Ўнинчи Халқаро мусулмон форуми иштирокчиларининг қўшма декларацияси

Ўнинчи Халқаро мусулмон форуми иштирокчиларининг қўшма декларацияси

“Замонавий таҳдидлар олдида диннинг вазифаси ва диндорлар масъулияти” номли ўнинчи Халқаро мусулмон форуми иштирокчилари қўшма декларациясининг матни форум доирасида параллел тарзда ўтказилган учта панель сессияларининг якуни бўйича 2014 йил 10 декабрда қабул қилинган.

Биз, 2014 йил 10 декабрь куни Москвада очилган “Замонавий таҳдидлар олдида диннинг вазифаси ва диндорлар масъулияти” номли ўнинчи Халқаро мусулмон форумининг Абхазия, Озарбайжон, Беларусь, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Хитой, Қирғизистон, Литва, Мўғилистон, Польша, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркия, Ўзбекистон, Финляндия, Эстония вакиллари бўлмиш иштирокчилари адолат, инсонпарварлик, кенг жамоатчилик мулоқоти ва ўзаро тушуниш қадриятларини эътироф этиб, “Иброҳимий динларнинг маънавий-руҳий қадриятлари – тинчлик ва тотувликни сақлаш кафили сифатида”, “Евроосиё интеграцияси ва Ислом дунёси: мусулмонларнинг масъулияти ва салоҳияти”, “Жамиятнинг барқарор тараққиёти учун давлат ва диний уюшмаларнинг ўзаро ҳаракати” мавзуларига бағишланган ялпи сессиялар доирасида ўзаро фикр алмашган ҳолда, жамоатчиликка қуйидаги мавзу ва йўриқлар билан мурожаат қиламиз:

1. Жаҳон харитасидаги кўплаб минтақаларни қамраб олган ва ҳарбий кучдан фойдаланилган ҳолдаги маҳаллий ва минтақавий можаролар, фуқаровий қарама-қаршиликларнинг кўп эканлиги, можароларнинг ўзаро зўравонлик даражасига енгиллик билан ўтиб кетиши ва ўша зўравонликни амалга оширишдаги ваҳшийлик хавотир келтириб чиқармоқда ҳамда ҳозирги замоннинг энг муҳим таҳдидларидан бири ва, умуман, инсониятга таҳдид сифатида баҳоланмоқда.
2. Жаҳонда кузатилаётган ва бутун дунёда фалокатли оқибатларга олиб келувчи кескинликлар, хоҳ диний фанатизм, хоҳ тажовузкор ультралиберализм, миллатчилик ёки дин ниқобидаги тажовузкорлик бўлсин, инсонлар жамиятида рўй бераётган нисбатан чуқур ва фундаментал жараёнларга мазмунан ҳамоҳангдир.
3. Ўта жиддий муаммолардан бири, ва у ортиб боради, инсон – индивид ва унинг шахсий маънавий қиёфаси ва тушунчаларининг шаклланишида, агар таъбир жоиз бўлса, ўзининг тутган ўрни, масъулияти муаммосидир. Цивилизация, бу сўзнинг ғарбча тушунчасида, замонавий инсонга моддий равнақнинг тайёр рецептларини ва ижтимоий фаровонликнинг алдамчи кўринишини беради, эвазига ундан унинг диний ва миллий муносиблигини, воқеъликни танқидий англашга бўлган қобилиятини олиб қўяди. Замонавий цивилизация инсондан олиб қўяётган асосий нарса – бу унинг нима учун яратилганидир, яъни оламлар Парвардигори томонидан тақдим этилган ва бутун инсоният манфаати учун Яратганнинг қонунларини бажаришда ўз ифодасини топган вазифадир. Эвазига инсониятга маиший қулайликлар, индивидуал ижтимоий фаровонлик, маънавий танлов масъулиятидан озод бўлиш таклиф этилади.
4. Диний ва ижтимоий одоб-аҳлоқ нормалари, маънавий характердаги чекловлар, минтақавий ёки маҳаллий ўзига хослик юклатилмаган глобал инсониятни, универсал “дунё одами”ни яратишга бўлган уриниш нафақат барбод бўлди, балки Яқин Шарқда “Ислом давлати” ва Ғарбда Андерс Брейвик феномени каби оғир ижтимоий девиацияларга ҳам олиб келди.
5. Ҳозирги замоннинг асосий фалсафий муаммоларидан бири сифатида миллий, маданий, диний ўзига хослик ва анъанавий ижтимоий институтларни сақлаб қолиш йўлларини ахтаришни ҳисоблаш мумкин, бунда изоляционизм ва “эгаллаб олинган қалъа” хаёлининг мантиғига берилиб кетмаслик лозим.
6. Биз аминмизки, ўз маданияти ва маънавий-руҳий қадриятлари қуршовидаги ҳаёт, у кимгадир қанчалик қолоқдек туюлмасин, ҳар бир инсоннинг ва, умуман, барча инсониятнинг табиий ва ажралмас ҳуқуқидир.
7. Фикрлар хилма-хиллиги, маданиятлар ва ёндашувларнинг турфа экани, жаҳоннинг сиёсий кўп қутбли экани Худонинг буюк ўйи ва инсон жамиятининг барқарор ва узвий ривожланиши омили сифатида кўрилмоғи керак.
8. Диний одоб-аҳлоқ, диний қадриятлар, маънавий-руҳий мотивация кўплаб ижтимоий, демографик, эгологик муаммоларни ечишнинг, ҳарбий ва фуқаровий можароларни хал қилишнинг калитига айланиши мумкин.
9. Мавжуд таҳдидларни енгишда диний-маънавий етакчиларнинг тутган ўрни ортиб боради, уларнинг вазифаси инсонга ўзининг жамият ва Яратувчи олдидаги вазифаларини бажарган тарзда, ҳаётни онгли равишда яшашга бўлган ажралмас ҳуқуқини қайтаришдан иборат бўлиши керак.
10. Замонавий диний етакчиларнинг ваъзлари тинчлик, адолат, яхшилик ва қайғуриш ваъзи бўлиши керак, у ҳозирги замоннинг энг мураккаб жараёнларига холис баҳо бериши ҳамда кенг жамоатчилик мулоқоти, яраштирув ва тотувлик ишига хизмат қилмоғи керак.

Москва шаҳри, 2014 йил 10 декабрь

Рус тилидан Абу Иброҳим таржимаси
(норасмий таржима)

Ҳужжатнинг асли: http://www.muslim.ru/articles/109/6231 (рус тилида)

back to top