Бирмадаги мудҳиш ҳодисалар
Мана ниҳоят, битта бўлса ҳам расмий мансабдор шахс Бирмада бўлаётган мусулмонлар қатли оми, ақл бовар қилмас хунрезликлар ҳақида бирон нарса деб қўйди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳарбий коммисари Нави Пиллай Бирма хавфсизлик кучларининг Аракан ҳудудида истиқомат қиладиган роҳиния халқини мунтазаб равишда таъқиб қилиниши бўйича мустақил тергов ўтказишга чақирди. Ҳатто, Бирма ҳукумати камида 78 роҳиня ўлдирилганини тан олди. Бироқ роҳиния жамоасининг пешволарининг айтишича, ҳақиқатда ўлганлар сони жуда кўп, баъзилар 650 одам ўлган деб айтишмоқда.
Ҳеч ким Бирмада 100 мингга яқин роҳинияларни (уларнинг умумий сони 800 мингга яқин) ички қочқинлар экани фактини инкор қилаётгани йўқ. Кўпчилиги эса Бангладешга қочиб ўтишга мувоффақ бўлишган. Бирманинг буддавийлик монахлари воқеаларга муносабат билдириши кутилган эди. Бироқ, улар ҳақ ва адолат тарафида бўлишмади. Мазлумлар ҳимоясида бўлиш ўрнига миллатчи қотиллар тарафида бўлишди.
Эҳтимол, бундан таажжубланиш керак эмасдир. Рим папаси одамларга ахлоқ ҳақида ваъз ўқиганида жуда кам католик бўлмаганлар бунга эътибор қилишади. Эрон оятуллоҳи Ҳумайни дунёга яхшилик ва ёмонлик ҳақида гапирганида аксар ғайри шиаалар бунга елкаларини қисишади. Бироқ одатда бундай масалаларда буддавийлик пешволарига хурмат билан қарашарди, чунки кўп одамлар буддавийликни тинчлик ва сабр дини деб билишади.
Далайлама адолатсизлик ҳақида гапирганида кўп одамлар уни тинглашади. Кўпчилик унинг эътиқоди ва диний қарашларига қўшилмаса ҳам, насиҳатларини ҳаётган татбиқ қилиб, уларга амал қилмасада, бироқ уни хурмат билан эшитишади. Бироқ у ва унга ўхшаган бошқа буддавийлик динининг пешволаридан биттаси ҳам роҳиниялар билан бўлаётган фожеа ҳақида ҳеч нарса дегани йўқ. Далайлама бирмалик эмас. У тибетлик бўлсада, ҳар қалай кўп масалалар бўйича ўз муносабатини билдириб келаётган эди. У буддавийларни қотилликлардан қайтариши, хунрезликларни дарҳол тўхтатиш ҳақидаги гаплари балки бир икки томи кетган миллатчи қотилларга асқотиб қолардими?
Мянманинг жуда кўп буддавийлари мамлакатларида узоқ йиллар давом этган зулмга қарши кураш қаҳрамонлари эди. Шунинг учун ҳам кўпчилик, уларнинг золимларга айланганини кўриб эсанкираб қолганга ўхшайди.
Будаввийлик монахлари Аракандаги қочқинлар қароргоҳи ёнида туриб роҳиняларга озиқ-овқат, кийим-кечак етказиб ёрдам бермоқчи бўлганларнинг йўлини тўсиб, уларни қайтаришмоқда. Бу ҳуддуда катта таъсирга эга иккита буддавийлик ташкилоти – Ситтв ёш монахлар ассоциацияси ва Мраук монахлари ассоциацияси –маҳаллий аҳолини улар билан ҳеч қандай алоқа қилмасликка тарғиб қилишмоқда. Улар тарқатаётган варақаларнинг бирида “роҳиния”лар “табиатдан ваҳший”лиги ҳақида уйдирмалар ёзилган.
Аун Сан Су Чжи мамлакатдаги харбий хунтага қарши бўлгани учун йигирма йилдан ошиқ уй қамоғида асир бўлган аёлдир. У бир куни демократик йўллар билан ўтказилган сайловлар натижасига кўра Мянманинг бош вазири бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Бироқ у ҳам роҳинияларга ёрдам беришдан бош тортди. Яқинда ундан бир хорижий журналист роҳинияларни Бирма фуқаролари деб тан оласизми деб сўради. “Билмадим, - деб тўғри жавобдан ўзини олиб қочди. – Биз фуқаролик қонунини яхши англашимиз ва унга ким ҳақли эканини билишимиз керак”, деди. Агар у ростгўй бўлганида қуйидаги мазмунда жавоб берган бўлар эди: “Албатта, роҳиниялар ҳам фуқаро, бироқ мен буни очиқ айта олмайман. Ҳарбийлар яқинда ҳукматдан кетишади ва мен 2015 йилги сайловларда иштирок этиб, ғолиб бўлишим керак. Агар мен бирмалик мусулмонларни ҳимоя қилсам, овоз ололмай қолишим мумкин”.
Уни кўпинча Нелсон Мандела билан ҳам қиёслашади. У эса ҳеч ҳам бундай қилмаган бўлар эди. Албатта, бунга диннинг алоқаси йўқ бўлса керак, унга оддий жасорат етишмади, халос.
Имон ва ахлоқ ҳар доим ҳам ёнма-ён ҳаракат қила олмайди. Кўпинча миллатчилик балоси унисини ҳам, бунисини ҳам бўғиб ташлайди. Шундай экан буддавийлик вакиллари нега бундай қилаётганидан кўп ҳам ҳайрон қолмасдан Мянмада нималар содир бўлаётганини кўриб чиқайлик.
Роҳиния аждодлари 14-18 асрларда Аракан ҳудудига келиб жойлаша бошлаган. Асосий муҳожирлар эса, 19 аср Ҳиндистонни Британия босиб олганидан сўнг Бирма деб аталадиган ҳозирги Мянмага келиб қолишган. 1930 йилларда келган ҳиндистонликлар Бирманинг катта шаҳарларида кўпчиликни ташкил қилиб, иқтисоднинг тижорат соҳасида катта нуфузга эга эдилар. Табиийки, мамлакатдаги кескинлик даражаси ҳам жуда юқори бўлган. Иккинчи жаҳон уриши, Япониянинг Бирмани босиб олиши даврида ўша пайтда муҳожир бўлган аксар ҳиндистонликларнинг кўпи Бирмани тарк қилишига сабаб бўлди. Бироқ бирмаликларнинг “чет элликларга” бўлган нафрати сақланиб қолди, сўнг бу нафрат нигоҳи роҳинияга қарши қаратилди. Роҳинияларга тиш қайрашнинг асл сабаби уларни “чет эллик” деб қабул қилинишидадир. Бунинг устига аҳолининг ҳаммаси буддавий бўлган мамлакатда мусулмонларнинг бегоналашуви ҳам муҳим омил бўлган. Бирмада бошқа миллатлар ҳам бор, масалан, хитойликлар, нега уларга қарши ҳаракатлар йўқ? балки бирмалик хитойликлар орқасида кучли ва буюк мамлакат турганидан уларга бирон нарса деб қўйишга ҳаддилари сиғмаётгандир, ёки масалага диний тус бериляптимикан? Буддавий буддавийнинг кўзини чўқимайди деган мазмунда...
Арканияда яшайдиган роҳиниялар деҳқончилик билан шуғилланганлар, бир вақтлар буддавий бўлган қўшинлари каби уларда ҳам Бирма фуқаролиги бўлган. Бироқ 1962 йили ҳарбийлар мамлакат ҳукуматини қўлган олганидан кейин вазият кескин ўзгарди. 1978 йили армия роҳинияларга ҳужум қилди, 200 мингга яқин одамларни қўшни мамлакат ҳисобланган Бангладешга қувиб чиқарди. Бу тадбир кенг миқёсдаги қотилликлар, оммавий зўрлашлар ва масжидларни вайрон қилиш билан амалга оширилган.
Ўша вақтдаги ҳарбий диктатор Не Вин 1982 йили барча роҳинияларни фуқароликдан махрум қилиб ташлади, у чиқарган янги қонунга кўра, уларнинг мамлакатга кириш- чиқиши расмий рухсатсиз амалга ошириб бўлмаслиги, ерга мулкдор бўла олмаслик, никоҳ қурган ёшлар эса икки боладан ошиқ фарзанд кўрмаслик мажбуриятини бўйнига олиш керак эди.
Навбатдаги ҳарбий компания 1990-91 йилларда бўлиб ўтди, бунинг натижасида энди 250 минг роҳинияликлар Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлишди. Энди эса янги тўлқин бошланди.
Якшанба куни, ўтиш даври президенти, собиқ генерал Тайн Сайн БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий коммисари Нави Пилайга: “Биз ўз миллатимиз учун маъсулиятни бўйнимизга оламиз, бироқ бизнинг миллатга мансуб бўлмаган ва ноқонуний йўллар билан бу ерларда яшаётган роҳинияларни қабул қила олмаймиз. Уларнинг барчасини бошқа мамлакат қабул қилиб олиши керак”, деди. Бироқ роҳиниялар ноқонуний яшаётганлар деб бўлмайди, бунинг устига Мянмада ўндан ошиқ бошқа миллат вакиллари ҳам яшайдилар.
Аслида эса бундай сиёсат миллатчилик батқоғига ботган, нафсларига қўл бўлган ва диний хурофатлардан кўр бўлган сиёсатчиларнинг – қўрқоқлик, очкўзлик ва жоҳилликлари туфайли юзага келмоқда. Кўриб турганимиздек буддавийлар ҳам бундай нарсалардан ҳоли эмас экан...
Абу Муслим
Интернет маълумотлари асосида



