Зулмнинг эртаси бўлмайди!

Зулмнинг эртаси бўлмайди!

Зулм инсоният билан бирга туғилган. Ривоятларга кўра, Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил укаси Ҳобилни ноҳақ ўлдирганидан бошлаб Ер юзида зулм ва фасод бошланиб кетган. Ўша илк қон тўкилишидан бошлаб инсонлар илоҳий низомдан чекинишган, бир-бирларига зулм ва зўравонлик қилишга ўтиб кетишган. Шундан буён зулм жамиятларда адолат ва инсофнинг кушандаси бўлиб келяпти. Қози Аҳмад Ғаффорий айтганидай, “Адолатнинг фақат битта сурати бор, зулмнинг бўлса  – мингта”.

Зулмнинг турлари, кўринишлари кўп. Ботил, ҳаром йўллар билан мол-дунё топиш, бировнинг ҳаққини ноҳақ ўзлаштириб олиш, етимнинг молини ейиш, мардикорни ишлатиб ҳақини бермаслик, бировдан қарз олиб уни узмай юриш, бегуноҳ инсонларни ўлдириш, одамни уриш ва тан жароҳати етказиш, ўзгаларни ҳақорат қилиш, лаънатлаш, туҳмат қилиш ва ҳоказолар ҳам зулмдир. Яна раҳбарларнинг қўл остидагиларни алдаши, талаб ва эҳтиёжларига қулоқ солмаслиги, уларни фақир ва ночор аҳволга солиб қўйиши, одамлар ўртасида адолат қилмай, ожизларни ноҳақ жазолаши ҳам зулм саналади. Бошқа юртларга бостириб кириш, шаҳар-қишлоқларини вайрон қилиш, тинч аҳолини, қариялар ва болаларни қириш, уларнинг бойлигини талаб кетиш эса зулмнинг энг катталаридандир. “Агар ҳукмдор жабр-зулм қилмоқчи бўлса ёки шундай қилса, Аллоҳ унинг мамлакати аҳолисидан, унинг бозорларию ризқларидан, экинларию чорваларидан ва барча нарсалардан баракани кўтариб қўяди. Агар у яхшилик ё адолат қилмоқчи бўлса, Аллоҳ унинг мамлакати аҳолисига ва барча нарсаларига барака ато этади”, деган экан ўтмиш донишмандларидан Ваҳб ибн Мунаббаҳ.
Дунёнинг бугунги кўринишига бир боқсангиз, қизиқ бир ҳолатни кузатасиз: золимларнинг зулми тобора ҳаддан ошяпти, мазлумларнинг оҳ-доди, фарёди эса тобора кўкка ўрлаяпти. Одамлар, ҳатто мусулмонлар ҳам бир-бирларига ҳар соҳада зулмга йўл қўйишяпти, адолатсизлик, инсофсизлик кўрсатишяпти. Ўзидан ожизларни хўрлаётган, бировнинг ҳаққини ўзлаштиришдан қўрқмаётган, мардикор ҳақини беришни пайсалга солаётган, хотинига тинмай азоб бераётган мусулмонларнинг борлиги дилларни ранжитади...
Ўзини дунёнинг бош хўжайини санаган, кўнглига ёққан ишни ҳеч кимдан   сўраб ҳам ўтирмай, уялмай амалга ошираётган уммон ортидаги урушқоқ корчалонлар бутун ер юзида тинимсиз зулм ва бузғунчилик уруғини сочяпти. Уларнинг “муборак” қадами қаерга етса, ўша ерда вайронгарчилик, биродаркушлик урушлари, қон тўкишлар... Ўша ерда бегуноҳ одамлар қон қақшаган, етимларнинг кўзёши дарё бўлган, чимилдиқ кўрмаган қизларнинг иффати топталган, инсон зоти хўрланган, мард эркаклар аламидан лабини чайнаб қонатган...
Аммо зулм абадий давом этмайди, зулмнинг асло эртаси бўлмайди. Нимани қиссалар – у кенгаяди, нимани заифлаштирсалар – у кучаяди, нимани йўқ қилсалар – у янгидан пайдо бўлади. Ким бошқадан ниманидир тортиб олмоқчи бўлса, ўзиникини йўқотиши муқаррар! Дунёга эгаликни қўмсаётган ўша янги мустамлакачилар тинчгина яшаб турган Ироқ, Афғонистон, Ливия, Миср, Сурия ва бошқа ўлкаларни фуқаролик урушига киритиб юбориш, халқларини бир-бирига гиж-гижлаш сиёсатини олиб бориш билан мақсадларига эришишни ўйлаётган бўлишса, қаттиқ адашишади. Эртами-кечми, барибир, ўша юртларнинг халқи дўст киму, душман кимлигини аниқлай оладиган, дунёдаги барча зулм, ситам ва хунрезликларнинг асосий сабабчиси ким эканини англаб етадиган кун келади. Аллоҳнинг золимларга аталган жазоси муқаррар, у асло узоқ  куттирмайди! Шарқдаги аҳли донишлардан бири айтган экан: “Қаю хазинага зулмнинг бир ақчаси кирса, ул хазинани йиқмай қўймас!”
Мунофиқ Ғарбнинг бугунги кунда кучсиз мамлакатларга, айниқса мусулмонларга кўрсатаётган жабр-зулми ҳеч қандай соғлом ақл ва инсофга тўғри келмаслигини бутун дунё ҳайрат ва алам билан кузатиб турибди. Уларнинг иккиюзламачилиги, мунофиқлиги шу даражага етиб бордики, энди улар ўзлари уюштираётган шармандаликларни ҳатто хас-пўшлашга ҳам эринадиган бўлиб қолишди. Мисрдаги ғалаёнлар чоғида бир насроний черковига ўт қўйилганида, ҳали унга ким ўт қўйгани аниқланмай туриб, бутун дунё мусулмонлар устига туҳмат ва нафрат балчиғини отди, матбуот бир неча ҳафта айюҳаннос солди. Аммо Ғазодаги бир юз етмишга яқин масжид тўплардан ўқ узиб ер билан яксон қилинганида, ҳатто буни кимлар қилаётгани ойдай равшан бўлиб турганида ҳам Ғарб дунёси лом-мим дейишни раво кўрмади. Унинг холислик даъвосидаги матбуоти бир-икки сатр ёзиб қўйишни ҳам ўзига эп кўрмади.
Оврупа давлатларидан бирида анча олдинроқ бир қизалоқ йўқолиб қолганида Ғарб матбуоти, радио-телевидениеси ҳамма ишини йиғиштириб, муҳим халқаро воқеаларни бир четга суриб қўйиб, фақат ўша “мудҳиш аср ўғирлиги” ҳақида тинмай вайсаган, қизалоқнинг сурати экранлардан анчагача тушмаган эди. Ғазо урушида ҳар куни жанозаси ўқилаётган, танаси пажмурда, юз-кўзи қонга беланиб, ҳаёт шоми сўнаётган юзлаб гўдакларнинг тақдири негадир Оврупа оммавий ахборот воситаларининг эътиборини мутлақо қозонмагани қизиқ бўлди.
Уларнинг иккиюзламачилиги шу қадар очиқ-ойдин фош бўлиб кетдики, бир халқ ноиложликдан, аламдан, зулмнинг кучайганидан тўйиб душманига бир-икки ракета отиб қўйса, у дарров золимдан олиниб, террорчига солинади, шаънига туҳмат лойи чапланаверади.  Иккинчи бир томон тинч аҳоли устига минг-минг қўшин тортиб бориб, ваҳшийларча уларни қираверса, бутун дунё негадир индамай томошабин бўлиб тураверадиган, ҳеч ким асл золимнинг мушугини “пишт” демайдиган ҳолатга келингани одамни таажжубга солади. Ёки “тинчимизни бузяпти” деган баҳонада тош ва милтиқдан бошқа қуроли бўлмаган мазлум бир халқнинг устига энг замонавий қуроллардан тинимсиз ўт ёғдириб, ҳар куни юзлаб-минглаб одамларни ноҳақ қатл қилиш сиёсатини олиб борилаётгани алдоқчи ва риёкор Ғарб наздида зулм саналмасмикин? Ғарб файласуфларидан Паскал айтганидай, “Кучга таянмаган адолат ожиз, адолатга таянмаган куч эса золимдир”.
 Барча махлуқотни яратувчи ва улар ўртасида адолат низомини ўрнатувчи Аллоҳ таоло ҳар бир зулмни, етказилган ҳар бир озорни, бузғунчилик ва адолатсизликни кўриб-билиб туради. Золимларга Унинг қаттиқ азоб бериши муқаррардир! Фақат Ўзи билувчи ҳикмат туфайли зулмларнинг жазосини кечиктириши ёки қиёматга қадар қолдириши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:  “Ҳаргиз Аллоҳни золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ўйламанг. У фақат уларни кўзлар қотиб қоладиган кунга қолдиради, холос” (Иброҳим, 42).  
  Зулмни кун сайин ошириб, мазлумларнинг қонини ичаётган золимлар гўё бу кирдикорлари абадий давом этадигандай хотиржам ҳаммани қон қақшатяпти. Аммо улар хомтама бўлишмасин, зулм ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Адолатли Зот золимни дунё ва охиратда албатта жазосини беради. Бир золим бирор кишини хафа қилса, йиғлатса-ю, мазлум у золимга қарши ҳеч нарса қилолмаса, мазлумнинг кўнгли озор топгани учун Ҳақ таоло золимдан унинг ҳақини олади. “Фақатгина одамларга зулм қиладиган ва ер юзида ноҳақ тажовузкорлик қиладиганларни (айблашга) йўл бордир. Ана ўшаларга аламли азоб бордир” (Шўро, 42).
Шайхлардан бири айтганидай, иймон кўпинча қалбдан ўлим вақтида суғуриб олинади. Гуноҳлар ичида иймонни қалбдан энг тез суғуриб олувчиси бандаларга етказилган зулм экан. Шунинг учун ҳам охирзамон Пайғамбари умматни бошқаларга зулм қилишдан қаттиқ қайтарганлар, бунинг оқибати ниҳоятда аянчли бўлишининг хабарини берганлар. Бу борада у зотдан жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.
Ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилинган: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирларингга зулм қилманглар!” (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касодга учраган (муфлис) кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнинг орамизда касодга учраган – дирҳами ҳам, мол-мулки ҳам йўқ одам», дейишди. «Менинг умматимдан касодга учрагани Қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келгану, аммо уни сўккан, буни зинода айблаган, унинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир. Бунисига унинг савобларидан берилади, унисига ҳам унинг савобларидан берилади. Агар зиммасидаги нарса тамом бўлмай туриб унинг савоблари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунинг устига юкланади. Сўнгра у дўзахга солинади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Яна шу саҳобийдан имом Бухорий ривоят қилган ҳадис юқоридаги хабарни тўлдириб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким бир биродарининг номуси ёки бошқа нарсасига зулм қилган бўлса, динору дирҳам бўлмайдиган (кундан) илгари қутулиб олсин. Акс ҳолда унинг яхши амалларидан зулмига ярашаси мазлумга олиб берилади. Бордию яхшиликлари бўлмаса, ёмонликларидан олиниб, унга юкланади”.
Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Зулмдан сақланинглар, зеро зулм қиёмат куни зулмат бўлур”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳунинг Яманга юбораётиб: “Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл, чунки унинг дуоси биланАллоҳнинг орасида парда-тўсиқ йўқдир”, деган эдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Эй мусулмон биродарим, дунёда зулмнинг бу қадар кучайгани, айниқса Ислом умматининг бошида калтак кўп синаётгани сени ўкситмасин, тушкунликка солмасин! Зулм ҳеч қачон абадий давом этмайди. Адолат эгаси бўлмиш Парвардигор золимнинг зулмига кенг йўл очиб қўймайди. Зулм қилган Аллоҳнинг ғазабига ва жазосига албатта йўлиқади. Ҳукмдорлардан Холид ибн Бармак ва унинг ўғлини ҳибсга олишганида ўғли “Кечагина азиз эдик, бугун эса кишанланган маҳбусмиз”, деган эди, Холид “Эй ўғлим, мазлумлар туни билан дуоибад қилган, биз ўшанда ғафлатда эдик, Аллоҳ эса ғофил эмасдир”, деди.
Айниқса мусулмон киши диндош биродарига зулм кўрсатишдан эҳтиёт бўлиши, мабодо беихтиёр зулм қилиб қўйган бўлса, дарров зулмини тўхтатиб, уни рози қилиб олиши лозим. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким бир биродарининг номуси ёки бошқа нарсасига зулм қилган бўлса, динору дирҳам бўлмайдиган Кундан илгани қутулиб олсин. Акс ҳолда, унинг яхши амалларидан зулмига ярашаси мазлумга олиб берилади. Бордию яхшиликлари етмаса, мазлумнинг ёмонликлари олиниб, унга юкланади” (Имом Бухорий ривояти). Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтибдилар: “Гуноҳларнинг зулмдан-да каттароғи йўқдир... Золим қилган зулми учун тавба қилсин, зулм берган кишисидан кечирим сўраб олсин. Агар қодир бўлмаса, унинг учун истиғфор айтсин, дуо қилсин”.

Аҳмад МУҲАММАД

back to top