“Европа жўрида” Туркияга жой йўқми?

Евроиттифоқ парламенти “Туркияда дунёвий тузум сақланиб қолиши зарурияти” ҳақида қарор қабул қилди. Туркиянинг Евроиттифоқ ишлари бўйича мамлакат вазири Эгемен Бағиш бу қарорга жавобан: “Туркия конституция ҳимояси остидаги демократик, дунёвий ва ҳуқуқий давлатдир ва у ҳеч кимнинг маслаҳатига муҳтож эмас”, – деди.
Нега айнан ҳозир Европаламентда Туркиянинг дунёвий тузумини ҳимоя қилиш ғояси туғилиб қолди экан? Шарқшунос Станислав Тарасов бу саволга жавоб излаб кўрди:
“Жавоб оддий – сўнгги йилларда ғарб матбуотида Туркиянинг ҳукмрон партияси мамлакатни исломийлаштириш сиёсатини юргизмоқда, деган тезис ўта фаол фойдаланилмоқда. Бу эса Туркияни Европа иттифоқига қабул қилинмаслигининг асосий сабабларидан бири, деб кўрсатилмоқда”.
Масалан, сиёсатчи ва голландиянинг Озодлик партияси раҳбари Гирт Вилдерснинг фикрлари маълум. Унинг сўзларига кўра, “Замонавий Туркия Европанинг бир қисми бўлишига ҳаракат қилаётгани йўқ, билъакс уларнинг раҳбарлари Европани Ислом дунёсининг бир қисмига айлантирмоқчи”. Вилдерс, умуман олганда, Ислом ва мусулмонлар ҳақида оғзига келган гапларни кўп гапириб юради ва унинг сўзларига эътибор бермасак ҳам бўлар эди. Аммо, унга ўхшаган индамас ва ичидан пишган сиёсатчилар Европаламентда ва умуман олганда европалик бошқа сиёсатчиларининг орасида ҳам оз эмас.
Туркиянинг Европа иттифоқига аъзо бўлиши ҳақида музокаралар 2005-йили бошланган эди. Европа иттифоқи Туркиядан демократик ислоҳотларни тезлаштиришни бир неча марта талаб қилган ва Анқара бундай ислоҳотларни амалга ошириб келаётган эди. Бироқ, Европа иттифоқи буларга холисона баҳо беришга шошаётгани йўқ. Анқаранинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ўрнига Европа иттифоқи уларга кўз юмиб келади ва шу билан бирга Туркияни турли гуноҳларда айблаб келади.
Анқара ўзининг сиёсатида Европага интилишни устун деб билсада, у Европа “шарқ давлатлари” деб атайдиган мамлакатлар билан муносабатларни ҳам фаол ривожлантираётгани Брюсселда кимгадир ёқмаётганга ўхшайди. Туркия ўзининг миллий манфаатлари ҳам борлиги ҳақида гапирган заҳоти, уни “нео-ўсмонийлик тарафдори” ёки мамлакатни исломийлаштирмоқда деган айблар янграйди.
Бу ерда, албатта, конъюктур муносабатлар устун – Туркияга босим ўтказиш ва сиёсий-дипломатик манёвр учун имкониятларни торайтиришга ҳаракатлар кузатилмоқда. Шу билан бирга уни Европа иттифоқига киритмаслик ҳам ЕИ сиёсатчиларининг ақлини эгаллаган. Молиявий инқироз зарбидан заифлашган Европа иттифоқида турғун иқтисодига эга Туркия ҳам Европа жўрлигида асосий ўринларнинг бирига даъво қилиши мумкин.
Масалага мазкур жиҳатдан ёндашилса, европаликларнинг ҳаракатларида анъанавий манманлик омили ҳам мавжудлиги эҳтимолдан холи эмас. Брюсселнинг фикрича, барча асосий қарорлар Европада қабул қилиниши лозим.
Шунга қарамай, Босфор кўрфазининг Европа қирғоғи негадир Европа дея ҳисобланмай қолганган ўхшайди.
Абу Муслим таржимаси
("Голос России")



