Баҳоийлар кимлар?
- Written by Administrator
Бу ҳаракат аввал «Бобийя» номи билан иш бошлаган, кейинроқ эса, «Баҳоийя» номини олган. Ҳаракат 1844 милодий санадан бошланган. Мазкур ҳаракатга 1829 йили Эроннинг Шероз шаҳрида туғилган Мирзо Али Муҳаммад Ризо Шерозий асос солган. У ўзини Боб, яъни, ҳамма нарсанинг эшиги, деб номлаган. Бу ҳодиса 1844 милодий санада рўй берган. Мирзо Али Муҳаммад Ризо, яъни, Боб вафот этгунга қадар бу ҳаракат Бобийя номи билан аталган. Унинг вафотидан кейин ҳаракатга Мирзо Ҳусайн Али бошчилик қила бошлади. У ўзига «Баҳо» деган лақаб берди. Шу сабабдан, ҳаракат ҳам «Баҳоийя» деб атала бошланди. “Баҳо” лақабини олган Мирзо Ҳусайн Али бир китоб ёзди ва унга «ал-Ақдас» деб ном берди. Китобда ушбу янги дийннинг асосий эътиқодлари баён қилинган. Баҳо Мирзо Ҳусайн 1892 йили вафот этди.
Баҳоийянинг асосчиси Мирзо Али Муҳаммад Ризо Шерозий, яъни, Боб ва унинг халифаси Мирзо Ҳусайн Али Баҳодан ташқари бир-иккита кўзга кўринган арбоблари бор. Улардан бири – Қурратулайн исмли аёл киши. Тарихчиларимиз айтишларича, эридан қочиб кетган бу аёл турли номуносиб ишларни қилиб юрган. Кейинроқ ўзини илоҳийлаштириб кўрсатишга ҳаракат қилган. Ҳижрий 1260 йили Дашт шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда, Ислом шариати бекор қилинди, деб эълон қилган. Бундай ишлардан кейин Қурратулайн Эрон шоҳининг фармони ила ўша йили ўлдирилган.
Баҳоийлардан яна бир кўзга кўринган арбобнинг исми Яҳё Алидир. У Баҳонинг, яъни, Мирзо Ҳусайн Алининг укаси эди. Боб вафотидан сўнг акаси Мирзо Ҳусайн Али билан унинг ўрнини талашган, яъни, ҳаракатга раҳбар бўлишга интилган. Кейин ўзи алоҳида ажралиб чиққан. Унинг «ал-Алвоҳ» номли китоби ҳам бор. Кейинроқ Яҳё Али ва унинг шериклари ўлдирилган.
Энди баҳоийларнинг баъзи ақийдаларига бир назар солайлик. Шунда уларнинг кимлиги яна ҳам равшан бўлади:
– баҳоийларнинг ақийдаси бўйича, Боб, яъни, Мирзо Али Муҳаммад Ризо Шерозий ўз калимаси ила барча нарсани яратган. Демак, улар Бобни худо деб эътиқод қилади. Шунингдек, уларнинг ақийдаси бўйича Боб, яъни, Мирзо Али Муҳаммад Ризо Шерозий ҳамма нарсанинг бошланиши ҳисобланади;
– баҳоийлар «Ҳусул ва иттиҳод» деб аталган машҳур нотўғри ақийдага ҳам ишонишади. Бу ақийда бўйича, Аллоҳнинг руҳи борлиқдаги барча мавжудодларга тушади ва улар билан бирлашиб, ягона бирликни ташкил этади;
– баҳоийлар таносух ақийдасига ҳам ишонади, яъни, руҳларнинг кўчиб юриши, бир ўлган кишининг руҳи янги туғилган гўдакка ёки бошқа бирор нарсага кўчиб ўтишига ҳам ишонади. Уларнинг эътиқоди бўйича, – бу дунё абадий, савоб ёки жазо руҳларгагина бўлади;
– баҳоийлар ўн тўққиз сонини «муқаддас сон» деб эътиқод қилишади. Уларнинг ҳисоби бўйича, бир йил ўн тўққиз ой, бир ой ўн тўққиз кун, бир кун ўн тўққиз соат ва ҳоказо;
– уларнинг эътиқоди бўйича, Ҳиндистон, Хитой ва Форсда ўтган Будда, Конфушиюс, Брахма, Зардўшт каби шахслар пайғамбар саналармиш;
– баҳоийлар яҳудий ва насронийларга ўхшаб, Ийсо алайҳиссаломни хочга осиб ўлдирилган, деб эътиқод қилишади;
– улар Қуръони каримни ўз мазҳабларига мослаб, ботиний шарҳлайдилар;
– баҳоийлар пайғамбарларнинг мўъжизаларига, фаришта ва жинларга ҳамда жаннат ва дўзахга ишонишмайди. Улар: аёлларга ҳижоб ҳаром, дейишади. Мутъа никоҳи, яъни, ҳаққини бериб маълум вақтга аёлни никоҳлаб олиш ҳалол, аёллар ва молу мулк ўртада бўлиши керак, дейишади;
– баҳоийлар Бобнинг дини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини бекор қилувчидир, дейишади;
– улар қиёматни Баҳонинг, яъни, Мирзо Ҳусайн Алининг қайта пайдо бўлиши, деб шарҳ қилишади. Баҳоийлар қибласи Шерозда бўлиб, Боб, яъни, Мирзо Али Муҳаммад Ризо Шерозий туғилган уйдир;
– баҳоийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг охиргиси эканларини инкор қилишади. Улар даъвосича, ваҳий доим тушиб туриши керак. Улар Қуръони каримга қарши бир неча китоблар чиқаришган.
Юқорида зикр қилинган эътиқодларидан кўриниб турибдики, баҳоийлар турли қадимий бузуқ дин ва мазҳаблардан фойдаланиб, янги бир дин пайдо қилишга ҳаракат қилишган ва ақийда масаласида қаттиқ адашиб кетишган.
Аммо уларнинг бу ҳаракатлари Ислом оламида қаттиқ қаршиликка учраган. Уларнинг ақийда ва фикрлари кенг мусулмонлар оммасига таъсир қила олмаган. Уламолар халққа улар ҳақидаги бор ҳақиқатни етказишган. Баҳоийя ҳақида ёзилган мақолалар, чиқарилган фатволардан ташқари, кўплаб китоблар ҳам нашр қилинган. Жумладан, кўзга кўринган уламолардан Абул Аъло Мавдудий, Муҳйиддийн Хатиб, Али Мансур ва бошқалар ҳам бу ҳақда китоблар ёзишган. Ҳозирда баҳоийлар Эрон, Ироқ, Сурия, Ливан ва Фаластинда бор, бошқа мамлакатларга ҳам жойлашиб, тарафдор йиғишга уринишади.
Қадимда Эрондан қочиб ўтган баҳоийлар Туркманистонда бир ибодатхонани қуришган экан, аммо у кейинчалик бузилиб кетган.



