Масжид.уз сайтида илк танлов

«Унинг охири мискдир.
Ва мусобақа қилувчилар шу
нарса учун мусобақа қилсинлар»
(Мутоффифун сураси, 26-оят)
Ислом.уз порталининг энг ёш ва айни пайтда энг тез оммалашиб бораётган masjid.uz сайтида янги танлов бошланди. Маълумки, «Ўзбекистон масжидлари» сайти юртимизда жойлашган масжидлар ҳақида тезкор ва батафсил маълумотлар берувчи интернет-манба бўлиб, унда масжиднинг номи ва манзилидан ташқари улар ҳақида видео ва фотосуратлар, онлайн харитадаги аниқ координаталар, имом-хатибларнинг исми шарифлари, масжиднинг тарихи ва бугунги кундаги фаолиятига оид кенг кўламли ахборотлар бериб борилади. Яқинда хабар қилганимиздек, эндиликда замонавий ахборот технологияларининг сўнгги имкониятларидан фойдаланган ҳолда, сайтга кириб, унга ҳали мавжуд бўлмаган масжид ҳақида ҳам маълумотлар киритиш имконияти яратилган эди. Ушбу танловдан мақсад масжид.уз сайтининг ана шу янги имкониятидан фаолроқ фойдаланишдир.
Янги масжид ҳақида қандай маълумотлар киритиш керак?
Аввало, масжид ҳақида маълумот олиш учун масжид имом-хатиби ёки масжид ходимларига мурожаат қилиб, уларни Ислом.уз портали ҳамда масжид.уз сайти фаолияти билан таништиринг. Шундан сўнг танлов ҳақида ҳам маълумот бериб, уларнинг розилиги ва рухсати билангина қуйидаги маълумотларни олинг:
• Масжиднинг расмий номи (масжиднинг расмий номи масжид дарвозасининг ёнида махсус лавҳага ёзилган бўлади. Имкон бўлса, ўша лавҳанинг фотосуратини ҳам юборинг. Масалан, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Тўхтабой жомеъ масжиди. Кўпчилик бу масжидни ўша маҳалланинг номи билан «Чархчи имом» деб ҳам атайди. Ёки «Илонли ота» қабристони ёнидаги масжиднинг расмий номи «Жўрабек» жомеъ масжиди).
• Масжиднинг расмий манзили (вилоят, туман, шаҳар ва қишлоқ номлари, кўчанинг номи, имкон бўлса, бинонинг номи. Шунингдек, масжид яқинидан жамоат транспорти юрса, уларнинг рақамлари ва бекат номини ҳам юборинг. Масалан, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Мевазор маҳалласи, Абдулла Қаҳҳор кўчаси, 23-уй. 3, 18-автобусларнинг «Мактаб» бекати, 11-трамвайнинг «Бозор» бекати, метронинг «Олмазор» бекати).
• Масжиднинг фотосуратлари ва видеотасвирлари (имкон қадар сифатли, ёруғ ва тиниқ тасвирлар бўлишини илтимос қиламиз).
• Масжиднинг аниқ манзили (бу маълумотни киритиш учун интернетга уланиб турган замонавий телефонлар, смартфонлар керак. Смартфонларда сиз турган жойнинг аниқ манзилини сунъий йўлдошдан олинган харитада кўришингиз мумкин. Ана шу имкониятдан фойдаланиб, масжиднинг аниқ манзилини бизга юборсангиз, нур устига нур).
• Масжид ҳақида қўшимча маълумотлар (масжиднинг тарихи: қачон, ким томонидан қурилган, таъмирланган, очилган, кимлар имомлик қилган, яна бошқа қизиқарли маълумотлар, эски фотосуратлар, видеотасвирлар ва ҳоказо).
Масжид.уз сайтига янги маълумот киритиш тартиби
• Манзилни masjid.uz деб аниқ, хатосиз ёзинг.
• Сайт билан, мавжуд масжидлар ҳақидаги маълумотлар билан танишиб чиқинг.
• Сиз маълумот киритмоқчи бўлган масжид сайтимизга ҳали киритилмаганини аниқланг ва у ҳақдаги маълумотларни тайёрлаб, тўплаб олинг.
• Сайтнинг Боғланиш бўлимига кириб, у ердан Маълумот қолдириш бандини танланг ва у ердаги тегишли катакларни тўлдиринг.
• Сайт қуйидаги емаил почтасидан хам маълумотларни қабул қилади This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
Танлов шартлари
• Масжид.уз сайтига кириб, унга янги масжид ҳақидаги маълумотлар киритиш.
• Масжид.уз сайтига киритилаётган янги масжид ҳақда имкон қадар кўпроқ маълумот киритиш.
• Масжид.уз сайтига мавжуд масжидлар ҳақидаги ахборотни янги маълумотлар билан бойитиш.
Масжид.уз сайтига энг кўп, энг батафсил, энг бой ва энг қизиқарли маълумотларни ҳаммадан кўп киритган, энг фаол иштирокчиларимиз танлов ғолиби деб топилади.
Танлов 2015 йил 1 сентябргача (ёки 1436 йил зулҳижжа ойининг 10 кунигача) давом этади.
Ҳакамлар ҳайъати танловга тақдим этилган маълумотларни тўплаб, таҳлил қилиб, саралаб, сарҳисоб қилгач, ғолиблар эълон қилинади.
Танлов ғолибларига қимматбаҳо совғалар, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида чоп этилган китоб ва медиамаҳсулотлар топширилади.
Танлов ғолибларини тақдирлаш маросимининг санаси ва манзили Ислом.уз портали ва масжид.уз сайтларида алоҳида эълон қилинади.
Марҳамат, танловда иштирок этиб, ғолиб бўлинг!