Олий маъҳадда битирув тантаналари
- Written by Administrator
Ёз фазлининг ўзига хос хусусиятларидан бири таълим муассасаларида ўқув йилининг якунланишидир. Юртимиздаги барча ўқув юртларида таҳсилни тамомлаган йигит-қизларнинг битирув маросимлари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай тадбир кеча Имом Бухорий номли Тошкент олий ислом маъҳадида ҳам бўлиб ўтди. Тошкент ислом институтини 2013 йилда якунлаётган битирувчиларининг хатмона–битирув тантанасига маъҳад раҳбариятининг таклифига биноан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ташриф буюрдилар. Маъҳад раҳбарияти хатмона маросимига ҳозир бўлган маъҳад мударрислари, талаба йигит-қизлар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда бошқа меҳмонларни ўқув йилининг якунига етгани муносабати билан муборакбод этиб, битирувчиларга хайрли тилаклар билдирди. Шундан сўнг таҳсилда юқори кўрсаткичларга эришган, институтнинг жамоат ишларида фаол иштирок этган талабаларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Байрамона зиёфатдан сўнг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари барча битирувчиларни самимий қутлаб, уларнинг илмига, Ислом динининг ривожи йўлидаги, халқимизнинг диний савиясини ошириш, маърифатини юксалтириш йўлидаги хизматларига баракотлар тиладилар, устозлари, ота-оналарининг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Шундан сўнг шайх ҳазратлари маъҳадни битирган толиба қизлар даврасига ҳам ташриф буюриб, уларга ҳам ваъз-насиҳат қилдилар, келажак авлодни динимизнинг муқаддас қадриятлари руҳида тарбиялашдек масъулиятли вазифани шараф билан адо этишларини тилаб, хайрли дуолар қилдилар.
Ислом.Уз портали барча битирувчиларни муборакбод этиб, уларга келгусида барча мухлислар номидан энг эзгу ниятларни тилаб қолади.



