиқий озодлик бу мукаммал қонунга амал қилишдир.

Абу Муслим ва Аброр Мухтор Алий тайёрлади.

back to top