Ачинарли ҳолат

Ачинарли ҳолат

Ҳозирги кунимизда мусулмон оламида содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб, эшитиб, ўқиб, ўрганиб борар эканман, афсус-надомат чекиб, юрак-бағрим ўртанади. Бирин-кетин келаётган хабарлардан, мусулмон оламини ташвишга, ғам-ғуссага тўлдираётган мудхиш ҳодисалардан ҳасратга тўламан. Бир-биридан аянчлироқ, бир-биридан дахшатлироқ хабарлар эса тинимсиз, ҳар куни, ҳар соатда кетма-кет келаверади...

Покистон.
...Карачида жума масжидида содир этилган портлаш оқибатида фалон нафар одам ҳалок бўлди, бунчаси ярадор бўлди. Масжид биносига катта зарар етди...
Афғонистон.
...Мозори Шарифда бозорда амалга оширилган худкуш ҳужум оқибатида ҳукумат аскарларидан фалон киши ўлдирилди, яна бунчаси ярадор бўлди. Зарар кўрганларнинг кўпчилиги тинч аҳоли вакиллари...
Ироқ.
...Бағдодда миналаштирилган автоуловнинг портлаши натижасида тинч аҳолидан етмиш киши ҳалок бўлди. Уларнинг ичида аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилмоқда.
...Мусилда фалон мазҳаб мусулмонларининг масжидига қарши уюштирилган қуролли ҳужум натижасида намозхонлардан эллик тўрт киши ўлдирилди, юзга яқин одам ярадор бўлди.
...Басрада ҳукумат кучлари билан жангарилар орасида бўлиб ўтган шиддатли тўқнашув оқибатида икки тарафдан кўплаб кишилар ҳалок бўлди. Ярадор бўлганларнинг сони аниқланмоқда...
Сурия.
… Ҳалабда ҳукумат кучлари билан мухолифат аъзолари ўртасида бир ойдан буён тўқнашувлар давом этмоқда. Халқаро ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳалок бўлганларнинг сони фалончадан ортиқ...
...Дамашқда бўлиб ўтган тўқнашувлар оқибатида тинч аҳолидан кўплаб ҳалокатга учраганлар борлиги ташвиш билан таъкидланмоқда. Халқаро ташкилотларнинг вакиллари аҳолига қарши кимёвий қурол ишлатилгани гумон қилинаётганини таъкидламоқдалар...
...Кубони (Айнул-араб) шаҳрини талашиб урушаётган тарафлар орасидаги қақшатқич жанглар да¬вом этмоқда. Икки тарафдан ҳалок бўлганларнинг сони тобора кўпайиб бораётгани таъкидланмоқда. Шунингдек, халқаро ташкилот вакиллари тинч аҳоли ичидан ҳалок бўлган ва ярадор бўлганлар кўплигидан ташвишга тушмоқдалар. Ушбу тўқнашувлар сабабидан қочқинлар сони фалон мингдан ошган. Халқаро ташкилотлар уларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсалар етказиб бериш учун ҳаракат қилишмоқда...
Яман.
...Яманда бир неча йилдан буён ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб бораётган фалончилар бугун пойтахт Санъога бостириб кирдилар. Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар кўплиги хабар қилинмоқда...
Миср.
...Мисрнинг Сино яриморолида амалга оширилган қуролли ҳужум оқибатида ҳукумат аскарларидан ўттиз киши ўлдирилган. Ҳужум қилганлардан ҳам ҳалок бўлганлар бор...
Ливия.
...Ливиянинг пойтахти Тораблус (Триполи) шаҳрида қуролли гуруҳлар орасидаги шиддатли жанглар бир неча кундан буён тўхтовсиз давом этмоқда. Халқаро аэропорт бутунлай вайрон қилинди ва унга ўт қўйиб юборилди. Шаҳар яқинидаги нефть омборларидаги фалон минг тонналик идишга ракета теккани оқибатида катта ёнғин чиққан. Ёнғин бошқа кўп минг тонналик омборларга ҳам ўтиб кетиш хавфи бор. Шаҳар аҳолиси жон ҳолатда тум-тарақай бўлиб қочмоқда....
...Ливиянинг шарқидаги Бенгози шаҳрида қуролли жангари гуруҳлар орасидаги жанглар авжига чиққани хабар қилинмокда. Уларнинг ҳар бири ўз мавқеини яхшилаш учун ҳаракат қилмоқда. Тинч аҳоли ичида ҳалок бўлганлар, ярадорлар сони тобора кўпаймоқда. Шаҳарда озиқ-овқат тақчиллиги ортиб бормоқда. Тиббий ходимлар дори-дармон ва бошқа керакли ашёларнинг тугаб бораётгани ҳақида ташвишланмоқдалар...
Ливан.
...Ливаннинг Тораблус (Триполи) шаҳрида ҳам қуролли жангарилар билан ҳукумат аскарлари орасида давом этаётган жанглар оқибатида икки тарафдан ҳалок ва ярадор бўлганлар сони тобора ортиб бораётгани хабар қилинди...
Тунис.
...Тунисда хавфсизлик кучларининг куролли жанга- риларга қарши олиб борган ҳаракати оқибатида фалонча жангари йўқ қилинди. Хавфсизлик кучлари ичида ҳам йўқотишлар бор...
Сомали.
...Сомалида қирқ йилдан зиёд вақтдан буён давом этаётган уруш-жанжал давом этмоқда. Кеча бу юртнинг жангари гурухдаридан бирининг аъзолари Могадишо шаҳрида олиб борган қуролли хуруж натижасида бир қанча одам ҳалок бўлди, ярадорлар ҳам бор. Ҳужум уюштирганлар қочиб, кўздан ғойиб бўлдилар...
Юқорида айтиб ўтилган гапларни яна давом эттириш мумкин. Уларни давом эттириш билан ғам-андуҳ ҳам ортиб бораверади...
Ажабо! Одамларга нима бўлган?! Мусулмонларга нима бўлган?! Мусулмон мусулмонни аёвсиз ўлдирмоқда! Мусулмон мусулмонни таламоқда! Мусулмон мусулмон юртларни вайрон қилмоқда! Мусулмон мусулмоннинг масжидини портлатмоқда! Мусулмон мусулмоннинг юртини вайрон қилмоқда! Мусулмон мусулмоннинг....
Ҳасрат ва надомат ила ўйга толаман... Нималар бўляпти ўзи? Бу ишларнинг сабаби нима? Авваллари ҳам шундай бўлганми? Бу аянчли ҳолатнинг ниҳояси бормикан? Нима қилмоқ керак?...

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
"Очиқ хат" китобидан

back to top