Москвада ўнинчи Халқаро мусулмон форуми бўлиб ўтади
Россия Федерацияси Мусулмонлар диний идорасининг маълум қилишича, шу йил 10-12 декабрь кунлари Москва шаҳрида ўнинчи Халқаро мусулмон форуми бўлиб ўтади. Бу галги тадбир “Диннинг вазифаси ва диндорларнинг замонавий чақириқлар олдидаги масъулияти” деб номланди. Форум ишида 20 дан ортиқ давлат вакилларининг иштироки кутилмоқда, шу жумладан қатор диний, жамоат ва илмий муассасалардан олим ва мутахассислар қатнашадилар. РФ Президентининг маъмурияти тадбирни ўтказишни қўллаб-қувватлаши айтилмоқда.
Форумнинг ялпи қисми учта сессиядан иборат бўлади: “Иброҳимий динларнинг маънавий-руҳий қадриятлари – тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш кафили сифатида”, “Евроосиё интеграцияси ва Ислом дунёси: мусулмонларнинг масъулияти ва салоҳияти”, “Жамиятнинг барқарор тараққиёти учун давлат ва диний уюшмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги”.
Форум 10 декабрь куни “The Ritz-Carlton Moscow” меҳмонхонасида очилади.



