Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темир йўли ишга тушди
Куни кеча Қозоғистон-Туркманистон-Эрон халқаро темир йўли ишга туширилди. Янги линия мазкур учта давлат раҳбарларининг иштирокида фойдаланишга топширилди. Маросим Туркманистон-Эрон чегарасида бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, халқаро темир йўлни қуриш тўғрисидаги келишув 2007 йилда имзоланган ва қурилиш ишларига 2009 йилда киришилган эди.
Хабар қилинишича, янги темир излар “Шимол-Жануб” деб номланувчи лойиҳанинг узвий қисми бўлиб, унинг умумий узунлиги 925 километрни ташкил этади. Шундан 140 км – Қозоғистон ҳудудида, 700 км – Туркманистон ҳудудида ва 85 км – Эронда барпо этилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги темир йўл линиясида йилига 3-5 миллион метрик тонна юк ташилиши кутилмоқда. Кейинчалик ушбу кўрсаткични 10-12 миллион тоннага етказиш мақсад қилинган.
Лойиҳа Осиё Тараққиёт Банки ҳамда Ислом Тараққиёт Банкининг кўмаги билан амалга оширилган.



