Карлар учун дин дарслари

Карлар учун дин дарслари

Бунга ярим йил олдин ишониш қийин эди. Бундан ташқари, карлар билан ишлайдиган (сурдотаржимонлар) Жамила Зинин ва мураббия Юлия Замалетдиновалар карлар шаҳодатнома олишларига унчалик ишонишмаётган эди.

Ҳаммаси ўткан йили баҳорида бошланди. Юлия ва Жамила Ислом Ҳақиқатларни кар одамлар дунёсига етказиш бўйича саъйи ҳаракатларини бирлаштириш ва Москванинг масжидида улар учун мадраса ташкил қилиш таклифи билан чиқишди.

“Фотиҳа” мадрасаси раҳбари Рамиз ҳазрат Фатхулин уларни қўллаб-қувватлади ҳамда масжидда шундай курс ташкил қилишга розилик берди. Гуруҳларни ташкил қилиш бўйича ишлар бошланди. Аввалида катта ғайрат ва умидлар билан ишлар бошланиб кетди. Ҳаммаёққа рекламалар ва эълонлар берилди.

Сўнг турли хил тушунмовчиликлар ҳам борлиги маълум бўлди: курс ҳақидаги эълонлар турли хил сайтлардан олиб ташланарди ёки эътиборсиз қолиб кетарди: ҳатто курсларга таклиф қилинган плакатлар Москва шаҳрининг масжидларида ҳам йиртиб ташланар эди.

Шунинг билан бирга турли хил эътиқод ва эътиқодсиз карларнинг ўзидан ҳам мактублар келар эди: “Ахир, мусулмонлар ҳаммани четидан қатл қиладиган террорчилар эмасми?”, “Сизлар кофирларни автоматларда ўлдирувчи қотил эмасмисизлар? Курсларда нималарни ўргатасизлар?”

Вақт ўтар эди... Мадрасанинг оддий гуруҳлари дастурларни ўзлаштирар, мураббия ва сурдотаржимон эса хафтада бир марта мадрасага келиб карлар гуруҳига кимдир қизиқиш билдирганми ё йўқми хабар олиб туришар эди...

Шундай қилиб уч ой ўтди. Жуда кўпчилик бу ташаббусга ишончини йўқота бошлади. Бироқ қўллар дуога очилиб, кўпчилик истиҳора намозини адо қилар эди. Умидлар сўнаётган бир пайтда гуруҳга иккита талаба келди.

Йўқ, бунгача ҳам бир иккита одам келиб турди. Бироқ улар карлигидан ташқари кўзлари ҳам ожиз эди. Метродан ва автобус бекатларидан узоқ бўлган мадрасага қатнаб туриши уларга анча машаққатли эди.

Ўз ота-оналаридан масжидга қатнашини яшираётган қизлар ҳам келишди. Уларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари қизларининг Исломга қизиқаётганига қарши эди. Биз билан бўлиб ўтган бир икки мулоқотдан кейин, уларнинг қариндошлари уларга иш ёки масжидни танлаш ихтиёрини берди, сўнг улар ҳам келишмай қўйишди.

Улар ҳозир ҳам, Ислом ҳақида китобларини ёстиқларининг тагида яшириб динимизни ўрганишмоқда... Йаа Аллоҳ, англашмовчилик деворини ўзинг бузиб ташлагин ва уларни ҳам мадрасага келадиганлардан қилгин!

Ва ниҳоят, тахминан декабр ойларида Мусо ва Витя исмлик иккита талаба келишди. Улар бизларга кўп саволлар беришди (Юлияга ижтимоий тармоқлар воситасида Витядан жуда кўп саволлар келди, яъни Витя бўлажак мураббиясининг илмини ва ақийдасини текшираётган эди), сўнг эса йигитлар: “Яна келамиз”, деб кетишди.

Жамила ва Юлиянинг қувончи чексиз эди. Ўшанда катта синфни сўрадик, чунки мадрасанинг энг кичик хонаси бизга торлик қилиши мумкин эди. Раҳбарият талабларимизни қондириб энг катта ва ёруғ синфни тасарруфимизга берди. Ишларимизга катта қизиқиш билан ёндашиб келган ва доим ўз ёрдамини аямаган Илнур ҳазрат Фарзиевга катта раҳмат. (Аллоҳ рози бўлсин!)

Бир хафтадан сўнг талаблар сони ўн бештага етди. ...Вой, улар шундай аққли эдиларки, Субҳаналлоҳ! Алҳамдулиллаҳ!

Ишлар қайнашни бошлади! Биз ҳаммамиз Исломни ўрганишга ва ўргатишга қаттиқ киришиб кетдик.

Ўша вақтларда жуда кўп ишларни амалга оширдик, кўп нарсаларни кашф қилдик, чунки карларга Ислом ҳақида таълим бериш бўйича деярли ҳеч қандай тажрибамиз йўқ эди. Энди биз ким истаса ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишимиз мумкин. Албатта, бунда карлар учун курслар ташкил қилиш шарт эмас.

Менинг эрим, Олмос Абдураҳманов ажойиб таклифни бердилар. Карлар орасида бир пиёла чой устида йиғилишлар, учрашувлар ўтказиш, дастурхон ёзиб, унга карларни ўзаро мулоқат қилишлари учун таклиф қилиш, бунинг орасида видео дарсларни қўйиб бериш. Аксар карлар мулоқат учун очиқ ва улар ўзлари сизга ўз тилларини тез ўргатиб қўйишлари ҳам мумкин.

Дактилология – бармоқ тили алифбесини ўрганиб олиш кифоя, шунда сиз ҳам кар одамга истаган нарсангизни ўргатсангиз бўлади. Улар эса сизга қоғозда ёзиб беришади ёки телефон жиҳозларининг “СМС” ёзиш имкониятидан фойдаланишади.

Ғояси, ишларимиздаги ёрдами, сабри ва менга бу иш билан шуғуланишга рухсат берган (эрим) Олмос акамга катта ташаккур.

Бу йил ишимизда мувоффақиятли бўлган баъзи ҳусуслар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман:

1. Карларга Исломни ўргатиш бўйича ишлар бошланди. Диний маълумотларни етиказиш бўйича энг оптимал усуллар топилди.
2. Ижтимоий тармоқда “Исломда кўзи ожиз ва карлар” деб номланган гуруҳ очилди vk.com/ourislam.
3. Дарсларимизнинг катта қисми видеога тушириб олинди. Видеодарслар эса, интернет тармоқларига қўйилди. Истаган одам уларни youtube.ru/ourislamru саҳифасидан топиши мумкин.
4. Исломий мавзуларда баъзи имо-ишоралар (жест) ишлаб чиқилди.
5. 2013 йили Қозонда бўлиб ўтган «ISLAM ONLINE» анжуманида гуруҳимиз ҳақида маъруз қилдик. Маърузамиз тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
6. Эшитадиган одамларни карлар дунёси билан таништириш ва карлар ҳақидаги тушунчаларни ўзгартириб юборадиган мавзуда мақолалар ёзилди.
7. Иложи борича ОАВларида маълумотлар бериб турилди. (Баъзилари ўзлари бизга қизиқишди, баъзи вақтларда ўзимиз маълумотларни жойлаштиришга ҳаракат қилдик.)
8. Ўқув курсларидан ташқари карлар орасида хордиқ чиқаришни ҳам ташкил қилишни мақсад қилиб қўйдик. Бу ишимиз ўз самарасини бермоқда. Масалан, кар талабалар мусулмон ёшлари билан бирга уруш қатнашчиларини табрик этишди.
9. Талабаларимиз орасида якка курашлар бўйича Россия ва Жаҳон чемпионлари ҳам бор. Уларнинг баъзилари сурдолимпиадаларда ҳам қатнашадилар!
10. Видеоматериалларимизни Россия ва дунёнинг бошқа жойларида тарқатиш бўйича жуда кўп таклифлар олдик. Бу эса кар одамларнинг Исломни ўрганиш бўйича жуда катта эҳтиёжлари борлигига далилдир.

Ҳамма ёрдам берганларга катта раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин! Ва яна илтимос, бизларни мақтаманглар. Бу ҳар кимнинг ўз ишини қилаётганидир. Ишларимиз янада осон бўлиши ҳақида ҳаққимизга дуода бўлсангизлар етади. Қилинмаган ишлар, режалар, орзулар янада бисёр. Янги ўқув мавсуми ҳам манфаатли ва самарали бўлиб, кейинги гуруҳ йиғилиши аввалгисига ўхшаб қийин кечмасин. Аллоҳ осон қилсин. Омин.

Юлия Замалетдинова
Абу Муслим таржимаси

Бу хабар билан танишиб чиққач, кўзимга ёш келди. Мана жасорат, мана хизмат... Мақолани таржима қилишга киришар эканман, қани эди шу мақолани ўқиб, шунга ўхшаш хайрли ишларни қилувчилар янада кўпайиб, бу мақоладан ибрат олишса деган умид бор эди. Қилинадиган савобли ишлар жуда кўп ва албатта савоб ишларни қилиш учун мазкур ишларни карлар орасидан қидириш шарт ҳам эмас. Атрофингизга қаранг, қулоқлари эшитадиган карлар қанча-қанча... Хуллас, мени тушундингиз деб ўйлайман... (таржимон)

 

 

back to top