Янги салбчилар Шом ва Ироқни озод қилиш учун сафарга отланмоқдалар
- Written by Administrator
Бугунги "Исломий давлат" сафига қўшилиш учун ўз уйларидан қочаётган мусулмон ёшларининг оқими кўпайиб бораётган бир вақтда шунга ўхшаш бошқа оқим ҳам кучайиб боряпти. Кўз ўнгимизда Шом ва Ироққа бориб ўзларининг эътиқодлари учун жанг қилмоқчи бўлган насронийлар оқими ҳам кўпайиши кузатилмоқда.
Булар турли хил одамлар, яъни қўлига қурол ушлаб кўрмаган талабалардан тортиб, жангларда суяги қотган ва бой тажрибага эга ветеранлардан иборат. Баъзиларнинг Яқин Шарққа интилиши саргузашт ва ўзини жангда синаб кўриш билан изоҳланмоқда. Бундайлар, одатда бир марта бўлса ҳам ўқ отмасдан бир ҳафтанинг ичида ўз уйларига қайтадилар.
Мафкуралари, эътиқодлари учун чиққан кўнгилли аскарлар эса бошқа гап. Улар учун Шом ва Ироқдаги уруш — ёруғлик билан зулмат, тараққиёт билан қолоқлик, одамларни тириклайин қафасларда ёқиб юбораётган янги ваҳшийлар ўртасида бўладиган буюк урушдир. ИШИД — бутун олам тинчлигига раҳна солаётган барча ёвузликларнинг тимсолидир. Дунёнинг бундай тасаввурига ОАВлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Уларнинг аксари Яқин Шарқ насронийлари учун ИШИДга қарши курашга отланганлардир. Булар "Халқаро насронийлар — Озодлик ўғлонлари" (SOLI) ташкилоти тарафидан боришмоқда.
Бу ташкилотни бошқараётган кинорежиссёр ва собиқ ёлланма аскар Мэтью Ван Дайк олдинлари Либияда исёнчилар тарафида туриб жанг қилган.
Ван Дайк ўзининг қарашларини кўз-кўз қилишни истамайди, умуман олганда "насронийман" дейди холос. У ўз ташкилотига одам жамлашда насронийлик конфессиясига эътибор қилавермайди.
Ван Дайк ва унинг ёрдамчилари номзодларни Қўшма Штатлардан ҳам йиғадилар ва уларнинг сўзларига кўра юзта аризадан фақат бир фоизинигина танлаб олишар экан. Одатда улар тасодифий одамларни сафларига қабул қилишмайди.
Уларга катта тажрибага эга, юқори малакали ҳарбий тайёргаликдан ўтган зобитлар керак. Ван Дайкка гўшт бўладиган аскарлар керак эмас.
ИШИДга қарши курашаётган АҚШ ўз фуқаролари учун қаршилик ёки қандайдир тўсқинлик қилаётгани йўқ. Бироқ, Давлат Департаментининг катта маслаҳатчиси Майкл Лаваллига кўра: "АҚШ ҳукумати ИШИДга қарши курашиш ниятида Ироқ ва Шомга отланган америка фуқароларини қўллаб-қувватламайди ва уларнинг ҳаракатларини маъқулламайди".
Шундай бўлишига қарамай, Женнифер Псаки Давлат Департаментининг матбуот котиби бўлиб юрган чоғларида, "Қонун агар америка фуқаролари исташса, чет элларда жанг қилишига қарши эмас. Асосий нарса, уларнинг террористик гуруҳлар сафида иштирок этмаслигидир", деган эди.
Ғарблик насронийлар курдларнинг узоқ муддатдан бери курашиб келаётганларига қойил қолиб улар сафига бориб қўшилаётганлари ҳам бор гап. Суриялик курдлар сафига жангчиларни тайёрлаб беришда хизмат қилаётган асосий ресурслардан бири Фейсбукдаги "Рожава шерлари" деган саҳифадир. Айнан шу саҳифа орқали жуда кўп ғарблик ҳашарчилар курдлар билан керакли алоқаларни ўрнатишмоқда.

ОАВларининг ёзишича, Ван Дайк Ироқ ва Шомга отланган ғарблик кўнгилли жангариларга қараганда ҳақиқий салбчидир. Курдлар ва оссуриялик насронийлар ўзларининг тарихий ҳудудлари ҳақидагина ўйласалар Ван Дайкнинг режалари кенг миқёслидир.
Ироқ ва Шомда ИШИД тор-мор бўлганидан сўнг, у Либияга боришни режа қилган, сўнг эса, Нигерияга. Булардан сўнг, эҳтимол Покистон ва Филиппинга ҳам отланар. Чунки, ҳақиқий салбчи учун насронийларга тегишли бўлмаган барча жойлар жанг майдонидир.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади



