Навбат – Қуръон марказига!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотлар бўлсин!

Бугунги кунда юртимизда жуда катта ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда, халқимиз ўз келажаги учун чин маънода пойдевор қўймоқда. Хусусан, диний соҳада, исломий илмлар борасида олиб борилаётган ислоҳотлар улкан аҳамиятга эга тарихий жараёндир. Айниқса, айни кунларда юртимизда зиёси ўлкамиз бўйлаб таралган Қуръон мусобақаси тарихимизда мисли кузатилмаган ажойиб ҳодиса бўлди десак, хато қилмаган бўламиз.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра юртимизда ҳадис, фиқҳ, тасаввуф, ақийда ва калом илмий марказлари очилиб, уларнинг ҳар бирига ўша соҳада улкан хизмат қилган буюк аждодларимизнинг номлари берилди. Дарҳақиқат, ул зотлар ўз соҳаларида бутун дунёга устозлик қилганлар, инсоният тамаддуни тараққиётида муҳим бурилиш ясаганлар. Мазкур марказларни очишдан мақсад – халқимизни буюк аждодларнинг маънавий меросидан баҳраманд этиш ва бугунги авлодни уларга муносиб тарзда тарбиялашдир.
Эндиликда ушбу марказлар сафига яна бир илм масканининг қўшилиши айни муддао бўлур эди. Зеро, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф, ақийда, калом ва бошқа исломий илмларнинг барчасига пойдевор бўлган, яна бир илоҳий илм манбаи борки, бу – Аллоҳ таолонинг муборак Каломи Қуръони Каримдир. Шу боис, юртимизда мазкур марказларнинг барчасининг тамал тоши бўладиган Қуръони Карим марказини ҳам очиш мақсадга мувофиқдир.
Эътибор берилса, мазкур йўналишларда фаолият кўрсатадиган илмий марказлар очилди-ю, бироқ, ўша исломий илмларнинг барчасига асос бўлган, динимизнинг бош манбаи бўлмиш муқаддас Қуръони Каримга оид илмий марказ ҳали очилганича йўқ.
Тўғри, бу соҳада дастлабки катта қадам қўйилди: илк бор республика миқёсида Қуръон мусобақаси ташкил қилинди. Бу хайрли тадбир ҳам бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилгани учун жуда кенг кўламда, ниҳоятда кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Очиғини айтиш керак, Қуръон мусобақаси ҳеч бир илмий марказ бера олмаган жуда улкан натижани тақдим этди. Аллоҳ насиб қилса, Қуръон илмига доир илмий марказлар ҳам очилар. Аммо бу йилги Қуръон мусобақаси халқни, хусусан, ёш авлодни Қуръонга боғлашда ҳар қандай илмий марказни ортда қолдирди десак, муболағаси йўқ. Мамлакатимизда Қуръони Каримга юксак эътибор берилар экан, ушбу соҳада ҳам илмий марказлар очиш фикри ўртага ташланар экан, ҳар бир ватандошимизда бу борада аждодларимиз қанчалар юксак марраларни эгаллагани хусусида қизиқиш пайдо бўлиши табиий.
Айтиш жоизки, ҳадис, фиқҳ, ақийда, тафсир илмлари хусусида сўз кетса, биринчилардан бўлиб тилга олинадиган буюк алломаларимиз эсга олинганда, беихтиёр «Бизнинг заминдан ҳам Қуръон қироати борасида шу каби алломалар етишиб чиққанмикин ёки ажам бўлганимиз учун бу борада оқсаб қолинганмикин?» деган фикр хаёлимни ҳамиша банд қилар эди. Шу каби мулоҳазалар билан шонли тарихимиз зарварақларига қисқача нигоҳ ташладим. Буни қарангки, бир пайтлар заминимиздан Қуръон қироатлари борасида ҳам улуғ олимлар етишиб чиққан экан. Бироқ негадир уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасида ҳозиргача жиддий илмий тадқиқот қилинмаган. Бизнингча, бунга ҳалигача ушбу соҳага доир бирорта махсус илмий муассаса йўқлиги, шунингдек, ушбу жабҳада хизмат қилган олимларимизнинг ҳаётини ўрганишга қунт қилинмагани ҳам сабаб бўлса керак. Шу эътибордан, бугун турли илмлар борасида дунёга донг таратган аждодларимизнинг меросини ўрганиб, уларнинг тарихини тиклаш баробарида Қуръони Карим илмида пешқадам бўлган аждодлар хотирасини ҳам қайта жонлантириш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Қуръон барча исломий билимларнинг, исломий тамаддуннинг тамал тоши ва айни пайтда энг юксак чўққисидир. Шу боис, Қуръонга хизмат қилиб, шу жабҳада дунёга танилган аждодларимизнинг ҳаётини ўрганиш, уларнинг илмий меросини элга тақдим қилиш учун ҳам ушбу соҳада, яъни Қуръон илмларига бағишланган илмий марказ очишни мақсадга мувофиқ деб биламиз.

Айтиш жоизки, Қуръон илмлари соҳасида етишиб чиққан олимларимиз бошқа соҳалардагичалик кўп ва машҳур эмас. Лекин шунга қарамай, уларнинг дунёга татигулик даражада улуғворликлари бор. Фақат биз бу ҳақдаги маълумотлардан жуда ҳам олислаб кетганмиз, холос. Шу боис, Қуръонга хизмат қилиб ўтган буюк ватандошларимизнинг ҳаётини, уларнинг динимиз равнақига қўшган ҳиссаларини, юртимизда Қуръон илмлари борасида эришилган ютуқлар ўрганиш учун халқаро андозаларга мувофиқ келадиган Қуръони Карим марказини ташкил қилиш айни муддао бўлади, иншааллоҳ.
Мазкур фикрлардан келиб чиқиб, хулоса сифатида қуйидаги таклифни ўртага ташламоқчиман:
Ҳадис, фиқҳ, ақийда, тасаввуф илмида пешқадам бўлган олимларимизнинг бой меросини ўрганишга мўлжалланган илмий марказлар очилар экан, Қуръон илмига оид марказ ҳам очиш мақсадга мувофиқдир.
Мазкур илмий марказларнинг кўпчилиги бугунги Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида, воҳа томонда жойлашган. Фарғона водийсида эса биргина Бурҳониддин Марғиноний номидаги фиқҳ маркази иш бошлади. Ушбу омилни ҳам ҳисобга олган ҳолда, сўнгги асрларда Қуръон таълими борасида тутган мавқеи ва бугунги кундаги кадрлар захирасини инобатга олиб, мазкур Қуръон илмлари маркази Андижон шаҳрида очилса, айни муддао бўлар эди.
Аллоҳ таоло юртимизни янада обод айласин, эл-юртимизга Қуръони Карим баракотини мўл қилсин, мамлакатимизни турли бало-офатлардан асрасин! Қуръони Каримга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда этсин! Келажак авлодларимиздан илмнинг турли соҳаларида дунёга устоз бўладиган буюк алломалар яна кўплаб чиқишини насиб айласин! Бу борада халқимизга бош бўлиб турган муҳтарам юртбошимиз ҳамда барча раҳбарларимизни Ҳақ таоло Ўзи қўллаб-қувватласин, паноҳида асрасин ва ҳамиша музаффар айласин! Омин!

 


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Манба: Quran.uz

back to top