Франция: Исломофоблар сайловларда мағлуб бўлишди
Ўткан куни Францияда ўтган иккинчи босқич ҳудудий сайловлар натижасидан маълум бўлишича, Марин Ле Пен бошқарадиган, ашаддий ўнглар ҳисобланувчи «Миллий жабҳа»нинг биринчи босқичдаги эришган ғалабаси чиппакка чиққан.
Бунга сабаб - қолган рақибларнинг (Саркозининг республикачилари ва Олланднинг социалистлари) ультрамиллатчилар иккинчи босқичга ўтган тақдирда, «республика ҳимояси учун» номли тузилган норасмий келишувидир. Унга биноан, улар Ле Пенга қарши биргаликда овоз беришган. Натижада, биринчи босқич сайловларида омади чопган ультрамиллатчилар кейинги босқичда бирорта ҳам ҳудудда мувафаққиятга эришмадилар.
Албатта, Ле Пеннинг мағлубияти нафақат Франция, балки дунё мусулмонларини шод этмай қолмади. Эслатиб ўтамиз, ушбу партия «исломийлашуви»га қатъий қаршилик қилишга, моҳиятан мусулмонларни бутунлай полиция назоратига олдириб, мавжуд давлат ва жамиятга қориштириб (ассимляция) юборишга бел боғлаган эди.
Исломий ташкилотлар, Исломга даъват, унинг сифатларини намоён қилувчи, жумладан ҳалол таомларга қарши курашиш - буларнинг бари лепенчиларнинг асосий мақсадларидан эди. Бундан ташқари, улар Путиннинг тарафдори ҳисобланиб, Олланддан фарқли равишда Асадни кетишини хоҳламасдан, аксинча уни қўллайдилар, ҳамда Саркозидан фарқли ўлароқ, Асадни Россия билан келишиш йўли орқали ағдариш керак эмас деб ҳисоблайдилар. Бундайларнинг ҳокимият тепасига келмаганлиги ҳар жиҳатдан ҳам яхши бўлди. Бироқ, шундай бўлса-да, Франция мусулмонларини шодланишига асослар ҳали кўп эмас. Чунки, биринчидан, йилдан йилга "Миллий жабҳа"нинг омади шундайин чопмоқдаки, кейинчалик уни юқоридаги каби ўнг ва сўлларнинг келишуви орқали тўхтатиш амри маҳол бўлиб қолмоқда. Иккинчидан, республикачи Саркозининг позицияси Ле Пеннинг олдида беозорроқ ўнгчилар бўлиб кўрингани билан ултрамиллатчиларнинг позициясидан салгина фарқ қилади холос, камига, француз сўлларини мусулмонларнинг дўсти деб ҳам деб бўлмайди. Афсуски, фаранг мусулмонлари мазкур на у ёқлик, на бу ёқлик жараёнда, ё сиёсат саҳнасидан бутунлай четланишмоқда, ё чегарадан чиқмаган исломофоблар билан антифашизм майдонида битим тузмоқда, ёки антисоциализм ва терроризм жарлигига қуламоқдалар.
Ибн Маъруф тайёрлади



