Муҳташам 10 йил

Муҳташам 10 йил

Порталимизнинг муҳтарам мухлислари!

Барчаларингизни мана ўн йилдирки туну кун хизматингизда бўлиб келаётган севимли манба - Ислом.уз порталининг 10 йиллиги билан табрик этишга рухсат бергайсиз. Ўн йил – электрон ахборот ресурслари учун катта муддатдир. Шу муддат давомида халқимизга, мўмин мусулмонларга хизмат қилиб, маълум даражага эришишдек неъматни шукр қилишга, қувониб, бир-бирини табриклашга арзигулик ходиса десак, хато қилмаган бўламиз.

Ислом.уз порталининг 10 ёшга тўлиши ўтган ўн йиллик тарихни устида тафаккур қилиш, босиб ўтилган йўлга назар ташлаб, эришилган ютуқларга шукр айтиш, нуқсонларни бартараф этиб, хатоларни тўғрилаш, натижаларни янада яхшилаш учун, ўзаро фикр алмашиш учун яхши омилдир. 
Порталимизнинг 10 йиллигини нишонлаш бўйича ташкил қилинган ҳайъат камина ходимингиздан ушбу байрам муносабати билан фикр-мулоҳазаларимни билдиришни илтимос қилди. Аллоҳ таолони Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда, ушбу масъулиятли вазифани ўзимга шараф деб биламан. 
Порталимизнинг тамал тоши қўйилган йилларда интернет энди оммалашаётган эди, ўзбек тилидаги саҳифалар ниҳоятда кам эди. Ислом динининг таълимотларини оммалаштиришга қаратилган диний-маърифий сайтлар эса эса деярли йўқ эди. Араб диёрларида ҳам, бошқа мусулмон ўлкаларда ҳам бу нарса диний доираларга эндигина кириб келаётган пайт эди. 
Ахборот технологияларининг фавқулодда кенг имкониятларини кўриб, Исмоилжон билан бирга она тилимизда динимизнинг таълимотларини ўргатадиган веб-саҳифа очиш фикри туғилди. Шу соҳанинг мутахассисларидан веб-саҳифа очишнинг техник талаблари, уни рўйхатдан ўтказиш  ва юритишнинг шартлари, тартиб қоидаларини ўргана бошладик. Порталимизнинг мудири Абу Муслим билан ўша пайтда, 2003 йил август ойининг охири, сентябрь ойининг бошларида танишганмиз. 
Маслаҳатлар, савоб-жавоблардан сўнг юртдошларимиз ва ўзбек тилида сўзлашувчи барча мўмин-мусулмонларга хизмат қиладиган, улар учун динимизга оид керакли маълумотларни бериб турадиган сайт очишга қарор қилдик. Абу Муслим сайтни ўзи тайёрлади, унинг дизайнини ишлаб чиқди, маълумотларни жойлаштирди, тегишли рукнлар очиб, ўша пайтга келиб чоп этилган ва ёзилаётган китобларимиздан мақолалар олиб, қўя бошлади. 
Дастлаб бепул хостингларга жойлаштирилган сайтимиз 2004 йил 11 август куни UZ миллий доменида islam.uz номи билан рўйхатдан ўтказилди. Шу йилнинг 20 декабрида унинг номи ўзбек имлосида islom.uz деб ўзгартирилди.
Сайтимиз тез кунда ўз мухлисларига эга бўла бошлади. Унга ташриф буюрувчилар сони кундан-кунга кўпайиб борди. Албатта, сайтимиз ишга тушган дастлабки пайтларда унинг ишлаш тезлиги ва кўриниши анчагина содда бўлган, ҳозирги ҳолатидан анчагина фарқ қилган, бошланғич даражада бўлган. 
Ислом.уз сайтига бу соҳада амалга оширилган қатор ишларда пешқадам бўлиш насиб қилди. Жумладан, сайтимиз ўзбек тилидаги сайтлар орасида ҳам, диний веб-ресурслар орасида ҳам биринчилардан бўлди, кўпгина интернет-технологияларни биринчи бор қўллаб, амалиётга жорий қилди.
Эсимда, дастлабки пайтда веб-саҳифаларда кирилл алифбосидаги «ў», «қ», «ғ» ва «ҳ» ҳарфларидан фойдаланишнинг имконияти йўқ эди. Ноилож, бу ҳарфларнинг ўрнига уларга ўхшаш харфлар ёзилаверар эди. Абу Муслим ўз ҳамкасабалари билан бу масала устида бош қотириб, юникод тизимидаги шрифтлар ёрдамида ечим топишга эришди. Шу тариқа сайтимиз бу борада ҳам биринчилардан бўлди. Биринчи бўлишнинг ўзига яраша қийинчилик, машаққатлари, муаммолари ва масъулияти бўлади. Биринчи бўлганлар доимо изланишда, ижодда бўлади, шу йўл билангина тажриба тўплаб, муваффақиятларга эришади.
Сайтимизда дастлаб китобларимиздан, мақолаларимиздан олинган иқтибослар, кейинчалик эса саволларга берилган жавоблар бериб борилган бўлса, кейинчалик доимий рукнлар шаклланди, янгиликлар, савол-жавоб хизматлари йўлга қўйилди. Сайтнинг қиёфаси ҳам, мазмуни ҳам замон билан ҳамнафас равишда ўзгариб, бойиб борди. Аста-секин сайтга ташриф буюрувчиларнинг истак-хоҳишлари, савол ва илтимослари, фикр-мулоҳазаларига биноан динимизнинг арконлари, кундалик ҳаётда учраб турган масалалар ҳамда бошқа турли мавзулардаги мақолалар ёзишни ҳам йўлга қуйдик.
Сайтимизнинг кўлами ва қамровининг кенгайиши ҳамда унга ташриф буюрувчилар сонининг тезда кўпайиши аввало Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидир. Қолаверса, шиоримиз аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб, унга амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш ҳамда диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотишдан иборат экани сайтимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, халқимизга кўп манфаатлар келтиришида муҳим омил бўлди. Ана шу сабабга кўра сайтимиз мухлисларнинг ишончини қозонди, уларнинг ўз дини, эътиқодини ўрганадиган виртуал мактабига айланди.
Сайтимиз кенгайиб, унга ташриф буюрувчилар сони кўпайиб кетди. Дастлабки пайтларда сиз азизлардан келган саволлар бир неча кун давомида тўпланар, кейин бизга юборилар эди. Шундан сўнг биз жавобларни Абу Муслимга борар эдик, у эса ҳар бир жавобни сайт саҳифасига жойлар эди. Ўша пайтдаги интернет алоқасининг тезлиги, сифати ва техник имкониятлари эътиборга олинса, бу жуда машаққатли иш эди. Аллоҳ хайрини берсин, Абу Муслим бу ишни сабр-тоқат билан бажариб келди. 
Сўнгги пайтларга келиб, саволларга ҳар куни, мунтазам равишда тезкор жавоб бериладиган ҳолат юзага келди. Истиқболда саволларнинг янада ортиши кутилаётгани муносабати билан савол-жавоблар бўлими алоҳида, мустақил хизмат сифатида ишга туширилди. 
Ислом.уз сайти интернет оламида урф бўлаётган жараёнларга ҳозиржавоблик билан мослашиб келди. Жумладан, интернетга уланиш имкониятлари кенгайиб боргач, форумлар оммалашиб кетди. Ҳаётнинг турли жабҳаларига бағишланган кўплаб форумлар очилди. Абу Муслим ҳам сайтимиз қошида форум очди. Дастлаб форумга аъзо бўлган баъзи кишиларнинг саводсизлиги, беодоблиги, айниқса, диний масалалар борасида ўзбошимчалик, тарафкашлик ва тафриқачилик ҳолатларини кўриб, кўнглимиз хушламай, унга қарши турдик. Абу Муслим одоб юзасидан раддиямизни маъқулласа ҳам, бу керакли, манфаатли нарса деб, форумни ёпмади. Мана, алҳамдуллилаҳ, ҳозир форумнинг 20 000 га яқин азоси бор, турли бузғунчи фикрли, ғараз ниятли кимсалар эса ўз-ўзидан четга чиқиб қолдилар. Сайтимиз эса эзгу ният, хайрли мақсад йўлида ўз фаолиятини давом эттираверди. 
Сўнгги йилларга келиб, сайтимизнинг кўлами ғоятда кенгайиб кетди, унда Ислом арконлари, ақийда, фиқҳ, сийрат, оила ва жамият, фарзанд тарбияси, адабиёт, санъат каби кўплаб рукнлар очилиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзусига оид диний, таҳлилий ва илмий-оммабоп мақолалар билан тўлиб, мустақил веб-саҳифа даражасига етди. Ислом.уз сайти дунёнинг турли мамлакатларидан ҳар куни мунтазам равишда кириб турувчи минглаб мухлисларга эга бўлган улкан виртуал масканга айланди. Бу ҳол бир неча рукнларни мустақил веб-саҳифа сифатида ташкил қилишни тақозо этди. Дастлаб Қуръони Каримга оид сайт, сўнг миссионерликнинг моҳияти ва унинг оқибатларини очиб берувчи веб-саҳифа алоҳида иш бошлади.
Алҳамдулиллаҳ, кейинроқ опа-сингилларимиз, муслималаримиз учун мўлжалланган сайт ҳам очилди. Аввалига бу сайтни ҳам мудиримизнинг ўзи юритган бўлса, кейинчалик қизларимиз ҳам бу хайрли ишга қўшилиб, аста-секин саҳифани ўзлари юрита бошладилар, ўзларига хос безаклар билан зийнатладилар. Бу сайтимиз аёллар учун нафақат дин арконларини ўрганиш, балки рўзғор мактаби, бола тарбияси каби муҳим мавзулардаги мақолаларни ўқиб, ўрганиш, фикр алмашиш маскани бўлиб қолди.  
Бу орада Абу Муслим жуда катта фидокорлик кўрсатиб, ўз шогирдлари ва ҳамфикрлари билан ҳамкорликда адабиёт, тарих ва иқтисодиётга оид саҳифалар ташкил қилди. Шунингдек, арабик.уз, тиб.ислом.уз, с-порт.уз каби араб тили, тиббиёт, спорт ва шу каби соҳаларга оид сайтлар очилди. Айни пайтда ислом.уз сайтининг ажралмас қисми бўлган ҳадис.ислом.уз, фиқҳ.уз, сийрат.уз каби веб-саҳифалар ишга туширилди. Шу тариқа ислом.уз тармоқланиб, 20 дан ортиқ сайтдан ташкил топган муҳташам порталга айланди. Албатта, бундай муваффақиятларга эришишимизда сиз азизларнинг, кенг жамоатчиликнинг хизматингиз беқиёс бўлди.
Минглаб мухлисларимиз орасидан кўпгина азизларимиз хайрли ташаббус кўрсатиб, ўзлари мутахассис бўлган соҳалар бўйича порталнинг хизматига камарбаста бўлдилар. Уларнинг барчаси ишдан бўш пайтларида ихлос билан, савоб умидида сайтларга техник хизмат кўрсатиш, мақола ёзиш, янгиликлар тўплаш каби қатор хизматлар кўрсатиб келмоқдалар. Шу тариқа ислом.уз портали диёнатли халқимизнинг илмий-маърифий мулки, умумхалқ портали бўлиб қолди. Портал таркибидаги ҳар бир сайт ўз йўналиши бўйича мутахассисларни, илм аҳлини, толиби илмларни бирлаштириб, ўзига хос илм манбаига айланиб бормоқда. Масалан, бугунги кунда фиқҳ.уз сайти фиқҳ илмига оид, сийрат.уз сайти  ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассаламнинг сийратларига оид энг муҳим манбаларимиздан хисобланади. Сийрат.уз сайти Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан душманлар томонидан турли туҳматлар уюштириб турилган ҳозирги кунда у зоти бобаракотнинг пок сийратларни эл-юртга, халққа етказиш ниятида ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда нафақат сийрат илми, балки динимиз тарихини ўрганувчилар учун саҳиҳ илмий-маърифий маълумотлар манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Айтиш жоизки, бу борада она тилимизда фаолият кўрсатаётган интернет ресурсларни топиш қийиндир.
Қуръон.уз сайти ҳақида ҳам ана шунда фикрлар айтиш мумкин. Бу сайт ушбу илоҳий китобни танитиш, унинг хислатларини ўргатиш, Қуръони Каримнинг тафсиридан бохабар этиш, унинг тарихидан, қироатидан таълим беришдек шарафли вазифани адо этиб келмоқда, алҳамдулиллаҳ. Менинг илтимосимга кўра ушбу сайт ходимлари умрини Қуръон хизматига бағишлаган машҳур қориларимизнинг ҳаёт йўллари ҳақида маълумот тўплаб, уларнинг хизматларини халққа танитдилар. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан  давом этиб келаётган бу муборак Қуръон силсиласи давомчиларининг хизматларини эътироф этиш  бу каби ғоятда савобли ишдир. 
Ислом.уз портали бугунги кунда ўзбекзабон интернет сарҳадларида фаолият кўрсатаётган кўплаб сайтлар учун ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ҳам адо этди. Маълумки, сайтимиз анча пайтгача ўзбек тилида фаолият кўрсатаётган ягона диний-маърифий сайт бўлиб келди. Кейинроқ бу ташаббусимиз республикамиз ҳукумати томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб, диний идорамиз раҳбариятининг илтимоси билан Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маъҳадининг сайтларини очишга бевосита ёрдам кўрсатилди. Сафимизга янги ҳамкор сайтлар келиб қўшилганидан беҳад хурсанд бўлдик, чунки ақийдада аҳли сунна вал жамоа мазҳабига, фиқҳда ҳанафий мазҳабига эргашган бизнинг диёр мусулмонлари учун динимиз таълимотларини ўрганишда мазкур сайтларга кириб, у ердаги маълумотлардан фойдаланиш имкони янада кенгайди. Бу жуда муҳим қадам бўлди, зеро сўнгги пайтларда турли адашган, ғараз ниятли оқимлар ҳам кўплаб сайтлар ташкил қилиб, интернетни мафкуравий кураш майдонига айланиб бормоқда. 
Кейинроқ масжидларимиз ҳам ўз сайтларини очиш ташаббуси билан чиқди. Биринчилардан бўлиб пойтахтимизнинг Камолон даҳасида жойлашган Хўжа Аламбардор жомеъ масжидининг камолон.уз, меҳроб.уз сайтлари, сўнгра Новза жомеъ масжидининг навза.уз  сайти ҳам Абу Муслим раҳбарлигидаги ходимларимизнинг бевосита ёрдамида ташкил қилиниб, фаолият кўрсата бошлади. Шу ўринда ушбу сайтларнинг мутасаддилари томонидан кўрсатилган жонбозликни алоҳида эътироф қилиб ўтиш жоиздир.
Порталимиз ўз номига муносиб равишда қатор савоб ишларда, ўзаро ижтимоий ёрдам ва хайрия ишларида ҳам баҳолиқудрат иштирок этиб келмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган йили Ўшда бўлиб ўтган аянчли воқеалар пайтида кўплаб юртдошларимиз қочқин бўлиб келиб, ватанимизда жон сақлади. Республикамиз ҳукумати бу воқеага катта эътибор берди, ўзбек халқи ватандошларимизга ёрдамга отланди. Ана шундай кунларда порталимиз жамоаси ҳамда минглаб мухлисларимиз катта ҳиммат кўрсатишди. Тезда мурожаат ёзиб, порталга жойлаштирилди. Қисқа муддат ичида мусибатзада ватандошларимизга беғараз ёрдам кўрсатиш учун катта хайрия карвони тузилиб, ҳақдорларга, ёрдамга муҳтож дин қардошларимизга етазиб берилди. 
Алҳамдулиллаҳ, порталимиз кенг кўламли илмий-маърифий фаолият олиб бормоқда. Ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп бўлса-да, эришилган муваффақиятларимиз ҳам оз эмас. Айниқса, Аллоҳ субҳаҳу ва таолонинг ажру мукофотига эришиш ниятида, савоб умидида бу хайрли ишда иштирок этувчилар, холис хизмат қилувчи ҳам кўпайиб боряпти. Мана, бу йилги муборак Рамазон ойида ҳар куни «Рамазон туҳфалари» туркум суҳбатлари ўтказилди. Бир ой давомида ҳар куни пойтахтимиз ва вилоятларимизнинг жомеъ масжидларида бўлиб ўтган таровеҳ намозларида, хатми Қуръон асносида уюштирилган маърузалар фото ва видеотасвирга олиниб, порталимиз орқали бутун дунёга намойиш этилди. Кундузлари рўза тутиб, ифтордан кейин бориб, маъруза бўладиган масжидга асбоб-ускуна, жиҳозларни ўрнатиб, таровеҳ намозини, илмий маърузаларни суратга олиш, сўнг олинган материалларга ишлов бериб, фотожамланма ва видеолавҳаларни тайёрлаб, саҳарликкача сайтга қўйиб улгуриш, ҳар кунги маърузани ҳар куни жойлаштириб бориш осон эмас, албатта. Мана шу қийин, аммо шарафли хизматни ижодий гуруҳимиз аъзолари савоб умидида, хайр-барака умидида адо этдилар. Юртдошларимиз ҳам, дунёнинг турли чеккаларида истиқомат қилиб турган ватаношларимиз ҳам бу хизматдан ғоятда хурсанд бўлдилар, уларнинг фидокорлигига тасанно айтиб, бутун портал жамоасига ташаккур изҳор этдилар, «Бу шукуҳли манзараларни кўриб, Ватанга бўлган соғинчимиз янада  зиёда бўлди, қайтиб бориб, биз ҳам ўша ерда таровеҳларда, маърузаларда  иштирок этгимиз келди» деган дил сўзларни ҳам айтдилар.
Сиз азизларнинг хайрли дуоларингиз ижобати ўлароқ, Аллоҳ таоло Ислом.уз порталининг хизматларини юксак тақдирлади. Порталимиз ўнга яқин сайтлари республикамизда бир неча йиллардан буён ўтказиб келинаётган интернет фестивалида бир неча маротаба ғолиб бўлиб, энг юқори ўринларни эгаллади. Бу юксак эътироф севимли порталингизнинг савиясини, эл-юрт ичида қозонган обрўсини кўрсатувчи муҳим омилдир. Албатта, эришилган муваффақиятлар бизга янада катта масъулият юклайди. Сайтларимизнинг техник ва бадиий савиясини ошириш, унинг мазмун-моҳиятини бойитиш, камчиликларни бартараф этиш борасида, эл-юртга, халққа, ватанга янада кўпроқ хизмат қилиш, зиё таратиш борасида анча ишлар қилиниши керак. Бу борада сиз азизларнинг кўмак ва холис дуоларингиздан доимо умидвормиз, муқаддас динимизга хизматда бардавом қилишини сўраб Аллоҳ таолога тазарруълар қиламиз.
Яна бир бор барчангизни порталимизнинг 10 йиллик тўйи муносабати билан чин қалбдан муборакбод этамиз.
Барчангизни порталимизда бевосита иштирок этишга ва ундаги маълумотлардан бемалол фойдаланишга таклиф этамиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

back to top