Иблиснинг ваъдаси ва сектантнинг яширин қуроли
- Written by Administrator
Cектанинг (фирқанинг) ғалабаси ёки секта устидан қозонилган ғалаба. Иблиснинг ваъдаси ва сектантнинг яширин қуроли
Кўпчилик мусулмонлар «секта» деганда ўрта асрларда мавжуд бўлган ва хақ йўлдан бурилиб кетган Ассасинлар каби диний гуруҳларни ёки «Аум Синрике» каби янги пайдо бўлган сохта диний фирқаларни тушунадилар. Бироқ бизнинг сохта исломий ёки бошқа динлардан ажралиб чиққан секталарнинг мавжудлигидан бехабарлигимиз уларнинг мавжуд эмаслигининг исботи эмас. Аксинча, бошқа ҳеч бир асрда ўтган ХХ асрдагичалик кўп сохта динлар, секталар ва тоталитар гуруҳлар дунёга келган эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайд этган Иблиснинг: «Мени иғвога учирганинг сабабли, албатта, мен уларни Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман. Сўнгра, уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан», (Аъроф сураси, 16-17 оятлар) деган ваъдаси шуни англатадики, шайтоннинг мусулмонларни хақ йўлдан тойдиришга бўлган ҳаракати Қиёмат кунигача тўхтамайди. Демак, инсонлар ўзларининг заифлиги ва илмсизлиги туфайли унинг макрларига дучор бўлишда давом этаверадилар.
Ўз навбатида, адашган ва хақ йўлдан тойилиб қолган кимсалар ҳар доим мавжуд бўлиб, улар янги-янги секталар ва гуруҳлар пайдо бўлиши учун асос бўладилар ёки мавжудларини тўлдириб келадилар. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини ҳам далил қилиб келтириш мумкин: «Яхудийлар 71 фирқага бўлинадилар, насоролар 72 фирқага, менинг умматим эса 73 фирқага бўлиниб кетади» (Абу Довуд, Термизий, ибн Можа, ибн Хиббон ва Хоким ривоят қилганлар).
Исломдаги секталар (фирқалар) сохта пайғамбарлар ва обрўли йўлбошчилар атрофида янги-янги гуруҳлар ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардек «ўсиб чиқа» бошлаган илк асрлардаёқ пайдо бўла бошлаган. Шунга қарамасдан, мавжуд динларга нисбатан ёш жиҳатдан кичиклиги секталарнинг асосий хусусиятларидан биридир. Одатда секталар вақт ўтиши билан ёки йўқолиб кетади ёки тўлақонли дин мақомига даъвогарлик қилувчи оқимларга айланади.
Асосий эътиқод ва ибодат масалаларида ўзлари ажралиб чиққан дастлабки дин ёки ўзларини қарши қўяётган дин билан ихтилофда бўлиш секталарнинг барчасига хос бўлган хусусиятдир. Айнан мана шу хусусият уни сектага айлантиради. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар бир секта ўзини «ягона халос этувчи йўл» деб таърифлайди.
Сектанинг дастлабки дин билан муносабатлари ривожланишининг бир неча вариантини фарқлаш мумкин:
- Секта ўзини дастлабки диннинг бир қисми деб хисоблайди. Бу диннинг бошқа вакиллари ҳам буни эътироф этадилар.
- Секта ўзини дастлабки диннинг бир қисми деб хисоблайди. Бироқ, бу диннинг бошқа вакиллари буни рад этадилар (асосан муҳим ақийдавий келишмовчиликлар туфайли). Масалан, баъзи алавийлар ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдилар, лекин кўпчилик мусулмон уламолар томонидан улар мусулмон деб тан олинмайдилар.
- Секта фақат келиб чиқишига кўра дастлабки дин билан боғланади, лекин алоҳида дин ҳисобланади. Масалан, бахаийлар.
- Секта аввалдан бошқа динлар билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ёки турли динларнинг элементлари бирлашиши натижасида пайдо бўлган. Бунга сикхларни мисол келтириш мумкин.
Шунга қарамасдан, ҳар бир сектани эътиқод ва ибодат масалаларидаги бир қатор муҳим жиҳатлар ажратиб туради. Ва айнан мана шу жиҳатларга кўра у асосий диндан фарқ қилади. Секта аъзоларининг ҳоҳ яширин, ҳоҳ ошкора йўл билан бўлсин, ҳоҳ фаол, ҳоҳ пассив йўл билан бўлсин, иложи борича кўпроқ одамларни асосий диндан чалғитишга уринишлари уларнинг яна бир хусусиятларидир. Бу эса айнан Иблиснинг «Тўғри йўлингда тўсиб ўтираман» деган ваъдасидаги Ҳаққа эргашувчиларни адаштиришга уринишидир.
Ҳақ динга эргашувчиларни унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаган масалалар хусусидаги юзаки бахс ва мунозараларга тортишга бўлган доимий уринишлар сектантларнинг асосий услубларидан бири ҳисобланади. Натижада ушбу аҳамиятсиздек кўринган масалалар юзасидан пайдо бўлган кичкинагина шубҳа мўъмин кишининг қалбида диннинг ақийдавий масалаларига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишига асос бўлиши мумкин. Диннинг ақийдавий масалаларига нисбатан ҳар қандай шубҳа ва адашишлар эса эртами-кечми, инсонни Исломдан чиқариб юбориши турган гап.
Мусулмон одам сектантларнинг (тафриқачиларнинг) бундай хийла ва фитнасига ҳеч қачон учмаслиги лозимлиги ҳақийда қуйидаги Ҳадисда сўз боради:
«Олимлар билан рақобатлашиш, нодонлар билан бахслашиш ва бир жамоани бошқасидан (ўз манфаати йўлида) афзал кўриш мақсадида илм олманг. Бундай қилган кимса оташдадир, оташдадир!» (Ибн Можа). Ушбу Ҳадис бефойда бахсга киришишдан қайтариш билан бирга, мўъминларни турли фирқаларга бўлиниб кетишдан ҳам огоҳлантиради.
Фақат сектантлар таъсирида эмас, балки ўзларининг илмсизликлари туфайли ҳам мусулмонларнинг майда фирқаларга бўлиниб кетишлари хавфи туғилиши мумкин. Яъни, улар Суннатдаги иккинчи даражали масалалар билан ортиқча банд бўлиб, улардан кўра муҳимроқ ақийдавий масалалар, масалан, умматнинг бирлиги фарз эканлиги ҳақийдаги буйруқларни эътиборсиз қолдирадилар. Бу ерда гап Суннатдаги иккинчи даражали масалалар эътиборга лойиқ эмаслиги хақийда эмас, балки улар ҳақийдаги бахслар мусулмонлар орасида бўлиниш ва ихтилофга олиб келмаслиги лозимлиги ҳақийдадир.
Агар Суннатдаги иккинчи даражали ҳукмлар ҳақийдаги умуман бефойда бўлган бахсни илмсиз мусулмон киши бошлаган бўлса, у билан бахслашиш бефойда. Чунки далил-ҳужжатлар асосида бахс юритиш учун унинг илм даражаси етарли эмас. Агар бундай бахсни мунофиқ ёки фосид одам бошласа, у билан бахслашиш яна ҳам мантиқсиздир. Чунки бу бахс мусулмонларнинг ўз динларига нисбатан шубҳаларини янада орттиришда ана шу мунофиқ ва фасодчиларга қўл келиб қолиши мумкин.
Зиёд ибн Худайр ривоят қилади:
«Бир куни Умар ибн Хаттоб мендан «Исломни нима бузишини биласанми?» деб сўради. Мен «Йўқ», деб жавоб бердим. У «Уни олимларнинг хатолари, мунофиқларнинг Аллоҳнинг Китоби ҳақийдаги бахслари ва имомларнинг залолатга бошловчи фатволари бузади», деди». (Доримий ривояти).
Мусулмонларни бефойда ва мантиқсиз бахсларга тортиш сектантлар (тафриқачилар), жоҳиллар, мунофиқлар ва фитначиларнинг асосий мақсадларидан бири эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатдир. Бундай бахслар эса мусулмонлар қалбига шубҳа солиш, уларни муҳимроқ бўлган масалалардан чалғитиш ва қимматли вақтларини ўғирлашдан бошқа нарса эмас. Агар сектантлар бунга муваффақ бўлган бўлсалар, демак уларнинг мақсадлари амалга ошибди, мусулмонларни ҳақ йўлдан тойдириш ишининг бир қисми бажарилибди ва улар зафар қозонибдилар. Аксинча бўлган бўлса, демак ғалаба соғлом Ислом ғояси томонидадир.
Агар сектантларнинг фитналари тинимсиз давом этаверса, бунинг натижасида мусулмон кишининг қалбида кучайиб борган шубҳалар уни мўъминларнинг асосий жамоасидан четлаштириб, сектантликка олиб бориши эҳтимоли юқоридир. Доимий бахслар ва улар натижасида келиб чиққан шубҳалар баъзи мусулмонларнинг такфир жамоати фирқасига, яъни бошқа мусулмонларни кофирликда айбловчилар сафига қўшилиб кетишларига сабаб бўлганиги кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз.
Демак, мусулмонарни мантиқсиз ва бефойда бахс ҳамда мунозараларга тортиш ва шу билан улар қалбидаги шубҳаю гумонларни орттириш Иблиснинг мўъминларни ҳақ йўлдан оздиришдаги асосий ва биринчи воситаси бўлиб ҳисобланади. Парвардигорнинг қуйидаги сўзлари фикримизнинг далилидир:
«Албатта, шайтонлар ўз ёрдамчиларига сиз билан тортишишни васваса қилурлар. Агар сизлар уларга итоат этсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар» (6:121)
Ҳар бир мусулмон бундай фитналарга ўзининг мустаҳкам иймонини, фақат ақийда асослари борасидаги эмас, балки масалаларнинг муҳимлик даражасини, уларни муҳокама қилиш жоиз-жоиз эмаслиги борасидаги билимларини ҳам қарши қўйиши лозим. Бундан ташқари, мусулмон одам тафриқачилар хуружига умматнинг бирлигини ҳам қарши қўйиши жоиз ва лозимдир.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жамоатни лозим тутинг ва бўлинишдан узоқлашинг, чунки албатта, шайтон бир киши биландир, икки кишидан эса у узоқроқдир. Ва ким Жаннатни хоҳласа, жамоатни лозим тутсин» (Термизий ривояти).



