Боку “Европа ўйинлари”га тараддуд кўрмоқда

Боку “Европа ўйинлари”га тараддуд кўрмоқда

Салкам 50 кундан кейин Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида “Европа ўйинлари – 2015”га старт берилади. Спорт мусобақалари 12-28 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Хабар қилинишича, шу кунларда Боку ва унинг атрофида ўйинлар давомида хавфсизлик чораларини кучайтиришга тайёргарлик кўрилмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, илк бор Озарбойжон пойтахтида ўтказиладиган мазкур тадбир “энг юқори савияда” ўтказилади.
“Европа ўйинлари” сабабли, Қофқозорти мамлакатига келаётган сайёҳлар сонининг кескин кўпайиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Европа ўйинлари” мунтазам равишда ўтказиладиган спорт мусобақалари бўлиб, унда Европа қитъасининг турли мамлакатларидан келадиган атлетлар 20 га яқин спорт турлари бўйича ўзаро беллашадилар. Ўйинлар Европа олимпия қўмитаси томонидан 2012 йилда таъсис этилган ва ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказилиши белгиланган. Боку эса ўйинларнинг биринчисига мезбонлик қилади.

back to top