Террорчилик – аср балоси
- Written by Administrator
Милодий янги аср дунёнинг ҳамма ерида зўравонлик ва террорчилик ҳаракатларининг авж олиши билан бошланди. «Террорчилик» номи остида минглаб бегуноҳ кишилар ёстиғи қуритилмоқда, бутун-бутун мамлакат ва минтақалар зулм, хунрезлик, биродаркушлик, фитна ва бузғунчиликлар ўчоғига айлантирилмоқда. Ер юзининг ҳали у, ҳали бу ерида портлатишлар ва ўзини қурбон қилишлар одат тусига кириб қолди. Шу боис, «террор»нинг асл маъноси нима, террорчиларнинг ўзлари ким ва улар аслида нима мақсадни кўзлашади» деган саволлар бугун ҳаммани ўйлантирмоқда ва ташвишга солмоқда. Юртбошининг БМТ юксак минбаридан туриб жаҳон ҳамжамиятини террор балосининг хатари ва даҳшатли оқибатларидан огоҳлантириши бежизга эмасди.
Луғатда «қўрқитиш, ваҳима солиш»ни англатувчи «террор» атамаси аслида жуда кенг маъноларни қамраб олган. Бугунги кунда эса бу атама фақат радикал кайфиятдаги мафкураларга тобеъ гуруҳлар олиб бораётган қуролли курашга нисбатан ишлатиляпти. «Террор» деганда ўзга тарафнинг барқарор тузуми ва миллий қадриятлари билан ҳисоблашмай, уларга ўз ҳаёт тарзи ва маданиятини зўравонлик билан ўтказиш учун қўрқитиш усулини қўлловчилар тушунилади. Террорчилар сиёсий мақсадлари ва фикрий нуқтаи назарларини, яшаш тарзлари ва ўзларигагина ёққан ахлоқни жамиятларга мажбуран сингдириш учун одамларни оммавий тарзда қўрқитиш, улар орасига ваҳима, ихтилоф ёйиш учун даҳшатга солишнинг барча усулларини тап тортмай қўллашади.
Рус анархиячиларининг «отаси» Михаил Бакунин ва унинг ғоявий шогирди Сергей Нечаевлар «рисоладаги» террорчини бундай таърифлашган: «Идеалдаги террорчи мавжуд қонуний тартиб ва бутун маданиятли дунё билан ҳамма алоқаларини узган кишидир… Унинг учун фақат битта фан – йўқ қилиш, қириб ташлаш фани бор, холос».
Террорчиларнинг аксарияти ирода ва виждондан маҳрум кимсалардир. Уларнинг насаби ҳам, миллати ҳам, дини ҳам бўлмайди. Улар «оломон руҳияти»га сингиб кетишган ва ўзига хос итоаткор «пода»га айланишган. Улар ўзгаларнинг аниқ режа асосидаги ғаразли мақсадларини кўр-кўрона бажарадиган қўғирчоқлардир. Жаҳоннинг ҳамма ерида террорчи гуруҳлар одатда жоҳил, нодон, эътиқоди суст ё умуман эътиқодсиз, нима мақсадда жиноят қилаётганини англай олмайдиган кишилардан тузилади.
Тадқиқотчилардан А. М. Хазанов ва В. А. Ушаковлар «Террорчилик: «талантлар» ва мухлислар» мақоласида бундай ёзишади: «Террорчиликка қарши курашни учинчи жаҳон урушига тенглаш мумкин. Бу урушнинг алоҳида хусусияти шуки, унда бутун дунё жанг майдонига айланган. Бу уруш инсонларнинг руҳияти ва қалбини забт этиш учун бошланган урушдир» («Обозрение» журнали, 2005 йил, сентябр, 9 (88)-сон).
Террорчиликнинг асл сабаблари нимада? Айрим назариётчилар (масалан Сэмюэл Хантингтон) дунёдаги зиддиятларда ҳазораларнинг (сивилизатсияларнинг) глобал тўқнашувини ёки хатосини, ҳатто демократия ва Ислом ўртасидаги урушни сабаб қилиб кўрсатишади (Samuel Hantington, The Clash of Civilazations, London, 1997).
Аммо жаҳондаги зиддиятлар ҳазоралар тўқнашуви эмас, балки шиддат билан глобаллашаётган дунёдаги қарама-қарши жараёнларнинг қонуний акс-садосидир. Бунга яна Ғарб стратеглари хатосини ҳам қўшиш мумкин. Бу хатоларнинг энг асосийси шуки, ғарбдагилар ўз маънавий қадриятларини «ҳаммабоп, барчага баравар мос тушаверади», деб ўйлашади. Ваҳоланки, дунё қадриятларнинг турли таркибларига эга халқлар ва ҳазоралардан иборат. Агар Ғарб бошқа ҳазораларнинг маданий жиҳатдан ноёблигини ҳурмат қилишни ўрганганида ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам зулм ва зўравонликлар ( аслида террорчилик) камроқ бўлар эди.
Террорчилик кеча ё бугун пайдо бўлган нарса эмас. Инсоният ўз тарихида террорчилар томонидан ўйлаб чиқарилган, на диний, на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлган «ғоялар» йўлида олиб борилган ва юз минглаб мутлақо бегуноҳ одамлар ҳаётига зомин бўлган жуда кўп фожиали воқеа-ҳодисаларни кўрди. «Аламут қотиллари, кўплаб хунрезликлар уюштирган инквизатсия, узоқ йиллар давом этган ва сон-саноқсиз бегуноҳларнинг ёстиғини қуритган салиб юришлари, турли «инқилоблар», коммунистик (масалан, Кампучияда оммавий қатлиом уюштирган пол-потчилар – А.Н.) ва фашистик ташкилотлар, «Ислом» ниқоби остида террорчилик ва қон тўкиш билан шуғулланаётган оқимлар зиммасида миллионлаб қурбонларнинг масъулияти ва гуноҳи бор» («Ислом террорни лаънатлайди», Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2003 йил, 6-бет).
Янги тарихимизда ҳам террорчиларнинг инсониятга келтирган кулфатлари яраси битиб улгурганича йўқ. Америкада ирқчилик урушлари ва террорчилик ҳаракатлари ҳанузгача тўхтагани йўқ. Гитлер ва Сталин уюштирган қатлиомлар террорнинг энг фожиали кўриниши эди. Кекса Оврупа ҳам бир қанча террорчи ташкилотларнинг қон тўкиш саҳнасига айланиб улгурди. Юнонистондаги «Ўн еттинчи ноябр», Олмонияда «Қизил армия фраксияси» (лотинча RAF) ва «янги натсистлар», Испанияда ЭТА, Италияда «Қизил бригадалар» ва бошқа террорчи ташкилотларнинг қон тўкиши ва зулми ҳозиргача тўхтамаган. Яна яккаҳоким режимлар олиб бораётган учинчи дунё мамлакатларининг террори ҳам мавжуд. АҚШда 1958 йилдан буён у ёки бу даражадаги террорга қарши курашга тааллуқли ўнлаб қонун ва унга янги моддалар қабул қилинган. Буюк Британия, Франсия, Италия, Белгия, Олмония каби ўнлаб мамлакатлар парламентлари террорчилик муаммосини муҳокама қилиб, қарорлар қабул этишган.
Дунё зўравонлари бу ҳодисани дин, айниқса Ислом билан боғлашга қанчалик уринишмасин, террорчилик ва дин бир-бирига мутлақо зид тушунчалардир, улар бир-бири билан асло келиша олмайди. Террорчилар зулм, қотиллик, уруш, одамларни жабр-ситамга мубтало қилишни асосий мақсад этиб олишган. Буларнинг ҳаммасини Қуръони карим улкан бузғунчилик, деб атайди. Бузғунчиларнинг жойи эса жаҳаннамдир: «Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар борки, уларга Аллоҳнинг лаънати бўлур ва уларга энг ёмон диёр – жаҳаннам бор» (Раъд, 25).
Террорчининг мусулмон, насроний ё яҳудий динида бўлиши жамият аъзоларига у мансуб дин тўғрисида ножоиз фикр ва хулоса чиқариш ҳуқуқини бермайди. Мусулмон ниқоби остида ёвузлик қилган жиноятчининг қилмишига «Ислом террорчилиги» каби ёрлиқларни ёпиштириш ҳақиқатга мутлақо зиддир. Инсониятга Ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий асосида раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, биродарлик, нафсга қарши кураш, ўзаро ҳурмат, тинчлик-осойишталик каби эзгу хислатлар ётади.
«Ислом» номининг ўзаги «тинчлик, сулҳ, омонлик» маъноларини ҳам англатади. Бу дин инсонларни тинч-тотув яшашга, бошқаларга, ҳатто ўзга дин ва мафкура вакилларига ҳам зулм қилмасликка чақиради. Қуръони карим таълимотига кўра, уруш, қон тўкиш номақбул, иложсиз заруриятдир. Фақат муқаррар ҳолатлардагина, мусулмонларнинг дини, юртига аниқ хавф туғилгандагина урушга ижозат берилган.
Аллоҳ таоло айтади: «Ким бирор жонни ўлдирмаган ва ер юзида бузуғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак барча одамларни ўлдирибди» (Моида, 32); «Мўминлар Аллоҳдан ўзга бирон илоҳга илтижо қилмайдилар ва бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар» (Фурқон, 68); «Ўзларингизни ўлдирманглар» (Нисо, 29).
Аллоҳ таоло Ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради, ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни тақиқлайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло буйруқларига бўйсунмаганлар «шайтон изидан эргашганлар» деб зикр қилинади. Террорчилик қон тўкишнинг шайтоний усулидан бошқа нарса эмас.
Худди шунинг учун ҳам «Ислом» ва «террор» тушунчаларини бир-бирига боғлашга жон-жаҳди билан уринаётганларнинг даъволари асоссизлиги очилиб қолади. Улар шу йўл билан жаҳон афкор оммаси хаёлини чалғитиб, ўзларининг мустамлакачилик ва зўравонлик иддаоларини, жаҳонни бўлиб олиш ва бошқа давлатлар бойлигини ташиб кетиш режаларини хаспўшламоқчи бўлишади. Дунёга ҳокимлик илинжидаги айрим мамлакатларнинг бошқа ўлкаларда террорчиликка чек қўйиш ва тартиб ўрнатиш баҳонасида миллионлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлгани мантиқсизликнинг ва иккиюзламачиликнинг ўзгинасидир.
Мустамлакачилар дунёга эгалик қилишда тўғаноқ бўлган Исломга қарши янги салиб юриши бошлашга маънилироқ, ишонарлироқ баҳона топиш керак эди. Ҳозир аввалгидай майда-чуйда сабабларни рўкач қилиб, бир мамлакатга бемалол уруш очиш даври ўтиб кетган, ахборот асрида жаҳон афкор оммасини лақиллатиш хийла мураккаблашиб қолган. Шунда АҚШ собиқ президенти Жорж Буш ортида турган пулдор ва пулхўр ҳомийлари бунинг йўлини ҳам топиб беришди. Усома бин Лодиннинг «Ал-Қоида» ташкилоти Ню Йоркдаги Амриқо қудрати тимсоли бўлган осмонўпар эгизаклар – Халқаро Савдо Маркази биносига самолёт билан икки марта келиб ургани баҳонасида янги салиб юришини бошлаб юборилди. Нима бўлганига ақли етмаган дунё «аср террорчилиги», «мисли кўрилмаган ёвузлик қилган Ислом террорчилари»га ғазаб-нафратини соча кетди. Аслида минг-минглаб бегуноҳ фуқароларнинг ҳаётига зомин бўлган бу даҳшатли ҳужумни ё Амриқо ҳарбийлари ва сармоядорлари чизиб берган лойиҳа бўйича ҳукуматнинг ўзи уюштирган ёки унинг ташкил этилишидан хабардор бўлса-да, олдини олишга ҳеч қандай чора кўрмаган. Бу менинг фаразларим эмас. Канн халқаро кинофестивалида бош соврин олган АҚШ киноҳужжатчиларининг «Foreingate – 9/11» («Ташқи ўйинлар – 9/11») филми бошдан-оёқ ана шу ҳақиқатни исботлашга бағишланган.
АҚШнинг бир неча мусулмон мамлакатларидаги дипломатия идораларида кўп йиллар ишлаган Дэйв Гримленд бундай дейди: «11 сентябрдан кейин ҳамма жойда Ислом қолоқлиги, бу фожиада бир ҳовуч экстремистларни эмас, бутун динни айблашгани ҳақида гапира бошлашганида роса жаҳлим чиқади. Бу воқеагача кўпчилигимизнинг шахсий «радар»ларимиз экранларида умуман Ислом пайдо бўлмаган ҳам эди. Шундан кейин бу динни ёмонотлиқ қилиш учун салбий, кўпинча ваҳшийликка тўла ҳужум бошланиб кетди» (Интернетнинг Islam. Ru сайти).
Англиядаги Кембриж университети илоҳиётшунослик факултети маърузачиси Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) бундай ёзади: «Айни пайтда жаҳон жамоатчилиги Исломга нисбат бераётган инсон ҳуқуқларининг шармандали поймол қилиниши, ўзга дин ва миллат вакилларига тоқатсизлик ва террорчилик аслида бу динга дахли йўқ тўдаларнинг, мутаассиблар ва кўпинча худобехабар муртадларнинг ишидир. Ақидаси маҳкам, чин мусулмонлар ҳеч қачон террорчиликка қўл уришмаган» («ХХI асрда Ислом», Тошкент, «Шарқ», 2005 йил, 306-бет).
Рейтер агентлиги хабарига кўра, ҳатто Оврупа Иттифоқи «Ислом терроризми», «Ислом ақидапарастлиги» каби номуносиб ва ноилмий атамалардан фойдаланишни қонундан ташқари, деб эълон қилди. Оврупа Иттифоқининг террорчиликка қарши кураш бўйича идораси раҳбари Гижз де Врайс шу муносабат билан «террорчилик жаҳон динларидан бирортасига хос нарса эмас», деди. У мусулмонлар террорчилик ҳаракатларини кескин қоралаганларини ҳам эътироф этди.
Жаҳондаги кучли мустамлакачи давлатларнинг ёш мустақил ўлкаларга ҳар тарафлама тазйиқ ва зуғум ўтказиш, уларга ғоя ва маданиятларни тиқиштириш, уларнинг ички ишларига, ҳатто ахлоқий низомларигача аралашиш сиёсати бутун-бутун минтақаларда нотинчлик ва уруш ўчоқларини пайдо қиляпти. Бунинг оқибатида минглаб қурбонлар бериляпти. Бу эса аҳолининг маълум қатлами, айниқса ёшларнинг радикаллашувига сабаб бўлмоқда. Тимоти Уинтер ёзганидай: «Араб дунёси ҳозирги кишилар хотирасидан олдинги давр – 1517 йилдан 1917 йилгача бирорта ҳам жиддийроқ фуқаролар урушини бошдан кечирмаган ва шарқликларга хос вазминлик тимсоли эди. Бугунги кунга келиб у сайёрамизнинг энг беқарор минтақаларидан бирига айланди» (Юқоридаги китоб, 299-бет).
Ҳақиқатан Ғарбнинг бошқа мамлакатлар билан муносабатларда зўравонлиги, иккиюзламачилиги, демократияни ёйиш ниқоби остида ўзга халқларнинг асрий анъаналарига тажовуз қилиши, ахлоқи ва маданиятига чанг солиши, қўрқитиш ва фитналар билан бойликларини ташиб кетиши ҳақли суратда мазлум халқлар норозилиги ва ғазабига сабаб бўлаётир. Бир Ислом воизи айтганидай: «Агар Ғарб шариати шу бўлса, бизга унинг умуман кераги йўқ» (Юқоридаги китоб, 300-бет).
Бугун инсоният глобал қарама-қаршиликлар ва бир ҳовуч кучли давлатларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган геосиёсий ўйинлари авжга чиққан, бу йўлда зулм ва истибдоднинг ҳар қандай шаклларидан фойдаланиш айб саналмайдиган таҳликали замонда яшаяпти. Онгли мусулмонлар бундай шароитда ҳушёрликни ҳар қачонгидан оширишлари, дўст киму душман ким, ажрата олишлари, ғанимлар фитнасини амалга оширишда бир қўғирчоқ сифатида диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланиб қолишдан ўзларини ҳимоялашлари керак. Чунки ҳар бир террорчилик ҳаракати ортида ғаразли мақсадлар, ундан манфаатдор кучлар тургани бугун айниқса очиқ-ойдин бўлиб қолди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара, 208).
Аҳмад Муҳаммад



