«Ислом – тинчлик ва бунёдкорлик дини»

«Ислом – тинчлик ва бунёдкорлик дини»

2013 йилнинг 25-26 май кунлари Чеченистон пойтахти Грозный шаҳрида «Ислом – тинчлик ва бунёдкорлик дини» деб номланган V Халқаро тинчликпарвар форум бўлиб ўтди. Чеченистон Республикасининг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган мазкур форум ЧР ҳукумат биносида бўлиб ўтди. Форумда ўттиздан ортиқ яқин ва узоқ хориж мамлакатларидан, жумладан, Урдун, Лубнон, Ливан, Англия, Сурия, Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Украина, Беларусь, Абхазия, Испания, Бельгия, Саудия Арабистони, Кувайт ва бошқа давлатлардан, Россия Федерацияси субъектларидан ташриф буюрган йирик уламолар, дин арбоблари, расмий шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Форумда Ўзбекистондан Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодировнинг устози, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари иштирок этдилар.

Бу йил бешинчи бор ўтказилаётган мазкур Тинчликпарвар Форум ўз олдига Россия ва бутун дунё мусулмонларининг диний-сиёсий экстремизм ва терроризмга қарши курашдаги ҳатти-ҳаракатларини фаоллаштириш, шунингдек, давлат ҳукумат органлари ва ижтимоий ташкилотларни кўпмиллатли Россия халқлари ўртасида кенгбағирлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб боришда қўллаб-қувватлаш каби эзгу мақсадларни қўйган.
Форумнинг бу йилги анжумани учун «Замонавий дунё шароитида дин ва ҳукумат» деган мавзу танланган бўлиб, унда икки асосий йўналиш – «Замонавий жамиятни шакллантиришда дин ва ҳукуматнинг роли» ҳамда «Оммавий ахборот воситаларида диний саводсизлик» масалалари муҳокама қилинди.
25 май, шанба куни «Грозный» аэропортида форум иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Аэропортда меҳмонларни ЧР Парламенти раиси Д.Абдураҳмонов, ижтимоий ва иқтисодий хавфсизлик котибии И.Черхигов, миллий сиёсат, матбуот ва ахборот вазири М.Тагиев, ЧР муфтийси С.Мирзаев, ЧР раҳбари ва ҳукумати маъмурияти ҳузуридаги Диний ва ижтимоий ташкилотлари билан муносабатлар департаментининг директори Б.Тевсиев ва бошқа расмий шахслар кутиб олдилар.
Тинчликпарвар форум иштирокчилари аэропортдан меҳмонхонага етказилди. Байрамона зиёфат ва намоздан сўнг меҳмонлар ва мезбонлар  Чеченистон Республикасининг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодировнинг қабрини зиёрат қилдилар. Қуръон тиловати ва хайрли дуолардан сўнг меҳмонлар Центаройдаги Қуръон ҳофизлари мактабига ташриф буюришди.
26 май куни Чеченистон Республикасининг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган «Ислом – тинчлик ва бунёдкорлик дини» бешинчи Халқаро тинчликпарвар форум ўз ишини бошлади. Йиғилишни Шимолий Кавказ ва Чеченистон Республикаси уламолар кенгаши раиси Хўжа Аҳмад Қодиров очиб берди. 
«Сиз азизлар бугун юртимизга ташриф буюриб, Россия Федерацияси таркибига кирувчи Чеченистон Республикаси исломий тараққиёт йўлида, келажак авлодни ватанпарварлик ва соф иймон-эътиқод руҳида тарбиялаш йўлида мустаҳкам оёққа турганини бутун дунёга кўрсатмоқдасиз ва тасдиқламоқдасиз», деди Х.Қодиров.
«Республикамиз вайроналардан қайта тикланди. Эндиликда республика уруш асоратларисиз яшамоқда ва ривожланмоқда, деб баралла айта оламиз. Биз эришилган ютуқларда тўхталиб қолмасликка қатъий аҳд қилганмиз, акс ҳолда эришганимиздан маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин. Шунинг учун келажакка ишонч ва умид билан қарамоқдамиз», деб сўзида давом этди у.
Нотиқнинг айтишича, минтақада эришилган муваффақиятларга тинимсиз меҳнатларимиз туфайли эришилди. Бу ҳол хусусан ЧР раҳбари Рамазон Аҳмадович қодировга тааллуқлидир. Шунингдек, Х.Қодиров бутун дунё халқларининг ирқий ва диний тафовутлардан қатъи назар яқинлашуви, бирлашувининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтди, деб хабар қилади Чеченистон раҳбари ва ҳукуматининг матбуот хизмати.
«Умид қиламанки, бугунги форум диний эътиқоди, ранги ва ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, дунё халқларининг иноқлашуви йўлида қўйилган яна бир қадам бўлади. Ҳаммамиз ҳам Аллоҳнинг бандаларимиз, ҳаммамизга ҳам Унинг Ўзи ризқ беради, ҳифзу ҳимоясида асрайди. У Зот барчамизни яхши кўради ва барчамизни ҳидоятга чорлайди», таъкидлади Х.Қодиров.
Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров форум иштирокчиларини қутлар экан, ушбу анжуман бугунги дунёда дин ва ҳукумат тинчликни мустаҳкамлаш ва тараққиёт йўлида ҳамкор бўлишлари мумкинлигини кўрсатиб бериши лозимлигини таъкидлади.
Чеченистон Республикасининг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров хотирасига бағишланган «Ислом – тинчлик ва бунёдкорлик дини» V Халқаро тинчликпарвар форуми қатнашчилари бир овоздан форум резолюциясини қабул қилдилар. Мазкур резолюцияда давлат ва диний ташкилотларнинг келгусида ҳамкорликни давом эттириши лозимлиги ўз ифодасини топган.
27 май куни Форум ўз ишини якунлади. Анжуман мезбонлари форум иштирокчиларини аэропортдан кузатиб қўйдилар.

Чеченистон раҳбари ва ҳукуматининг матбуот хизмати

back to top