Киевда пайғамбаримиз ҳадислари ёзилган биллбордлар ўрнатилди
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг украин ва рус тилларида ёзилган сўзлари Киев кўчаларидаги ўн еттита билбордга ўрнатилди, дея хабар беради “Ислам в Украине” сайти.
Уларда мусулмонларнинг ўзга миллат вакилларига нисбатан қандай муносабатда бўлишлари ҳақидаги ҳадислар ёзилади. Мисол учун, “Мен яхши ва олий одоб ва ахлоқларни камолотга етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим”, “Ердагиларга раҳм қилингиз, сизларга осмондаги Зот раҳм қилади”, “Сизларнинг яхшиларингиз – ўз аҳли-оиласига яхшиларингиздир...”.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу маърифий тадбир “Шарли Эбдо” ҳодисаси муносабати билан одамларда Ислом тўғрисида пайдо бўлган долзарб саволларига жавоб сифатида уюштирлмоқда.
Гап шундаки, турли фожиавий воқеаларда Исломга оид шиорларнинг кўтарилиб чиқилиши атрофдагиларда " Ислом аслида нималарга буюради?" деган мазмундаги саволларни келтириб чиқармоқда. “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига қилинган ҳужум ҳам шулар жумласидандир.



