Миянма мусулмонлари қирғинбаротга учрашмоқда

Миянма мусулмонлари қирғинбаротга учрашмоқда

Йигирма биринчи асрга келиб инсоният дунёнинг жуда кўп мамлакатларида мусулмонларнинг зулм ва зўравонлик, камситиш ва хўрлаш, туҳмат ва балоларга гирифтор бўлаётгани ҳақидаги хабар ва маълумотларга кўникиб кетди ва бу ҳақда унча изтиробга тушмайдиган ҳам бўлиб қолди. Ироқ, Афғонистон, Фаластин, Сурия,  Африканинг бир қатор мамлакатларида янги асрда содир бўлган хунрезликларнинг яраси ҳали битмай туриб, жаҳон жамоатчилиги Жанубий-шарқий Осиёдаги Миянмадан (собиқ Бирма) келаётган бир-биридан аламли хабарларни ҳам аллақандай хотиржам кузатиб турибди. Тарновга тиқилиб қолган битта мушук ёки машина уриб юборган ит воқеасига бутун-бутун саҳифаларни ажратадиган “холислик” даъвосидаги ғарб матбуоти ҳам негадир бу борада сукут сақлашни афзал кўрмоқда. Нима бўлганда ҳам сўнгги пайтларда айрим инсофли оммавий ахборот воситалари олдинлари Бирма деб аталган Миянмада мусулмонларнинг буддавийлар томонидан оммавий таъқиб ва қирғин қилинаётгани ҳақидаги нохуш ҳамда мудҳиш хабарларни тез-тез тарқатишяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус маърузачиси Томас Ожеа Куинтана шу йил март ойида Миянмада озчилик мусулмонларнинг ҳолати ва мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинишининг аҳволи ҳақидаги маърузасини тақдим этди. У Бирма ҳукуматини содир бўлаётган воқеаларнинг бор ҳақиқатини очишга ҳамда зулм ва бедодлик айбдорларини жазолашга чақирди. Жаноб Куинтананинг айтишича, бу оммавий қирғинларга жавобгарларни Миянма ҳуқуқ органлари зобитлари орасидан ахтариш лозим. Бунга жавобан Миянманинг БМТдаги расмий вакили Маунг Вай тўқнашувларда мусулмон рохинялардан ташқари бошқалар ҳам зулм кўраётгани ва муаммо махсус комиссия томонидан ўрганилаётганидан бошқа маънилироқ гап айта олмади.
Amnesty International халқаро ташкилотининг маърузасида айтилишича, Миянманинг Аракан штатида милоднинг саккизинчи асридан буён яшаб келган Ислом динидаги рохиняларни ҳар томонлама таъқиб қилиш ва уларга зулм ўтказиш анчадан буён давом этиб келмоқда. Аммо бу ҳолат кейинги икки-уч ой ичида янада кескинлашди. Кўпчиликни ташкил этувчи этник буддавийлар мусулмонларга ўта душманлик кайфиятида.  Ракхайн миллатига мансуб буддавийлар ҳамда армия ва ҳуқуқ органлари мусулмон рохиняларни ҳар томонлама тазйиққа оляпти. Мусулмонларни калтаклаш, уларни ўлдириш, масжидларига ва бошқа ибодат жойларига ўт қўйиш, аёлларини зўрлаш одатий ҳолга айланиб қолди. Миянма ҳукумати эса шунча йилдан буён бу ерда яшаб келаётган мусулмон рохиняларни қўшни Бангладешдан ноқонуний қочиб келган қочоқлар санаб, уларга фуқаролик беришдан бош тортиб келяпти.
Миянмада буддавийлар ва мусулмонлар ўртасидаги тўқнашувлар бир ярим йилдан бери тўхтамаётир. Биргина март ойининг охирги ўн кунлигида қутурган буддавийлар қирқ уч нафар мусулмонни ўлдиришди, мусулмонларнинг бир минг уч юздан ортиқ уйларига ўт қўйиб юборишди. Юз минглаб мусулмонлар яшаб турган уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Бирма ҳукумати тўқнашувлар сабабли Баго вилоятидаги яна учта аҳоли пунктида комендантлик соати жорий этишга мажбур бўлди. Диний можаролар ҳатто мамлакатнинг қадимий пойтахти Янгонагача етиб борди.

Айни пайтда Ислом Конференцияси Ташкилоти Бош котиби Акмалиддин Эҳсонўғли яқинда жаҳон ҳамжамиятини Миянмада мусулмонларга нисбатан қилинаётган зулм ва зўравонликларга лоқайд қарамасликка чақирди. Бош котиб рохиня миллатига мансуб мусулмонларга қарши зўравонликни кескин қоралади ва Миянма президенти Тейну Сейнуга ҳамда мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чжига зулмни зудлик билан тўхтатишни сўраб, мактуб юборди. Ўз навбатида Су Чжи янги парламентдаги нутқида зиддиятлар кемириб ётган мамлакатда этник жиҳатдан оз бўлган халқларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида қонунлар қабул қилишга чақирди. Мухолифат раҳбари, Нобел мукофоти соҳиби бўлмиш бу сиёсатчи хоним сўзлаган чиройли гапларнинг  мусулмонларга мутлақо дахли йўқ эди. Чунки Миянмадаги 135 этник озчиликнинг рўйхатида мусулмон рохинялар ҳатто эслаб ҳам ўтилмаган эди. Ислом Конференцияси Ташкилоти БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясидан Миянмага тергов делегацияси юборишни сўради. 

 Миянма давлат телевидениесининг хабарига кўра, “тартиб бузувчилар” мамлакатдаги “диний кўринишдаги бинолар”га, дўконлар ва турар жойларга  ҳужум қилишган. Аммо воқеаларни ташвиш билан кузатиб турган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари кўп ҳолларда масжидлар ва мусулмонлар яшаб турган уйлар вайрон қилинаётганини таъкидлашади. Маҳаллий мухолифатчилар фикрига кўра, можарони бартараф этишга ҳукумат қодир эмас, бунга ҳатто полициянинг ҳам кучи етмаётир.

Эслатиб ўтамизки, асосан буддавийлар юрти ҳисобланган Миянмада бир миллионга яқин мусулмон истиқомат қилади ва улар мамлакат жами аҳолисининг тўрт фоиздан кўпроғини ташкил этади. Олтмиш миллионли аҳолининг тўқсон фоизи эса буддавийлик “дини”га эътиқод қилади. Мамлакат ҳукумати уларнинг кўпини ноқонуний муҳожирлар санаб, фуқаролик беришни истамаяпти. Озчилик мусулмонлар ва кўп сонли буддавийлар ўртасидаги  муносабатлар анчадан буён ўта кескин бўлиб келган. Ўтган йилнинг июнидан бошлаб эса, бир-бирига душман гуруҳлар ўртасида очиқ тўқнашувлар бошланиб кетди.

“Ал-Жазира” телеканали хабарига кўра, март ойидаги мусулмонларга қарши уч кунлик юриш чоғида монахлар етакчилигидаги юзлаб жангари буддавийлар Миянма пойтахтидан шимолроқдаги Мейтхила шаҳрида калтак, чопқи ва қиличлар билан қуролланган ҳолда мусулмонларнинг масжидлари, дўконлари ва уйларини вайрон қила бошлашди. Шаҳардаги бешта масжид батамом яксон қилинди. Ўнлаб мусулмонлар ўлдирилди, уларнинг юзлаби ярадор бўлди. Уларнинг ваҳшийлиги шу даражага бордики, масжидлар қошида таълим олаётган болаларни ўлдириб, ўша ерга осиб кетишди, ҳатто бир етимхонага ўт қўйиб юборишди. Ваҳоланки, юз минг аҳоли яшайдиган бу шаҳарнинг ўттиз фоиз аҳолиси мусулмонлардир.

Кона деган шаҳарда ҳам буддавийлар масжидни талон-тарож қилиб, кўпгина мусулмонларни ўлдиришди. Ўн минглаб мусулмонлар буддавийлар зўравонлигидан қочиб, қўшни Тайландда жон асраб қолишди. Аммо у ерда ҳам уларни “қучоқ очиб” кутишгани йўқ. Қочоқ муҳожирларнинг бир қанчасини тай армияси отиб ташлади, бир қанчаларини қул қилиб сотиб юборишди.

Энг қизиғи, полиция бу можароларга аралашмай, томошабин бўлиб туришни маъқул кўряпти. Сабаби, кўп сонли буддавийлар мусулмонларнинг Бангладешга қайтиб кетишини талаб қиляпти, Аммо Бангладеш ҳукумати бунча одамни қайтариб олишга рози эмас. Ҳатто маҳаллий мухолифат ҳам мусулмонларни Бангладешга ҳайдаб чиқариш сиёсатини пинҳона қўллаб-қувватламоқда. “Ню-Йорк таймс” газетининг хабарига кўра, мусулмонларга қарши қатлиомлар шаҳар атрофидаги бошқа аҳоли масканларига ҳам ёйилмоқда.

 Шуни эслатиб ўтиш жоизки, Миянма ҳукуматининг жангари буддавийлар томонидан мусулмонларнинг қирғинбарот қилинишига ҳеч қандай чора кўрмай томошабин бўлиб туриши бежизга эмас. Ҳукуматнинг ўзи мусулмонларга, айниқса уларнинг мамлакат ғарбида яшаётганларига нисбатан норасмий камситиш йўлини тутмоқда. Агар мусулмонлар оила қурмоқчи бўлишса, никоҳларини рўйхатдан ўтказиш учун бир неча юз доллар тўлашлари керак. Никоҳнигина ўқитиб, аммо расмий рўйхатдан ўтмай оила қурганлар беш йил қамоқ жазосини олишади. Сиёсий жиҳатдан ҳам мусулмонлар ҳар тарафлама ҳуқуқсиз: на парламантда, на давлат ҳокимияти органларида уларнинг бирорта жиддийроқ вакили бор. Ҳатто мухлофиат ҳам мусулмонларни қўллашга ботинмайди. Бироқ ҳукумат бундай сиёсатнинг мавжудлигини тан олмайди, Миянмадаги оз сонли миллатлар ва диндорлар бошқалар каби барча ҳуқуқларга эга, деб баёнот беришдан чарчамайди. Ислом ташкилоти фикрига кўра, расмий доиралар ҳатто мусулмонлар сонини ҳам анча камайтириб кўрсатади. 

 Миянмадаги фожиалар халқаро Ислом ташкилотларини бефарқ қолдирмаяпти. Улар мамлакат мусулмонларини барча доираларда қўллаб-қувватлаб, уларнинг манфаатларини ҳимоя этишяпти, бу ердаги мусулмонларнинг қирғинбарот қилинаётгани ҳақида жаҳон жамоатчилигини тинмай хабардор этишяпти. Зулмга учраган мусулмонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шундай ташкилотлардан бири, ҳатто бу ҳақда расмий баёнот ҳам эълон қилди. Мазкур баёнотда, жумладан, шундай дейилади: “Миянмадаги мусулмонларга қарши жиноятлар ҳозиргина содир этилган зулмнинг тасодифий портлаши эмас. Бунинг тарихи жуда олис. Бу мамлакатда мусулмонларга қарши қатлиом 1942 йилги япон босқини пайтида содир қилиниб, ўшанда 100 000 киши қириб ташланган эди. Шундан кейин буддавийларнинг мусулмонларга қарши зўравонлиги мунтазам тус олди. Шу боис ҳозирги қон тўкишларга олиб келган қандайдир алоҳида сабаблар ёки фитналар ҳақида гапириш бефойдадир. Булар бутун минтақага хос бўлган Ислом билан қўрқитишнинг анъанавий амалга оширилишидир. Миянма ва Камбоджадан ташқари Тайландда ҳам мусулмонларга зулм қилинаётир.

Миянмадаги қирғинбаротлар ҳақида сукут сақлаб туришни оқлаб бўлмайди. Мусулмон мамлакатларнинг ички ишларига аралашишдан бўшамаётган айрим мустамлакачи давлатларнинг фаолиятсизлигини ҳам оқлаш мумкин эмас. Одамларнинг қатлиом қилиниши ва тириклай ёқиб юборилишини кўриб ҳам виждони уйғонмаётганларни оқлаб бўлмайди. Миянмада бугунги кунда инсонийликка қарши жиноят содир этаётган қотиллар ижтимоий мавқеи, дини ва ирқидан қатъи назар, албатта жазога тортилиши керак”.

(Интернет материаллари асосида Аҳмад Муҳаммад
ва Абу Муслим тайёрлашди)

back to top