Россия бош муфтийси Путиндан ўқувчи қизлар ҳижобда юришига рухсат беришини сўради
Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғайнутдин Россия президенти Владимир Путинга жамоат жойларида ҳижобда юриш учун рухсат беришини сўраб мактуб ёзган. Мактуб матни Россия муфтийлар кенгашининг расмий сайтида 3 февраль куни жойлаштирилган.
Муфтий давлат раҳбарини мактаб ўқувчиларига ҳижобда юришларини тақиқламасликка чақирган. Бундай тақиқ 2014 йилнинг октябрь ойида Мордовия мактабларида киритилган эди. Жорий йилнинг 11 февраль куни суд мусулмон имомларининг бу қарорни бекор қилиш ҳақидаги шикоятини кўриб чиқади. Ғайнутдиннинг мактуби ҳам айнан шу билан боғлиқ равишда ёзилган.
Муфтий мактубида ҳижоб ўраб юришда динга чақирувчи ҳеч нарса йўқлиги, бу фақатгина кийим кийиш одобида камтарликни намоён қилишнинг бир кўриниши эканлиги, бошқа дин вакиллари ҳам бошларига рўмол ўраб юришларини таъкидлаб ўтган.
“Рўмол ўраб юришни тақиқлаш” остида бизга хориждан турли дин вакилларининг ўзаро бир-бирларига тоқат қилмасликлари, демократияга қарши қарашлар, халқлар дўстлигининг анъаналарига ҳурматсизлик тазйиқлари ўтказилмоқда. Бу оддий бир маиший масалага сиёсий тус беришга ҳаракат қилинмоқда”, – дейди Ғайнутдин.



