Азҳари шарифнинг радикализм ва терроризмга қарши туришининг баёни

Азҳари шарифнинг радикализм ва терроризмга қарши туришининг баёни

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Азҳар шайхи, улуғ имом, устоз, доктор Аҳмад Тоййиб ҳазратлари (Аллоҳ у кишини Ўз ҳифзига олсин):

Муҳтарам меҳмонлар, анжуман қатнашчилари!
Сизларга ва бутун оламга қуйидагиларни баён қиламан.

 Азҳари шарифнинг радикализм ва терроризмга қарши туришининг баёни

Араб олами аввал учрамаган изтиробли ҳолатга дуч келди. Бу ҳолат ғаразли мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида терроризмни қурол қилиб олган радикал ҳаракатлар зоҳир бўлишининг натижасидир. Обод, эмин мамлакатларимиз аҳолисининг инсоний ҳуқуқларига, муққаддас диний қадриятларига оғир тажовуз қилинди. Ачинарлиси шуки, бу ҳужумлар дин номи остида амалга оширилди, ваҳоланки динимиз бунга мутлақо қаршидир.
Шу сабабдан Азҳари шариф барча мусулмонларнинг диний таянчи сифатида зудлик ила радикал оқимлар томонидан террористик амалиётларда қўллаш учун қасддан ўзгартирган  тушунчаларга аниқлик киритишга, уларнинг гап-сўзларини таҳрир қилишга ҳамда Ислом овозини ғулувга кетиш, экстремизм ва терроризмнинг барча кўринишлари узра олий қилишга киришди.
Улуғ имом, фазилатли доктор Аҳмад Тоййиб раислигидаги Азҳари шарифнинг таклифига биноан Миср Араб Республикасининг пойтахти Қоҳира шаҳрида катта кенгаш ташкил қилинди. Ҳижрий 1436 йил сафар ойининг 11-12 кунларида, милодий 2014 йил декабр ойининг 3-4 кунларида бўлиб ўтган бу кенгашда барча исломий мазҳаб раислари ҳозир бўлдилар. Шунингдек, анжуманга Шарқ черковларининг раислари, дунёнинг барча қитъаларидан мусулмон ва насоро олимлари ташриф буюрдилар.
Баҳс ва муноқашалардан сўнг жамланганлар «Оламий Азҳар баёни» деб номлашга келишилган қуйидаги баённи эълон қилишга қарор қилдилар:

1. Қуролланган фирқа ва жамоатларинг, ёлғону бўҳтон ила диний шиорларни кўтариб чиқиб, уммат фарзандларига нисбатан зўравонлик ва террор қўллаётган тоифаларнинг ҳеч бирининг ҳақиқий, асл Исломга мутлақо алоқаси йўқдир. Аҳолини тинчлигини бузиш, бегуноҳ инсонларни қатл қилиш, уларнинг ор-номуси, шаъни ва мол-мулкига тажовуз қилиш, муқаддас диний қадриятларини топташ инсонийликка зид бўлган жиноятлар бўлиб, Ислом бунга қатъиян қаршидир. Шунингдек, мамлакатларнинг сиёсий, маъмурий ва ҳудудий яхлитлигига раҳна солиш, айирмачилик, ўзбошимчалик билан янги ҳудудларни тақсимлаш каби ҳаракатлар дунё ҳамжамияти олдида Исломни хунук суратда гавдалантиради. Шу жиҳатдан зикр қилиб ўтилган жиноятлар чинакам Исломга мутлақо мувофиқ келмайди. Бундай ножоиз ҳаракатлар бирлик, адолат, эҳсон ва инсоний биродарлик дини бўлган Исломни салбий жиҳатдан намоён қилади.
2. Таъкидлаймизки, мусулмонлар ва насоролар бир-бирларига яқиндирлар, кўплаб асрлардан бери бир маданият, бир халқ бўлиб, озод ватанда тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқдалар. Мусулмонлар ҳам, насоролар ҳам фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини, ҳур ва эркинлигини эътироф этадилар.
Динлар ва мазҳабларнинг кўплиги муштарак тарихимизда янгилик эмас. Ушбу хилма-хилликка тарих гувоҳдир. Мусулмонларнинг насоролар билан ўзаро муносабатлари тарихий алоқалар ва ҳаётий  бирдамлик жараёнидир. Ушбу ҳолатларни эътиборга олган ҳолда мусулмонлар, насоролар ва бошқа дин вакиллари орасида мутаассибликни қўзғаш саҳиҳ динга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига ва фуқароларга қарши хуруждир.
3. Насоролар ҳамда бошқа дин ва эътиқод вакилларини яшаб турган юртларидан адолатсизлик билан, ғаразли мақсадларда чиқариб юбориш, уларни хорлаш Исломда қаттиқ қораланган жиноятдир.
4. Ғарбдаги баъзи тарафлар саҳиҳ динга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган радикал жамоатлар олиб бораётган амалиётларини соф Ислом шарияти билан, Қуръон ва Суннат йўли билан чалкаштирмоқдалар. Бу каби ножўя қарашларнинг олдини олиш, саҳиҳ динимизни инсониятга асл кўринишида тақдим қилиш масъулияти олдимизда кўндаланг бўлиб турган бир пайтда бу хайрли ишга дарҳол бел боғлашимиз зарур, токи Ислом аслида ўзи қарши бўлган нарсалар борасида туҳматга учрамасин.
5. Биз ушбу анжуманнинг барча аъзоларини ўзаро мулоқотга, тинчлик ўрнатиш йўлига, эътиқодий ва мазҳабий хилма-хилликни эҳтиром қилишга, омонлик йўлида жиддийлик ва ихлос ила саъй-ҳаракат қилишга чақирамиз.
6. Умматнинг бир қисм ёшлари Қуръон, Суннат ва уламолар ижтиҳодига зид ўлароқ ушбу муборак манбаларни нотўғри талқин қилиб, террорга ундовчи омилларга берилиб кетди ва ҳозирда ҳам бу аянчли ҳолат кузатилмоқда. Уламолар ва фикр аҳлларининг зиммасига бу ёшларнинг қўлларидан тутиш, уларга Қуръон ва Суннатда келган маълумотларнинг ҳақиқатини етказишдек вожиб амални масъулияти юклатилган. Бундан кўзланган мақсад – шаръий нассларни нотўғри талқин қилувчиларнинг бошқаларни ҳам тўғри йўлдан адаштириб қўйишининг олди олишдир.
7. Кенгаш араб олами давлатларини бирдамликка, тинчлик ўрнатиш йўлида ўзаро ҳамжиҳатликка чақиради.
8. Кенгаш фирқачилик, миллатчилик алангаларини сўндиришда араб олами уламоларини ва диний ташкилотларини Аллоҳ олдидаги бурчларини адо этишларига даъват этади. 
9. Кенгаш яҳудий кучларнинг Фаластин ерларида, хоссатан Қуддуси шарифда мусулмонларга  ҳам, насронийларга ҳам нисбатан амалга ошираётган жинояткорона ҳужумларига, масжид ва черковлар, хоссатан Аллоҳ атрофини баракали қилиб қўйган Масжидул Ақсони вайрон қилишига чек қўйиш лозимлигини, бу жиноят учун жавобгар бўлганларни халқаро адолат ва жиноят маҳкамасига тортиш масъулияти борлигини таъкидлайди.
10. Кенгаш қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар ҳар бир инсон радикализм, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши туриши лозимлигини таъкидлайди.

back to top