Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўнгги йўлга кузатиб қўйилдилар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сўнгги йўлга кузатиб қўйилдилар

2015 йил 11 март, чоршанба куни эрталабдан Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидига халқ уммони оқиб кела бошлади. Бир неча юз минг мусулмонлар улуғ Ислом олими, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини сўнгги йўлга кузатиб қўйиш учун ҳозир бўлдилар.

Улкан денгиздек чайқалиб турган, бу оғир жудоликдан изтиробга тушган мингларча намозхонларга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсун панд-насиҳат қилиб, шайх ҳазратларини сўнгги йўлга у зотнинг юксак эҳтиромларига муносиб равишда, мўмин-мусулмонларга, чинакам мухлисларга, шогирдларга хос тарзда кузатиб қўйиш лозимлигини эслатиб турдилар.
Пешин намозидан кейин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халққа ваъз иршод қилдилар. 
«Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир, –  дедилар муфтий ҳазратлари кўзларида ёш билан. – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари нафақат Ўзбекистон, нафақат Ўрта Осиё, балки бутун дунё миқёсидаги аллома эдилар. Бугунги жанозага ҳозир бўлган мислсиз улкан жамоа ана шу фикрнинг исботидир. Шайх ҳазратлари бутун умрларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга хизмат қилдилар. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида муфтий бўлдилар, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига, Ислом олий маъҳадига раҳбарлик қилдилар, баракали фаолият юритиб, бой илмий мерос қолдирдилар, миллионлаб шогирдлар етиштирдилар. Бугунги кунда етишиб чиқаётган барча аҳли илмлар шайх ҳазратларининг шогирди ҳисобланадилар, шу жумладан, мен ҳам. Бугун шайх ҳазратлари тимсолида порлаб турган илм-маърифат нуримиз у кишининг вафотлари сабабли сусайди, аммо мен аминманки, у кишининг шогирдлари бу нурни яна юксакларга кўтаражаклар, устозимизнинг ишларини давом эттиражаклар».

Муфтий ҳазратлари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳақларига дуо қилиб, жаноза устознинг ўғиллари Исмоилхон ўқишини эълон қилдилар. Жанозадан сўнг ўзбек халқи ўзининг севимли фарзандини охират сафарига кузатди.

* * *

«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».

* * *

Бутун дунё мусулмонларига, ўзбек халқига, алалхусус, улуғ устозимизнинг оила аъзоларига, қариндошларига, сафдошлари, шогирдлари ва барча мухлисларига таъзия изҳор этиб, ҳамдардлик билдирамиз.

back to top