Саудия пешволарининг янги авлоди

Саудия пешволарининг янги авлоди

Саудия Арабистони араб дунёсида энг йирик иқтисодга эга мамлакат ҳисобланади, лекин сўнгги йилларда бу мамлакат Қатарга аста-секин ўз мавқеини бой бермоқда. Қиролликнинг қариб қолган пешволари пешволик сифатларидан маҳрумдир. Бу эса Ар-Риёд сиёсатининг ишончлиги ва самарадорлигига салбий таъсир қилмоқда.

Саудия Арабистони ким бошқармоқда?

Булар 1953 йили вафот этган, Саудия Арабистони мамлакатига асос солган шахс Абдулазиз ибн Абдураҳмон ибн Файсал Сауднинг фарзандларидир.

Абдулазиз ўзи асос солган мамлакат чегарасини қилич зарбаси билан белгилаган. Аммо у янги мамлакат барқарор бўлиши учун бунинг ўзи етарли эмаслигини яхши билар эди. Шунинг учун ҳам у ўз ҳудудидаги турли хил йирик қабилалар билан никоҳ қуриш орқали улар билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга киришиб кетди.

Бундай сиёсий стратегия ўз самарасини берди, бироқ шунинг билан бирга ворисларни ҳам кўпайтириб юборди. Сулола тизимининг асосий нуқтаси қиролликнинг акадан-укага ўтиши бўлди. Бундан ташқари, ҳукмрон оила ичидаги жуда кўп уруғ-аймоқ вакиллари ўзаро вазирлик, армия, нефт соҳаси ва вилоятларни бошқарувида лавозим-мансаб талашишларига тўғри келмоқда.

Қоғоз бўйича қирол Абдуллоҳ Саудия Арабистонини 2005 йилдан бери бошқариб келмоқда. Аслида эса, у 1995 йили Фаҳд инсулт бўлганидан кейин бошқарувни ўз қўлига олиб улгурганди. Абдуллоҳ прагматик пешводир, аммо у 90 ёшни қаршилаб улгурган. Бугун унинг қўлида реал иқтидор (ҳокимият) йўқ.

Жуда кўп ҳолатларда мамлакатнинг расмий раҳбари сифатида ҳозирги мудафаа вазири ва валиаҳд шаҳзода Салмон унинг ўрнига чиқмоқда. Бу мақом унга валийаҳд шаҳзодалар Султон ва Найиф вафотларидан сўнг насиб қилди. Муаммо шундаки, Салмоннинг ёши 77да ва унинг кўриниши унчалик ҳам яхши эмас.

Бундан кейин, валийаҳдлар силсиласида “разведка” хизматининг собиқ раҳбари Мукрин туради. У феврал ойида иккинчи вице раҳбар этиб тайинланди. 67 ёшга тўлган Мукрин – мамлакат асосчисининг энг кичик ўғлидир. Унинг онаси ямонлик бўлишига қарамай (яъни, катта нуфузга эга бўлмаган уруғ) ва қирол Абдуллоҳнинг ўлими унинг истиқболларига чек қўйиши мумкин (чунки, унинг юқори кўтарилиши қирол туфайли эди).

Муқаррар пешво бўлмагани учун қироллик ҳозирда ўтиш даврини бошидан кечирмоқда. Ҳукуматдаги реал воқелик қоғозларда кўрсатилган талабларга тўғри келмаслиги мумкин. Қиролликка асос солган марҳум подшоҳнинг қолган ўғиллари қариб бормоқда ва биринчи сафга янги авлод вакиллари чиқишмоқда.

Абдулазиз неварлари ҳокимиятни ўз қўлига олишга тайёрми?

Асосий савол қуйидагича бўлиши ҳам мумкин: қирол ўғиллари ўз мавқелари бой беришга рози бўлишармикан? Мамлакат манфаати учун бу шубҳасиз керак. Чунки ёшлар ҳам қариб қолиши мумкин-да?! Масалан, Маккаи мукарраманинг губернатори яқинда 73 ёшга тўлди.

Бундан ташқари уруғлар орасидаги курашни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Ҳеч кимни норози қилмай тахт кимга таклиф қилинар экан-а? Қиролнинг шунча ҳурматга эга эканлигининг аҳамияти йўқ. Сабаби, унинг яқинлари катта таъсирга эга эмаслар.

Нима бўлганда ҳам, сўнгги бир неча ой ичида воқеалар бироз ойдинлашгандек бўлди. Ўтган йилнинг ноябрида 54 ёшли Муҳаммад ибн Найф ўзининг марҳум отасидан ички ишлар вазирлигини мерос қилиб олди. Унинг ҳақиқий имкониятлари расмий лавозимидан ҳам бир мунча кўпроқ экани эътироф этилади.

Бир неча ойи ичида Муҳаммад енгини шимариб мамлакат учун муҳим бўлган муҳожирлик, Яман ва 2011 йилдан бери халқ қўзғалиши давом этаётган Баҳрайн билан муаммоларни ечишга киришиб кетди. Яқинда у катта нефт захираларига эга ҳамда саудиялик шиалар истиқомат қилаётган муҳим стратегик аҳамиятга эга шарқий вилоятга ўз акасини раҳбар қилиб тайинлади.

2012 йилнинг июль ойида “разведка” хизмати раҳбарининг мансаби 64 ёшли Бандар ибн Султонга насиб қилди. У ўтмишда америкалик неоконсерваторларни фаол равишда қўллар эди. У Суриядаги воқеалар ривожига салмоқли таъсир кўрсатмоқда. Яқинда у Ар-Риёдда Ливан Бош Вазири Таммом Салам билан учрашди. Бу ҳодиса Ливанда Саудия Арабистон таъсирини кучайтириб юборди, Эрон мавқеи эса заифлашди.

Қолаверса, жорий йилнинг март ойида Ар-Риёд губернатори қазо қилиниши билан Абдулазиз фарзандлари мамлакатнинг битта ҳам вилоятига бошчилик қилмаяптилар. Иккинчи авлоднинг сабрсизлиги тобора кучайиб бормоқда: бир тарафдан (камайиб кетган) олдинги авлод қариб бормоқда, бошқа тарафдан “араб баҳори” саудиянинг минтақадаги ҳақиқий воқеиликдан анча узилиб қолганидан дарак берди.

Саудия Арабистони сиёсий ошкоралик тарафига қараб кетмоқдами?

Шимолий Кореяни ҳисобга олмаганда, Саудия Арабистони дунёдаги энг ёпиқ мамлакатдир. Бундан ҳам ёпиқ бўлиш унга жуда мушкулдир.

Қирол Абдуллоҳ консерватив асосни ташкил қилувчи кучларни (истеблишмент) ўзига қарши қилиб олмаслик учун аста-секин ислоҳатлар ўтказиш йўлини танлади. Шундай бўлса-да, жамиятдаги норозилар сони кескин ошиши билан у сиёсий талабларни (шиаларнинг тан олиниши, конститутцион монархия каби) унчалик хавфли саналмаган ижтимоий масалалар соҳага йўналтиришга уриниб кўрди.

Аёллар ҳуқуқи масаласи бугун жуда фаол баҳсларга сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг феврал ойдан бошлаб Шўро мажлисининг бешдан бир қисмини аёллар эгаллайдиган бўлишди. 2011 йили улар сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишди ва улар учун кўп касблар билан шуғулланиш имкони ҳам пайдо бўлди.

Шундай бўлишига қарамай, кўрилган жуда оз чоралар ҳам консерваторларнинг ғазабига сабаб бўлди. (Айниқаса аёлларнинг авто уловларни бошқариш масаласи бунинг ёрқин далилидир). “Либерал” Абдуллоҳнинг эҳтимолий ворисларининг барчаси консерваторлар тарафидадир. Валиаҳд шаҳзода, ички ишлар вазири ва разведка хизмати раҳбари катта таъсирга эга бўлган Судаири консерватив уруғига мансубдир.

Муҳаммад ибн Науфал жуда кўп вақтларини мудофаа ишлари масалаларига сарф қилдилар (Эрон ва терроризм билан курашиш). Шу билан бирга у реал кайфиятга эга сиёсатчи ва Абдулазиз ўлимидан сўнг майдонга чиқадиган биринчи даражадаги давлат арбобидир. Агар у ички ишлар вазири сифатида ўзини кўрсата олса, етарли таъсирга эга бўлиб, тахтга эришиши ва ислоҳатларга йўл очиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, ҳамма нарса тез либераллашиб, кетади деб ишониб бўлмайди. Бироқ, иккинчи авлод Саудия Арабистонини Яқин Шарқда биринчи сафга олиб чиқиши мумкин. Бунинг яқин орада амалга ошиб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

L'Arabie Saoudite, nouvelle génération мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top