Ўзбекистонда ўз танқидчисини таъқиб қилган мансабдор уч йилгача озодликдан маҳрум этилади
Ўзбекистонда давлат органларига қилган мурожаатида мансабдорни танқид қилгани учун жисмоний ёки юридик шахсни таъқиб этиш уч йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Бу ҳақда тегишли ўзгартиш, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан 11 декабрда имзоланган қонунга асосан, Жиноят кодексининг 144-моддасига киритилди. Қонун матни билан “Халқ сўзи” газетасида танишиш мумкин.
Унга кўра, “жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш” энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик эса энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошида Ўзбекистонда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун кучга кирган эди.



