Инсоният хизмати учун илмий исломий анжуман

Инсоният  хизмати  учун  илмий  исломий анжуман

19.01.2014  -22.01.2014  да  Жанубий Африка Жумҳуриятининг Юҳансбург шаҳрида  "Инсоният  хизмати  учун  илмий  исломий анжуман"нинг иккинчи халқаро йиғини бўлиб ўтди. Мазкур йиғинга Шайх  ҳазратлари ҳам  таклиф қилиндилар. 

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу таклифга  биноан  бу  анжуманда қатнашиб, нутқ сўзладилар ва саксондан ортиқ мамлакатлардан келган уламолар билан мулоқотда бўлдилар. Мазкур  анжуман  Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидаги, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳабларга  амал  қиладиган,  улкан  муҳаддисларнинг  ва руҳий тарбия устозларининг    йўлини  тутган  уламолар  ва  мўмин-мусулмонларни бирлаштириш  ва  турли  хуруж  ва  ҳужумларга  раддия  беришни  ният қилгандир.  Анжуманда дунё мусулмонларининг бугунги ҳолати, Аҳли сунна ва  жамоа  мазҳабидаги  мусулмонларга  ёрдам бериш масалалари муҳокама қилинди.  Бу  борада  ёзилган янги китоблар тарқатилди. Жанубий Африка Жумҳуриятидаги  мусулмонларнинг  турли  ташкилотлари  фаолияти  билан танишилди.

Анжуман  йиғини охирида Имом Муҳаммад Қосим Нанутавий номидаги халқаро Ислом мукофоти топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу йилги мукофот Имом Муҳаммад  Қосим  Нанутавийнинг  набиралари  улуғ  олим  Муҳаммад Солим Қосимий ҳазратларига берилди.
Анжуман  сўнгида  замонамизнинг  улуғ  муҳаддисларидан бўлган Муҳаммад Солим  Қосимий  ва Муҳаммад ибн Муҳаммад Аввома ҳазратлари ўзлари улуғ муҳаддислардан  олган  ижозатларни  анжуманда  қатнашган  уламоларга бердилар.  Бу  билан  ўтган  муҳаддисларнинг ишини давом эттириш йўлга қўйилди.  Анжуман  дунё  мусулмонлари  ва  инсониятга  хизмат  қилиш борасидаги режа бўйича ўз қарор ва тавсияларини қабул қилди.

Фазилатли  шайх  Муҳаммад  Содиқ  Муҳаммад  Юсуф  ҳазратлари  Аллоҳ таолонинг ҳифзи ва ҳимоясида ўтган куни ватанга қайтиб келдилар.

back to top