Пайғамбаримиз (с. а. в.)га қандайдир карикатуралар зиён етказа олмайди
Ислом оламида ўз нуфузига эга бўлган Азҳар университети Франциядаги “Charlie Hebdo” журнали ва бошқа манбалар томонидан нашр этилган ва “карикатура” дея аталаётган нарсаларни қоралаб, барча мусулмонларни нафратга тўла бундай ўзбошимчаликка эътибор бермасликка чақирган. Университет томонидан таъкидланганидек, “Раҳмат Пайғамбари (с.а.в.)нинг шамоиллари шу қадар улуғ ва шу қадар юксакки, унга одоб-аҳлоқ ва одамийлик стандартларига зид бўлган қандайдир карикатуралар билан зарар етказиб бўлмайди”.
Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг Бош котиби Ийяд Маданий ҳам “Charlie Hebdo”нинг бадбахт қилиғини қатъий тарзда қоралаб, уни “қўпол тарздаги манманлик, жоҳиллик ва аҳмоқлик” деб номлаган. Маданий жанобларининг таъкидлашича: “Сўз эркинлиги нафрат сўзига айланмаслиги керак ва у бошқаларни ҳақорат қилмаслиги шарт. Ҳеч қайси бир ақлли инсон... унинг эътиқодини мазхара қилишларига рози бўлмайди”.
Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи француз журналини кескин танқид остига олиб, унинг қилаётган иши “нафрат, экстремизм ва тангликнинг янада кучайишига олиб келади”, деб таъкидлаган. Иттифоқ томонидан қайд этилганидек, “бундай чизмаларнинг эълон қилиниши “Ғарб Исломга қарши” деган фикрни яна бир бор тасдиқлайди... [Хўш,] ўша ҳужумни амалга оширган кимсалар Ислом ва мусулмонларни ифода этмайди, улар озчилик кимсалар, дейилар экан, нима учун жавоб ҳаракатлари ўша озчиликка эмас, балки бир ярим миллиард мусулмонлар тан оладиган Пайғамбар (с.а.в.)га қарши йўналтирилмоқда?!”.
Қувайт давлати парламентининг аъзоси бўлган Муборак Фаҳд Давийла “Ғарб – радикализм манбаси” номли мақоласида мазкур масала юзасидан мулоҳаза юритиб, шундай сўзларни таъкидлаб ўтган: “Ҳолокост пайтида яҳудийларга нисбатан Гитлер томонидан амалга оширилган қирғинни инкор этмоқчи бўлганни, ёки яҳудийларнинг Европадаги тарихи устидан кулишга ботина олган ҳар қандай кимсани Ғарб жазолаётганини кўриб турибмиз. Айни пайтда, Ислом Пайғамбари соллалоҳу алайҳи васалламнинг устиларидан кулмоқчи бўлганларни Ғарб оммавий ахборот воситаларининг амалга ошириши мумкин бўлган ҳуқуқи, эркинлиги деб ҳисобламоқда... [Пайғамбаримиз (с.а.в.)га нисбатан бўлмағур бундай муносабат] ва нарсаларга баҳо беришдаги икки хил стандартлар, ... мусулмон кишини радикализм ва зўравонликка ундайди... Радикализмнинг барча кўринишлари учун жавобгарликни Ғарбга юклайман”.
Бу каби фикр-мулоҳазалар Ислом оламининг етакчи уламолари, давлат ва жамият арбоблари, ҳукумат раҳбарлари, сиёсатшунослар, илмий-маърифий муассасалар ва бошқалар томонидан қатъиятлик билан таъкидланмоқда. “Сўз ва фикр эркинлиги” ниқоби остида ўзининг жирканч режаларини амалга оширишга уринаётган кимсаларни қонуний жазога тортиш ҳақида чақириқлар бўлмоқда.



