Бахтли ҳаёт ахлоқи

Бахтли ҳаёт ахлоқи

Ислом таълимотларининг жисмоний амаллар ила зоҳир бўладиган қисми «шариат» деб аталиб, унинг тафсилотларини фиқҳ илми Қуръони Карим ва Суннат асосида баён қилиб беришини ўрганиб ўтдик. Уламоларимиз шариат илмларини «зоҳирий фиқҳ» деб атайдилар. Ёки шундоққина «фиқҳ илми» дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.

Мисол учун, таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради.
Худди ўша ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандоқ тутиш керак, хушуъ ва хузуъни қандай адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида «ботиний фиқҳ илми» – «тарийқат» баён қилиб беради.
Яна ҳам тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳабларини, бу ибодатни адо этиш чоғида турли аъзоларни қандоқ тутиш, ювилиши лозим бўлган аъзоларни қанча ва қандоқ ювиш кераклигини зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради.
Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим, қўлни яхшилаб уч марта ювилади, панжаларни бир-бирининг орасига киритиб тахлил қилиш лозим, юзни ювганда ундоқ қилиш керак, оёқни ювганда бундоқ қилиш керак, деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.
Таҳоратдан таълим бераётган тасаввуф олими эса бу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандоқ тутишни ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини майдалаб баён қилади.   
Намоз неча вақт фарз, вожиб ёки суннат. Бомдоднинг неча ракъати фарзу, неча ракъати суннат. Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандоқ тутмоқ лозим. Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай шаклда бўлиши керак, каби кўплаб масалаларни зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.
Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни, ҳамма-ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.
Ислом уммати ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Баъзи умматларга ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътибор бериш билан кифояланмайди. Балки, инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.
Мусулмон уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки поясига ўхшатишади. Икки тараф баравар бўлишига эътибор бериш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг бадани соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга дош бера оладиган бўлмоғи лозим бўлиши билан бирга, эътиқоди кучли, мустаҳкам ва ахлоқи олий даражада бўлиши буюрилади.
Бахтли ҳаётнинг мукаммал илоҳий дастури бўлмиш динимизни қисақача таъриф қилувчи «Жаброил ҳадиси»да ахлоқ масалаларига, руҳий тарбияга оид бўлган қисмни «Эҳсон» деб номланган. Кейинчалик, бу қисмни яна бир неча номлар билан ҳам аталган. Жумладан, «ахлоқ илми», «руҳий тарбия», «нафсни поклаш илми» ва бошқалар. Кўпроқ бу қисмни «тасаввуф» ёки «тарийқат» дейиш одат бўлган.
Энди, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда, Исломнинг руҳий-маънавий ва ахлоқ-одобга оид таълимотларини Қуръони Карим ва Суннат асосида руҳий тарбия илми – тасаввуф баён қилиб беришини ўрганишга киришамиз.
Руҳий-маънавий қисм, юқорида айтилганидек, «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб ҳам аталади. Чунки унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазийлатларни касб қилдириш ва уларни разолатлардан холий қилиш борасида ҳаракат кетади.
Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак, муболаға қилмаган бўлмаиз. Зеро, дин «яхши» деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, «ёмон» деб ҳисоблаган ва манъ этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазийлатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазийлатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазийлат ёки разийлатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.
Исломий ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга асл яратилишидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Аммо, инсон униб ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида, у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», дейдилар.
Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Ижозатингиз билан, бахтли ҳаётнинг илоҳий дастури бўлмиш Ислом таълимотларининг учинчи қисмида нималарга эътибор берилиши  ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилишга киришайлик.
Бунинг учун сиз муҳтарамни «Руҳий тарбия» деб номланган китобимизнинг мундарижаси асосида мусулмон инсонга бу борада тақдим қилинадиган таълимотлар рўйхати билан қисман танишиб чиқишга таклиф қиламан.
Ҳар бир нафснинг тазкияси уч омилга боғлиқдир.
Биринчи омил – мазкур хасталиклардан даволаниш.
Иккинчи омил – маълум мақомотларни рўёбга чиқариш.
Учинчи омил – маълум исм ва сифатлар ила хулқланиш.
«Руҳий тарбия» китобининг биринчи жузи «Покланиш» деб аталган ва нафс тарбиясининг мазкур уч омилидан биринчиси – турли нафс хасталикларидан даволанишга бағишланган.
Китобнинг аввалида барча руҳий тарбия китоблари одати бўйича илм ҳақида сўз юритилган:
- Илмнинг фазли ва унга оид масалалар.
Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, биз баҳс қилиб турган мавзу учун ҳам илм энг муҳим омилдир.
- Илм талаби фарз.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», – дедилар.
Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз деб билиши керак. Ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи шахс бўлишга уринмоғи лозим. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган.
Фарз, аввал ҳам бир неча марта айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.
- Илмнинг фойдалари.
Илмнинг фойдалари сон-саноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз.
1.    Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга ибодат қилинади ва тавҳид асосида яшаш йўлга қўйилади.
2.    Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.
3. Илм талаб қилиш ибодатдир.
4. Илм жаннатга етиш йўлидир.
5. Илм ўз эгасига Аллоҳдан қўрқишни касб қилдиради.
6. Илм ўз эгасига халойиққа нисбатан тавозуъли бўлишни ўргатади.
7. Илмдан, аввало эгаси, кейин бошқалар ҳам фойда олади.
8. Илмнинг ажри унинг эгасининг ажалидан кейин ҳам боқий қолади.
9. Илм ўз эгасини Пайғамбарлардан кейинги энг юқори мартабага эриштиради.
10. Илм пастни баланд, хорни азиз ва синганни бутун қилади.
11. Илм кишини жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқаради.
12. Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.
- Воситалар.
Албатта, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш ўз-ўзидан бўлавермайди. Бунинг учун ҳаракат бўлиши лозим. Бу мақсадга эришишнинг ўзига яраша воситалари ҳам бўлиши керак.
- Таҳорат.
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.
Таҳорат «тоҳура» сўзининг масдари бўлиб, «покиза бўлиш», «кири кетиш» маъноларини англатади.
Бу маънодаги поклик кенг тушунчадир. Уни барча покликларга нисбатан ишлатиш мумкин. У, нажосат ва ҳайзнинг зиддига ҳам, кирдан ва гуноҳдан покланишга ҳам ишлатилади.
Қуръони Каримда «таҳорат» сўзи гуноҳлардан ва бутлардан, фаҳшдан, бетаҳоратлик ва нопок нарсалардан покланиш маъносида, ҳалоллик ва қалб поклиги маъноларида келган.
Уламолар истилоҳида ҳам таҳоратнинг ўз маъноси бор.
Бу ҳақда Роғиб Асфиҳоний айтади:
«Таҳорат икки хил бўлади: жисм таҳорати, нафс таҳорати. Иккисининг ҳам истилоҳий маъноси бор.
Нафс таҳорати гуноҳларни тарк қилиш ва аҳли солиҳ бўлиш ва нафсни айблардан тозалаш учун амал қилишдир.
Жисмнинг таҳорати эса бетаҳоратликни кўтариш ёки нажасни кетказиш ёхуд иккисининг маъносидаги ва сувратидаги нарсалардир».
Улуғ зотлар таҳорат ҳақида.
1. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: «Агар қалбларимиз пок бўлса, Роббимизнинг каломидан тўймайди», – деган.
2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Уч нарса иймондандир: совуқ кечада эҳтилом бўлган кишининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўрмасдан туриб ғусл қилмоғи; иссиқ кунда рўза тутмоқ; кишининг Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўрмаган овлоқ жойда намоз ўқимоғи».
3. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу: «Қачон покликни ўз жойига қўйсанг, гуноҳинг кечирилган ҳолда ўтирасан», – деган.
- Намоз.
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири намоздир.
Намоз диннинг устунидир.
Намоз тоатларнинг дуридир.
Намоз нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг белгиси ва ўлчовидир.
Намоз ибодат, тавҳид ва шукр маъноларини чуқурлаштирувчи воситадир.
- Намозда қалб ҳозирлиги.
Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади.
«Қалб ҳозирлиги» деганда қалбнинг намоздан бошқа нарсадан фориғ бўлиши тушунилади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса, қалби ҳозир бўлган бўлади.
Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.
- Намозда қалб ҳозир бўлиши омиллари.
1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар намоз зикрларининг маъноларини ўрганиб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлар, ҳеч йўғи, умумий маънони билиб, ўзлари талаффуз қилаётган нарсанинг нима эканини имкон борича билиб турсалар, яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади.
2. Аллоҳнинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.
3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда, умидворлик қўрқувдан устин турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

back to top