Этник можаро ва уларни бартараф қилишда ОАВ ўрни
Катта фазилатларга эга кимсалар ўз миллатини кузатар экан, аввало унинг камчиликларига эътибор қаратади. Бироқ, маънавий қашшоқ бўлган кимсалар фахрланиши учун ўзида ҳеч нарса топа олмаганидан, ўзи мансуб бўлган миллати билан мақтанишга ўтади, хатто миллатнинг камчиликлари ва бемаъний нарсаларини ҳам жон-жаҳди билан ҳимоя қилаверади. (Артур Шопенгауэр)
Бугунги кунда этник можаролар нодир ҳодиса ҳисобланмайдиган бўлди. Деярли ҳар куни бундай можаролар ҳақида телехабарлардан эшитяпмиз ёки газеталардан ўқиб турибмиз. Аслида, том маънодаги этник ғалаёнлар жуда кам учрайди. Бунга ўхшаш можаролар асосан ҳудудий ёки диний даъволар асосига қурилади. Албатта, бундай можароларга қандайдир кучлар сиёсий таъсир қилмаса, улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Шунинг учун ҳам улар кўпинча ўта кескин шаклларга киради, хатто ҳарбий тўқнашувларгача етиб борган ҳолатлар ҳам кўп учрайди. Миллатлараро можаролар баъзи вақтларда “этник тозалаш”ларга айланиб кетади. Бу сўзга қуйидагича таъриф берилади: этник тозалаш, бу – маълум бир ҳудуддан бошқа этник гуруҳга мансуб шахсларнинг қувилиши ёки мажбурий кўчирилишидир. Этник тозалашлар турли хил кўринишларга эга. Яъни, бирон бир этносни оммавий кўчирилишидан тортиб, уларни зўровонлик йўли билан ўз жойларидан ҳайдаш, депортация ва геноцид қилишдир. (Айни вақтда, Бирмада бўлаётган мусулмонлар қатли оми, ақл бовар қилмас хунрезликларни эсланг.)
21 асрнинг этник можаролари ҳақида гапирадиган бўлсак, собиқ совет иттифоқи ва шарқий Европадаги социалистик мамлакатлар блокининг йиқилиши ва бунинг оқибатларига эътибор қаратиш керак бўлади. Ўша даврларда этник-диний-ҳудудий низоларнинг тўлқини шарқий Европадан то Кавказ ва Ўрта Осиёгача бўлган ҳудудларни қамраб олди. Югославияда бўлиб ўтган мудҳиш ҳодисалар, яъни, ҳар қандай дала қўмондони этник тозалашларни ўтказишдаги журъати ҳали ёдимиздан кўтирилганича йўқ. 1995 йили Сребреницада қатл қилинган саккиз мингдан ошиқ мусулмон, ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган Баня-Лукадаги Фархадия ва Арнаудие масжидларининг вайрон қилиниши, ўша машъум фожиаларнинг бир кўриниши халос.
80 йилларда совет иттифоқи ҳудудларидаги ”қайта қуриш” ҳамда иттифоқ тарқалиб кетганидан сўнг Балтика бўйидан тортиб Ўрта Осиёгача локал урушлар маконига айланди. Қорабоғдаги арманилар билан озарбайжонлар ўртасидаги тўқнашувлардан аввал “Сумгаит ҳодисалари” бўлиб ўтган эди. Бу ҳодислар охир-оқибат Арманистон ва Озарбайжон ўртасида уруш бошланиб кетишига сабаб бўлди. Гуржистон ва Абхазия (бир неча йил олдин эса, Гуржистон ва жанубий Осетия), осетин-ингуш урушлари, биринчи ва иккинчи чечен урушлари, Молдавия ва Приднестровье тўқнашувлари...
Ўрта Осиёда эса, Тожикистон фуқаролар уруши гирдобига тортилди. Бу мудҳиш ва фожиали воқеалар бизга дарс бўлиши керак. Буларнинг ҳаммаси ўзга дин, анъана, маданиятга нисбатан тоқатсизлик ва бесабрлигимиздандир.
Ҳатто бугун ҳам Евро иттифоқда миллатчилик кайфиятларининг кучайиши кузатилмоқда. Хусусан, Каталония Испаниядан мустақил бўлиш илинжида. Буюк Британияда эса, шотландияликлар 2014 йил бўладиган референдумни интизорлик билан кутишмоқда. Бу референдумда Шотландиянинг Англиядан ажраб чиқиши масаласи ўртага қўйилади. Европа туб аҳолиснинг ўзга дин вакилларига, муҳожирларга бўлган салбий муносабатлари, сиёсий партияларнинг миллатчилик руҳидаги риторикалари ва ҳоказолар.
Бундай можаролар кўлами кенг миқиёсли бўлиб, лотин Америкасидан Африка ва Осиёгача тарқалиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бунга ўхшаш можароларни ҳал қилиш ниҳоятда қийиндир. Можароларнинг пайдо бўлишига сиёсий ва иқтисодий барқарорсизликлар сабаб бўлмоқда. Ҳозир сиёсатшунослар миллатлараро муносабатларнинг ўта кескинлашганини айтишмоқда. Бунга иқтисодий инқироз ва бошқа сиёсий вазиятлар сабаб бўлиши айтилади. (Аслида, катта мамлакатлар кичкина мамлакатларни ўзига қарам қилиш учун турли хил сиёсий ўйинлар, турли хил хийла-найранг асосидаги технологияларни ишга солиши сир бўлмай қолди) Шундай экан, дунё харитаси яқин 20-40 йиллар ичида жиддий ўзгаришларга учраса керак. Кичкина мамлакатлар кўпайиши кутилмоқда. Шубҳасиз, улар дарҳол катта мамлакатлар “қармоғига” илинади. Замонавий дунёда кичик халқлар эркин яшай олмайди. Чунки бу уларга жудда қимматга тушади. Бунинг устига, бугун ҳарбий йўл билан босиб олишдан кўра бошқа янги усуллар кенг қўлланилмоқда. Масалан, мустамлака, қарам қилишнинг кенг тарқалган усулларидан бири, мамлакатларни иқтисодий ҳамда хом ашё томондан қарам қилиб қўйишдир. Кичкина халқлар ўзини-ўзи сақлаш ҳиссиёти қўзибми ёки бошқа сабаблар борми, бугун йўқолиб кетиш хавфини олдингидан ҳам кучлироқ сезишмоқда. Бироқ, тарихий ва қонуний жараёнларни энди тўхтатиб бўлмаса керак.
Этник муаммоларни ечишда ОАВларнинг роли нималардан иборат? Миллатлар орасидаги можаролар муаммосини ҳал қилишда ОАВлари жуда муҳим роль ўйнайди. Улар ҳақиқатдан ҳам мазкур можаро оловини камайтиришда ёки миллатлар аро низони келтириб чиқаришда реал ёрдам бериши мумкин. Бундай ҳолатларда журналист ёки умуман олганда ОАВлари ўзи бермоқчи бўлаётган маълумотлар жамоатчиликка қандай таъсир қилади ва бунинг оқибатида одамлар қандай йўл тутиши мумкинлигидан келиб чиқишлари керак.
Филипп Денисович Бобков (Совет иттифоқи хавфсизлик хизмати ходими, армия генерали, КГБнинг 5-бошқармасининг раҳбари) «Совершенно Секретно» газетаси билан бўлиб ўтган суҳбатида 1972 йили Литвадаги ўзини-ўзи ёқиб юбориш ҳодисаси ҳақида гапириб берди. Бунгача ва бундан кейин ҳам шунга ўхшаш воқеалар содир этилиб турар экан, аммо бу воқеалар ҳақида телевидение ҳамда газеталар хабар қилишни тўхтатишганди. Табиийки, бунга ўхшаш воқеалар ҳам ўз-ўзидан тўхтаб қолди. Бундай йўл тутиш ҳақида Бобковга Москвага ташриф буюрган Рим полиция раҳбари маслаҳат берган экан. Агар телевизор ёки ОАВларда қотиллик ёки бошқа жиноятлар ҳақида хабар берилса, бунга ўхшаш воқеалар албатта ўзининг издошларини топади. Негатив ахборот негатив ҳатти ҳаракатларни юзага келтиришда муҳим вазифани бажаради. ОАВлари шу нарсани ҳеч унутмасликлари керак.
Сўз эркинлигини баҳона қилиб миллатлар аро можародаги барча салбий ахборотларни жамоатчиликка етказиш ақлдан эмас. Бу журналистнинг ҳали ҳам журналист кимлигини ва бу касбнинг асл моҳиятини тушмагани, демакдир.
11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ ва баъзи Европа мамлакатларининг ОАВларида “ТЕРРОРИЗМ” сўзи модага айланди. Ўз фуқаролари ва бошқа миллионлаб одамларга терроризм ўз “юзига” эга, дейилган шиор уларнинг онгига сингдирилди. Бу “юз”нинг исми Ислом, дейилди. Диний ва маданий қадриятларга қориштириб берилган бу тусдаги амалий ҳарактлар бевосита ва билвосита этник низоларга ҳам ўз таъсирини ўтказган (Учинчи кучлар тарафидан уюштирилаётган Ироқ, Афғон ва Покистондаги шиа ва суннийлар ўртасида низо чиқаришга оид террор ёрдамидаги ҳаракатлар ҳали ҳам давом этмоқда). Афсуски, бу қора кучлар ўз ишларида анчагина мувафаққият қозондилар, оқибатда жуда кўп бегуноҳ одамлар қирилиб кетди. Инсонларга Исломнинг чинакам қадриятларини етказишга, Исломнинг терроризмдан мутлақо узоқлигини кўрсатишга, бу икки тушунчани бир-бирига боғлашга ҳар қандай уриниш қип-қизил иғвогарлик эканини фош қилишга бел боғлаган мусулмон журналистлар мазкур қора кучларга қарши турдилар. Мазкур курашда исломий журналистлар амал қилишлари учун аниқ ва мустаҳқам асосга эгадир (Қуръон ва Суннат). Унга эргашиш эса журналистларнинг ҳақ йўлдан адашиб, тойиб кетмаслигини таъминлайди.
Дунёдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятни таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, миллатлар аро можаролар ҳали-бери тўхтамайди. Инсониятнинг маънавий-ахлоқий асосларини ҳимоя қилиш учун кураш давом этар экан, бу кураш майдонида журналистлар муҳим ўринга эга бўлиб қолаверади.
Юқорида айтилганларга умумий хулоса қилиб Артур Шопенгауэрнинг сўзларини келтирмоқчиман: Мақтанишнинг энг тубан кўриниши миллати билан мақтанишдир. Мақтанчоқликнинг бу тури билан заҳарланган кимсанинг бошқа фахрланадиган нарсаси бўлмайди; бўлганда ўзидан бошқа яна миллионлаб кишилар ҳам мансуб бўлган нарса билан мақтанармиди?!
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади



