Франция парламенти Фаластин давлатини тан олди
Ҳафта бошида Франция парламенти Фаластин давлатини тан олиш ҳақида қарор қабул қилди ва ҳукуматни ҳам шундай қарор чиқаришга чақирди. Парламент қарори 339 та овоз билан қўллаб-қувватланган, 151 та парламентарий қарорга қарши чиққан.
Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ийяд Маданий Франция парламентининг қарорини қутлаб, ушбу давлат ҳукумати ҳам шундай йўл тутишига умид билдирди.
ИҲТ Бош котибининг таъкидлашича, Франция парламентининг ушбу қадами халқаро ҳамжамиятнинг хоҳиш-иродасига ва халқаро ҳуқуқнинг қонуний резолюцияларига тўлиқ мос тушади.
Хабарларга кўра, Бельгия парламенти ҳам шу кунларда Фаластин давлатини тан олиш ҳақида қарор лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Бельгия парламентининг Фаластин давлатини тан олиши эҳтимоли юқори, чунки ушбу давлат ҳукумати Фаластинни “қулай фурсат бўлиши биланоқ” тан олиши ҳақида маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва унинг шерикларининг қаршиликлари, дипломатик босим ва қистовларига қарамай, Европада Фаластин давлатини тан олиш тенденцияси кузатилмоқда. Жумладан, шу йил 30 октябрь куни Швеция Фаластин давлатини тўлиқ тан олган эди.



