Хотира китоби тайёрланмоқда

Хотира китоби тайёрланмоқда

Пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бир умр содиқ ҳолда ҳаёт кечирган, ўзининг бутун ҳаётини Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, исломий маърифатни тарқатишга бахшида қилган  улуғ олим Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг вафотларидан сўнг “Ҳилол-нашр” нашриёти у зот ҳақларида бир хотира китоби тайёрлаш ишларини бошлаб юборган эди.  Давримизнинг беназир олими, миллат ва умматнинг фахри, улуғ мужаддид, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, мутафаккир, муршид, зоҳид, гўзал инсоний хулқ соҳиби фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сийрат ва сувратларини қамраб олувчи ушбу китобни нашрга тайёрлаш ишлари шу кунларда қизғин боряпти. Унга Шайх ҳазратлари билан бир сафда туриб, илм-маърифат тарқатишда ҳамкорлик қилган сафдошлари, оила аъзолари ва яқинлари, қариндошлари, илм аҳллари, шогирдларининг хотиралари ва дил сўзлари ушбу китобдан ўрин олади.   

Бугунга келиб Шайх ҳазратларининг ўринлари тобора билинмоқда, у зотнинг тимсолида юксак фазилатли, ҳар бир соҳада ўрнак улуғ олим ва инсонни йўқотганимиз тобора ойдинлашмоқда. У кишининг  шахсиятини очиб берадиган, дин равнақи йўлидаги беминнат хизматларини эътироф қиладиган, фазилатлари ва хислатларини келажак авлодга етказишда манфаат берадиган, нафсий манфаатлар аралашмаган, холис бир хотира китобига катта эҳтиёж сезилмоқда. Шу боис, нашриёт ижодий гуруҳи китобни иложи борича тезроқ ўқувчиларга туҳфа қилишга интилмоқда.  
 Имом Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Солиҳлар зикр қилинган жойга раҳмат ёғилади”, деганлар. Чунки солиҳларнинг ҳаёти, фазилати, қилган солиҳ амаллари зикр қилинса, уларга ўхшашликка рағбат ортади ва хайрли ишларга тарғиб бўлади. Инсонда яхшиликка интилишда муҳаббат пайдо бўлади. Устозимиз Шайх ҳазратлари ҳақида суҳбат қурилса ва у кишининг илмий мерослари ўқиб ўрганилса, иншааллоҳ, шу жойга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб туради. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёт йўллари шоядки, юртимиз мусулмонлари учун ибрат, ўрнак олиш манбаи бўлиб хизмат қилса! 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ таоло ушбу умматга ҳар юз йилда Унинг динини янгилайдиган бир одамни юборади”, деган эдилар (Абу Ҳурайрадан Абу Довуд ривоят қилган). Ажаб эмаски, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ана шу ҳадисда зикр қилинган мужаддидлардан бўлиб чиқсалар! 
 Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Олимга осмонлардаги зотлар, Ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли  Ойнинг худди бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдиришмаган, улар илмни мерос қолдиришган. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди” (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари Пайғамбар алайҳиссаломдан илмни мерос олдилар, уни мусулмонларга мерос қилиб тарқатдилар. Шогирд ва мухлисларга ҳам у кишидан қолган илмий меросдан баҳра олиш, ишларини давом эттириш, ёққан илм чироқларининг нурини ҳаммаёққа таратиш ишини изчил давом эттириш насиб этсин! 
Ҳазрат ҳақларидаги хотира китоби устида таҳрир ишлари давом этаётир. Аллоҳ таолонинг лутфу инояти ва тавфиқи билан ушбу китоб тез орада муҳтарам ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола этилажак!

Тоҳир МАЛИК,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси,
 “Хотира китоби” таҳрир ҳайъати раиси

back to top